Касаллик тарқалишини олдини олиш учун албатта, карантин қоидаларига амал қилиш зарур

2021-04-12T09:50:20+05:0012 Aprel, 2021|Матбуот|

Ҳар куни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларни кузатиб бораман. Касалланганлар сони, уларнинг орасида аҳволи оғир беморлар кўпаймоқда. Вирусга қўшимча тарзда пневмония касаллиги, шу билан бирга ўлим ҳолатлари ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида аҳоли саломатлигини асараш, кўринмас ёв билан кураш юзасидан кўрилаётган чораларни кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда касалликка қарши барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан шахсан давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган ҳар бир видеоселектор йиғилишида республикамиздаги ҳолат атрофлича муҳокама қилиниб, келгусида амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилмоқда.
Пандемияни жиловлаш мақсадида юртимизда қўшимча даволаш ўринларини ташкил этиш билан бирга, енгил касалланганларни уйда даволаш ва уларни зарур дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминлаш ишлари йўлга қуйилди. Касалликни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги ҳар жиҳатдан халқимизнинг карантин қоидаларига қаттиқ роия қилишларига ҳам боғлиқ. Жорий йилнинг 23 июл куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари «Пандемияга қарши кураш-ҳар биримизнинг виждон ишимиз», «Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман», деган фикр амалий ҳаёт мезонига айланиши лозимлигини такидлаб ўтди.

Албатта, белгиланган карантин қоидалари натижаси ҳаммани қизиқтириши табиий. Натижани эса биз ҳар кунги статистик маълумотлардан кўриб турибмиз. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки агар карантин чекловлари бўлмаганда ҳар кунги касалланиш ҳолатлари мингдан ҳам ошиб кетган бўлар эди.
Ҳар бир давр, ҳар бир соҳа, ҳар бир ишнинг ўз эгаси, ўз қаҳрамонлари бўлади. Ҳозирги даврнинг қаҳрамонлари албатта, тиббиёт ходимларидир. Ушбу соҳа ходимлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан пандемияга қарши курашда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Мукофотланганларнинг асосий қисмини тиббиёт ходимлари ташкил этади. Бу ишларнинг барчаси шуни далолат берадики, жасорат, фидойилик билан қилинган меҳнат эътиборсиз қолмайди.

Албатта, карантин муддатининг узайтирилиши натижасида уйда ишсиз ўтирган аҳолимиз қиналиб қолмайдими?, деган савол туғилиши табиий. Бу ўринда «Саховат ва кўмак», тадбиркорларимиз томонидан турли ҳомийлик ёрдамлари, Колл- марказларининг ташкил этилганлиги ва бошқа бир қанча енгилликлар яратилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Биргина мисол, Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли 5-сон кон бошқармасининг ўзи ҳар ойда 200 та оилага тўлиқ бир ойга етарли озиқ-овқат, кундалик зарур маҳсулотлар етказиб бермоқда. Бу савобли иш уч ойдан буён давом этмоқда. Республика миқиёсида бундай мисолларни юзлаб, минглаб келтириш мумкин. Қолверса, саноат, ишлаб чиқариш корхонлари ўз фаолиятини карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда олиб бормоқда. Бунинг учун барча шароитлар яратиб бериляпти.

Пандемия занжирини узишда биздан фақат карантин қоидаларига амал қилиш талаб этилади холос. Бу ўз навбатида энг аввало ўзимизни, яқинларимизни асраш дегани. Ушбу вазифани виждонан бажарсак бу оғир синовларни албатта енгамиз.

 

 

Акшагул ТУЛЕГЕНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати