«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T10:36:47+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

“СУДДАН ДАЪВОМНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШНИ СЎРАЙМАН…”

Негаки, даъво дегани бу низо дегани, жамиятда низо кам бўлгани, иложи бўлса бўлмагани яхши…

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар туманлараро судлари томонидан 2020 йил якунлари бўйича жами 33 567 та фуқаролик ишлар (низолар)и кўриб чиқилиб тамомланган.

Мазкур ишлардан 29 863 та фуқаролик иши юзасидан суд ҳал қилув қарорлари қабул қилинган 833 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган. 2871 та фуқаролик иши эса, кўрмасдан қолдирилган.

Аввало шуни эслаб олайлик. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 122-моддасига кўра, қуйидаги ҳолларда судга берилган  (даъво) ариза кўрмасдан қолдирилади, агар:

1) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

2) манфаатдор шахс номидан ариза иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

3) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки ҳакамлик судининг иш юритувида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш тўғрисида ҳакамлик битими тузилган бўлса;

5) ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмаса, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа;

6) ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса;

7) алоҳида тартибда юритиладиган ишни муҳокама қилиш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса;

8) хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса;

9) даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ариза берилган бўлса;

10) даъвогар томонидан низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

10-1) даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

10-2) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;

10-3) тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;

11) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки эгасиз мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олишнинг қонунда назарда тутилган тартиби бузилган ҳолда берилган бўлса.

Демак, ушбу мақолада айнан шу 2871 рақам (сон)и ва шу рақамнинг аҳамияти, унинг атрофидаги гап-сўзлар ва бу борадаги амалиёт такомиллаштириш ҳақида гаплашамиз.

Ўтган йил якуни бўйича Тошкент шаҳар туманлараро судларидаги жами ишларнинг 2871 таси, яъни сал кам 9 % фоизи бўйича фуқаролик ишлар кўрмасдан қолдирилган.

Ана шу кўрмасдан қолдирилган 2871 та ишларнинг 1952 тасини даъвогар томонидан берилган ишни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги аризага асосан кўрмасдан қолдирилган ишлар ташкил этади.

Демак, жами кўрмасдан қолдирилган ишларнинг 68 % фоизида даъвогарлар аризани кўрмасдан қолдиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар туманлараро судларида 2020 йил якунлари бўйича даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида аризага асосан (даъвомни кўрмасдан қолдиришни сўрайман) кўрмасдан қолдирилган ишлар сони ортган. Масалан: бундай ишлар 2019 йилдагига нисбатан 2020 йилда 635 тага ортган. Билмадим бу ютуқми ё камчилик, хуллас, бу борада турлича фикрлар бор…

Ким нима деса деяверсин-у, аммо мен учун кўрмасдан қолдириш юзасидан даъвогар томонидан берилган аризалар келишувга, кечиримга ё шунга ўхшаш тушунчаларга тенгдир.

Нега? Чунки, бундай ҳолда даъвогар низодан кечади, яъни суддан ишни кўрмасликни сўрайди. Тўғри буни ўзига яраша асослар, омиллари ва сабаблари бор, энди бу кенг мавзу…

Биз ўртага ташламоқчи бўлган масала эса, бошқа яъни бу тоифа ишларда давлат божи масаласида бир фикрга келишдир.

Олайлик, кредитор – бу банк, бошқа молия муассасаси ёки қарз берган оддий бир фуқаро, судга қарзни ундиришга даъво киритди дейлик, шу орада фуқаролик иши қўзғатилгандан кейин жавобгар томон қарздорлик қоплади ё бошқа бир чора кўрилди, балки кўрилмади, нима бўлганда ҳам даъвогар эса, ўз даъвосини кўрмасдан қолдиришни суддан сўради. Айнан шу масалада икки хил ёндашув бор. Бу ёндашувлар кеча-бугун пайдо бўлгани йўқ. Анчадан бери бор.

Бири давлат божи ундирилиши керак деса… иккинчиси давлат божи ундирилмаслиги лозим, чунки, иш суд томонидан мазмунан кўрилмади-ку дейди.

Мен эса, иккинчи томондаман… қарздорликми, бошқа низоми иш судда мазмунан кўриб чиқилмасдан туриб, кўрмасдан қолдирилдими, демак, давлат божи ундирилмаслиги керак.

Одил судловнинг мақсад ва вазифалардан бири ҳам қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш; қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат.

Бу мавзуда судга ҳурмат муносабатини шакллантириш шундан иборатки, суд ишни мазмунан кўрмай туриб, кўрмасдан қолдирганлиги учун давлат божи ундирмайди. Давлат божи бўйича ҳисоб сўровчиларга ҳам шундай жавоб беради.

Зеро, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи халқ суд эса, давлат ҳокимиятининг бир бўғини сифатида суд ҳокимиятини юритиб, одил судловни таъминлаши ҳамда ушбу мунозарали масала, икки хил ёндашувда, одил судловнинг ягона позицияси иш судда мазмунан кўрилмадими, тамом… давлат божи ҳам ундирилмаслигидан иборат бўлиши даркор.

Шу асосда, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг шу соҳага оид тегишли қарорида иккинчи ёндашув ўзининг аниқ ифодасини топиш мақсадга мувофиқ.

Нуриддин Муродов, 

судья

UZA.UZ 11:28 / 02.04.2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!