«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T10:12:25+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

COVID – 19” га қарши эмлаш тадбирларига жалб этиладиган барча мутахассислар қайта ва тўлиқ тайёргарликдан ўтказилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи – Республика соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ахбороти тингланди.

«Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштираётган ишлар тўғрисида»ги ҳисобот эшитилди.

Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2020 йилнинг 11 мартида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни “пандемия” деб қайд этган эди. Шу даврдан бугунги кунга қадар COVID-19 жаҳоннинг 221 та мамлакатида қайд этилди. Инфекция аниқланганлар сони 110 миллиондан, касалликдан вафот этганлар сони 2,4 миллиондан ошган.

Пандемия қайд этилган илк кунларданоқ дунёнинг илғор давлатларида вакцина ишлаб чиқариш масаласи кўтарилди. Бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия, Хитой, Корея ва Ҳиндистоннинг йирик фармацевтика компаниялари ва илмий-тадқиқот марказлари томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши 14 та вакцина ЖССТда тасдиқлаш жараёнида ва учинчи босқич клиник синовлари ўтказилмоқда. ЖССТ ташкилотининг талабига кўра, ҳар қандай вакцина 1 йил давомида клиник синовлардан ўтгандан кейингина рўйхатга олинади, аммо коронавирус инфекциясининг кескин тарқалиши, ўлим кўрсаткичининг юқорилиги сабаб COVID-19 га қарши битта вакцина (Pfizer) рўйхатга олинган.

Шунингдек, экспертларнинг фикрига кўра, коронавирусга қарши ишлаб чиқилган “Спутник V” (Россия), Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия), Moderna (АҚШ) ва AstraZeneca (Буюк Британия) каби вакциналар бироз бўлсада истиқболли кўрсаткичга эга деб эътироф этилган.

Энг аввало, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун харажатларга 3 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Ўзбекистон аҳолисини оммавий эмлаш мақсадида дунёнинг 12 та фармацевтика компанияси ва илмий-тадқиқот марказлари билан COVID-19га қарши вакциналарни тезкор етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Шу ўринда Россия Федерациясининг “Спутник V” вакцинаси хусусида. Мазкур вакцинанинг учинчи босқич клиник синовлари иккита дозадан “вакцина/плацебо” схемасида 19 866 нафар кўнгиллида ўтказилган бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, вакцинанинг самарадорлиги 91,6 фоиз деб баҳоланди. 2020 йилнинг декабрь ойидан бошлаб “Спутник V” вакцинаси билан ихтиёрий равишда Россия аҳолисини оммавий эмлаш ишлари бошланди ва икки ой давомида “Спутник V” билан дунёнинг 2 миллион аҳолиси эмланди.

Россия Федерацияси томонидан мамлакатимизга тақдим этилган 100 доза миқдоридаги “Спутник V” вакцинасининг лаборатория текширувлари ва Россияда ўтказилган учинчи босқич клиник синовлари натижалари асосида Ўзбекистон Республикасида сертификатланган ҳолда оммавий қўллашга рухсат берилди.

Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилотининг COVAX (коронавирусга қарши эмлаш механизми) фондига аъзо давлатлар қаторига киритилган. COVAX фонди маълумотига кўра, коронавирусга қарши вакциналарни фондга аъзо давлатларга 2021 йил 22 февралдан бошлаб етказиб берила бошланди.

Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига Давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Хитой Халқ Республикасининг Фан ва техника вазирлиги ўртасида илмий-техник хамкорлик бўйича қуйи қўмита фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, мазкур қўмита томонидан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича амалий чоралар кўрилган.

Акшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

23 февраль 2021 uza.uz

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!