«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-11T09:58:53+05:0011 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Эътиқод  манзиллари

ПАРПИ ОЙИМ ЁХУД УМАЙ ОНАГА ИЛТИЖО

Бу масканга аёллар юракларини ҳовучлаб, энг тоза ниятлар билан келадилар. Чунки дунёда фарзанд тилашдек эзгу ва оқ тилак бўлмаса керак…

Дунёда аёлдек нозик ҳамда нафис хилқат бежиз яратилмаган. Унга фарзандни дунёга келтириш ва тарбия қилишдек буюк вазифа ҳам бесабаб берилмагандир? Гўзалликни гўзалликка, нафосатни нафисликка индириш фақат Унгагина хос…Одамлар муқаддас қадамжоларга сиғиниш учун эмас,  авлиёлар руҳларидан мадад олиб яратганга илтижо қилиш учун келишади. Худди шу ерда Парпи ойим зиёратгоҳи вазифасининг ҳам асл сирлари ошкор бўлади.

Жиззахнинг жанубий ғарбий ҳудудларини ўраб турган Туркистон ва Нурота тоғ тизмаларининг ўзи бир афсона. Моргузар тоғининг сайхонликларини ўраб турган минг йиллик кўм-кўк арчалар сизни мозий қатларига элтгудек бўлади. Унинг этакларидаги Зоминнинг табиати эса дилларни яйратгудек мафтункор. Бу  гўшада яна бир маскан,  Уволсой дарасини уволликлар табиат инъоми деб қарашади. Яшил боғлари жаннатга қиёс, тоза ҳавоси юракларни ҳаприқтирувчи дарага киришингиз билан  Парпи ойим қадамжосига кўзингиз тушади.

Халқ орасида бу зотнинг Шароф Рашидов туманининг Равот қишлоқ фуқаролар йиғини  ҳудудидаги Парпи ота зиёратгоҳига номи берилган авлиёнинг синглиси, деган  қарашлар юради. Бу икки зиёратгоҳнинг номланиши, тешик тошнинг мавжудлиги ва ёш болаларда учрайдиган «парпи”, тиббиёт тилида кахексия касаллигини даволаш учун зиёратчиларнинг келиши каби умумий жиҳатлари  боғлаб туради.

Парпи сўзи араб тилида «парфи” – «оқ” деган маънони англатади. Ислом дини кириб келгандан кейин маҳаллий аҳоли бу муқаддас саналган жойларни «Парпи ота” – «оқ ота”, «оқ кийимли ота”, «оқ ниятли ота” ёки оқ рангли тешиктошга нисбат берилиб, «оқ тош ота” каби номлар билан атаб келган. Парпи ойим эса «Парпи она”- «Оқ она”, «Пок ва бегуноҳ она” бўлиши мумкин деган, тахминлар мавжуд.

Зиёратгоҳда асрларни қаритган Тешиктош бўлиб, эътиқод қилишларича, ундан сиқилмай, уринмай ўтилса, дардлардан халос бўлинади. Маҳаллий аҳоли бу ерга кўп йиллардан буён ҳомиладор бўлмаган, икки–уч нафар фарзандлари бир ёшга кирмасдан вафот этган аёллар зиёратга келишини айтади. Улар дуолари ижобат бўлиб, фарзандли бўлишгандан сўнг бу тошларни  қайтариб, маросим ўтказиб кетишади. Тарихчиларнинг таъкидлашича, мазкур маросимларнинг илдизи жуда узоқ манзилларга бориб тақалади.

-Худди шундай анъаналардан бири турк хоқонлиги даврида ҳам бўлиб, оналик сифатларга эга аёл худоларнинг бири Умай ҳисобланган, – дейди Жиззах давлат педагогика институтининг тарих ўқитиш методикаси кафедрасининг катта ўқитувчиси  Фаррух Акчаев. – «Тўнюқуқ” эсдалигида Умай она руҳларининг  қўллаб-қувватлаши билан душманларини «чопиб”, ”қувиб”, оқ қавмининг, халқини, бегини ўзига бўйсундиргани баён қилинади. Маҳмуд Кошғарий «Умай” сўзининг мазмунига тўхтаб, уни «йўлдош” деган лексик маънода келтиради. Бунинг боланинг қориндаги йўлдоши эканлигини баён қилади. Қадимги турк халқларида «Умайга сиғинса ўғил бўлур” деган мақолнинг кенг тарқалгани, кимда-ким (аёл кишидан) Умай руҳига сидқидилдан хизмат қилса, у ўғул туғади, деган ирим ўрин олганлигини ёзади.

Ҳақиқатан ҳам аёллар ўғилли бўлиш учун Умай руҳига сиғиниб, ишонч билан умид қилишган. Айниқса, уни она ва ёш болани ёмон руҳлардан, ёвуз кучлардан, жин-ажиналардан сақловчи, яхшилик келтирувчи деб тушинишган. Шундай  қилиб, турк халқларининг бола тарбиялаш тажрибаларига диний тушунчалар аралашиб кетган. Фарзанднинг улғайиб, балоғат ёшигача соғ-саломат ўсишига жин-ажиналар «назарини солиб” зиёнламаслиги учун, ухлаётган болани ёлғиз қолдириб кетмай, кимдир кузатиб ўтирадиган бўлган. Баъзи вақтларда уйқудаги гўдак ёлғиз қолганида унинг ёмон руҳлардан чўчиб қўрқмаслиги учун аёллар худоси Умайга ишониб топширган бўлган.

Турк халқлари Умайни ҳали эси кирмаган боланинг жонига йўлдош, уни асраб сақловчи руҳ тақлидида тушунган. Туғилгандан уч ёшга чиққангача ўзи юра оладиган ва сўзлай бошлаган давргача Умай чақалоқ билан бирга бўлади, деб ўйлаган. Унинг руҳи боланинг киндигида яшайди деган фикр билан чақалоқнинг киндиги тушгандан кейин тери ёки чит халтага солиб, бешигининг юқорисига илдириб қуйган. Шу орқали Умайнинг бешик ёшида ҳамма вақт чақалоқ билан бўлишига ишонч пайдо этган. Агар бола ухлаётган пайтда кулса ёки мағрурланиб ухласа буни Умай болага хабарлашиб турибди деб ўйлашган. Агар бола ухлаётиб йиғласа, Умай болани оз вақтга ташлаб кетган деб тушунишган. Гўдак касалланиб қолган вақтни Умай унинг ёнидан вақтинча кетган маҳаллар деб ҳисоблашган ва унинг тез қайтиб келишини истаб, шаманлик дастурларига амал қилган.

Бундан кўринадики, қадимга турк халқларида Умай-Она бир тарафдан ботир-каҳрамонларнинг урушда ўз онасига топингандай сиғиниш манбаи деб тушунилса, иккинчи томондан эса кенг кўламда ёш болаларнинг тарбияланиб чиқишидаги  ғамхўри, чақалоқнинг она қорнидаги ва туғилгандан кейинги даврдаги уни турли ёмон руҳлардан сақлаб юрувчи йўлдоши, деб ҳисобланган.

Тарихчининг таъкидича, ушбу маросимлар авлоддан авлодга ўтиб келган ва бу жараёнлар ислом билан боғлиқ бўлган ҳолда  ҳам амалга оширилган. Ислом анъаналари уларнинг урф-одат ва маросимларига янги ўзига хос хусусиятларни олиб кирган. Фикрларимизни бугунги кунда Парпи ойим зиёратгоҳига келган зиёратчиларнинг Аллоҳ  йўлига қурбонлик келтириш, ўтган пайғамбарлар ва азиз-у авлиёларга атаб  Қуръон тиловат қилишлари исботлайди.

Уволдара мафтункор, табиати тенгсиз макон. Унда тоғлар этагини ўпган талай зилол булоқлар, шаршаралар бор. Зоминнинг куюнчак ўғлони, шоир Саттор Қорабоев ўзининг “Жиззах вилояти  зиёратгоҳлари” номли китобида бу масканга қуйидагича таъриф берган:

“Даранинг баландроқ қисмида ғор бўлиб, бу жойдан кўплаб китоблар топилган… Ҳув, қоялар устида бекларнинг қароргоҳи, зиндони бўлган эмиш…

…Шу ердан кенг ҳовучга қиёсли водий очилади-да баҳаво, чучмомолар қулф урган табиат гўшангаси кўзга ташланади. “Чилламозор” деганлари шу жой… Мана, ўша айби борнинг қучоғига сиғмас “Туйнуктош”! Буниси она чиллашур бўлиб қолган боласини атрофида етти бор айлантириб, ҳар айланганида қўлидан қўғирмоч тўкиладиган баҳайбат қатронғи…

Яхлит тошзаминда қандайдир баҳайбат уч бармоқли ҳайвон изларини кўргандай бўласиз… Жудаям аниқ, сув тўлиб турган бу излар балки миллион йиллар илгари шу жойларда яшаган улкан ҳайвонларнинг изидир?.. Сал ўтмай чап томонда қизил аскарлар билан ватанпарвар юртдошларимиз милтиқ отишган Барипояга кўзимиз тушади… Мана шу Барипояда қизиллар билан даҳшатли жанг бўлиб ўтгани ҳақида кексалар гапириб берадилар…

Қадамжо ҳудудидаги археологик ёдгорликлар қадим тарих билан боғлиқ тошқўрғонлар, афсоналарга тўла Уволсой даралари (Ҳофиз Таниш Мир Муҳаммад Бухорийнинг “Абдулланома” асарида “Вол дараси” ҳақида битиклар бор!), Шариллоқнинг яшил шаршаралари, Ҳазрат Али минган Дулдул оти туёғининг излари, занжирининг, қиличининг излари… Э-ҳе, нимасини айтасиз, бу ерларда бир бор бўлган киши такрор бўлсам, дейди”.  Дарани сайр қиларкансиз, буларнинг ҳаммасини учратасиз, табиатнинг ўзи бетакрор мусаввир эканлигига шоҳид бўласиз…

Зилол булоқ сувидан қониб ичгач, булоқлар бўйлаб юқорига юрсангиз 4,5 одимча силлиқ новсимон харсангга дуч келасиз. Бу табиий равишда сув ёрдамида силлиқланган тошдир. «Тойғанчиқ»ни бод ва бошқа касалликларга даво билишади. Унинг устида тош қоя юзасига ўйиб ёзилган, ўчинқираб кетган араб имлосидаги ёзувлар бор.  Икки-икки ярим қулоч чамаси юзага ҳуснихат билан, шеърий жумлалар таассуротини туғдирувчи бу ёзувларнинг ким томонидан ва қачон туширилгани ҳамон сирлигича қолмоқда.

-Мазкур зиёратгоҳ вилоят маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиб, давлат тасарруфига олинган, – дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Синдор Қорабоев. – Бу ерга юртимизнинг барча ҳудудларидан зиёрат учун ташриф буюришади. Уволликларнинг маълум қилишларича, ушбу қадамжодаги айрим дарахтларнинг ўзигина 100 ёшдан ошган.

Уволдара сайри ҳар томонга шовқин солиб, кўпикланиб тушаётган кўркам Шаршара томошаси билан ниҳоясига етади. Аммо бу ердан олган олам-олам таассуротларингиз, муздек биллур сув томчиларининг шиддати, бениҳоя гўзаллик сизни узоқ вақт тарк этмайди…Зеро, ўтмишнинг синоатларини, бобою момолардан мерос удумларни ўзида бутунича жамлаган бу муқаддас масканлар ҳамиша ўз фусункорлиги билан  бизни ўзига чорлайверади.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА. 

2020 йил, 19 сентябрь «Жиззах ҳақиқати» газетаси

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.7 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!