«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T13:33:54+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ КОНТЕКСТИДА ИЖТИМОИЙ КАПИТАЛ ОМИЛИ

Бугунги кунда глобал миқёсда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар турли мамлакатлар истиқболига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Жумладан, ҳозирги вақтда ҳар бир давлат тараққиёти нафақат иқтисодий муносабатларнинг фаоллашуви, балки демократик бошқарув тизими, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланганлиги, фуқаролик жамияти институтларининг ривожи, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, фуқаролик позициясининг шаклланганлиги билан бирга, энг аввало, жамиятда ижтимоий капиталнинг қай даражада эканлиги билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Сўнгги йилларда ижтимоий капитал категорияси турли мамлакатлар сиёсий жараёнлари ва илмий тадқиқотларида кўп ишлатилаётган замонавий трендга айланиб улгурган.

Кўпгина илмий адабиётларда «ижтимоий капитал» тушунчасига таъриф берилаётганда фаровонлик ва ривожланиш омиллари сифатида ахлоқ нормалари, ишонч ва самарали ҳамкорликдаги тармоқ фаолияти каби омилларга эътибор қаратилади. Умумқабул қилинган қоидаларга кўра, ижтимоий капитал индивидуал (микро), жамоавий (мезо) ва социал (макро) даражаларга бўлинади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий капиталнинг «ядро»сини «ишонч» ташкил қилади. Шунинг билан бирга, ижтимоий капитал таркибига бошқариш соҳаси ҳам тааллуқлидир[1]. Бугунги кунда, ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш даражаси ҳамда истиқболини белгилашда жамиятда ижтимоий капиталнинг ўрни ва ролига алоҳида урғу берилмоқда. Ижтимоий капитал масаласи кўпгина илмий йўналишларнинг тадқиқот объекти ҳисобланиб, бу борада бир нечта концептуал қарашлар шаклланган.

Ижтимоий капитал тушунчаси бошланғич даврда иқтисодий фанлар соҳасида вужудга келган. Иқтисодчилар томонидан ижтимоий капитал давлат ва жамият барқарор ривожининг бош омили сифатида талқин қилганлар.

Агарда ўтмишдаги мутафаккирларнинг ғоялари, фикрлари ва илмий қарашларини таҳлил қилсак, ижтимоий капитал концепциясини тарихий шаклланиши ва ривожи генезисини шартли равишда икки босқичга бўлишимиз мумкин.

Биринчи босқич (XVIII асрдан – XX асрнинг 80 йилларигача) – ижтимоий капитал концепцияси яратилиши учун асосларнинг пайдо бўлиши даври ҳисобланиб, унда асосан бир қанча ижтимоий-фалсафий қарашлар, ғоялар ва концептлар йиғилиб борди.

Иккинчи босқич (1980 йиллардан – бугунги кунгача бўлган давр) – ижтимоий капитал концепциясининг шаклланиши ва ривожланиши даври дейишимиз мумкин. Бунда асосан мазкур концепцияни илмий жамоатчиликка киритилиши ва бир қанча ижтимоий-гуманитар фанлар тадқиқот объектига айланиш даври бўлди.

Илмий манбаларга асосланиб шуни таъкидлашимиз жоизки, «капитал» атамаси биринчи бўлиб француз иқтисодчиси Франсуа Кенэ томонидан ишлатилган бўлиб, у корхоналар тасарруфидаги асосий ва айланма маблағ сифатида таърифланади. Ф.Кенэ ўша пайтларда «капитал» (les capitaux, fonds, les avances) атамасида мулк эгаларининг ўзаро алоқалари ва ишлаб чиқаришга жалб қилинган суммасини тушунган[2]. Кейинчалик эса бу атама бир қанча анъанавий иқтисодий тадқиқот мактаби вакиллари асарларида ҳам қўлланила боради (В. Петти, А. Смит, Д. Рикардо ва бошқалар). Иқтисодчи-олимлар асосан капитални ишлаб чиқариш жараёнида иштирок қилувчи ресурс сифатида талқин қилишади[3].

Тарихий анализ шуни кўрсатадики, XVIII асрда яшаб ижод қилган инглиз иқтисодчиси, замонавий иқтисодиётнинг асосчиларидан бири бўлган Адам Смит ҳам «капитал» ва унинг ижтимоийлик хусусиятларига алоҳида эътибор қаратади. Корхона томонидан ҳар бир ишчига ажратиладиган ўзига хос сармоя (яъни уни ўқитиш, ўргатиш ва тарбиялаш учун сарфланган маблағ) охир-оқибат ишлаб чиқаришнинг ошиши ва фойданинг кўпайишига олиб келишини илмий жиҳатдан исботлаб беради.

А.Смит томонидан яратилган, инсоннинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини оширишга қаратилган (йўналтирилган) сармоя ишлаб чиқариш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши ҳақидаги илмий қарашлар, ўз навбатида инсон капитали назарияси ва ижтимоий капитал концепциясига асос бўлиб хизмат қилди. А.Смит фикрича, техника эмас (жисмоний капитал), балки шахс (инсон капитали) ва унинг алоқалар тизими (ижтимоий капитал) иқтисодий тараққиёт асосида ҳал қилувчи рол ўйнайди, ўз навбатида инсон учун, аниқроғи унинг қобилиятларини ривожи учун сарфланган маблағ ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади[4]. Шунинг билан бирга, бозор иқтисодиётини давлат томонидан тартибга солиб турилиши ва маълум меъёрларнинг ўрнатилишига қаратилган Адам Смитнинг фикрлари бугунги кунда ижтимоий капитал концепциясининг муҳим элементлари ҳисобланган ижтимоий адолат, ахлоқий қадрият ва ўзаро ишонч сингари категорияларни тарғиб қилишда катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, Пьер Бурдьё жамиятда ижтимоий капитал феноменини тизимли равишда тадқиқ этишга ҳаракат қилган биринчи олимдир. Унинг ижтимоий капитал концепциясини яратишга қўшган ҳиссаси шундан иборатки, у мазкур категориянинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва бошқа параметрларини тизимлаштириш орқали унинг мазмуни ва доирасини кенгайтирди[5]. П.Бурдьё жамиятдаги синфий курашларда ҳам ижтимоий капитал омили катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлайди. Яъни, бу ерда ижтимоий-сиёсий статус ва иқтисодий омиллар кўзга ташланади.

Ижтимоий капитал концепцияси устида фундаментал тадқиқотлар олиб борган олимлар орасида америкалик социолог ва сиёсатшунос Алехандро Портесни алоҳида таъкидлаш лозим. У ўзининг илмий мақолаларида мазкур концепция шаклланишида асос бўладиган омилларни таҳлил қилиб ўтади. Тадқиқотчининг фикрига кўра, ижтимоий капитал бу «ижтимоий муносабатлар ва жамоат ташкилотларидаги самарали иштироки асносида шахснинг жамиятда ўзи учун муносиб ўринга эга бўлиши», дея таърифлайди[6]. Жаҳон банки эксперти Майкл Вулкок эса, ижтимоий капитални айрим ижтимоий қатламларга тегишли бўлган маълумотлар базаси, ишонч омили ва ўрнатилган меъёрлар тизими, деб баҳо беради[7].

Агарда минтақамиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, фуқаролик жамияти ва унда ижтимоий капитал омилини таҳлил қилишда Шарқда, жумладан, Марказий Осиёда ўзига хос тарихий-фалсафий талқин вужудга келганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу жараён, бевосита ахлоқ, маданият ва маънавиятнинг ҳуқуқ билан уйғунлашган, феъл-атвор, хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолатда тараққий этиб келди. Жумладан, энг қадимги тарихий-фалсафий ёдгорлик – «Авесто»да кишиларнинг уюшиб яшаши, ўзаро муносабатлар ва алоқаларнинг ахлоқ ва меъёрларга таяниши каби ғоялар илгари сурилган. Бунда, ўзўзидан жамиятда қонун устуворлигига эришиш, давлатни ягона шахс томонидан эмас, қонун бошқариши лозимлиги, инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч омилининг юқори бўлиши каби фуқаролик жамиятининг илк белгилари намоён бўлган.

Юртимиздан етишиб чиққан қомусий аллома Абу Наср ал Фаробий ўзининг «Фозил одамлар шаҳри» асарида жамиятда қонун устуворлиги,  фуқароларнинг ижтимоий муносабатларини шакллантиришнинг моҳияти чуқур таҳлил этилган. Фаробий, турли урушлар ва зўравонликлар ёрдамида инсонлар жамиятга бирлашадилар деган фикрларга қарши чиқиб, жамият – бу энг аввало фуқароларнинг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш мақсадида шаклланган ихтиёрий уюшма, деган ғояни илгари суради[8].

Кейинчалик Фаробий фикрларини янада ривожлантиришда Абу Али ибн Сино катта хизмат қилди. Ибн Синога кўра, жамиятда инсонларнинг яшаши учун энг долзарб омил бу – уларнинг ҳамкорлигидир, бунинг учун эса жамиятда ягона қонун ва қадриятлар бўлиши лозим[9]. Қонунлар эса адолатли бўлиши ва адолатли тарзда амалда қўлланиши керак деган хулосага келади.

Абу Райхон Беруний, инсон ўзининг ҳимояланмаганлиги ва ночорлиги сабаб ҳар доим қўллабқувватлашга муҳтож бўлади, жамият эса мазкур ёрдам ва таянчни таъминлаб беради, деган фикрни илгари суради. Ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бошқа эҳтиёжларини қондириш учун инсонлар ҳар доим баҳамжиҳат яшаши даркор. «Эҳтиёжлар жуда кўп ва турли хил, фақатгина фуқаролар жамоасигина уни таъминлаши мумкин. Шунинг учун ҳам инсонлар шаҳарларга асос солишган», дея таъкидлайди Беруний[10].

Жамиятнинг ижтимоий тараққиёти билан боғлиқ ғоялар Амир Темур давлат бошқаруви даврида айниқса гуллаб яшнади. Соҳибқирон марказлашган давлат қурар экан, энг аввало унинг асосларини – ижтимоий адолат, жамият бирлиги ҳамда ишонч омилларига таяниб шакллантиради. Жумладан, «Темур тузуклари» асарида давлат бошқаруви билан бир қаторда, ижтимоий муносабатларни самарали йўлга қўйиш усул ва услублари бериб ўтилади. Асарда ўша даврдаги жамият 12 ижтимоий тоифадан иборат бўлганлиги қайд этилган.

Амир Темур даврида ошкоралик, адолатли жамият барпо этиш тамойиллари яққол намоён бўлган. Халқни ижтимоий ҳимоялаш, бозор монополиясидан муҳофазалаш мақсадида савдогарларга олиб келган молтоварлари учун қатъий белгиланган устама нарх қўйишга рухсат этилган. Амир Темур ҳукмдорлиги даврида ҳам давлат хазинаси асосан олинган солиқ ва ўлпонлар ҳисобига шаклланган. Лекин ижтимоий меҳнатнинг баъзи турларида машғул бўлган халқ вакилларига имтиёзли солиқлар жорий этилган. Масалан, кимдаким бирон саҳрони обод қилса ёки кориз (ер ости иншооти) қурса, бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирорта хароб бўлиб ётган жойни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч қандай ўлпон олинмаган[11]. Бу ишлар эса ўз навбатида замонавий жамиятлардаги волонтёрлик (кўнгиллилар) ҳаракатлари, жамоат ташкилотларида фаолият олиб бориш ва ижтимоий иш каби фуқаролик жамиятининг ажралмас унсурлари бўлган феноменларнинг илк кўриниши сифатида талқин қилишимиз мумкин.

Бугунги кунда ижтимоий капитал концепцияси илмий ҳамжамият томонидан фаол тарзда муҳокама қилинаётган замонавий трендлардан бирига айланган. Масаланинг муҳокамасида ва баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган «муаммоли» томони шундаки, унинг терминологик характери, шунинг билан бирга, ижтимоий капитал ривожланиш даражасини ўлчаш омилларидир. Фанда ижтимоий капитал фактори тушунча аппаратини янада аниқлаштириш ҳамда мазкур тушунча таянадиган у ёки бу турдаги категориялар ягона тизимини яратиш зарурати мавжуд.

Ижтимоий капиталнинг сиёсий моҳияти жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги муносабатлар натижасида жамият ва давлат ҳаётини барқарор тараққий этиши билан изоҳланади. Ижтимоий тармоқлар орқали ҳар бир фуқарони фуқаролик жамияти ва бозор муносабатлари тизимида фаол иштирокчига айланишини таъминлайди. Турли корпорация, ташкилот ва фирмаларни фуқаролар билан иқтисодий муносабатларга киришиши натижасида тарафларнинг моддий манфаатдорлиги ошади ва жамиятга фойда келтиради. Шунинг асосида айнан ижтимоий капитал давлат бошқарувини демократлаштиришда, фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришда ва бозор иқтисодиётини мустаҳкамлашда бош омилга айлана боради.

Ижтимоий капитал – цивилизациялашган жамиятнинг муҳим категорияларидан бири бўлиб, у инсонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ишонч даражасини кўрсатади. Олимларнинг таъкидлашича, ижтимоий капитал бу инсонлар ва ижтимоий институтлар ўртасидаги ахлоқий муносабатларга таянадиган ва барқарор фаолиятни таъминлайдиган муҳим фактордир. Унинг асосини норасмий ўзаро дўстона алоқалар ва ҳамкорлик ташкил этади.

Дунё олимлари, ижтимоий капитал вужудга келиши ва ривожланишини якка шахс ёки индивид томонидан таъминлаб берилмайди, унинг моҳиятини ижтимоий гуруҳлар, бизнес тузилмалар, нодавлат ташкилотлар, миллатлар ва бошқа турдаги бирлашмаларнинг ўзаро ижтимоий муносабати ташкил этади, дея таърифлашади. Шунинг учун ҳам у кимнингдир шахсий мулки бўлиши мумкин эмас. Ижтимоий капитал кўпчиликнинг меҳнат маҳсули ва ундан ҳамма фойдаланиши мумкин.

Ижтимоий капиталнинг юксак ривожланганлик даражаси фуқаролик жамиятининг тараққиёти билан узвий боғланган. Кучсиз асосга эга бўлган фуқаролик жамияти муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас. Аксинча, жамиятнинг ҳар бир соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарувининг устунлигини келтириб чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, демократик тамойилларни эркин ривожланишига тўсқинлик қилади. Ижтимоий капитал эса мухторият ва номарказлашиш тизимини шаклланишига ижобий таъсир ўтказади.

Шунингдек, мазкур концепция мазмунини очиб беришда бугунги кунгача ягона бир таъриф ва талқин мавжуд эмас. Чет эллик олимлар томонидан ижтимоий капитал феноменини тадқиқ қилиш борасида турли хил методологиялар ишлаб чиқилгани ҳолда, уларга ёндашувлар ҳам турли-туманлигича қолмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур омилнинг тўла маъно-мазмунини талқин қилишда, унинг самарали ишлаши асносида жамиятда шаклланадиган ижтимоий эффектларга ҳам эътибор қаратиш ҳамда жамият ва унинг алоҳида тармоқларини муваффақиятли фаолият олиб боришида ижтимоий капиталга жуда муҳим феномен сифатида урғу бериш лозим.

Ижтимоий капиталнинг концептуал таҳлили шуни кўрсатадики:

  • ижтимоий капитал индивидуал эмас, балки энг аввало жамоавий характер касб этади. У жамиятнинг (социумнинг) ижтимоий муносабатларида шаклланади, ривожланади ва янада бойиб боради;
  • ижтимоий капитал учта асос: маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлар ва ишонч омилларини ўзида жамлагани ҳолда жамиятда муҳим роль ўйнайди;
  • жамиятда ижтимоий капитал феноменини тадқиқ қилишда тизимли-функционал, коммуникатив ҳамда аксиологик ёндашувлар жуда самарали ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, фуқаролик жамиятини умумий қадрият ва ишонч асосида фаолият юргизувчи турли субъектларнинг коммуникатив алоқалар тизими сифатида тадқиқ этишга ёрдам беради.

Фуқаролик жамияти учун ниҳоятда муҳим категория ҳисобланган ижтимоий капитал ўзбек жамиятида ўзига ҳос тарзда мавжуд бўлиб, у ғарб жамиятидан фарқли ўлароқ иқтисодий эмас, балки чуқур маънавий, маданий, диний ва миллий илдизларга эга. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятининг шаклланиши жараёнида ижтимоий капитал ривожига, унинг бевосита компонентлари ҳисобланган – ижтимоий ҳамкорлик, бирдамлик, ўзаро ишонч, фуқаролик позицияси ва инсон ҳуқуқлари масаласига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Бозор иқтисодиёти негизларининг ривожланиши ва иқтисодий либерализация жараёнларида ижтимоий капитал тараққиёти ўз навбатида жамиятимизда «ўрта синф»нинг шаклланишида ва ривожида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» доирасида фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ва фуқаролик институтларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, фуқаролик фаоллигини ошириш ҳамда жамиятимизда ижтимоий шерикликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган давр мобайнида бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида чоралар кўрилди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида жамоат ташкилотларининг бир қатор янги нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ва қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлари жамоатчилигимиз томонидан қўллаб-қувватланди.

Жамият ижтимоий ҳаётини демократлаштириш ва ислоҳотларни жадаллаштириш жараёнлари маънавий қадриятлар уйғунлигига асосланган давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ишонч тизимини шакллантиришни тақозо қилмоқда. Ижтимоий капиталнинг мамлакатимиз ҳаёти учун нақадар чуқур маънавий зарурат эканлигини давлатимиз раҳбарининг: «…биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг энг муҳим шарти, энг асосий замини ҳам аслида халқимизнинг ишончидир»[12] эътирофи орқали ҳам англашимиз мумкин. Шу боис ҳозирда жамиятимизда  ижтимоий капиталнинг назарий-амалий асосларини шакллантириш ва ижтимоий ҳаётимизга татбиқ этиш механизмларини доимий равишда такомиллаштириб боришни даврнинг ўзи тақазо этмоқда.

Саидов Санжар Шавкатович

Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти

 

«Жамият ва бошқарув» журнали. –Т.; №2./2020. –Б. 166-171.

https://dba.uz/medias/media/other/293/2020-2-min.pdf

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.4 / 5. Baholaganlar soni: 12

OAV nomi va parolini kiriting!