«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-11T10:24:30+05:0011 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ИБРАТЛИ ОИЛАНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ

Инсон ҳаётида қувончли воқеалар кўп. Албатта, уларнинг энг шукуҳлиси  ҳаётимиз чироғи, умр йўлларимиз давомчиси бўлган фарзандларимиз билан боғлиқ. Ҳа, фарзанднинг дунёга келиши ота-она учун қанчалик фарахбахш бўлса, унинг улғайиш пиллапояларидан юқорилаб бориши, улкан ютуқларга эришиши ҳам шунчалар завқли. Бўйи бўйига тенглашган, юз-кўзларидан навқиронлик уфуриб турган фарзандининг ҳаётда эришаётган ҳар бир муваффақияти унинг келажаги учун тамал тоши бўлишини ҳис қилаётган ота-оналар дунёдаги энг бахтиёр инсонлардир.

Сирдарё вилоятнинг, Сардоба туманида истиқомат қилиб келаётган Толиб ака ва Насиба опа Омоновлар ҳам бугун фарзандлари туфайли ана шундай бахтга эришган инсонлар. Уларга маҳалладаги катаю кичик – ҳамма ҳавас қилади, улар каби бўлишга интилишади. Чунки бу инсонлар вояга етказган фарзандларнинг 3 нафари бугун ҳарбий хизматчи!  

Одатда бирор оила ҳақида гапирилганда энг аввало унинг устуни бўлган оталар тилга олинади. Уларнинг фарзанд тарбиясидаги меҳнати эътироф этилади. Мен бу сафар мазкур анъанадан бироз чекинган ҳолда дастлаб оила бекаси, мўътабар она, жаннати аёл – Насиба опа ҳақида гапиришни лозим топдим. Бундан Толиб ака хафа бўлмайди, деб ўйлаймиз. Нега дейсизми? Бу саволга жавобни қуйидан топасиз.

 “Тўнғичим – суянган тоғимиз”

У дунёга келганда ота-онаси ризқли, насибали бўлсин, деб Насиба исмини қўйдилар. Туғилибоқ яқинларига бир олам қувонч улашган қизалоқ балоғатга етган сари меҳрибонлиги, хушмуомалалиги билан атрофдагиларнинг ҳам муҳаббатини қозонди. “Уни ким келин қилсаям бахти кулади”, деб алқарди  кайвонилар. “Қанийди Насиба опамга ўхшасам”, дейишарди қишлоқдаги ёш қизлар. Йиллар ўтиб Насиба ҳам ойдай келин бўлди. У келин бўлиб тушган оила ажойиб эди. Қайнонаси шунчалар яхши эдики, келинини кафтида кўтарарди. Қайнотаси ширинсўз, турмуш ўртоғи эса меҳрибон. Насиба аслида шундай бахтни орзу қилганди. Келинчак бунинг учун тақдиридан жуда-жуда миннатдор эди…

…Ўшанда беш ойлик келинчак эди. Оила бошига оғир кулфат тушди – қайнопаси оламдан ўтди! Бу айрилиқ марҳуманинг яқинлари учун оғир жудолик бўлди. Айниқса, ота-онаси ёмон куйди. Энг ачинарлиси, тўрт ойлик гўдак  – Элёрбек етим қолган эди. Энди унга ким ғамхўрлик қилади? Ким уни ўз онасидай парваришлайди? Марҳуманинг маракалари ўтгандан сўнг қариндош-уруғлар йиғилиб шу масалани муҳокама қилиш учун уларникига йиғилишди. Маслаҳат берувчилар кўп бўлди. Лекин ҳеч ким болани бағрига олишни истамасди. Кимдир “гўдакни меҳрибонлик уйига бериш керак”, деди ҳатто.

Бу гап-сўзларни бир четда кузатиб ўтирган Насиба охири чидолмади. Шарт ўртидан туриб:

– Гўдакни мен олай, – деди ялинчоқ овозда.

Даврада ўтирганлар илкис бош кўтариб ҳайрат билан  овоз келган томонга қарадилар. “Ие, бунинг ўзи ҳали гўдак-ку”, деди ўтирганлардан бири (Чунки бу пайтда Насиба эндигина  ўн еттини ҳатлаб ўн саккизга  кирганди). Бу гапни ўзича тушунган келинчак нажот истаб қайнона-қайнотасига қаради.

– Энажон, хўп денг, мен эплайман. Болаларни жуда яхши кўраман. Уйда укаларимниям ўзим кўтариб катта қилганман. Йиғлатмайман, касал қилмайман, – деди кўзларига ёш тўлиб.

Кимдир у деди, яна кимдир бу. Хуллас, болани Насибага беришди. Келинчак юраги ҳапқириб, ўзгача меҳр билан гўдакни бағрига олди.  У шу куни илк бор ОНАлик бахтини туйди!

–  Бошида бироз қийналганман, – дейди Насиба опа ўша кунларни хотирлар экан. – Чунки у вақтларда бир марталик тагликлар йўқ эди. Қийинчилик айниқса, қишда билинарди. Свет ўчиб қоларди. Қоронғуда  кечаси  туриб сут иситиб бериш, тагликларни тез-тез алмаштириб ювиш керак. Лекин ҳечам малолланмаганман. Қаранг, ростан бола эканман-да, болам йиғласа  нега йиғлаяпти деб қўшилиб йиғлардим, кулса кулардим. Орадан бир ярим йил ўтиб ўзим ҳам ўғилли бўлдим: Бегзод туғилди. Шундаям Элёрдан меҳрим узилмади. Чунки у менинг тўнғич фарзандим. Кейин бирин кетин яна уч ўғилли бўлдик. Уларга Бунёд, Анвар ва Дилмурод деб исм қўйдик. Укаларини катта қилишда Элёр ҳар доим менга кўмакчи бўлди. Мен бир умр Элёримнинг кўнглини ўкситмасликка интилдим. Унга бор меҳримизни бердик. Бугун эса у бизга ғамхўр. Бошқа ўғилларим ҳам акаларидан ўрнак олишади-да доим дадаси ва менинг кўнглимга қарайди, авайлайди. Бунинг учун Аллоҳга беадад шукур, дейман.

Камолот пиллапоялари

Вақтлар ўтиб фарзандлар улғайди. Элёр ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланади. Бегзод эса ҳарбий хизматчи. У айни кезда Термиз шаҳрида хизмат қиляпти. Бунёд эса Тошкент ахборот технологиялари университетида таҳсил олган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти Сардоба туман бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритади. Анваржон ҳам Ватан посбони. У  Ички ишлар академиясини тамомлаган. Айна вақтда Сирдарё вилояти Сардоба туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси лавозимида ишлайди. Оиланинг кенжаси – Дилмуроджон эса Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртининг иккичи курс курсанти. Хуллас, фарзандларнинг ҳаммаси эл-юрт хизматида. Бундан ота-онанинг кўкси тоғ.

– Улар албатта, бизнинг ва Ватанимизнинг ишончини ёруғ юз билан оқлашга ишонаман, – дейди оила бошлиғи Толибжон ака. – Бугун уч неваранинг буви-бобосимиз. Анваримни яқин кунларда уйлантирамиз. Мен бир нарсадан хурсандманки, ҳамма фарзандим эсли-ҳушли, ақлли бўлиб улғайди. Китобга, билим олишга меҳр қўйди. Мактабда ҳам яхши ўқишди. Устозларидан улар ҳақида ҳеч бир ёмон гап эшитмаганмиз. Шунисига шукур дейман.

– Қайси фарзандингизда ўзингизнинг характерингизга хос жиҳатларни кўрасиз?

– Балким гапларимга ишонмассиз, лекин ҳаммамизнинг характеримиз ўхшаш, – дейди Толиб ака жилмайиб. –  Мен табиатан оғир-босиқман. Бирор нарсадан жаҳлим чиқсаям атрофимдагиларга билдирмайман. Китоб ўқишни яхши кўраман.  Мактабда ҳам яхши ўқиганман. Ҳатто мактабни кумуш медаль билан тамомлаганман. Лекин олий маълумотли бўлолмадим. Мана шу орзуим армонга айланди. Чунки оилавий шароитимиз кўтармаган. Кейин ҳайдовчилик курсида таҳсил олдим. Бир умр шу касб ортидан оила боқдим. Мен нимадан хурсанд бўламан, биласизми? Фарзандларимнинг уч нафари ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлаганидан хурсанд бўламан. Ахир муқаддас китобларда Ватан ҳимояси – муқаддас ва шарафли эканлиги бежизга бот-бот таъкидланмаган. Шунинг учун ҳам Ватан деган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Ўғилларим ҳам ўзлари танлаган касбни шараф деб билишди. Уларга тилагим, шарафли касбда доим шарафлилар сафида бўлиш насиб қилсин!  Улар учун биз дуодамиз.

Суҳбат чоғида фарзандларнинг қизиқишлари, келажак орзулари билан ҳам қизиқдик. “Мен китоб ўқишни ва йиғишни яхши кўраман. Каттагина оилавий кутубхона ташкил қилганман”, дейди Бунёдбек. “Бўш вақтларимда спорт билан шуғулланаман. Орзуим – ўз соҳамнинг етук мутахассиси бўлиш. Бу йўлда ҳали кўп ўқиб, ўрганишим, тажриба орттиришим керак”, дейди Анваржон терговчиларга хос босиқлик билан. “Мен моҳир учувчи бўламан! Бу менинг болалик орзуим. Ҳозир бор диққат-эътиборимни фақат билим олишга қаратяпман” дейди Дилмурод кўзлари ёниб.

+а, мардлик, фидойилик, садощат =ам гызал тарбия билан кўнгилга синггади, дейишади. Шунинг учун бўлса керак суҳбатдошларимизнинг интилишлари эзгулик ила қоришиқ. Энг асосийси, қалби бир олам орзу-мақсадларга тўла бу ўғлонларда уларни рўёбга чиқаришга қодир ғайрат ва шижоат ҳам бор. Зеро, мақсад ва интилиш  – бу натижа демакдир.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

VATANPARVAR газетаси, № 26, 26 июнь, 2020 йил.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 80

OAV nomi va parolini kiriting!