«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T17:47:57+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

 “ЗИММАМИЗДА ИНСОНЛАР ҲАЁТИГА ЖАВОБГАРЛИК БОР”

 1-даражали сержант Аброр Мамарасулов кўп йиллардан буён шарафли соҳада хизмат қилиб келмоқда. “Машаққатлардан чўчимай олға интилган инсон, бир куни албатта мақсадига етади. Мен ҳаётда мана шу ақидага амал қилиб яшайман”, дейди у. Ҳарбий жамоада ўз ўрнига эга бу қаҳрамонимиз ёш бўлса-да юзлаб шогирдларга устозлик қилган. Унинг ҳаётда ва хизматда эришган ютуқ ва муваффақиятларини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди. Келинг, бу ҳусусда қуйида баён қиламиз.

ИНСОННИ ОРЗУЛАР УЛҒАЙТИРАДИ

У болалигидан  учувчи бўлишни орзу қиларди. Осмонда учаётган самолётларга қараб ширин ҳаёлларга берилган вақтлари кўп бўлган. Хатто тушларида ҳам сарҳадсиз самода учаётганини кўрарди. Эртасига эса кўрган тушларини қувонганча онасига сўзлаб берарди. “Мактабда яхши ўқисанг, ниятинг тўғри бўлса, албатта учувчи бўласан. Чунки тиш бутунлигида қилинган ният ижобат бўлади болажоним”, дерди онаси пешонасидан ўпиб. Одатда болаликдаги орзу ўткинчи бўлади, дейишади. Йўқ, Аброржонда ундай бўлмади. Аксинча, балоғатга етгани сайин қалбидаорзусига етишиш илинжи ортиб бораверди. Мактабни тамомлаб муддатли ҳарбий хизматга йўл олди. Хизмат қайтганидан сўнг эса Тошкент авиация институтига ўқишга киришни мақсад қилди. Аммо…

–  Ўшанда мустақилликнинг илк йиллари эди. Ўтиш даври бўлгани учун ҳаёт кечириш бироз оғир  бўлиб қолганди. Биз оилада олти фарзанд эдик. Олти фарзандни едириб-ичириш, кийдириш  оиланинг биргина боқувчиси бўлган отамга қийин бўлиб қолганди. Мен армия кўрган, ҳаётнинг паст-баландини тушунган ёшда эдим. Отамнинг қийналаётганига шунчаки кўз юмиб кетолмадим. Шунинг учун ўқишга киришдан воз кечдим. Унинг ўрнига отамга елкадош бўлишни мақсад қилдим. Шундай қилиб Тошкентга келиб авиация заводига ишга  кирдим. Биз бу ерда самалётларни таъмирлардик. Соҳага қизиқишим кучли бўлгани учун ёши улуғ ишчилардан касбимизнинг сир-асрорларини мукаммал ўзлаштиришга интилардим. Бир сўз билан айтганда заводдаги меҳнат фаолиятим мен учун энг катта тажриба майдони бўлган. Мен бу масканда 1993 йилдан то 1997 йилга қадар фаолият юритдим, тажрибали авиация механиги бўлиб етишдим. Ўқишга кирмаганингиздан афсусланмаганмисиз дейсизми? Йўқ нега афсусланаман? Чунки учувчи бўлолмасам ҳам самолётларнинг ёнида эканлигим, улар билан тиллашаётганимдан мамнун эдим.  Бу мен учун жуда завқли эди. Дарвоқе, заводда ишлаб юрган кезларимда мени Россиянинг Ульянов шаҳридаги авиация институтига ўқишга юборишишмоқчи бўлган. Мен оилавий шароитим сабабли ўқишга боришдан воз кечганман. Ахир оилада тўнғич фарзанд эдим. Тўнғич фарзандликнинг юки эса барибир оғирроқ бўларкан…

АВИАЦИЯ ХАТОЛАРНИ КЕЧИРМАЙДИ

– Вақт ўтиб ҳаётимни ҳарбий соҳа билан боғлашга қарор қилдим. Ўшанда бу қароримдан ота-онам ҳам жуда хурсанд бўлишган. Шу кунгача ҳарбий транспорт авиацияси йўналишида хизмат қилиб келаяпман. Катта авиация механигиман. Зиммамиздаги вазифа жуда масъулиятли: самолётларни таъмирлаймиз, учишга тайёрлаймиз. Оддий транспорт воситаларида бўлгани каби самолётларнинг ҳам 200, 400, 600 соатлик регламент соатлари бўлади. Таъмирлаш батальионимиз билан бирга мана шу регламент соатларида самолётларнинг техник ҳолатини кўрикдан ўтказамиз, соз ёки носозлигини аниқлаймиз, таъмирлаш зарур бўлса, таъмирлаймиз. Биласизми, ердаги гап осмонга тўғри келмайди, дейишади. Бу сўзнинг маъносини авиация механиклари яхши тушунади. Яъни механик самолётларни кўрикдан ўтказиш жараёнида ҳеч бир жиҳатга эътиборсиз қарамаслиги керак,  чунки  сизга арзимасдек кўринган оддийгина носозлик  улкан фалокатларга сабаб бўлиши мумкин. Зеро, зиммамизда инсонлар тақдири учун жавобгарлик ҳисси бор. Мен шогирдларимга энг аввало шуни уқтираман. Уларни ўз ишига пишиқ-пухта бўлишга, таъмирлаш ишининг мукаммал бажарилганини билиш учун керак бўлса ўн мартагача текширишга ўргатганман. Чунки мен ҳам устозлардан шундай сабоқ олганман.Чунки авиация хатоларни ҳеч қачон кечирмайди.

ЯХШИ УСТОЗ БЎЛМАСА…

– Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида устозлардан олган сабоқларнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, бу сабоқлар бизни янги марраларга элтади, билимимизни оширади, тажрибамизни мустаҳкамлайди. Мен устоз танлаш борасида ҳам омади чопган инсонман. Нега дейсизми? Чунки ўз соҳасининг билимдони бўлган инсонларга шогирдман. Полковник Шуҳрат Йўлдошев, подполковниклар –  Шавкат Қодиров, Мурод Абдураззоқов, сержант Дилшод Бекназаров  ҳарбий авиация йўналишида малакали мтахассис бўлиб етишишимда меҳнати, заҳмати сингган устозларим бўлади. Бир китобда шундай сўзларни ўқигандим: “Яхши устоз бўлмаса, яхши шогирд бўлиш душвор”. Жамоада ўрин топдим, хизматларим эътироф этиляпти. Демак менинг яхши устозларим бор. Улардан ҳаётда ҳам хизматда ҳам ўрганганларим кўп ва ҳали ҳам ўрганяпман. Мен ҳар доим уларга муносиб шогирд ва улардек устоз бўлишга ҳаракат қиламан.

ВАҚТ ҚАДРИ

– Вақт – умримизни ташкил қилади. Шундай экан,  инсон ўтаётган ҳар бир сония ва дақиқадан унумли фойдаланиши керак. Одатда бўш вақтларим кам бўлади. Шундай вақтда бирор бир фойдали юмуш қиламан. Фарзандларим тарбияси билан шуғулланаман, китоб ўқийман. Менинг бир хоббим бор: болалигимдан самолёт ва вертолётларнинг макетларини ясашга қизиқаман. Кичкиналигимда макетларни болаларча тасаввуримга таяниб ясаган бўлсам, авиация заводда ишга кириб, ҳақиқий самолётларни ўз кўзим билан кўрганимдан кейин мукаммал кўринишга эга бўлган макетларни ясашни ўрганганман. Шу вақтгача МИ-29, ИЛ-76, АН -12 самолёт ва вертолётларининг уч мертгача бўлган макетларини ясаганман. Мен ясаган макет Қуролли Кучлар давлат музейида ҳам бор. Тўғри, самолётнинг макетини ясаш узоқ вақт талаб қиладиган қийин иш. Лекин бу менга ёқади. Чунки макетларни ясаш жараёни ҳам бу йўналишда илмий тадқиқот ўтказиш билан тенг, деб ўйлайман. Чунки соҳамизга оид янги ғоялар шу жараёнда  туғилади.

ЯНГИ ИШЛАНМАЛАР УСТИДА

– Бундан бир неча йил олдин  устозларим билан биргаликда Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари учун аэродинамик ясаганмиз.  Унинг кўриниши самолётга ўхшайди, двигители ҳам қанотлари ҳам бор. Тахминан тўрт метр узунликдаги ойнали вакуум ичига жойлаштирилган бу ускуна самолётнинг парвозга кўтарилишини кўрсатиб беради. Бу эса курсантларнинг ҳаво кемасини бошқариш ҳақидаги тасаввурларини бойитади. Шунинг учун ҳам машғулот жараёнида ундан фойдаланиш яхши натижа беради.

Албатта бу ишланмамиз охиргиси эмас.Чунки биз изланишдан тўхтаганимиз йўқ. Яқинда биз  янги – баллонларни монтаж-демонтаж қилиш ускунаси устида иш олиб бордик. Бу техниканинг ўзига хослиги – у мутахассисга бир ўзи ҳеч кимнинг ёрдамисиз  самолёт баллонлари ечиб қўйиш имкониятини яратади. Ҳозирда ушбу ускунани янада мукаммаллаштириш устида иш олиб боряпмиз.

ЭЪТИРОФГА МУНОСИБ БЎЛИШ

–  14 январь –  Ватан ҳимоячилари куни  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги байрами арафасида  “Содиқ хизматлари учун” юксак давлат мукофоти  билан тақдирландим. Бу мукофот Ватан олдидаги хизматларимга берилган юксак баҳо бўлди. Бундан қувонмай бўладими?! Хушхабарнинг қаноти бор, деб бежиз айтишмас экан. Яқин йироқдан таниш-билишлар қўнғироқ қилиб қутлашганидаги ҳолатимни сўз билан таърифлай олмайман. Бу жуда ёқимли туйғу эди. Давлатимизнинг юксак мукофоти ыз вазифамга янада чущур масъулият, фидокорлик билан ёндошишга илҳомлантирди. Зеро, инсон учун Ватан эътирофига сазовор бўлишдан ортиқ бахт йўқ экан!

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

VATANPARVAR газетаси, № 7, 19 февраль, 2021 йил.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 71

OAV nomi va parolini kiriting!