«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-08T08:50:35+05:008 Aprel, 2021|Олтин қалам|

СЕН — ҚУДРАТ МАНБАИ, САОДАТ МАСКАНИ, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида нишонланаётганининг ҳам ўзига хос жиҳати бор, назаримизда. Зеро, истиқлол йилларида амалга оширилган ва амалга оишрилаётган ҳар бир иш замирини халқимизнинг куч-қудрати мужассам. Улар туфайли қўлга киритилаётган муваффақиятлар эса жонажон Ўзбекистонимизни чинакам саодат ошёнига айлантирмоқда.

Бизда барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз бўлган ушбу айёмни яхши яъши кайфият, яхши натижалар билан қарши олиш анъанавий тус олган. Бу йил ҳам бундан мустасно бўлмади. Жойларда ишга туширилган турли иморатлар, уй-жойлар, корхоналар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, йўллару, кўприклар бунинг яққол тасдиғидир.

Мўъжизалар содир бўлади!

Мўъжизалар содир бўлмайди. Афсоналар ҳақиқатга айланмайди, дейишади. Лекин ҳаётда баъзан гуёки иложсиздек, афсонадек  туюлган ишларга гувоҳ бўламизки, уни ҳақиқий мўъжизага менгзамасликнинг иложи йўқ. Бунга мисол сифатида пойтахтимизда қуриб битказилиб, яқинда фойдаланишга топширилган Тошкент метрополитенинг Юнусобод йўналишида бунёд этилган “Бодомзор” ва “Туркистон” бекатларини, Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичини, Юнусобод туманининг Аҳмад Дониш кўчасида бажарилган ишларни  келтириш мумкин. Президенитимиз уларнинг ҳар бири билан яқиндан танишди.

Айтиш жоизки, уларнинг ҳар бири алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир лойиҳа  ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилди. Узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларга ечим бўлди.

Шу йилнинг 30 август куни эрталаб биз ҳам бир гуруҳ шоиру ёзувчилар, ижодкорлар, журналистлар, олиму мутахассислар билан  ана шу объектларни кўриш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси олдидан биринчи манзил — Юнусобод туманидаги метро томон йўл олдик.

Ҳар бекатда бир ҳикмат бор

Йўл-йўлакай қўлимдаги маълумотномага кўз ташлайман: 2017-2020 йиллар давомида амалга оширилган лойиҳа доирасида 2,9 километр узунликдаги метро йўли ҳамда “Юнусобод” ва “Туркистон” метро бекатлари барпо этилган. Лойиҳа қиймати 103,8 миллион доллар. Шундан 51 миллион доллари давлат бюджетидан ажраитилган бўлса, 52,8 миллион доллари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобланади. Ер ости туннел қисми 6,1 метр, метро беатлари умумий баландили 17,2 метр, бекат платфомаси узунлиги 102 метр, кенглиги 18,5 метрни ташкил этади.

“Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари орқали кунига 7,5 минг йўловчи ташилади. Яна бир эътиборли жиҳати йилига 5,3 минг тонна зарарли газларнинг атмосферага ташланишининг олди олинади.

Кўп ўтмай манзилдамиз. “Бодомзор”бекатидан  янги — “Юнособод” бекати келдик. Мазкур бекатда бизга мазкур линия бўйича янада батафсилроқ маълумот берилди.

Метрополитен бош ревизори Абдутоҳир Абдуқодировнинг айтишича, Тошкент метрополитенинг Юнусобод линияси лойиҳалаштирилиши 1992 йилдан бошланган ва 2001 йили олтита бекати ишга туширилган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаги қарори асосида унинг давомини қуришга старт берилди. Қурилиш жараёнида Германиядан замонавий бурғулаш техникасини олиб келдик. Натижада иш жараёни тезлашиб, қурилиш муддати қисқарди.  Олдинги техникалармиз билан кунига бир метр иш бажарган бўлсак, ушбу қурилма ёрдамида эса кўрсаткични кунига 15 метрга етказдик.

Бундан ташқари, метрога бекатларнинг кириш қисмига қўйилган турникетлар ҳам замонавий. Яъни электрон тўлов билан ўтилади. Транспорт картаси  ёки бир марталик QR код орқали ўтилади.

Юнусобод — пойтахтимизнинг энг аҳоли гавжум ҳудуди ҳисобланади. Бу эса одамларга қисқа вақт ичида, яъни 10-14 дақиқада шаҳар марказига етиб боришлари учун имконият яратади.

Метро бекатлари дизайни ва безакларига ҳам катта аҳамият қаратилган. Масалан, “”Юнусобод” бекатида ёрқинлиги билан алоҳида ажарил турса, “Туркистон” бекати тарихдан сўзлаётгандек. Негаки, унинг бир томони деворларига Ўзбекистон, бошқа томонига  эса Марказий Осиё давлатлари тарихий иншоотлари ўзига хос тарзда тасвирланган. Бу ҳар қандай йўловчи учун қизиқ. Поезд келгунча, дейлик, Бухороннинг Чашмаи Аюб, Чор Бакр, Минораи Калон, Работи Малик каби қадимий обидаларини томоша қилиш мумкин.  Йўловчи зерикмайди.

— Метро бекатлари ажойиб, — дейди Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон. — Масалан, “Туркистон” бекатининг оппоқ мармарлар билан безатилгани кўнгилни ёриштиради. Гуё осмонда юлдузлар порлаб тургандай. Буни қадимий Туркистоннинг тарихий юлдузлари деб биламан. Шунингдек, бу ерда йўловчи тасвирлар орқали Ватанимиз тарихи билан ҳам танишади. Юртдошларимиз, нақадар илдизи теран. Тарихи кўҳна эканлигини яна бир карра ҳис этади. Ватанпарварлик туйғусини уйғотадиган дарсхона бу. Бу ҳам замонавий транспорт воситаси, ҳам маънавиятни бойитадиган маскан. Чунки кўриш инсонинг руҳиятига кучлироқ таъсир қилади. Шу жиҳатдан бу бекат менга маъқул бўлди.

Яна бир янгилик: яқин кунларда Тошент метрополитенида мобил алоқадан фойдаланиш ҳам мумкин бўлар экан. Бу бўйича маълум “Ucell”  компанияси билдан синов ишлари муваффақиятли амалга оширилган.

Чиндан ҳам, метронинг ҳар бекатида ўзига хос хислат бор. Худди оҳанграбодек ўзига жалб қилади. Бекатдан поездга қуруқ чиқмайсиз. Ундан ўзингизга нимадир оласиз. Таассуротингиз бойийди, кайфиятингиз ортади. Худди шундай ҳолатда тепага — кейинги “бекат”га чиқдик. У олис эмас. Шундоққина метронинг ёнида.

Узоқ йиллик орзулар ушалмоқда

Айтиб ўтганимиздек, Юнусобод — анча фаол ва тиғиз туманларидан бири. Айни пайтда бу ерда 340 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилишини инобатга олсак, ҳудудда транспорт ҳаракати ҳам кам эмас.

Тошкент метрополитени Юнусобод линиясининг узайтирилиши туман аҳлига яна бир қулайлик яратди. Гап шундаки, туманнинг Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 километрлик қисми 6 қаторли қилиб қайти қурилди. 4 қаторли мавжуд йўл реконструкуция қилинди. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсасорлар ташкил этилди. Йўл бўйлаб энергия тежамккор ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Аҳмад Дониш ва Янги шаҳар ҳамда Аҳмад Дониш ва Юнусота кўчалари кесишмасидаги чорраҳаларда ҳааркат жадаллигини ошириш мақсадида йзл 92 метргача кенгайтирилиб, транспорт воситаларини 3 та тасма бўйлаб ўнг томонга тўхтовсиз ўтишини таъминлаш назарда тутилган. Лойиҳа қиймати 68,5 миллиард сўм. Бугунги кунгача 58,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

Ушбу транспорт тармоғининг ишга тушиши Самарқанд-Чимкент йўналиши бўйлаб транспорт ҳаракатини тўхтовсиз ўтишини таъминлаб, Тошкент вилоятнинг Тошкент ва Қибрай туманлари аҳолисини пойтахтимизнинг шимоилй қисмига 2 баробар вақтда етиб боришига имкон беради.

— Қарийб йигирма йил давомида метро қурилишининг тўхтаб тургани, мазкур йўл кенгайтиришга имкон бермаётган эди, — дейди Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Даврон Султонов. — Йўллар тор. Ёзгина ёғингарчилик бўлса, сув тўпланиб қолар, бу, ўз навбатида, ҳам йўловчига, ам ҳайдовчига ноқулай эди.

Бугун, қаранг, вазият тамомила ўзгарди. Байрам арафасида Юртбошимизнинг мазкур йўл ва метронинг очилиши туманимиз аҳлига, хусусан, Юнус ота, Аҳмад Дониш, Муравват, Янги ҳаёт учун чинакам туҳфа бўлди.

Энг асосийси, мазкур йўл қурилиши билан йиллар давомида қаровсиз ва аҳолига турли ноқулайлик туғдириб келаётган камчиликка чек қўйилди. Одамларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун шароит яратилди.

— Ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида янги бинолар, янги иншоотлар қад ростлайди ва унинг очилиш маросимлари бўлади, — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Баҳодир Каримов. —Бугун ижод аҳли —  олимлар шоирлар, ёзувчилар ана шундай бунёдкорлик намуналарини кўрдик. Инсоннинг қўли гул деган гап бор. Шу маънода, бунёд қилинган йўллани кўриб, одам тўғриси, қувонади. Мен Европа давлатларида бўлганимда, уларнинг йўлларини, транспортларини кўриб ҳавас қилганман. Қаранг, бугун ер ости метромиз ишлаб турибди, узайтириляпти. Қўйлиқ тарафда барпо этилган ер усти ҳалқа метро линиясида 11 километрдан ошиқ йўл 19 дақиқада босиб ўтилар экан. Бу билан қанчадан-қанча йўловчилар ташилиб, қийини осон, узоғи яқин қилинмоқда.

Мен бу каби ишларни, барибир, илм-фанга боғлайман. Чунки, агар, бунинг тархини чизган, режаларини қилган мутахассислар билимдон, дунёдаги қурилишлардан бохабар бўлмаса, бу шаклдаги гўзал ва мустаҳкам қуришлари муаммо бўлар эди.

Суҳбатдошимиз ҳақ. Бугун илғор тажрибаларсиз, инновацияларсиз ҳеч бир соҳада ютуққа эришиб бўлмайди. Булар эса илмга боғлиқ. Шу жиҳатдан, Тошкент  ер усти ҳалқа метро линиясини ана шундай мукаммал лойиҳалар сирасига киритиш мумкин. Ушбу линиянинг биринчи босқичи — Дўстлик-2— Қўйлиқ йўналиши қуриб битказилди. Метронинг ушбу қисмида 7 та бекат барпо этилган бўлиб, янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километрни ташкил қилади.

Ушбу йўналишда 30 августдан бошлаб йўловчилар ташила бошланди. Метро нафақат шу атрофда истиқомат қилувчи аҳоли учун, балки шаҳар меҳмонлари  учун ҳам ўзига хос сайр транспортига айланган, десак ҳато эмас. Бунга йўналиш билан танишиш чоғида гувоҳ бўлдик. Хусусан, бухоролик Савриддин Жўраев пойтахтда ишлайдиган ўғлиникига меҳмонга келган экан.

— Бир кун олдин телевизорда Юртбошимизнинг поездда одамлар билан гаплашиб сайр қилганларини кўриб, болаларимизга эртага мен ҳам бориб кўраман, дедим ва эрталаб неварам Ботиржон билан Чорсу бекатидан сайрни бошладик, — дейди у ўзгача қувонч билан. — Мана, кўриб турибсиз, унинг биринчи йўловчиларидан бириман. Вагонлар замонавий. Қулай. Кичик мониторда юртимиз табиатига, тарихига оид сайёҳлик манзиллари кўрсатиляпти. Ер усти эмасми, атрофни томоша қилиб кетарверасиз. Хуллас, жуда зўр. Ортиқ сўз йўқ.

Юртимизга кўз тегмасин. Одамларга нафи тегадиган бу каби ишлар кўпаяверсин.

Метронинг ушбу қисмидаги бекатлар ҳозирча рақамлар билан белгиланган. Мутасаддилар улар келгусида номланиши ва бу борада жамоатчилик фикри муҳимлигини айтишди.

Мамлакатимизда отахон таъкидлаганидек, бундай қурилишлар ҳали давом этаверади. Фарғона йўли кўчасини мукаммал таъмирлаш ва ободонлаштириш лойиҳаси — шулардан бири. Бош пудратчи “Grant Road Tashkent”  МЧЖ томонидан Туркиянинг “Kalyon Ulashtirma Anonim Sirketi” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа жорий йилнинг ноябрь ойида якунига етказилади. Унинг умумий қиймати 118,9 миллиард сўмни ташкил қилса, шу кунгача 17,7 миллиард сўмлик иш бажарилган. Лойиҳага асосан, 8 тасмали янги автомобиль йўлини қуриш ҳамда 2 тасмали мавжуд йўлни реконструкция қилиш, 26545 п.м. ёпиқ типдаги ирригация тармоғи, 1000 дона энергия тежамкор ёритиш мосламаси, 1,2-2 метр кенгликда велосипед йўлакчаси ҳам йўл чегарасини ажартиб турувчи яши майсазор ва суғориш тармоқлари қурилиши назарда тутилган.

Ушбу тарнспорт ечимининг  ишга тушиши А373-Тошкент йўналиши бўйлаб транспорт ҳаракати тўхтовсизлигини таъминлаб, аҳолининг Тошкент шаҳри марказига қисқа вақтда етиб боришига имкон беради. Бу трассада бир кунда 70-75 мингта транспорт ҳаракатланади.

Одамзот орзу-умид билан яшайди. Тўкис ҳаёт кечиришни истайди. Бу тўкислик эса уй-жойга ҳам боғлиқ, албатта. Ўз уйингда ота-онаю, фарзандлар даврасида яшашга нима етсин!?

Бугун юртимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада муайян тажриба шаклландики, натижада респубилкамиз бўйлаб замонавий уйлар қад ростлаяпти, бутун бошли мавзелар, шаҳар ичидаги шаҳарлар пайдо бўляпти. Шинам уйлар турли қулайликлар, имтиёзлар билан сотилмоқда.

Фарғона йўли кўчасида, Қорасув канали бўйида қурилаётган “Ассалом, соҳил!” тураржой мажмуасини ҳам шулар сирасига киритиш мумкин.  Бинобарин, 22 та кўп қаватли уй, 58 та коттеж ва мўъжаз сайилгоҳ ва яшил майдончалар, таълим муассасалари, соғломлаштириш мажмуалари каби ижтимоий объектлар одамлар учун чинакам  қулайлик, муносиб ҳаёт тарзини муҳайё этади.

Тўғри, ҳали бунёдкорлик ишлари тугагани йўқ. Лойиҳа бўйича мажмуа 2021 йилнинг декабрь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилади. Шундай бўлса-да, қурувчиларнинг кўнгли тўқ. Чунки уйлага ҳозирданоқ буюртмалар қабул қилинмоқда. Мазкур тураржой мажмуаси янги турдаги қурилиш конструткцияси асосида барпо этилмоқда. Сейсмик жиҳатдан 9 баллдан юқори зилзилаган чидамли. Бино фасади 3 та қопламадан иборат. Бу хонадоннинг қишда илиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.  Бинолар видео кузатув тизимига эга. Ҳар бир хонадан модуль типида алоҳида иситилади.   Қисқаси, иносн учун нимаики зарур бўлса, барчаси  шу ерда.

Таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда, хусусан, пойтахтимизда кўп қаватли уйлар қурилишга катта эътибор қаратилиётгани бежиз эмас. Чунки охирги 25 йио мобайнида кўп қаватли уйлар бунёд этилмаганди. Бу эса, ўз-ўзидан аҳолининг талаб ортишига либ келганди. Энди эса ана шу эътиёжи қондириш бўйича кўрилаётган чоралар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Пировардида, одамларнинг орзу-армонлари ушалиши баробарида, танлаш имкониятлари ҳам ортиб бормоқда.

— Бундай ҳашамат, улуғворликни ўқиган, эшитгандан кўра, ўз кўзингиз билан кўрсангиз бошқача таъсирланасиз, — дейди  “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси  Наби Жалолиддин. —  Қурилишлар Ватаннинг қудратини билдиради. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги қурилишлар Ўзбекистоннинг қудратли, кучли давлатга, халқимиз билимли миллатга айланганидан далолатдир.

Шу маънода, янги вагонлар, метро, автомобиль йўллари тушимизга ҳам кирмаган эди.  Булар ёқимли ҳолат, албатта.

Умуман, ҳайратга тушасиз, халқимиз синовли кунларда ҳам бир лаҳза бўлса-да бунёдкорликдан, обод қилишдан тўхтагани йўқ. Бу шижоат нафақат пойтахтимизда, балки бутун мамлакатимиз сезилади. Қурилишларларни кўриб ҳайратга тушасиз. Ҳам замонавий, ҳам қулай, одамнинг ҳаваси келади. Буларнинг ҳаммаси келажак учун. Фарзандларимиз, авлодларимиз учун.

Бунинг учун юртимизга, халқимизга, айниқса, тезкор ислоҳотлар ўтказишни бутун дунёга ўргатаётган  Президентимизга минг тасаннолар айтсак, арзийди.

“Лойиҳалар фабрикаси”

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги  кўп тармоқли “Тeхnopark” ишлаб чиқариш мажмуасини, том маънода, лойиҳалар фабрикаси, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Чунки маиший электр асбоблари ишлаб чқаришга ихтисослаштирилган мажмуада  бир лойиҳа кетидан иккинчиси амалиётга киритилмоқда.

Унинг совуткич ишлаб чиқариш лойиҳаси раҳбари Элдор Аҳадовнинг айтишича, мажмуа турли блокларга ажратилган. Хусусан, А блокида тўртта лойиҳа мавжуд. Шулардан бири маиший совуткичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси “Samsung Elektronics Со” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Шу йилнинг 29 август куни Президентимиз томонидан ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришга старт берилди.

Маиший совуткичлар ишлаб чиқариш корхонасининг йиллик қуввати йилига бир миллионта. Бу ерда бир  ярим минг киши иш билан таъминланган. 62,1 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Корхона фаолияти экспорт учун йўналтирилган. Шу боис келажакда йилига 53,6 миллион долларилик маҳсулот хориж бозорларига етказиб берилади. Бу йил “Samsung” бренди остида еттита модель  ишлаб чиқарилади.

Кейинги лойиҳа — авомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш лойиҳаси эса  Жанубий Корея ва АҚШ компаниялари билан биргаликда амалга оширилади. Ушбу корхонанинг ҳам йиллик қуввати 1 миллоин дона бўлади ва 600 киши иш билан таъминланади. Корхона 2020 йил декабрь ойида ишга туширилади.

Савдо совуткичи ва музлаткичлари, мис қувурлари, фитинглари ва аксессуарлари, саноат сув иситиш қозонлари… Булар мажмуанинг  биргина А блокида рўёбга чиқарилиши мўлжалланаётган лойиҳалар. Умумий олганда, мажмуада лойиҳалар бундай истиқболли лойиҳалар бисёр. Муҳими, улар туфайли одамлар ишли, даромадли бўлади. Ички бозорда рақобат, ташқи бозорда имкониятимиз ортади. Демак, Ўзбекистонимизни дунё янада яхшироқ билади, танийди. Эзгу мақсадли ҳамкорларимиз кўпаяди.

Зеро, бугун юртимизда рўёбга чиқарилаётган ҳар бир лойиҳа мамлакатимиз ободлиги, халқимизнинг бахтли ва фаровон турмуш кечиришига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

“Халқ сўзи”.

2020 йил 3 сентябрь.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.3 / 5. Baholaganlar soni: 71

OAV nomi va parolini kiriting!