«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T18:09:25+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

КОСОНСОЙДА ГОЛЛАНД ЛОЛАЛАРИ

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин пайтида телеканалларимизда «Наманганда голланд лолалари етиштирилмоқда» дея номланган махсус ролик тез-тез намойиш қилинди. Видеолавҳаларда акс этган турфа ранглардаги лолаларни кўриб, ниҳоятда завқландик ва улар кутилмаган хавфдан хавотирга тушган кўнгилларимизга таскин бергандай бўлди.

Айниқса, шундоққина кенг далада бу ажиб гулларнинг қатор-қатор очилиб турганлигидан дилимиз равшанлашди. Беихтиёр лола плантацияси вилоятимизнинг қайси ҳудудида ташкил этилганлиги билан қизиқдик.

Билишимизча, узоқ йилларга мўлжалланган, кенг кўламли лойиҳага вилоятда ўтган йилдан бошлаб киришилган. Гулчиликни ривожлантириш маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги фаоллигида Голландиядан сентябрь ойида лоланинг 32 хил рангидаги 16 нави пиёзидан келтирилган. Иқлим шароитига кўра туманимиз танлаб олиниб, «Туятойди келажаги» фермер хўжалиги ер майдонининг 5 гектарига пиёзлар қадалган ҳам. Хорижлик мутахассисларнинг маслаҳати ва кўмагида бир текисда ундириб олинган лолалар эса эрта баҳордан барчанинг кўзини қувната бошлади.

Эътиборлиси, бу ерда нафақат биз ўрганган қизил ёки сариқ рангдаги, балки оппоқ, бинафшаранг ва аралаш рангли лолаларни ҳам учратиш мумкин. Ҳаммаси бир-биридан чиройли, хушбўй.

Турфа рангдаги гўзаллик ўз йўлига, бу экин туридан қандай даромад топса бўлади? Уни етиштириш орқали қандай наф кўриш мумкин? Айни шу савол билан фермер хўжалиги раҳбари Зоҳиджон Баҳромовга юзландик.

– Лола гули жаҳон бозорида саноат хом ашёси сифатида ниҳоятда харидоргир, – дейди у. – Лоладан парфюмерияда, буёқ олишда кенг кўламда фойдаланилади. Қолаверса, гулдастасига ҳамюртларимиз орасида ҳам талаб доимо кучли бўлиб келган. Бу мавсум биз учун синов-тажриба йили бўлди. Келгуси йилдан эса пиёзларини иссиқхонага ўтқазиб, 8 март байрамига очиладиган тарзда етиштирмоқчимиз.

Фермернинг айтишича, айни пайтда лоланинг пиёзини кўпайтириш учун изчил ҳаракат кетмоқда. Июль ойига бориб ҳар бир тупдан камида 4 донадан пиёз олиш ва уларни янги плантацияларга экиб, экинлар сонини янада кўпайтириш, лолазорни 10 гектарга етказиш кўзда тутилган.

Адашмасак, лола гуллари плантация шароитида республикамизда илк бор етиштирилмоқда ва у келажакда алоҳида тармоқ сифатида мамлакатнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиши мумкин. Ахир Голландия айни шу гулни парваришлаш ва уни бошқа давлатларга етказиш билан шуғулланиб, мисли кўрилмаган ютуқларга эришган давлат ҳисобланади. Айтишларича, мазкур мамлакатда гулчилик ҳар йили давлат бюджетига 25 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ келтиради. Дунёда сотилаётган лолаларнинг тўртдан уч қисми эса айнан ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келар экан.

Шу сабабли лола етиштиришнинг барча босқичи алоҳида назоратга олинган. Пиёзларни қадашдан тортиб, махсус аукционлар орқали гулларни сотишгача бўлган жараённинг барчаси бой тажриба ва илмий асосда ташкил этилар экан.

Лолачилик алоҳида агротехник ёндашувни талаб этади. Соҳа учун махсус техникалар зарур. Шу сабабли Наманганда киришилган, умумий қиймати 210 минг АҚШ долларилик лойиҳа учун хориждан махсус техникалар олиб келинди. Йил давомида эса яна қўшимча техникалар келтириш кўзда тутилган.

Қизиқ, хорижники бизнинг маҳаллий лолалардан нимаси билан фарқланади? Мисол учун, гули узиб олинганидан кейин қанчагача сақланиб туриши мумкин?

– Мен ҳам қизиқиб, атайин гулни уздим ва тувакка солиб қўйгандим, 25 кунгача чиройини йўқотмади, – дейди фермер. – Ерда, яъни поясидан узилмаган шароитда эса 45 кунгача асл ҳолида туравераркан.

Мутахассислар ҳам голланд лолаларининг айни шу хусусиятини алоҳида таъкидлашади. Яъни, сархил ва хушбўйлигини узоқ вақтгача сақлаб туриши уларни олис масофаларга ҳатто автотранспорт воситаларида ҳам етказиш имконини беради.

Зоҳиджон Баҳромов етакчилигидаги фермер хўжалигида нафақат лола етиштириш, балки интенсив ёнғоқзор ташкил этиш борасида ҳам илғор тажрибага қўл урилган. Аниқроқ айтганда, 1 гектар ерда Калифорния ёнғоғи ниҳоллари ўтқазилган. Бўйи 3 метрча келадиган пакана тупли, серҳосил ёнғоқ дарахтларининг яна бир афзаллик томони, у ўта тарвақайлаб ўсмайди. Демак, атрофга соя солиши ва бошқа экинларга қуёш нурини тушириши билан зарарли эмас.

– Дастлабки ҳосилни олдим ва қўл билан эзгандим, пўчоғи осонлик билан чақилиб кетди, – дейди янгиликка ихлосманд юртдошимиз. – Бу эса ҳамма жойда харидоргир бўлишидан далолат.

Қолаверса, фермер ярим гектар ерга қизил, сариқ ва қора гилосдан ўтқазганлигини айтиб, ғурурланди. Нима учун бир хил эмас, уч турдаги гилосни кўпайтираётганлигини сўрагандик, қуйидагича жавоб берди:

– Гилоснинг қизили шу – май ойининг дастлабки кунларидаёқ қизариб, сотиш учун тайёр бўлади ва чўнтагингизни пулга тўлдиради. Экспортбоп қора гилос майнинг охири ва июннинг бошларида сизни бой қилади. Сариқ гилосни эса июнь-июлда ҳам секин-аста ўзимизнинг бозорга олиб чиқиб, даромад топсангиз бўлади. Хуллас, шу йўл билан пулга асло зориқмайсиз.

Мана шундай оқилона иш юритиш орқали нафақат ўз оиласи, балки қишлоқдошларининг турмуш шароити яхшиланишига ҳам баҳолиқудрат ҳисса қўшиб келаётган фермернинг 35 гектар экин майдонида миллий бойлигимиз ҳисобланган пахта етиштирилмоқда. Шунингдек, 60 гектар ғаллазордаги буғдойларнинг бошоқлари кундан-кун пишиб етилаётир. Бу эса ҳадемай омборлар донга тўлади, деганидир.

Тождор вирус пандемияси туфайли кўпгина давлатлар талвасага тушди. Озиқ-овқат муаммоси юз бериши мумкинлиги ҳақида ваҳимали гап-сўзлар тарқалиб, аҳолини қандай қилиб боқамиз, деган мамлакатлар ҳам бўлди. Бизда эса ҳамишагидай хотиржамлик ҳукмрон, қалбларимизда эртанги кунга бўлган ишонч мустаҳкам. Чунки Юртбошимиз раҳбарлигидаги оқилона сиёсат натижасидан кўнглимиз тўқ. Меҳнатсевар халқимиз унумдор она заминдан мўл ҳосил олиб, иқтисодиётимиз янада мустаҳкамланиши учун салмоқли ҳисса қўшишига ҳам тўла ишонамиз. Ахир бизни боқадиган, тирикчилик манбаи ҳисобланган ерга эътибор жойида, далалардаги экин-тикин ишлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бир маромда кетяпти. Карантинни баҳона қилиб, улар асло ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ. Демак, томорқа ва далаларимизда етиштириладиган картошка-ю пиёзлар ҳар доимгидек мўл бўлади. Омборларимиз ҳам донга тўлади. Миллий ифтихоримиз ҳисобланган пахта хирмонлари эса янада юксалади. Айниқса, Зоҳиджон Баҳромов сингари тадбиркор, интилувчан ва ташаббускор юртдошларимиз бор экан, дастурхонларимиз ҳамиша тўкин бўлаверади.

Анорбой ОЛИМОВ.

(«Косонсойнома» газетаси, 2020 йил 15 май)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.1 / 5. Baholaganlar soni: 16

OAV nomi va parolini kiriting!