«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-11T17:38:20+05:0011 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Сиз нима дейсиз?

Сифат масаласими ёки монополия?

Ёхуд танловсиз эълон қилинаётган дарсликлар ортида нима турибди?

Халқ таълими тизимида педагогларни соҳанинг моҳир қўлларига қиёс қилсак, дарсликлар, шубҳасиз, таълимнинг ўткир кўзларидир. Чунки ўқувчи асосий билимни дарсликдан ўзлаштиради.

Шу боис ҳам дарсликлар масаласига бот-бот урғу берилади. Уларни мазмунан янгилаш, ёдлайдиган маълумотлар билан тўлдириш эмас, ҳаётда қўллай оладиган малакани ҳосил қилувчи ­дарсликлар яратишга эътибор қаратилмоқда. Аммо ажабланарлиси, сифатли ­дарслик яратиш баҳонасида бу йўналишда ҳам халқимизни анчадан буён абгор қилиб келаётган монополия масаласи бўй кўрсатаётгандек.

2020 йил 6 июлда Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга асосан «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари», «Дунё динлари тарихи» каби фанларнинг ўрнига уларнинг мазмун-моҳиятини ўзида жамлаган ва миллий қадриятларимизни ёшлар онгига чуқурроқ сингдиришга хизмат қиладиган «Тарбия» фани жорий этилиб, янги дарсликлар яратилди.

Дарсликларнинг мазмуни ҳақида педагоглар амалиётда уни эндигина қўллай ­бошлагани боис ҳозирча бирон нарса дейишдан йироқмиз. Бизга маълум бўлгани шуки, Республика Таълим маркази керакли амалиётчи ва назариётчи мутахассисларни ­тўплаб, бор куч ва салоҳиятини шу дарслик­ларни янгича руҳда чоп этишга тайёрлади. Қизиғи, дарсликларни чоп этиш жараёнида бу йил ўзгачароқ усул қўлланилди ва бу янгиланаётган, очиқ ва шаффофликка интилаётган жамиятимизда айрим саволларни келтириб чиқармоқда.

Гап шундаки, дарсликлар давлат аҳамиятидаги товарлар рўйхатига киритилган бўлиб, шу пайтгача уларни чоп этишдан олдин нашриётлар учун тендер ўтказиларди. Масалан, 3-синф «Математика» дарслиги чоп этилиши керак бўлса, бу ҳақда нашриётлар учун матбуотда танлов эълон қилинарди. Бунда нашриётлар муаллифлар билан ишлаб, Рес­публика таълим марказининг тавсияси, талаби ва кўрсатмаларига ижодий ёндашган ҳолда ўз вариантларини тайёрларди. Белгиланган вақтда вариант сифатида тақдим этилган барча хомаки дарслик­лар Республика Таълим марказининг махсус ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилиб, улар ичидан мазмунан ва сифат жиҳатидан «Энг яхши» деб топилган лойиҳа эгалари (нашриёт) билан чоп этишга шартнома тузиларди. Танловда ғолиб бўлмаган лойиҳаларга эса ишчи гуруҳнинг хулосаси тақдим этиларди.

Бу йил Халқ таълими вазирлиги нашриётлар томонидан ишлар суст ташкил этилиб, яратилаётган дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этишда эскича усул сақланиб қолаётгани, нашриётларнинг муаллифлар билан ишлаш малакаси талабга жавоб бермаётгани, рассом ва муҳаррирлар етишмаслигини таъкидлаб, ҳеч қандай танлов эълон қилмасдан, Таълим марказида тузилган муаллифлар гуруҳи билан дарсликлар яратди ва 6 миллион нусхада 7 тилдаги «Тарбия»­­­ ­дарслигини чоп этиш учун «Kolor Расk» нашриёти билан шартнома имзолади.

Аммо кейинчалик дарсликнинг маълум нусхалари «Ғафур Ғулом» «Sano Standart» ва «Ўзбекистон» нашриётларида ҳам чоп этилган бўлса-да, бу нашриётларда китоб­лар Халқ таълими вазирлиги билан эмас, «Kolor Расk» нашриёти билан тузилган шартнома асосида босилди. (Олдинлари дарслик­ларни чоп этиш учун бир нечта нашриётлар билан шартнома тузиларди).

Мавзу юзасидан «Ғафур Ғулом» ва «Ўзбекистон» нашриётлари вакиллари билан суҳбатлашганимизда, улар ўзлари ишлаётган нашриётларнинг сифатли дарсликлар чоп этиш учун барча зарур технология ва шароитга эгалигини, керак бўлса дарслик мазмуни устида кўпроқ ишлаб, ҳатто муаллифларга икки карра кўп гонорар тўлашга ҳам тайёрлигини айтишди. Уларнинг наздида, Халқ таълими вазирлигининг танловсиз иш тутиши ва фақат «Kolor Расk» билан шартнома тузаётгани, қолаверса, келгуси ўқув йили учун ҳам бир неча 10 га яқин дарсликларнинг лойиҳа макети Таълим маркази қошида тайёрланаётгани соҳада шаффофликни хиралаштириб, монополияга йўл очмоқда. Келгусида бу дарсликлар сифатига таъсир этмасдан қолмайди. Чунки ушбу жараёнларда Республика таълим маркази ҳам, дарслик тайёрловчи ҳам уни баҳоловчи ташкилот бўлиб қолмоқда.

Одатда, одамнинг ўзига ўзи берган баҳоси холис бўлмайди, ҳар қандай ишни ҳам ўзгалар, атрофдагилар, соҳа мутахассислари баҳоласа, у ҳаққонийроқ бўлади. Халқ таълими вазирлиги ҳақиқатдан сифатли ва мазмунли дарсликлар чиқармоқчи экан, марҳамат, Таълим маркази муаллифлар учун янги билим берувчи ўқишлар, семинарлар ташкил этсин. Нашриётлар билан ўзларига керакли дарслик қандай бўлиши лозимлиги ҳақида фикр алмашсин ва барча учун намунавий дарслик макетини берсин. (Аслида уларнинг вазифаси ана шу ташкилий ишлар бўлиши керак). Кейин ҳар бир нашриёт ўша лойиҳани ўзлари мустақил муаллифлар билан ижодий қайта ишласин. Ана шундагина сифатли дарсликлар яратилади. Ҳозирги ҳолатда, яъни, барча дарслик­лар Таълим маркази томонидан тайёрланиши хатолар кўпайишига, уларнинг битта нашриётда чоп этилиши эса монополияга олиб келади.

Република Таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторовдан ҳолатга изоҳ сўраганимизда у шундай жавоб берди:

– «Тарбия» дарслигини тайёрлаш давомида мамлкатимизда муаллифлар мактаби йўқлиги жуда-жуда билинди. Шу пайт­гача дарслик муаллифлари ёзган битта дарслик 30 йиллаб қайта нашр этилиши ҳисобига амалда бўлган. Аммо уларнинг муаллиф сифатида билими бойитилмаган, кенгайтирилмаган. Натижада муаллифлардан шогирдлар етишиб чиқмаган, тизимда уларининг ўзига хос мактаби яратилмаган. Оқибатда дарсликларимиз қуруқ, назарий маълумотлар энциклопедиясига ўхшаб қолган. «Тарбия» дарслигини тайёрлашда аввало, олдинги авлод дарслик муаллифлари билан биргаликда амалиётчи ўқитувчилар, назариётчилар, халқаро экспертлар ва шу соҳага қизиқувчи педагоглар жамоасидан иборат муаллифлар гуруҳини туздик. Сифатли ва мазмунли дарслик тайёрлаш учун муаллифларга зарур мавзуларни ўқитдик. Буюк Британиянинг Кембриж университети, Оксфорд университети, Германиянинг Клетт-Верлаг ва Ҳуебер Верлаг, Сингапурдан Стар Публишинг, шунингдек, Корея Республикаси ва Япония нашриётлари томонидан нашр этилган дарслик, дафтар, ўқув қўлланмалари намуналарини ўргандик. Ҳозирги ҳолатда нашриётларнинг фаолияти, муаллифлар билан ишлаш кўникмаси биз кутган сифатли дарсликларни яратиш имконини бермайди. Шу боис, муаллифлар сафи кенгайиб, уларнинг малакасидан кўнглимиз тўлгачгина, нашриётлар ўртасида танлов асосида дарсликлар чоп этишни йўлга қўйишимиз мумкин. Ҳозирда дарсликларни тайёрлашда ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари, қобилиятлари ва ўзлаштириш даражалари инобатга олиниши, шунингдек, амалий кўникмаларни шакллантириш бош мақсадга айланган ва 1-синфдан 11-синфгача бўлган дарсликлар Таълим маркази қошидаги ягона муаллифлар жамоаси томонидан яратилади. Бу эса дарсликлар ўртасида узвийликни таъминлашга хизмат қилади.

* * *

 Азиз газетхон, ушбу мулоҳазаларни ҳукмингизга ҳавола қилар эканмиз, у ёки бу томонни оқлаш ёки қоралаш фикридан йироқмиз. Шу боис, ҳар икки тарафнинг ҳам фикрларини беришга ҳаракат қилдик. Истагимиз, дарсликларимиз сифати ошсин, ўқувчиларимиз билими юксалсин. Аммо ошкораликка интилаётган даврда дарслик тайёрлаш жараёнидаги ҳар бир босқич шундай шаффоф ташкил этилсин-ки, юқоридаги каби эътироз ва шикоятларга ўрин қолмасин. «Майдон – мардники» деган гап бор халқимизда. Шундай экан, «Биз ҳам зўр китоб чиқара оламиз» дея ишонч билан таъкидлаётган томонларга ҳам имконият берилиши керак эмасми?

Хўш, бу борада сиз нима дейсиз? Агар соҳада меҳнат қилиб, дарсликлар чоп этилиши масаласига эътиборсиз бўлмасангиз, марҳамат, мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларингизни йўлланг. Зеро, ҳақиқат баҳсларда туғилади.

Зебо Намозова,

Ishonch” газетаси, 2021 йил, 4 февраль

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 27

OAV nomi va parolini kiriting!