«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T19:04:34+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ЧИРОҒИНГИЗ МАНГУ ПОРЛАСИН

Газетамизнинг юз йиллик тўйи муносабати билан “Бухоронома” газетасининг ташриф қоғози дея таърифлаганимиз устоз журналист Эркин Ёдгоров фаолиятига доир мақола тайёрлашга киришдим. Камтарин, камсуқум ва бироз ҳазилкаш бу инсон мақтов сўз эшитганда, кўплаб тенгдош ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ўзини алланечук ноқулай ҳис қилади. Туғилган кунида айтиладиган яхши тилаклардан ҳам бетоқатланиб, илтимос мени мақтаманглар, деб ийманадиган ажиб одати бор. Шу боис ҳам мақоламни ҳар қандай таърифу тавсифлардан холи, Эркин Ёдгоров ҳақида эшитган, билган ва кўрган ҳақиқатларимни асл ҳолича ёзишга қарор қилдим. Зеро, устозимизни ноқулай аҳволга солиш ниятидан йироқман…

Академикдан хат

“Бухоронома”да қирқ беш йилдан буён узлуксиз қалам тебратиб  келаётган серқирра ижодкор Эркин Ёдгоровнинг журналистика билан боғлиқ фаолияти тўртинчи синфда ўқиб юрган кезлариданоқ бошланган.

Ўшанда синфдоши Ўктам Юсупов билан мақола битиб, бирор газетага жўнатиш фикри туғилиб қолади. Хуллас, икки дўст аълочи ўқувчиларнинг айни пайтда жамоат ишларидаги ибратли фаоллиги ҳақида ёзишади.  Мақолани   ўша пайтларда шу билим масканида ўриндошлик асосида ишлаб келаётган туман радиоси муҳаррири Абдулло Раҳмоновга туман газетаси таҳририятига  етказишни илтимос қилишади.

Орадан кўп вақт ўтмай, уларнинг  газетада сарлавҳаси ўзгарган ва анча таҳрир қилинган  “битик”лари чоп этилади.

– Ўшанда албатта, хурсанд бўлдим, – эслайди Эркин ака. – Лекин деярли таҳририят тузатишлари билан эълон қилинган материал билан ўзим ёзган мақолани солиштириб кўргач, иймандим. Мухбирлик осон эмаслигини англаб, бошқа ёзмадим. Устозим Абдулла ака  гап нимадалигини билгач, бир оз койиди. Ахборот ва мақола ёзишда нималарга эътибор қилиш кераклигини, маълумотларда аниқлик зарурлигини тушунтирди. Шу тариқа, мактабдаги муаллимим газетачиликда ҳам илк устозимга айланди.

Шундан сўнг бўлажак журналистнинг мухбирликка қизиқиши ошди. Туман газетасида унинг мактаб ва колхоз, яъни жамоа хўжалиги, умуман, қишлоқ ҳаётига оид хабар ва мақолалари  чоп этилади.

Шу тариқа ўсмирнинг мухбирликка ҳаваси кучая боради. Кунларнинг бирида унинг қўлига 1958 йилда чоп этилган, ўша пайтлардаги Ўрта Осиё университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)га бағишланган буклет тушиб қолди. Унда олий таълим муассасаси факультетлари ҳақида маълумотлар қайд этилган бўлиб, бир чеккасида эса ректор академик Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг фамилияси битилган эди.

1965 йилда, еттинчи синфда ўқиётган Эркин бола қалби билан машҳур олим ва раҳбар номига хат ёзишга қарор қилди.

– Хатимда, – деб эслайди Э. Ёдгоров ижод оламига илк қадамлари ҳақида. – Журналистика  факультетига ўқишга кириш истагида эканлигим, бунинг учун қайси фанлардан тайёргарлик кўришим лозимлигини сўрагандим. Кўп ўтмай,  мурожаатимга  жавоб келди. Хат остида академик Тошмуҳаммад Саримсоқов эмас,  балки  унинг ўрнига келган(ўзгариш ҳақида эшитмаганман) академик Саъди Сирожиддинов имзоси қўйилган.

Қисқа жавоб мазмуни тахминан шундай эди:

“Ўғлим, Эркинжон. Қизиқишларингизни қўллаб-қувватлайман. Журналистика факультетига ўқишга кириш учун она тили ва адабиёт, тарих фанлари ҳамда хорижий тиллардан бири бўйича пухта тайёргарлик кўринг”.

Дарвоқе, мана шу хат Эркин Ёдгоровнинг келажак мақсадларига тамал тошини қўйди, десак ҳеч муболаға бўлмас. Шахсан ректорнинг ўзидан, шахсан академикдан хат олгани бола кўнглига ажаб бир ғурур нашидасини бахш этди. Ҳа, ҳа, у журналист бўлади!

Эркин Ёдгоров мактабни аъло баҳоларда олтин медаль билан тамомлади. Имтиёз асосида фақат иншо ва оғзаки имтиҳон топшириб, 1968 йил ўзи орзу қилган университетнинг журналистика факултетига ўқишга кирди.

– Бизнинг касбимизда бир қоида бор, – дейди Эркин Ёдгоров суҳбат асносида. – Назарий билимни ўзлаштириш жараёнида уни амалда қўллаш кўникмасини ўзлаштириш, ўзига хос мактаб яратган машҳур журналистлар очерк ва муаммоли, таҳлилий мақолаларини синчиклаб ўқиб-ўрганиш асносида улар ижодий лабораториясидан сабоқ олиш зарур. Яна бир муҳим жиҳат. Бўлажак журналист кундалик тутмоғи жуда фойдали. Мен ҳали иккинчи босқичда ўқиб юрганимдаёқ шундай қилардим. Унда  муҳим воқеалар, ўқиган бадиий асарларим, томоша қилган спектакль ва кинофильмларимга нисбатан нуқтаи назарларим қайд этиб борилган. Кундалик юритиш фикрингизни чархлаш, эркин ифодалашга, дунёқарашингизни бойитишга ёрдам беради. Булар қаламкаш учун муҳим. Амалиёт таҳририятда кечадиган қайноқ ижодий жараён. Амалиёт– имкониятингизни кўрсатувчи барометр.  Мен биринчи ва иккинчи босқичда ўқиб юрган кезларим “Тошкент бинокори” газетаси, Ўзбекистон телевидениесининг Ахборот таҳририятида ҳам амалиётда бўлдим. Лекин мен учун “Бухоро ҳақиқати” (ҳозирги “Бухоронома”) газетасида 1972 йилнинг май ва сентябрь – декабрь ойларида амалиёт ўтаганим ижодий тажриба орттиришим ва касбий малакага эга бўлишимда маҳорат мактабига айланди.

Эркин Ёдгоров 1973 йил университетни тамомлаб, дастлабки фаолиятини Вобкент туманида нашр этилаётган “Пахта учун кураш” (ҳозирги “Вобкент ҳаёти”) газетасида бошлади. Дадил чиқишлари билан тез орада газетхонлар эътиборига тушди.

1976 йил 1 июнида у “Бухоро ҳақиқати”га таклиф этилади. Таҳририятнинг саноат бўлимида икки ярим йилча мухбир бўлиб ишлайди. Сўнгра, олти йил давомида масъул котиб ўринбосари, 1985  йил августидан то 1998 йил августигача масъул котиб вазифасида фаолият юритади. Эркин Ёдгоровнинг хотирлашича, ўша даврларда иш ярим тунгача давом этган ва котибиятда қалам тебратиш осон бўлмаган. Шунга қарамай, у ижодий изланишга фурсат топиб, долзарб мавзуларда қатор материаллар ёзди. “Чўпон таёғи кимда қолади?”, “Бўлиниш кимга керак?”, “Гапни гапир уққанга…”, сиёсий мавзуларга бағишланган ”Амриқоча мурувват”, “Саҳродаги момақалдироқ”, “Чучварани хом санабсиз, жаноб Жириновский!”, шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифлари — Мутал Бурҳонов (“Худонинг эҳсони Сиз, Мутал Бурҳон!” ва Абдулла Орипов билан интервьюлари, ижтимоий иқтисодий масалаларга оид “Ориқлаган акциялар”, “АЁҚШлардаги қинғирликлар”, “Ёпиқ дренаж” атрофидаги очиқ муаммолар” дуний экстремистик гуруҳларнинг қилмишлари хусусида “Адашганлар”, “Гуноҳи кабира” мақолалари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари ҳақидаги китобларига киритилган очерклари шулар жумласидандир.

Ойбекчалик қадрим йўқми?

Эркин Ёдгоров таҳририятга энди ишга келган пайтлари ўзига етарча қайсар характерга эга бўлганини яшириб ўтирмайди.

– Номи аниқ эсимда йўқ, – дейди бу ҳақда гап кетганда устоз Ёдгоров энди ишга келган пайтларини хотирлаб. –  Пахтакор қизлар бригадасидан репортаж тайёрлаб,  муҳарриримиз Саид Ражабовга топширдим. Қарасам, муҳаррир таҳриридан чиққан мақоламнинг ўзимга энг ёққан икки абзаци бутунлай олиб ташланган(кейин ўқиб кўрсам муҳаррир ҳақ экан). Тутақиб кетдим. Ўша ортиқча деб ҳисобланган гапларни қоғозга қайта ёздим-да, мақоламнинг биринчи бетига елим билан ёпиштириб қўйдим.  Бундан хабардор бўлган Саид ака йиғилишдан сўнг мени хонада қолишимни сўради. Тахмин қилдимки, гап ҳалиги мақола ҳақида боради. Демак, дакки жиддий бўлади.

Лекин суҳбат бошқача бошланди:

– Эркинжон,  ёзувчи Ойбекни биласизми?

Дабдурустдан берилган бу саволдан ҳайрон қолдим.

– Биламан, албатта, – дедим.

– Шу ижодкорнинг асарларини ўқиганмисиз?

– Ҳа, албатта!

– Эътибор қилган бўлсангиз, Ойбек домланинг китоблари муқоваолди саҳифасида редактор фалончи деб, исм-шарифи кўпчиликка маълум бўлмаган кишининг номи ёзиб қўйилади.

– Ҳа, шундай..?

– Наҳотки, Сиздек, таҳририятга келганига ҳали икки ой ҳам тўлмаган ёш мухбир учун мақоласи тепасигада турган имзом қадрсиз  бўлса?

Уятдан қизариб кетдим. Қайта-қайта узр сўрадим.

Муҳаррир кулимсираганича, бир пиёла чой узатди.

Билдимки, мендан гинаси йўқ. У ҳолбуки, ҳамманинг кўз ўнгида мени муҳокама қилиши,  ўдағайлаши, бақириши, жазолаши мумкин эди.  Бу мен учун катта сабоқ бўлди. Кошкийди, шундай феъл атворлик устозлар бошқалар илк қадамига муяссар бўлса.

Устоз битта бўлмайди

Эркин Ёдгоровнинг менга ёқадиган бир одати бор – қандай савол берманг, маънилими, маънисизми, шу савол сиз учун қийматга эгами йўқми, қатъи назар ҳар қандай саволга чуқур мулоҳаза билан ўзига хос жавоб қайтаришга интилади. Бу гал ҳам шундай бўлди:

– Устозларингиз ҳақида нима дея оласиз? – деб сўрадим.

– Устоз битта бўлмайди! – деди у Эркин Ёдгоровгагина хос топқирлик билан. – Сизни ҳаётга, яшашга, курашишга, одамлар билан муносабат қуришга, умуман кимдир нимагадир ўргатишидан қатъий назар ўша инсон сизнинг ҳаётда устозингиз саналади! Мен бу жиҳатдан омадлиман. Устозларим кўп.”Бухоронома”чилар Аҳмад Раҳматуллаев, Абдужалил Халилов, Ҳабиб Абдуллаев, Умид Сатторов, мени “Бухоронома”да ишга таклиф этишни тавсия қилган Эшмурод Бобомуродов, котибият мактабидан ўгит берган Ато Акрамов ва бошқаларга ҳурматим чексиз.

Олтин сабоқ

Эркин Ёдгоровнинг ўтмиши ҳақида ёзар эканман, албатта шу ўринда бу инсон билан танишувим ҳақида ҳам андак тўхталишни жоиз биламан. Мен бу инсон билан “Бухоронома” таҳририятга ишга келган кунларим танишганман, бирма бир ҳаётий сабоқларни ўрганганман.

2016 йилнинг ёз ойларида ишхонамизга янги редактор тайинланди. Сокин кўлдай тўхтаб қолган таҳририятимизда бирдан ҳаёт қайнай бошлади. Ишлар, югур-югурлар кўпайгандан кўпайди. Ҳар куни камида учта тадбирда иштирок этиш ва  ёритишга улгуришим керак. Шошиб ёзилган мақоладан сифат қочади. Эркин Ёдгоров вазият тақозоси билан газетага навбатчилик баробарида ҳам материалларни кўриб таҳрир қиларди.

Биз қолган журналистлар эса бир тадбирдан наригисига, наригисидан беригисига бориб келавериб чарчаб кетардик. Ярим соатда хабарни ёзиб беришга ё улгуришим, ё ҳамма ишни чала ташлаб навбатдаги тадбирга жўнашим керак.

Бир сафар муҳим тадбирдан қайтиб келиб кўрсамки, шоша-пиша тайёрлаб кетган хабаримни устоз қизил ручкада таҳрир қилиб, қоғозни “лолазор”га айлантириб юборган эканлар. Иззат нафсимга тегиб кетди. Нега бу одам ўзидан бошқасини тан олгиси келмайди, деб қизишганча материални кўтариб устознинг кабинетларига важоҳат билан кириб бордим.

Бидир-бидир қилиб айтаётган эътирозларимни индамай тингладилар, сўнгра гапириб бўлдингми дегандай бир қарадилару шундай хитоб қилдилар:

– “Бухоронома” сизга деворий газета эмас!

Тарвузим қўлтиғимдан тушиб кетди. Тадбирма тадбир югуравериб, материалларимни деворий газетабоп ёзадиган бўлиб қолдимми? Индамай ортимга қайтдим. Кабинетга кириб хабарнинг таҳрир қилинган жойларини қайта кўздан кечирдим. Дарвоқе, таҳрири сип-силлиқ, битта нуқта ёки вергул нотўғри қўйилмаган. Ҳаммаси ўз ўрнида. Худди қимматбаҳо тошга сайқал берилганидек хабар таҳрирдан ярқираб чиққан.

Энди ўзимни айблашга тушдим. Нега бунча шошқалоқлик қиласан-а, нега одамларнинг қайрашига дарров алдана қоласан-а…

Устознинг хоналарига қайтиб бордим. Ҳали ҳам бош кўтармай қўлларига келиб тушган навбатдаги материаллар устида ишлаш билан банд. Ора-сира ЎзА (2005 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистон ахборот агентлигининг вилоятдаги махсус мухбири бўлиб ишлаганлар) дан келаётган топшириқларни диққат билан ёзиб оладиларда яна ишга шўнғиб кетадилар.

– Устоз, – дедим, бошларини кўтардилар. Юзларида ҳорғинлик сезилди.

– Мендан ўтди, кечиринг.

– Хўп, тушунган бўлсангиз, шунинг ўзи етарли, – деганча ишда давом этдилар.

Лекин бу мен учун устозимдан олган илк сабоқ бўлди.

Дангасалик одатим борлигини яширмайман. Баъзан соатлаб ишга қўлим бормай, мук тушганча ижтимоий тармоқларни титкилаб ўтираман. Бирор материал ёзай дейману илҳом йўқлигини баҳона қиламан.

Шундай кунларнинг бирида тағин Эркин Ёдгоровнинг эшикларини қоқдим. Ижодкорман, илоҳимим келмаса, ҳеч нарса ёзишга қўлим бормаса қандай қилиб сифатли материал тайёрлашим мумкин, деб сўрадим. Сизда ҳам бўладими шунақа ҳолат?

– Бўлиши мумкин, – дедилар хотиржам. – Лекин биласизми, агар сиз ўзингизни ўзингиз енголмасангиз, илҳому ижодни баҳона қилиб асл мақсадингиздан оғиб кетсангиз, билингки, сиз тақдирнинг қўлидаги қўғирчоққа айланасиз. Бу ёғи ўзингизга ҳавола, қўғирчоққа айланмоқчимисиз ёки бирор мақсад йўлида ҳақиқий инсон бўлиб яшамоқчимисиз. Танланг!

Бу фикрлар ҳозир унчалик таъсирли жарангламаётгандир. Лекин менинг ўша тушкун ҳолатим учун шу сўзларнинг қиймати тиллога тенг эди.

Ўрнимдан туриб кетдим. Ҳеч қачон ўйинчоқ бўлмайман, дедим ич-ичимдан ўзимга ўзим сўз бериб. Шу гапнинг таъсирида бўлса керак, ўша йили ранг-баранг мақолалар ёзиб серқирра ижод оламига шўнғидим, “Йилнинг энг фаол журналисти” республика танловида қанташдим ва танлов ғолиблари қаторига қўшилдим.

Ҳалигача дангасалик балоси кўнглимга қутқу солганда Эркин Ёдгоров ўргатган ўша сеҳрли сўзларни қайта қайта такрорлайман: ҳеч қачон тақдир қўлида ўйинчоқ бўлмайман! Шунда вужудимга аллақандай қувват сизиб кираётганини ҳис қиламан. Устоз дейишга арзигулик бир инсонни тақдирнинг ўзи менга туҳфа этганидан қувонаман.

Чироғи ёниқ кабинет

Эркин Ёдгоровни таниган билганлардан шу инсон ҳақидаги фикрларини сўраб кўрдим. Улар орасида менга энг ёққани ҳамкасб дугонамнинг бир гапи бўлди: доим чироғи ёниқ лекин эшиги қулфлоғлиқ кабинет.

Дарҳақиқат, Эркин Ёдгоров бирор муҳим материал устида ишлаётганида эшикни ичкарида қулфлаб оладиган одати бор. Кимдир кириб халақит берса, фикрим тарқаб кетади, дейди доим. Эшик ойнасидан тушиб турган нурдан биламизки, Эркин Ёдгоров муҳим иш устида ишлаяпти.

Албатта, ижодкорга тинчлик керак. Лекин мен кичкинагина кабинет эшиги ойнасидан тушаётган бу ёруғликни кўпроқ Эркин Ёдгоровнинг покиза қалби, ёғду таратаётган ижоди, инсонларга яхшилик тилаётган ҳар бир каломи ва ёзаётган мақолаларидан уфуриб турган илиқ ҳароратга ўхшатгим келади. Бу чироқ мангу порлашини истайман. Чироғингиз ҳеч қачон ўчмасин, устоз!

Дилдора ИБРОҲИМОВА,

“Бухоронома” мухбири

«Бухоронома» 2020 йил 27 июнь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.7 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!