«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-09T11:40:02+05:009 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Моҳият

ҚУРИЛИШ ЧИҚИНДИЛАРИ МУАММОСИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТИЛАДИ?

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда республикамизда йилига 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси, 35 миллион тоннага яқин маиший чиқинди ҳосил бўлади. Чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 миллиард тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқинди сақланаётгани ҳамда улар 12 минг гектар майдонни эгаллаб турганини инобатга олсак, чиқиндиларнинг салбий таъсирини тасаввур этиш қийин эмас.

Шу боис мамлакатимизда чиқинди масаласига оид кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, қатор имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда. Бироқ амалий натижалар қувонарли эмас. Ҳамон дарё қирғоқлари, кўримсиз жойлару дала ҳудудларга ташлаб кетилаётган чиқиндилар уюмига гувоҳ бўляпмиз. Бунда қурилиш чиқиндиларининг ҳиссаси катта. Нега? – Маълумки, сўнги йилларда республика миқёсида шаҳарсозликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Экология ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Анвар Жабборов. – Табиийки, қурилиш ва таъмирлаш ишларининг кенгайганлиги сабабли катта ҳажмда қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлмоқда. Бугунги кунга қадар қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасини тартибга солувчи алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бўлмаганлиги, қурилиш полигонлари учун етарли ер майдонлари ажратилмаганлиги, шунингдек, айрим фуқароларнинг экологик маданияти ва масъулияти шаклланмаганлиги сабабли ҳам бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар сони ортиб борган.

Энди барчаси назоратга олинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 январдаги қарори билан тасдиқланган Қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, эндиликда барча турдаги қурилиш чиқиндилари қоида тариқасида чиқинди чиқарувчилар томонидан такрорий фойдаланишга, утилизация қилишга, қайта ишлашга йўналтирилиши ёки мазкур чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи бошқа юридик шахсларга ёки якка тартибдаги тадбиркорларга топширилади.

– Утилизация қилинмайдиган ёки қайта ишланмайдиган қурилиш чиқиндилари эса экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда кўмилиши шарт, – дейди Анвар Жабборов. – Хўжалик фаолияти натижасида қурилиш чиқиндилари ҳосил бўладиган ташкилотлар (қурилиш, реконструкция ёки таъмирлаш, ободонлаштириш ва бузиш ишларини амалга оширувчи ташкилотлар), шунингдек, қурилиш чиқиндиларини тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи барча юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур Низом талабларига риоя этиши мажбурий ҳисобланади. Мазкур Низом талаби аҳоли томонидан қурилиш ишлари олиб борилишида ҳосил бўлувчи қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

Қўмитамизга ушбу қарор билан қурилиш ишларида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндиларини тўплаш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва полигонларга жойлаштириш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бундан буён қурилиш ишлари амалга оширилишида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларга ташланса тегишли чоралар кўрилади.

Қайта ишлайдиган корхона ҳам, полигон ҳам бўлмаса-чи?

Такрорий фойдаланишга ёки қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлиш объекти жойлашган туман ёки шаҳарда утилизация қилиш ва қайта ишлаш корхоналари бўлмаса, уларни бошқа ҳудуддаги корхоналарга йўналтириш лозим. Қурилиш чиқиндиларидан такрорий фойдаланишга талаб бўлмаган тақдирда махсус ажратилган қурилиш чиқинди полигонларига, агар бундай полигонлар бўлмаса, маиший чиқинди полигонларига жойлаштирилиши шарт.

Шу боис 2021 йил 1 майга қадар қурилиш чиқинди полигонларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган манзилли дастур ишлаб чиқилади. Бу жараёнда давлат-хусусий шериклик тамойили ҳам кенг қўлланилади. Ушбу йўналиш кимнидир қизиқтирса, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва маҳаллий ҳокимликларга мурожаат қилишлари мумкин.

Ташиш харажати кимнинг зиммасида бўлади?

Хўш, энди қурилиш чиқиндиларини ким, қаерга олиб бориши керак? Бу билан қандайдир ташкилот шуғулланадими?

– Йўқ, бу бўйича алоҳида ташкилот шуғулланмайди. Аксинча, қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш харажатлари лойиҳа-смета ҳужжатларида мажбурий тартибда назарда тутилади ҳамда бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг қурилиши, реконструкция ёки мукаммал таъмирлаш, ободонлаштириш ишларининг смета қийматига қўшилади, – дейди Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Насрулло Бабаев. – Қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жараёни техник ҳужжатда батафсил кўрсатилиб, унга қурилиш чиқиндиларининг ҳосил бўлишидан бошлаб, улардан қайта фойдаланиш ёки утилизация қилиш бўйича жараёнлар киритилади. Яна бир гап: агар қурилиш чиқиндилари мустақил равишда тўлиқ утилизация қилинишини, қайта ишланишини ёки такрорий фойдаланилишини таъминлаш имкониятига эга бўлмаган чиқинди чиқарувчилар қурилиш чиқиндиларини топшириш ёки реализация қилиш юзасидан мазкур чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ёхуд бундай чиқиндиларни жойлаштириш учун махсус ажратилган объектларга эга бўлган юридик шахс билан тузилган шартномага эга бўлишлари шарт. Бир сўз билан айтганда, Қурилиш вазирлиги қурилиши режалаштирилаётган бинолар ва иншоотлар, йўллар ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ёки бузиш ишларида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажмларини ва уларни тўплаш жойларини белгилаш, улар билан боғлиқ ишларни амалга оширади.

Қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, эндиликда қурилиш чиқиндиларини аҳоли пунктлари ерларига, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва тарихиймаданий аҳамиятга молик ерларга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларга ташлаш ва кўмиш тақиқланади.

***

Дарҳақиқат, кўрилаётган барча чора-тадбирлар атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиғилиши, зарарсизлантириш муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган. Бироқ турли назорату чоралар, жаримаю хат-ҳужжатларни йўлга қўйишдан аввал, муносиб шарт-шароитлар яратилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Рустам ЮСУПОВ

 «Mahalla»

(2021 йил “Mahalla” газетасининг 5-сонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.1 / 5. Baholaganlar soni: 14

OAV nomi va parolini kiriting!