«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T12:45:14+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

МФЙ ва ҚФЙлар номи қандай ёзилиши керак?

“Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”га кўра, жой, корхона, ташкилот номлари бош ҳарф билан ёзилади. Қоидаларда маҳалла, қишлоқ ёки овул фуқаролар йиғини номи қандай ёзилиши ҳақида аниқ кўрсатма йўқ. Аммо мавжуд кўрсатма ва қоидаларга таянган ҳолда бу масалани ҳал этиш мумкин.

Жой номлари, жумладан, қишлоқ ва маҳаллалар номи бош ҳарф билан, қўштирноқсиз ёзилади: Қумбости қишлоғи, Катта Қашқар қишлоғи, Янгиҳаёт қишлоғи, Ёйилма маҳалласи, Қурувчилар маҳалласи, Алихонтўра Соғуний маҳалласи.

Аммо маҳалла фуқаролар йиғини маҳалла эмас, у – ташкилот, ўзини ўзи бошқариш органи. Қишлоқ ёки овул фуқаролар йиғини ҳам қишлоқ ёки овул эмас, ташкилот. Шу сабабли уларни ёзишда бошқа қоидага таянамиз.

Имло қоидаларига кўра, маданий-маиший ва савдо корхоналарига, адабиёт ва санъат асарларига, саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларига, шунингдек, транспорт воситалари, спорт иншоотларига қўйилган номлар бош ҳарф билан бошланади ва қўштирноқ билан ёзилади:

“Тонг” (меҳмонхона), “Саодат” (фирма), “Наврўз” (хайрия жамғармаси), “Камалак” (матбаа бирлашмаси), “Ғунча” (боғча), “Ботаника” (санаторий), “Пахтакор” (стадион), “Қутлуғ қон” (роман), “Дилором” (опера), “Тановар” (куй), “Озодлик” (ҳайкал), “Жасорат” (ёдгорлик), “Сино” (совиткич).

Қоидаларда жамоат бирлашмалари номи алоҳида кўрсатилмаган, корхоналар қайд этилган, холос. Лекин мисолларда хайрия жамғармаси (“Наврўз”) номи ҳам келтирилган. Демак, алоҳида номга эга бўлса, ташкилот ва бирлашмалар номи ҳам қўштирноқда ёзилади. Махсус ном қўйилган ташкилот ва муассасаларга мисоллар:

“Ўқитувчи” нашриёти, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, “Маҳалла” фонди, “Қуёшча” оромгоҳи, “Болажон” боғчаси.

Ташкилотга қўшимча ном берилмаган ҳолатларда эса қўштирноқ ишлатилмайди:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси, Туризмни ривожлантириш қўмитаси, Халқ таълими бўлими, 575-мактаб, Филология мактаби.

Юқоридагилардан хулоса: МФЙ ва ҚФЙлар ташкилот бўлгани ва уларга алоҳида ном берилгани сабабли уларнинг номи бош ҳарфда ва қўштирноқ ичида ёзилади:

“Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғини, “Олтин водий” қишлоқ фуқаролар йиғини.

📌 Демак:

“Миришкор” МФЙ, “Кенагас” ҚФЙ, Миришкор маҳалласи, Кенагас қишлоғи ✅

Миришкор МФЙ, Кенагас ҚФЙ, “Миришкор” маҳалласи, “Кенагас” қишлоғи ❌

Ориф Толиб

https://oriftolib.uz/dars/imlo/mfy-va-qfylar-nomi-qanday-yozilishi-kerak/

https://t.me/oriftolib/1199

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 9

OAV nomi va parolini kiriting!