«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-09T09:44:56+05:009 Aprel, 2021|Олтин қалам|

«BOOKNOMY»НИ ХАРИД ҚИЛГАНЛАР КИМ: ИЛМИ ТОЛИБЛАРМИ ЁКИ РЕКЛАМА «ҚУРБОН»ЛАРИ?

Кўзингиз тушган бўлса керак, ­кейинги пайтда «Booknomy» компаниясининг тарғиботи ҳар ёқни босиб кетди. «Хорижий тилларни интенсив шаклда ўргатамиз», дея ҳар куни телеканаллар орқали зўр бериб, такрор-такрор реклама қилинаётган аудио ва босма маҳсулотлар, очиқ айтиш керакки, кўпчиликни қизиқтириб қўйгани рост.

Бошқа ҳудудларни билмадим-у, аммо айни пайтда Андижон шаҳридаги китоб дўконларида мазкур компаниянинг босма ва аудио китоблари сотувда йўқ. Бироқ дўконлардан излаётган, суриштираётган кўп, пойтахтдан буюртма орқали харид қилаётганлар бор. Узоққа бормай, яқин қадрдонларимдан бири ҳам мактабнинг эндигина 1-синфига бораётган ўғли учун айни компаниянинг «Интенсив рус тили» тўпламини нақд 770 минг сўмга (!) сотиб олди. Хулосаки, рекламанинг кучи таъсирини кўрсатяпти.

Тадбиркорлар одамларни, ёшларни билимга чорлаш, китоб сотиш ва илм тарғиботи орқали бизнес қилаётган экан, ҳалоли бўлсин! Лекин масаланинг ғоят нозик қирраси кўзга ташланяптики, саводхонлик билан боғлиқ бу жиҳат яхши ният ва истакларга соя солиши шубҳасиз.

Биргина «Интенсив рус тили» китобини олайлик. Телевидениеда оғиздан бол томиб мақталаётган қўлланманинг бирор-бир саҳифаси йўқки, имловий, услубий ҳамда тиниш белгилари билан боғлиқ хатолардан холи бўлса?!

Кўнгилда иштибоҳ туғиладики, «йўқ»ни «йок», «шоҳкўча»ни «шохкора», «сидқидил»ни «ситқидил», «ёқтирар»ни «ёққтирар», «вақт»ни «вакт», «кутубхона»ни «кутибхона», «ўтказар»ни «ўткизар», «Екатеринбург»ни «Экатеринбург» деб ёзадиган китоб муаллифларининг ўзи олий ўқув юртини қўйинг, ўрта мактабни ҳам тўлиқ тамомлаганмикан? Энг ёмони, бу каби хато сўзлар, жумлалар ҳар саҳифада кўзга ташланади.

Қўлланмада рус тилидаги гапларнинг ўзбек тилидаги таржималари услубий жиҳатдан «профессионаллик» бобида имловий камчиликлардан қолишмайди. Мана, биттасини ўқиб кўринг: «Биринчиси у иш жойидан йироқда яшар эди ва асосий маблағ қисми йўл учун сарфланар эди» (Первая проблема заключалась в том, что она жила далеко от работы и большая часть денег уходила за проезд). Энди бир ўйлаб кўринг: ўзбек тилида саводсизлик билан ёзилган, жумлалари пойма-пой китоб муаллифлари сизга қандай қилиб «олти ойда рус, инглиз ёки бошқа хорижий тилларни ўргатиши» мумкин? Қайтанга, бу маҳсулотлар асосий харидор бўлмиш эндигина тил ўрганаётган ёшларни чаласавод қилиб тарбияламайдими?

Эътибор қилган бўлсангиз, рекламаларда «грамматикасиз тил ўрганинг!» дея бетўхтов бонг уриляпти. Бу – билимдон таржимон Мавлон Марасулов таъбири билан айтганда, «йўл қоидаларини ўрганмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдек» гап эмасми?

Ҳозир интернетдаги «Google» тармоғининг таржима хизматидан фойдаланиш урфга кирди. Яъни исталган тилдаги жумлаларни сониялар ичида бошқа хоҳлаган тилга ўгириш мумкин. Ҳар қалай, гап мазмунини тушунса бўлади. Аммо сўзлар ўрни-ўрнига тушмайди, таржимадаги жумлалар кўпинча ғализ чиқади. Афтидан, «Booknomy» муаллифларининг ўзлари ҳам тилни яхши билмайди-ю, жумлаларни «Google»га ташлаб, пойма-пой таржималардан шундоққина китоб ясаб қўйишганга ўхшаб турибди.

Телеграмдаги «Тўғри ёзамиз» канали муаллифлари таъкидлаганидек, шунча маблағ сарфланган лойиҳага наҳотки профессионал мутахассислар, муҳаррирлар жалб этилмаган бўлса? Ахир, бу шармандалик эмасми?!

Таомилга кўра, оммага истеъмол учун чиқарилаётган ҳар қандай маҳсулот давлат стандартига жавоб бериши керак. Илм ва саводни эмас, аксинча саводсизликни тарғиб қилаётган бу қўлланмаларни назорат қиладиган ташкилотлар йўқми?

Устоз адибимиз Эркин Аъзам матбуотда реклама мавзуидаги чиқишларидан бирида «Матоҳинг шу қадар зўр, олийсифат экан, уни тиқиштиришга намунча жон койитасан, биродар, дегингиз келади… Нимаики ҳадеб кўз-кўз қилинаверса, билингки, ё бир иллати, ё нозикроқ бир сабаби бор» деганда, қайд этилгани каби китобларни назарда тутган бўлса, не ажаб!

Нурилло НЎЪМОНОВ,

“Ishonch” мухбири

(Мақола “Ishonch” газетасининг 2020 йил 8 декабрдаги 147-148-сонларида чоп этилган).

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 28

OAV nomi va parolini kiriting!