«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T17:19:06+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ЮРАК ШИФОКОРИ

        2020 йилнинг 17 июли. Эргашев номидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонаси. Кардиология бўлимидаги касалларнинг аксари оғир аҳволда. Уларга икки томонлама зотилжам ташҳиси қўйилган. Вирусли пневмония беморларнинг ўпкасини зарарлаган. Ҳаммага ҳаво керак, “кислород” ускунаси эса етишмайди. Аслида бундай касаллар махсус шифохоналарда ёки Терапия бўлимида даволаниши керак эди. Аммо ўшанда у ерлар ҳам бундай касалларга тўлгани боис, беморлар бу бўлимга ҳам ётқизила бошлаган. Кундузги шифокор Гулжамила Сабикова шу куни бўлимига 27 нафар янги бемор ётқизилганини ҳозиргидай эслайди. Чунки у ўшанда ишхонада навбатчи эди.

***

Гулжамила Сабикова 1968 йил 31 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Манғит шаҳарчасида шифокор оиласида туғилган. Отаси Қодирберган Сабиков – неврапотолог. Онаси Зулайҳо Йўлдошева – стоматолог. Отасининг миллати қозоқ, онасиники ўзбек бўлгани боис ўзини ҳам ўзбек, ҳам қозоқ санайди. “Кўпроқ ўзбек деб биламан, чунки Ўзбекистонда яшаяпман”, дейди у завққа тўлиб.

“Фамилиянгиз паспортда бузилмаганми?”, деб сўрасам: “Бувамнинг асл исми “Сабибуллахўжа” бўлган, Совет Иттифоқи мафкураси “шарофати” билан уни “Сабик” дея қисқартириб ёзишган, чақиришган. Сабибуллахўжа бобом хўжалар авлодидан бўлгани боис ҳам қатағонга учрашан, яъни бир муддат қамалиб чиққан”, деб жавоб қайтаради у.

Кичкиналигида ота-онаси унга “фонендоскоп”, “шприц” ўйинчоқлар олиб берган. Шу боис ҳам ота-онасига ҳавас қилиб, шифокорликка қизиқади. Мактабни тугатгач, Иккинчи Тошкент тиббиёт институтига ўқишга киради. Олий ўқув юртининг Даволаш иши факультетида етти йил давомида тиббиёт сирларини ўрганади.

***

“2020 йилнинг июль ойидан бошлаб шифохонамизда оғир дамлар бошланди”, дейди у яна ўша кунларни ёдга олиб. Яна карантин эълон қилинади. Бўлимдаги беморлар сони икки баравардан ошиб кетади. Ҳар бир беморга касаллиги ва аҳволига қараб алоҳида-алоҳида муолажалар қилинади. Чунки ҳамманинг танаси бу дардни ҳар хил ҳолатда ўтказарди. “Маъмуриятга раҳмат, дори-дармонни вақтида етказиб турди, беморларнинг қўлига рецепт ёзиб берганимни эслолмайман”, дея қўшимча қилади у.

        2020 йилнинг 18 июль куни кечки маҳал уйига қайтгач, Гулжамила опанинг иссиғи 39 даражага кўтарилади. Таъм, ҳид билиши бутунлай йўқолади. Лекин ишга бормаса бўлмасди. Шу ҳолатда ҳам беморларини, ҳамшираю санитар қизларини ўйлайди. Ишга чиқмасам, уларнинг аҳволи нима кечади, дея ўзида куч топиб, яна йўлга отланади.

***

У 2000 йили Эргашев номидаги 4-сонли шаҳар клиник шифохонасига цех врачи бўлиб ишга келади. 2011 йили цех тепапевтлигидан Кардиология бўлимининг навбатчи шифокорлигига ишга ўтади. 2014 йилнинг сентябридан 2015 йилнинг февралигача Кардиология фани бўйича малака оширади. Шундан сўнг у ички касалликлар мутахассислигидан юрак касалликлари дўхтирига айланади. 21 йилдан бери бир жойда кўкарётганидан эса хурсанд.

***

        2020 йил унга-да оғир келди.

        16 март куни бошланган карантин кунларини шундай эслайди: “Ўзим учун қўрқмаганман. Болаларим ва оилам, ишхонамдаги ҳамшира ва санитар қизларим учун қўрқув бўлган. Аммо ортимизда Президент турганини ҳис қилиб, бу қўрқувни енганман”.

        Шифокор ва ҳамширалар Реанимация бўлимига келган беморлар билан алоқада бўлгани учун апрель ойи бошида Кардиология бўлимида карантин эълон қилинади. Ўшанда у ишхонада ўн кунча қолиб кетади.

***

Унинг одатдаги иш куни эрталабки 5 дақиқалик мажлис билан бошланади. Кечаси келган ва аввалдан ётган беморларнинг аҳволи сўралади. Дори-дармон бор-йўқлиги, қайси касалларга укол қилинганию қилинмагани ҳам қолиб кетмайди. Сўнг “обход” бошланиб кетади. Палаталарга кириб, ҳар бир беморнинг аҳволи ўрганилади. Тузалиб, кетаётганларига касаллик тарихидан кўчирма, уйда ичиладиган дорилар рўйхати берилади.

***

        У учун “Пандемия йили” бир томондан оғир келган бўлса, бошқа томондан қувончли бўлди. Шу йили неварали бўлди. 30 июль куни давомчиси туғилди. Гулжамила опанинг турмуш ўртоғи: “Севиниб юрайлик”, дея унга “Севинч” исмини қўяди. Неварасига касаллик юқтирмаслик учун у ўша кунлари ишхонадан уйига ҳам келмайди. Аммо 1 август куни Гулжамила опанинг қудаси – Севинчнинг момоси оламдан ўтиб қолади. “Қўлимда жон берди, 2020 йилдаги энг катта афсусимларимдан бири шу бўлди”, дейди у ўкиниб.

        Ҳалигача ўтириб-ўтириб ўйлайди. “Ўша пайтни таҳлил қиламан, оламдан ўтган беморларимни сақлам қола олмаганимдан афсусланаман”, дейди Гулжамила опа хўрсиниб. “Бу касалликка қарши курашишда даволаш стандарти билан ёндашсангиз ҳам 70 фоиз даво чоралари одамнинг организмига боғлиқ экан. Қон қуюқлигига қарши доим курашиб туриш керак. Одам руҳий соғлом бўлсагина, ушбу касалликни енгиб чиқиб кетар экан”, дея хулосага келади у.

***

Гулжамила опа тақдирнинг унга тутқазган ушбу қартасидан мамнун. У 2019 йил декабрь ойида шифокор сифатида Умра сафарига бориб келади. 12 декабрдан 23 декабргача Арабистоннинг Маккаю Мадинасида бўлиш унга насиб қилади. Сафар чоғидаги иш кунлари беморларга қарайди, бўш кунлари эса зиёрат қилади.

***

        Гулжамила опа иссиғи чиққан кунлари анализ топширганида қони қуюқлашиб кетганини айтади. “Ковид-19”га тест топшириб кўрмадингизми?”, дея сўрасам: “Вақтим бўлмаган”, деб жавоб беради кулиб. Орадан бир муддат ўтгач, шифокорнинг таъм билиши, 2020 йилнинг декабрь ойида эса ҳид билиши ўзига қайтади.

        “Кабиса йили оғир йил бўлди. Қанча шифокорларимиз оламдан ўтиб кетди. Орасида курсдошларим ҳам бор эди”, дейди Гулжамила опа маъюс тортиб.

        Қаҳрамоним – Гулжамила Қодирберган қизининг ҳеч қандай унвони йўқ. Ҳаётда қаҳрамон бўлиш учун, албатта, қаҳрамон унвонини олиш ҳам шарт эмас. Унинг энг катта унвони – юрак шифокори экани, инсонларга умид улашувчилиги.

        У “Ковид-19” касаллиги билан оғриганларни махсус шифохоналарда даволаган дўхтирлар каби катта миқдорда ойлик ҳам олгани йўқ. Бошқа фидойи шифокорлар каби шунчаки вазифасини бажарди, холос. Аслида мана шундай инсонлар бугунги замонамиз қаҳрамонларидир. Уларга чексиз таъзим қиламан.

        “Ковид-19”га чалиндимми-йўқми, билмадим-у, лекин бу касалликни бошимдан ўтказган бўлсам ҳам, Худойим бошқаларга ёрдам қўлини чўзишим учун менга енгил формасини тақдир қилган”, дейди шифокор ҳаётидан мамнун бўлиб. У буни жасорат санамайди. Нима деб аташни ҳам билмайди.

        Мақолам сўнггида бир сирни очсам. Гулжамила опа гарчи кардиолог бўлса-да, вирусли икки томонлама зотилжамга чалинган кўплаб беморларни ҳаётга, уйига, оиласи даврасига қайтарди. Улар орасида мен ҳам бор эдим.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

Мақола 2021 йилнинг 1 март куни “Халқ сўзи” газетасининг онлайн нашрида эълон қилинган:

https://xs.uz/uzkr/post/yurak-shifokori

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 52

OAV nomi va parolini kiriting!