«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-11T18:12:30+05:0011 Aprel, 2021|Олтин қалам|

20 февраль –  Шоир, таржимон, адабиётшунос

 Матназар Абдулҳакимов таваллуд топгант кун

ПАРВОЗДАГИ СЎЗ

“Уйқу ўрин танламас, дегандек ижод ҳам жой танламайди” – деб ёзади Саид Аҳмад “Йўқотганларим ва топганларим” китобида вилоятларда яшаб ижод этаётган иқтидорли қаламкашларнинг ҳам пойтахтда яшаб ижод этаётган шоирлардан асло кам эмаслигини таъкидлаб. “…Номлари тилга олинган шоирларимиз пойтахтга интилмадилар, – дейди Саид Аҳмад. – Туғилган юртларидан  кўнгил узмай қадрдон манзараларни, ҳар бир тоши, ҳар бир кўчаси ардоқли бўлган жойларнинг шеърий суратини чиздилар”.

Қувонадиган жиҳати шуки, Матназар Абдулҳакимнинг ҳам сўзлари – шеърлари Хоразм сарҳадларидан ошиб, бир эмас минглаб кўнгилларни макон этди, севимли бўлди.

“Йўқ мен учун сўздан оғирроқ нарса”, деб ёзади бир шеърида шоир. Зеро, сўз, бинобарин, шеър таъсирини уни қаердан туриб айтишда эмас, нимани айтишда, уни айтаётганда улкан масъулият ҳис этишда ва сўз зиммасига залворли маъно юкини орта билишдадир. Матназар оға ҳам шеърият, умуман адабиёт олдида масъулиятини улкан деб билган қаламкаш эди.

Мен сенга аталаган улкан меваман,

Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.

Сендан аямайман, сени севаман,

Мен узиб бераман сенга ўзимни.

Боғнинг довруғи ширин-шакар меваси билан. Ботирнинг шамшири, чавондознинг оти, шоирнинг эса элга танитган нарсаси топиб айтган сўзи, тинглаганда кўнгилларни “жиғ”латадиган сатрлари.

Матназар оға адабиётга ўтган аср, 70-йилларининг бошларида кириб келди. Илк китоби “Тиник тонглар”и биланоқ муҳлисларни мафтун этди. Кейинчалик кетма-кет  нашр этилган “Фасллар қўшиғи”, “Мавж”, “Қор қўшиғи”, “Ойдинлик”, “Қорачиғдаги дунё”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Ёлғиз япроқ”, “Бир қучоқ гул” каби тўпламларидаги шеърлар туфайли мухлислар сони кўпайибгина қолмай, улардаги меҳр-мухаббат ҳам мустаҳкамланди.

Шоир ҳаётни, оддий кўз биланмас, кўнгил кўзи билан кўради, кузатади. Кейин эса устоз Абдулла Орипов ибораси билан айтганда бу “шеър турткиси, дарди” сизни ҳам атрофга, ҳар бир нарсага ўзгача нигоҳ билан боқишга, бинобарин ўзингизни ангашга чорлайди. Мана ватан ҳақидаги шеър:

Эмасдир фалон минг аҳоли,

Ватан фалон фарсаҳ масофа эмас.

Уни яна. Йўқса кечмайдир холи,

Ватан хўрсиниқдир, ватан бу нафас.

Ватан бу – тоғ. Метин мустаҳкам,

Лекин хавотирда юракда ғамдир.

Ватан бу япроқдан томай-томай деб,

Милт этган омонат шабнамдир.

Шу қаршингда чақнаб қуёшдек балққан,

Қора кўз ватандир, Ватаним.

Дилингни ёриб, тилингга қалққан.

Яро сўз ватандир. Ватаним.

Ватан – сен. Ўзинга бир разм солиб,

Эътибор қил дўстим, бир замон.

Ватаннинг мўъжаз бир тимсоли,

Бўлмасанг, бу – ёмон.

Демакки, ватанга муносиб фарзанд бўлишга, унинг шон-шуҳратини оширишга, шахсий ибратга ундайди ижодкор.

Матназар Абдулҳаким – фаолияти  серқирра ижодкор. Унинг ҳозиржавоб публицист, ёш ижодкорларнинг беғараз мураббийси, адабиётимиз тарғиботчиси, тадқиқотчиси сифатида қилган ҳизматлари ҳам бағоят ибратли.

Хоразм Маъмун академияси олимлари сафида илмий изланишлар олиб борган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Офарин” мукофоти совриндори Матназар оғанинг Абдулқодир Бедил, Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий,Паҳлавон Маҳмуд, Муҳаммад Ризо Огаҳий шеърларини форс тилидан таржима этишга журъат қилганлиги ва бунга катта иштиёқ билан киришганлигининг сабаблари бор. Энг аввало, Матназар оға мумтоз адабиётимиз уммонидан ташналигини қондирган, дурдоналардан энг кўп баҳраманд бўлганлардан бири.

Шу изланишлар самараси сифатида дунёга келган “Табаррук ташриф”, “Жамолинг менга бас”, “Ким агар озоддур”, “Ҳақ файзи”, “Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари”, Тафаккур чорроҳаларида” китоблари мухлисларнинг севимли мулкига айланди.

Матназар оғанинг ҳайрли ишларидан яна бири Навоий бобомизнинг буюк издоши Муҳаммад Ризо Оғаҳий ҳазратларининг “Таъвиз ул ошиқин” (Ошиқлар тумори) девонининг “Ашъори форсий” қисмига ва бошқа баёзларга кирган шеърлари, таърихларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилганлигидир. Бу шеърлар “Кўнгил кўзлари”, “Ой кетди, офтоб келди” тўпламларига жамланиб нашр этилган.

Юқоридаги таржималарни ўқир экансиз, мутаржимнинг устозлар назмидаги нафислик, оҳанг, фикр ва туйғуларни ўзбек тилига ўгириш жараёнида аслиятга яқинлигини таъминлашга эришганига амин бўласиз.

Хоразмни қазсангиз агар,

Ер остидан дарёлар чиқар,

Хоразмни қазсангиз агар,

Ер остидан дунёлар чиқар,

деб ёзади  бир шеърида шоир. Унда назарда тутган ўша дарёлар, ўша дунёларни – буюк ота-бобларимиз ҳизматларини, бинобарин, юрт шон шуҳратини юзага чиқариш баробарида қаламкаш ўз истеъдодининг янги-янги қирраларини ҳам кашф этган, имконият булоқларининг кўзларини очганки, бу ишнинг оқибати ҳайрли, самараси шубҳасиз савоблидир. Демоқчимизки буюкларни ардоқлаганлар ҳам ардоққа муносибдир.

Матназар Абдулҳаким асл маънода кўнгил одами эди. “Одамнинг қорнини тўйғазиш қийин эмас – деб ёзган у бир публицистик асарида. – Кўнгилни  тўйдириш қийин. Бир қарашдақу бу ҳам осондек. Бироқ, садағанг кетай бу кўнгил деганни тўйдириш учун аввал уни … топиш керак…”

Матназар Абдулҳаким кўнгилни кўнгил кўзи билан топди, сўз билан топди. Ва шу сўзи билан минглаган, миллионлаган кўнгилларда макон тутди.

Устоз Омон Матжоннинг шундай сатрлари бор:

Дарёга дуч келсанг салом бериб ўт,

Сенга чўққидан об-ҳаёт элтар у.

Шоирга дуч келсанг салом бериб ўт,

Сени чўққиларга олиб кетар у.

Шу шеър ёдга келганда беиҳтиёр унинг муаллифи ва бошқа кўплаб сўз санъаткорлари қатори Матназар Абдулҳаким ҳам кўз олдимизда намоён бўлади. Дарҳақиқат, улар бизнинг ёнимиздан оқиб турган, қадами етган жойда эзгулик боғларини гуллатиб, яшнатиб, оқаётган маънавият дарёларидар.

Истагимиз, орзумиз бу дарёлар нафосатга ташна, эзгуликка ошна боғларни  – дилларни яшнатиб, тўлиб – тошиб оқаверсинлар, оқаверсинлар, оқаверсинлар!

Отабек Исмоилов ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

( “Ишонч”, 2021йил.  20 февраль)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 10

OAV nomi va parolini kiriting!