«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-11T08:57:18+05:0011 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Таассурот

«ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА»ГИ БОЛАЛИК

Агар болалигингиз чиндан ҳам самимий, эзгу ва буғубор туйғулар оғушида кечган бўлса, сарлавҳадаги жумлани дарров англайсиз. Яъни, дунёни фақат ва фақат яхшиликлардан иборат, деб биладиган мурғак кўнгил ўзи мансуб бўлган ва яшаб турган жамиятнинг хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарисида бўлади. Атрофда кечаётган воқеалар унга ҳайрат ва завқдан бўлак нарса эмас. Чунки у ёвузлик, разиллик, инсонийликдан йироқ бўлган кечинмаларни ўз қалбидан ўтказиб кўрмаган.

Эҳтимол бу умр давомида шундай бўлиб қолар. Шунинг учун ҳам юқоридаги қўштирноқ ичидаги фазилатларни тушунишга қанча уринмасин, аввал бошда ҳеч нарсани англолмайди. Беғубор нигоҳи, гардсиз қалбига ўша ёвузликнинг QR-кодини қайта ва қайта киритиб кўрманг, натижа нолга тенг бўлаверади. Боиси, бу қалбда сўровни муваффақиятли бажариш учун ҳали маълумотлар базаси шаклланмаган.

Ирландиялик ёзувчи Жон Бойннинг «Йўл-йўл пижамали бола» романи Иккинчи жаҳон уруши ҳақида ёзилган дурдона асарлардан бири. Китоб илк бор 2006 йилда нашр этилади. Роман дарҳол ўнлаб адабий мукофотларга лойиқ кўрилиб, дунёнинг 50 дан ортиқ тилига таржима қилинган.

Газетамизда дунёнинг дурдона асарлари таҳлили билан сизни маҳоратли журналист Инобат Иброҳимова анчадан буён таништириб келмоқда. Биз бугун роман ва у асосида режиссёр Марк Ҳерман суратга олган фильмдаги туйғулар ҳақида сўз юритамиз.

Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига қанчадан-қанча офат, кулфат ва балоларни ёғдириб кетди. Фашист концлагерьларидаги хунрезликлар, хўрланган асирлар (инсонлар!) ҳақидаги фактлар кишини даҳшатга солади. Асардаги воқеалар айни ўша даврга тегишли.

Брунонинг оиласи Берлиндаги ҳашаматли уйда яшайди. Отаси ҳарбий хизматчи. Кунлардан бир кун отаси муҳим лавозимга тайинлангани боис улар Аж-Вис шаҳарчасига кўчиб кетиши керак. Табиийки, бу болакайга маъқул келмайди. Ахир дўстларининг ҳаммаси Берлинда қолиб кетади. Янги жойга кўчиб ўтса, у ерда ким билан ўйнайди? Бироқ оила кўчишга мажбур.

Янги шаҳарча, янги уй. Бруно зерика бошлайди. Атрофни кузатиб, йўл-йўл пижама кийган кишиларни кўриб қолади. Сўнг уларнинг кимлигига қизиқиб, уларни кузатишга тушади ва тўсатдан сим тўсиқлар ортида ўтирган яҳудий болакай – Шмуэль билан танишиб қолади. Бруно нима учун уларнинг бир хил кийимда юриши, рухсатсиз бу ҳудуддан ташқарига чиқиш мумкин эмаслиги, умуман улар ҳаётига доир ҳамма нарса билан қизиқа бошлайди. Болакайлар ўртасида кечган илк суҳбатнинг ўзиёқ ўқувчи ва томошабин қалбини ларзага солади. Ҳақиқий хизмат кўрсатиш доирасидан ташқаридаги беғубор ва сидқи туйғулар жилоси мана шундай мавжланиб бораверади.

Шмуэль Брунога ўзларини бахтиёр ферма ишчилари эканлиги ва шу боис бир хил кийимда юришларини айтади. Табиийки, Бруно бунга ишонади ва ҳар куни у билан ўйнагани келиб туради. У келтирган егуликлар Шмуэль учун ҳақиқий зиёфат. Икки тенгдош ўртасидаги дўстлик риштаси шу зайлда кўнгилда илдиз отади.

Бруно бу ер Освенцим ўлим лагери эканлигини билмас, у ердаги ҳаёт тарзи, ишчилар ҳаёти ва фаолиятига қизиқаверади. Брунони қўятуринг, ҳатто унинг онаси ҳам бу ернинг қирғин лагери эканлигидан бехабар эди. Бир куни атрофга тарқалаётган бадбўй ҳиддан «ҳидланиб» қолганида эрининг ёрдамчиси бор гапни айтиб қўяди. Ўша кундан бошлаб аёл кўнглида ҳаловат йўқолади. У эрига бу ишнинг турган-битгани оғир гуноҳ эканлигини уқтиришга бот-бот уринмасин, фойда бермайди, эр муҳим топшириқ олган.

Бу орада Шмуэль Брунога ўзининг отаси йўқолиб қолгани ҳақидаги хабарни айтиб қолади. Ферманинг бир гуруҳ ишчилари қандайдир топшириқни бажариш учун кетгану, қайтиб келмаган. Демак, топилмаётган ота ҳам ўша сафда. Бруно унинг дўсти, шундай экан, унга отасини топишда ёрдам бериши керак.

Воқеалар шу зайлда ривожланиб бораётган пайт немис оиласи Берлинга қайтиб кетиш учун топшириқ олади. Бруно дўсти билан хайрлашиш, қолаверса, унга отасини топишда ёрдам бериш учун сўнгги бор сим тўсиқлар томон борди. Белкурак ёрдамида сим тўсиқдан ўтиш учун кичик тунелча ҳосил қилинди. Мана, Шмуэль унга йўл-йўл пижамали кийим берди. Икки дўст концлагерь ҳудудидан йўқолган отани қидиряпти. Шу пайт зобитлар янги гуруҳни чўмилиб олиш учун ҳаммомга бошлаб қолади. Икки болакай ҳам мана шу сафга қўшилиб қолганини сезмай қолади. Ва… ва атрофга яна ўша бадбўй ҳид тарқалади…

Қолган ва қолмаган тафсилотларни айтиш эмас, уни фақат ҳис этиш мумкин. Буни юракдан туйиш учун эса асарни ўқиш, фильмни томоша қилиш керак. Қуйидаги сатрлар ўша таассурот бўлиб, оққа кўчган.

 

БРУНО

Бруно, қизиқма ҳеч қандай сирга,

Коптогингни ўйна, арғимчоқда уч.

Ёки бекинмачоқ ўйнаймиз бирга

Кўзларимни юмдим, бир, икки, уч…

 

Энг сокин, энг хилват жойларга беркин,

Сени тополмасин искабтопарлар.

Эшитма ва кўрма, бу ҳаёт чиркин,

Англасанг отарлар ёки чопарлар.

 

Сен шундай яшагин, шундай беғубор,

Умрингни сарф этма асов қуюндай.

Бўғилма, кўксингга инмасин ғубор,

Шунчаки бу ернинг ҳавоси шундай.

 

Бруно, қарагин, осмон тип-тиниқ,

Учиб бораётир озодлик, ҳурлик.

Фақат анов қушнинг қаноти синиқ,

Жанубга етолмай қулайди шўрлик.

 

Бруно, қоқилма зулмат тунлари

Кўча чироқларин ёқиб қўяман.

Ҳушингни олмасин мазлум унлари,

Эгнингга кўзмунчоқ тақиб қўяман.

 

Энди эса ухла, кўзларингни юм,

Мен эртак айтаман бор меҳрим ийиб.

Сўнгра тушларингда йиғлайман юм-юм,

Рақамланган йўл-йўл пижама кийиб.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 24 июль, №30

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.3 / 5. Baholaganlar soni: 15

OAV nomi va parolini kiriting!