«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T15:29:58+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ИЛМИЙ МАҚОЛА ТАДҚИҚОТЧИ ФАОЛИЯТИНИНГ НАТИЖАСИ СИФАТИДА

Илмий мақола тадқиқот жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, унинг таъсир даражаси илмий янгилиги ва мавзунинг долзарблиги билан аниқланади. Илмий ютуқлар нуқтаи назаридан материалнинг аҳамияти нечоғлик катта бўлса, журналнинг илмий даражаси ҳам шунга қараб ошади. Илмий мақолада муаллифнинг илмий фаолияти – илмий тадқиқоти акс этади. Муаллиф мақолада сифат ва миқдорий кўрсаткичлар ёрдамида илмий фаолияти натижалари, самарадорлигини баҳолайди, назарий маълумот ва эмпирик методларга мурожаат қилади. Ушбу кўрсаткич ва методларнинг юқорилиги таъсир этувчи омилларни белгилайди. Натижада, таъсир этувчи омиллар журналнинг савияси ва сифатини оширишга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда нашр қилинаётган илмий журналларга тақдим этилаётган илмий мақолаларнинг жанр-композицион жиҳатлари, илмий аппаратга амал қилиниши, тизимли-семантик, синтаксис ва коммуникатив-прагматик хусусиятларини тадқиқ қилиш ва олинган натижалар асосида илмий мақолаларни тайёрлашда йўл қўйилаётган асосий камчиликларни бартараф этиш долзарб масалалар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари ошиши, шунингдек, республика илмий журналларини халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш белгиланган.[1]

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг «Халқаро ривожлантириш Ассоциацияси иштирокидаги олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Голландиянинг «Elsevier» компанияси ҳамкорлигида «Илм-фан 2020» миллий ривожланиш дастури ишлаб чиқилди.[2] Ушбу дастур мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мутахассислари, докторантлари, мустақил тадқиқотчилари ва талабаларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини янада кенгайтиришни назарда тутади.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида юртимиздаги олий таълим муассасаларининг журналларини нуфузли илмий журналлар қаторига киритиш масаласини ҳал этиш ҳам кўзда тутилган. Дунёнинг 23,5 минг нуфузли илмий журналлари қаторида бирорта ҳам Ўзбекистонда чоп этилаётган илмий журналнинг йўқлигини инобатга оладиган бўлсак, бу масала бугунги кунда илм-фан соҳаси учун долзарб саналади.[3]

Ушбу дастур доирасида ўзбекистонлик олим ва мутахассислар илмий салоҳияти ва малакасини ошириш, хусусан, илмий мақола ёзиш кўникмаларини шакллантириш юзасидан қатор чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун эса улар томонидан ёзилган илмий мақолаларни чуқур ўрганиб, мақола тайёрлаш жараёнида қандай асосий камчилик ва хатоларга йўл қўяётганликларини аниқлаш зарур.

Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг «Инновацион ривожланиш Нашриёт-матбаа уйи» давлат унитар корхонаси  қошида ташкил этилган «Илм-фан ва инновацион ривожланиш» илмий журнали тадқиқот объекти сифатида олиниб, 2018-2020 йиллар давомида чоп этилган илмий мақолалар таҳлил қилинди.

Тадқиқот жараёнида масалага оид манбаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, кузатиш, суҳбат, савол-жавоб ўтказиш, назарий-қиёсий таҳлил, математик ҳисоблаш, статистика, таққослаш, индукция ва дедукция, умумлаштириш, контент-анализ, тизимли-семантик таҳлил каби методлардан фойдаланилди.

Ўтказилган тадқиқот доирасида 2020 йил апрель ойига қадар 350 тадан ортиқ илмий мақола таҳлил қилинди. Ҳар бир илмий мақоланинг жанр-композицион жиҳатлари, тизимли-семантик, синтаксис ва коммуникатив-прагматик хусусиятлари ўрганилиб, илмий аппаратга амал қилиниши текширилди. Шунингдек, илмий мақола жанри илмий дискурс доирасида ҳам таҳлил қилинди.

Тадқиқот давомида қуйидаги натижалар олинди:

  1. Илмий журналга мақола юборган муаллифларнинг аксарияти илмий

материалларнинг жанр ва турлари ҳақида аниқ тушунчага эга эмаслар.

  1. Илмий мақолани тайёрлаш давомида, кўп ҳолларда унинг композицион хусусиятлари инобатга олинмайди.
  2. Илмий мақоланинг сарлавҳа, муаллифлар ҳақида маълумот, аннотация, таянч тушунчалар, асосий матн, адабиётлар рўйхати каби таркибий қисмлари тўғри расмийлаштирилмайди.
  3. Илмий услубда ёзиш кўникмалари шаклланмаган ҳолатлар ҳам кузатилади. Асосан семиотиканинг семантика, синтаксис ва прагматика бўлинмаларига оид қонун-қоидаларига риоя қилинмайди. Натижада эса илмий мақоланинг коммуникатив эффекти пасаяди.
  4. Илмий дискурс тамойилларига амал қилинмаслик. Бунда муаллифлар олиб борган тадқиқотлари, унинг аниқ мақсади ва долзарблигини ёзма нутқ ифодасида акс эттира олмаслик ҳолатлари кўзга ташланади. Бунинг оқибатида эса илмий аппаратга ҳам риоя қилинмайди ва илмий мақоланинг умумий структураси бузилади.
  5. Эмпирик ва фундаментал мақолалар бир-биридан фарқланмай, битта қолипга солиб расмийлаштириш ҳолатлари ҳам қайд этилди.
  6. Илмий мақола соҳа ва йўналишига қараб ёзилганда, илмий дискурси фарқланади, бунда илмий услуб хусусиятлари – спецификаси ўзгаради. Бу муаллифларнинг мутахассисликларидан, атамаларни тўғри қўллай билишларидан келиб чиқиб белгиланади. Олиб борилган тадқиқот давомида бунга амал қилинмаслик ҳолатлари аниқланган.

Журналистикада жанрлар классификацияси ҳозирги кунгача мураккаб масалалардан бири ҳисобланади. Олимлар ҳаттоки журналистика жанрларини классификациялаш мезонларини қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақидаги фикрларни ҳам илгари суряптилар.  Айниқса, мақола жанрининг илмий мақола тури, композициясига оид қарашлар фарқланади. Илмий мақола композицияси ва ўзига хос хусусиятлари батафсил ёритилган, ўзбек тилида ёзилган маълумот ва адабиётлар эса кўп эмас. Шу ўринда илмий мақола тайёрлашда йўл қўйилаётган, юқорида келтирилган камчиликларнинг асосий сабаблари сифатида илмий мақолани тайёрлаш ва расмийлаштиришга оид ўзбек тилида ёзилган адабиётларнинг деярли йўқлиги, шунингдек ёзиш кўникмаларини шакллантиришга доир ўқув курсларининг йўлга қўйилмаганлигини кўрсатиш мумкин.

Тадқиқот давомида аниқланган асосий муаммо ва камчиликларнинг ечими сифатида муаллиф қўйидаги таклиф ва тавсияларни келтириб ўтади:

  1. Илмий мақоланинг жанри ва композициясига оид хорижий ва маҳаллий олимларнинг илмий асарлари, адабиётлари, ўқув-қулланма ва илмий мақолаларини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида тўпланган назарий билимлар асосида тайёрланган мазкур илмий тадқиқотнинг назарий қисмини «Илмий мақола жанри ва унинг таркибий қисмлари» номи билан илмий-методик қўлланма сифатида нашр қилиш.
  2. Турли фактлар контекстида ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида олинган мазкур илмий иш натижаларини жамлаган ҳолда «Илмий мақоланинг композицион тузилиши ва коммуникатив-прагматик хусусиятлари» ўқув қўлланмасини чоп этиш;
  3. Ишлаб чиқилган илмий-методик ва ўқув қўлланмалари бўйича докторант, магистр ва талабаларни ўқитишнинг дидактик асосларини яратиш;
  4. Ҳар бир олий ўқув юртлари қошида махсус ўқув курсларини ташкил қилиш ёки алоҳида «Илмий мақола тайёрлаш» ўқув фани ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига киритиш.

Тадқиқот натижаларидан келиб чиққан хулоса ва тавсиялардан барча олий уқув юртлари, илмий ва ўқув марказлари, педагогик ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларида илмий мақола тайёрлашни ўқитиш жараёнида, шунингдек, журналистика ва филология соҳаларидаги илмий ишларда материал сифатида фойдаланиш мумкин.

Юқорида келтирилган таклиф ва тавсияларни амалиётга жорий этиш орқали тадқиқот натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларга барҳам берилиб, илмий мақолаларнинг сифат кўрсаткичларини ошириш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий илмий журналлар рейтинги ва савиясини кўтариб, давлатимиз томонидан илм-фан доирасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасини таъминлайди.

Ҳилола САЛОЕВА

мустақил тадқиқотчи,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети,

 Илм-фан ва инновацион ривожланиш  журнали бош муҳаррири

«Онлайн медианинг ривожланиш тенденциялари ва оммавий ахборот воситаларининг трансформация жараёнлари» Республика илмий-амалий анжумани. 23 май, 2020 йил

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.1 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!