«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-11T16:56:30+05:0011 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Жамоатчилик назорати: давлат ва жамият ўртасидаги мустаҳкам кўприк

Ўзбекчиликда қон-қонимизга сингиб кетган тушунчалар, одату анъаналар бор. Ҳар бир ишни қилишдан аввал, унинг натижаларини бошқалар нигоҳи билан ўлчаб кўрамиз. “Одамлар бунга қандай қараркин?” дея ўзимизга-ўзимиз савол берармиз. Қилган ишимиз кутилганидек натижа бермаслигига кўзимиз етса, “одамлар олдида уятга қолмасимикнмиз?” деб андиша қиламиз. Кутилган самарага эришсак “хайрият, эл олдида юзимиз ёруғ бўлди” деб енгил тортамиз. Азалдан боримиз ҳам, йўғимиз ҳам эл билан.

Ҳар доим миллий қадриятларимиз эл-+улус манфаатлари, жамоатчилик назорати билан уйғун тарзда ривожланиб келган. Ҳамиша элнинг фикри билан кенгашиб иш тутган кишилар эр ардоғида бўлиб келишган. “Кенгашли тўй тарқамас” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Аксинча, эл назаридан қолиш, элдан ўзини олиб қочиш буюк мутафаккирлар назарида ҳам номақбул амаллардан саналган:

Эл қочса бировдин эл ёмони бил ани,

             Аҳволида идбор нишонги бил ани,

             Феъл ичра улус балои жони бил ани,

             Олам элининг ямон-ямони бил они,

– дейилида ҳазрат Навоий рубоийларида. Шоҳ ва шоир, саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам халқнинг назари, жамоат  фикри  ҳақида сўз юритаркан, барчани яхшилик қилишга, яхши ном қолдиришга ундаган эди:

Бори элға яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ,

             Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам ўз “Тузулар”ида бошқарув жараёнида жамоатчиликнинг фикрига таяниш лозимлиги, ҳар кимдан фикр олиб, улардан қай бири фойдалироқ бўлса, вақтида фойдаланиш лозимлигини эслатиб ўтганлар.

Ривоят қилишларича, Анушервоннинг жуда чиройли ва учқур оти бўлиб, унга қаттиқ боғланиб қолган экан. Кунларнинг бирида отбоқарнинг айби билан тулпор касалликка чалиниб, нобуд бўлибди. Бундан ўзини йўқотиб қолган Анушервон отбоқарни ўлимга ҳукм қилмоқчи бўлиб, вазири Бузуржмеҳрга юзланибди. Доно вазир шоҳнинг аҳдидан қайтаришнинг жуда ақлли йўлини топибди:

-Шаҳаншоҳ тўғри йўл тутдингиз. Сизнинг учар арғумоғингизни ўлимдан  асраб қолмаган бу нобакор ўлимга мустаҳиқ. Аммо, у яна бир оғир гуноҳга қўл урди. Бу пасткаш отбоқарни ўлимга ҳукм қилсангиз, у қилмишига яраша жазосини олар. Аммо, у туфайли сизнинг обрўйингизга путур етади. Одамлар “адолати билан ном чиқарган шоҳ битта ҳайвонни деб бир инсоннинг умрига зомин бўлди” деб маломат қилишади.

Вазирнинг бу гапини  эшитган Анушервон фикридан қайтиб, отбоқарни озод этган экан. Кўриниб турибдики, ўтмишда ҳукмдорлар ҳар бир ишни амалга оширишда ҳам халқнинг, ҳам Ҳақнинг назарини ҳис этиб туришган.

Жамоатчилик назорати мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самараси ва муваффақиятини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси юридик энциклопедиясида жамоатчилик назорати – бу давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан фуқаролар, уларнинг бирлашмалари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа тузилмалари (институтлари), шунингдек давлат ва нодавлат органлари таркибида тузилган жамоатчилик органлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган назорат эканлиги қайд этилган.

Жиноят кодексининг 6-моддасида ҳам жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ёки жамоалар жиноят содир этган шахслар аҳлоқини тузатиш ишига қонунда назарда тутилган ҳолларда жалб қилиниш мумкинлиги эслатилади.

2018 йил 12 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида ўзига хос ҳодиса бўлди, деб бемалол айта оламиз.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари,   ўзини ўзи бошқариш органлари, қонуний  рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир. Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Давлат органлари  ва мансабдор шахслар томонидан қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, давлат ва жамият манфаатларига қаратилган қонун ва қарорлар ижроси, мутасаддилар зиммасига юклатилган вазифалар, давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқалар жамоатчилик назоратининг объекти бўлиб хизмат  қилади.

Президентимиз  2019 йилнинг 13 декабрь куни “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини имзолади.

Мазкур қарорда аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниши назарда тутилган. Шунингдек,  шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзолари,  қариндошлари ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш мажбурияти юкланди. Яъни ушбу қарорга кўра, энди ҳеч бир фуқаро қандайдир жиноятга алоқадорликда гумон қилинса,  бир пайтлардагидек, ўз-ўзидан “йўқолиб” қолмайди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳам қайсидир маънода одамар назорати остида бўлади.

Албатта бу тушунча қонунчилигимизда бугун ё кеча кириб қолгани йўқ. Аммо, аввааллари “жамоатчилик назорати” шунчаки қоғоздагина акс этадиган, амалда етарлича  куч ёки салоҳиятга эга бўлмаган тушунчалар эди холос.

Дейлик, бундан тўрт-беш йиллар олдин тегишли идоралар, мансабдор шахсар томонидан томонидан тайёрланадиган норматий ҳужжатлар, қонун ва қарорларни қабул қилишда оддий одамларнинг фикри эътиборга олинармиди? Бугун эса, қабул қилинаётган муҳим қарор ва қонун лойиҳалари махсус порталларда ойлаб жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Касби-кори, ёши, маълумоти, мавқеидан қатъи назар юзлаб одамларнинг шу лойиҳага муносабати ўрганилади, фикрлар йиғилиб таҳлил қилинади, шундан кейингина ушбу ҳужжат қабул қилиниши мумкин.

Бир пайтлар вазирлар ёки вилоят ҳокимларининг омма олдига  чиқиб интервью бериши, оддий одамлар блан жойларда сайёр қабуллар ўтказиши ўта нодир ҳодиса саналарди. Бугун ҳар бир амалдорнинг босган қадами, айтган сўзи, қилган иши ­ халқ назоратида. “Қовун туширди”ми, одамларнинг қизғин муҳокамасига, бошқача айганда “тренд”га кўтарилади. Агар амалдор ўзини ҳақ деб билса, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб изоҳ беради, ноҳақ бўлса, узр сўрайди. Бу ҳам ўз навбатида жамоатчилик фикри ва назоратининг амалий натижаси, ҳаётий ифодасидир.

“Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” деган мақол бир қарашда бироз қўполдек туюлса-да, бугунги кундаги раҳбарларнинг фаолиятига ҳам муносиб баҳо бўла олади. Чунки, ўзининг, ишининг ҳалоллигига ишонч ҳосил қилган раҳбар эл нигоҳидан, жамоатчилик билан юзма-юз чиқишдан қўрқмайди. Буни бир қатор раҳбарлар, хусусан адлия вазирининг онлайн тарзда халқ билан қилаётган мулоқотидан ҳам кўришимиз мумкин. Бундай тадбирлар шаффофликни, адолатни таъминлашда, халқнинг давлатга бўлган ишончини оширишда  катта ўрин тутади.

Бугун кўпиган идора ва ташкилотлар қошида жамоатчилик кенгашлари ташкил қилинмоқда. Давлат томонидан эл-юрт манфаати, халқнинг фаровон турмуши, моддий ва маънавий ҳаётини яхшилаш мақсадида ажратилаёган маблағлар, амалга оширилаётган ишлар жамоатчилик вакиллари томонидан назоратга олинмоқда.

Чиндан ҳам, халқнинг назари ­- ­ Ҳақ назар! Халқ ўз фаровонлиги учун амалга оширилаётган ишлар, чиқарилаётган қарорларжа бевосита иштирок этишга ҳақли. Бу унинг ҳам инсоний, ҳам конституцион ҳуқуқидир.

 Рустам Жабборов,

 “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот

маркази ходими

“Жвамият газетаси 11.12.2020 №49 (726)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.1 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!