«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-09T12:45:12+05:009 Aprel, 2021|Олтин қалам|

БАРЧАМИЗ ЖИПСЛАШСАК, БУ СИНОВЛИ КУНЛАРДАН АЛБАТТА, ЎТАМИЗ

Ҳозирги мураккаб вазият — коронавирус пандемияси шароитида дунёнинг барча мамлакатлари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича зарурий чора-тадбирларни кўрмоқда. Айни пайтда ушбу касалликни юқтириб олаётганлар ва ҳатто унинг қурбонлари сони ортиб бораётгани ташвишланарли ҳолат. Жаҳон олимлари томонидан ўтказилаётган тадқиқотлар натижасида вируснинг инсон тана аъзоларига салбий таъсирининг янги қирралари аниқланмоқда. Кимлардир коронавирус пандемиясиинг иккинчи тўлқини бошланди, деса яна кимлардир ҳақиқий хавф ҳали олдинда эканини таъкидламоқда. Нима бўлганда ҳам, ҳушёрлик бугун ҳар қачонгиданда долзарб.

Ўзбекистондаги вазият эса барча юртдошларимизнинг диққат марказида турибди. Хўш, бундай кўринмас хавфга қарши  қандай кураш олиб борилмоқда? Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли фикрлар қанчалик ўринли? Тўғри, вазиятнинг бундай тус олиши ҳар қандай “манаман” деган тиббиёт тизимини эсанкиратиши, табиий. Кўриб, кузатиб бораётганимиздек, дунёнинг ривожланган мамлакатлари тиббиёти ҳам коронавирус олдида ожиз қолмоқда. Аммо, вазиятга тўғри, холис баҳо бера олган давлатлар таҳликали ҳолатдан чиқиб кетиш чораларини кўрмоқда ва бу ўз натижасини беряпти.

Маълумки, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, эпидемиологик вазият кескинлашгани сабабли шу йилнинг 10 июлдан 1 августгача республикамиз бўйича карантин чоралари яна кучайтирилди. Демак, вазият яна жиддийлашмоқда. Касалланганлар сони кундан-кунга ортмоқда. Вирусни аниқлаш, уни даволаш арзон ва осон иш эмаслигини ҳаммамиз билиб бўлдик. Бундай оқимдаги касалланиш ва уни даволашга ҳар қанча тоғ бўлса емирилиши, ҳар қанча куч бўлса, заифлашиши турган гап.

Депутат сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиб, бор вазиятни ўрганишга, шахсий кузатувлар асосида хулоса чиқаришга ҳаракат қилдик. Ўз навбатида, COVID-19 касаллиги билан оғриган беморларни даволаётган ва стационар карантинга ёпилган республикадаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш самарали ташкил этилмоқда. Бунинг учун зарурий шахсий ҳимоя воситалари, дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан ҳудудларни ва республика даволаш-профилактика муассасаларини таъминлаш тадбирлари узлуксиз амалга ошириляпти.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари доирасида

100 турдаги 10 минг донага яқин замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар (МРТ, МСКТ, ИВЛ, УЗИ, ПЦР, СИПАП аппаратлари, дефибрилятор, кардимонитор, рақамли рентген, лаборатория анжомлари ва бошқалар) харид қилинди ҳамда даволаш-профилактика муассасаларига тарқатилган.

Ҳозирги вақтда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали барча тиббиёт ходимлари мазкур касалликка қарши курашишга сафарбар қилиняпти, ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вирусология лабораториясига врач-вирусолог мутахассисларни ишга қабул қилиш ҳақида эълонлар берилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси давлат ўз фуқароларининг саломатлиги учун барча чораларни кўраётганидан далолат беради.

Эл бошига тушган синовли кунларда ўз манфаатини устун қўйганлар ҳам, афсуски, орамизда учраб турибди. Айрим масъулларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўяётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Албатта, айбдорлар жазосини олади. Энг муҳими, бундай синовли кунларда барча жипслашиб, парокандаликдан тийилиши зарур.

Акшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

«Халқ  сўзи”   газетасининг  

14-июл, 2020      йилдаги сонида.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 1.7 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!