«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T18:19:49+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Ҳарбий либосдаги маънавият

«МЕН БАХШИ БЎЛАЙКАНИМ!»

Бош муҳаррирнинг чорлови билан хонага кирсам, ичкаридаги ҳамроҳ таниш киши. «Ие, ие» бўлиб кўришдик. Тасодифий учрашув боисми ё бошқа сабабми, ишқилиб бу девкелбат аканинг исми ҳа деганда ёдга келавермади. Доим шошилинчда топилмаган «лаббай» бу сафар ҳам мақол маъносини бойитди. Ўзи бир даврада суҳбатдош бўлганимизга бор-йўғи икки кун бўлган эди.

Таниш эканлигимизни пайқаган муҳаррир:

– Ана, ортиқча таништирувга ҳожат йўқ. Бу йигит ҳақида газетага мақола тайёрлаш керак, – деди-да, бизни холи қолдирди. Мен эса Салим ака ҳақида ўша кунги гурунг пайтиданоқ аканинг ўзидан эшитган воқеалар асосида ул-бул нарсани хотирага муҳрлаб бошлагандим.

* * *

«Фориш» тоғ полигонига туташиб кетган Марказий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм ётоқхонасидамиз. Оппоқ қорга беланган мағрур тоғлар бағридаги бу ҳарбий қисмга пухтароқ кишини ҳам бошлаб келиб, «мана шу санаторияда бир ҳафта дам оласиз», десангиз, ҳеч бир шубҳага бормай чиппа-чин ишонади. Боиси, бу ердаги шарт-шароит гапдон мухбирлар тарифида учрайдиган барча сифат белгиларига тўлиқ жавоб беради.

Бутун ҳарбий қисм жамоаси ва турли ҳудудлардан келган меҳмонлар эртанги ташриф тадоригида. Кимдир дазмолланган кийимидан кўнгли тўлмай яна дазмолхона томон йўл олган, кимдир эрталабки эҳтимолий тиқилинчдан хавфсираб (албатта, бундай бўлмайди, чунки бу армия, унда ҳамма нарса миллиметригача ўлчаниб, ҳисоби олинади) соқол қиртичлашга киришган. Биз эса ўзимизга ажратилган хонада уйқуси қочган хизматдошлар жам бўлиб гурунгни босиб ўтирибмиз. Шу пайт мезбон ака кириб келди-да:

– Юринг, бир жойга борамиз, – деб қолди.

«Бир жой» биздан икки эшик наридаги қўшни хона экан. Кириб саломлашдик. Жуда қисқа таништирувдан сўнг мезбон хона соҳибларига юзланиб, «кечагидек бир терма эшитайлик», деб қолди. Сездимки, булар ҳарбий бахшилар эди. Хонадаги тор ва дўмбиралар ҳам шундан далолат бериб турибди.

Таклиф қорачадан келган девкелбат бахши томонидан қаноатлантирилди. У торини қўлига олди-да, жўшиб кетди:

Ээээээ,

бахши дегани ғайир бўлади,

Сўзга чечан, шоир бўлади.

Шу даврада жўшайин,

Сўзни сўзга қўшайин.

Гўзал юртим шаънига

Бир-икки оғиз терма қўшайин.

Эээээ ҳай ёр-ееее!!!

Бахши шу кетгунча «Қаландар бўлғаним бўлған»га етиб бориб, тин олгандек бўлди. Кейин бироз суҳбатлашиб ўтирдик. Контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Салим Тўқсонов асли Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидан экан. Ҳа, тўғри ўқидингиз, Навоийдан! Тўғриси, мен ҳеч Навоийдан бахши чиққанини эслолмадим. Таажжубимизни пайқади шекилли, Салим ака гурунгни улаб кетди.

– Бир кеч туш кўрдим. Тушимда бир киши билан учрашибман. У кишини Абдурашид бахши деркан. У менга: «бахшимисан?» деди. Мен: «йў-йў-йў» деб жавоб берсам, у киши: «сен бахшисан!» дейди. Ғалати бўлиб уйғониб кетдим. Умримда қўшиқ, терма айтган одам эмасдим. Фақат давраларда шеър айтишни яхши кўрганим рост. Бироз вақт ўтгач, туш эсимдан чиқди.

Тоғдаги ўқув машғулотидамиз. Бир пайт командиримиз ҳарбий қисмдан алоқага сўрашаётганини айтди. Батальон командиримиз бахшичилик бўйича мусобақа бўлишини ва унда айнан мен иштирок этишим кераклигини айтиб қолса денг! Лоп этиб туш эсимга келди. Ё қудратингдан! Бир боғлиқлик бор-ов…

Тоғдан тушиб келдим. Суриштириб-суриштириб ўзимга энг яқин бахшини топдим ва тўғри уйига бордим. Тушни айтдим, ҳушни айтдим, мақсадни етказдим. «Қани, камандир, битта терма айтингчи», деб қолди бахши. «Билмайман» девдим, қўлимга қозоғда терма тутди, айтиш усулини ўргатди. Борса борсин деб термани айтиб кетсам, «сиз бахшисизку, нега алдайсиз, камандир?» деб бахши хафа бўлиб қолсин. Демак, мен бахши бўлайканим, дедим шунда.

Машқ мусобақага қадар ҳар куни оби-тобида бўлиб турди. Энди ўзимни анча эркин тутадиган бўлиб қолгандим. Терма ичидаги сўзлар, иборалар эсимдан чиқиб қолса, қофияга мослаб ўзим ҳам тўқиб кетаверадиган бўлдим. Устоз бахши янги-янги термалар, достонлар ўргатишдан чарчамасди.

Кутилган кун келди. Ўша бахшилар мусобақасининг округ миқёсида 3-ўринга лойиқ кўрилдим. Бу шу кунгача қурол кўтариб жанговар сафларда юрган, англамсиз бир туш сабаб давра тўлдириб «ҳай ёраа!» деб турган аскар учун катта ва кутилмаган натижа эди. Мен бахши бўлайканим!

Шу орада тушимга кирган бахши аслида ҳам борми-йўқми деган савол тинчлик бермай қўйди. Дарвоқе, шу пайтгача нега ёдимга тушмади-я бу? Суриштирсам, Абдурашид дегич бахши қашқадарёлик бўлиб, афсуски омонатини топширган экан. Қабрларини зиёрат қилдим. Дуоси армон бўлди. Сўнг дуонинг зўрини Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёновдан олдик.

Ўтган йили куч тузилмалари ўртасида бахшичилик биринчилиги ўтказилди. Роса қизғин бўлди ўзиям. Ҳамма нимага қодирлигини ҳакамлар ва иштирокчилар олдига чиқиб кўрсатди. Фақат натижаларни эълон қилиш қолган. Анъанага кўра, ўринлар қуйидан юқорига қараб айтиб келиняпти. Уч ўтди – мен йўқ, икки ўтди – яна йўқман. Салим, пишдинг, деб турсам эълончи ҳакам «навоийлик бахши…» деб гап бошлаб қолувди, қолган гапни эшитмадим, эшитсам ҳам қулоғимга кирмади. Кўзимдан жарақ-жарақ этиб сув чиқиб кетди. Сўзни Абдуназар бахши олиб, мени мақтагани ва оқ йўл тилагани эсимда қолди холос.

Суҳбатимиз қизигандан қизиб вақт алламаҳал бўлганини сезмай қолибмиз. Тағин орада дўмбира чертганлар, чанқовуз чалганлар бўлди. Улар ҳам Салим аканинг қуролдошлари. Энди ухлаб дам олиш керак. Эртага муҳим кун!

* * *

Олий Бош Қўмондон билан учрашув юқори кайфиятда бўлиб ўтди. Контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Салим Тўқсонов давлат раҳбарига баланд пардада бахшичилик намуналаридан ижро этиб берди. Президент: «Ҳар бир аскарим худди сиздек бўлиши керак!», деганида қаҳрамонимиз кўнглидан нелар ўтган, буни энди ўзиям тасвирлаб беролмади. Нуқул «ээ, зўр бўлди-е!» дейди. Албатта, зўр бўлади-да, Салим ака, кимсан Олий Бош Қўмондон ҳамма аскарига сизни намуна қилиб турса. Майли, кўнглингиздан ўтган туйғулар тезроқ куй бўлсин, оҳанг бўлсин. Биргалашиб тинглайлик, сел бўлайлик…

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2021 йил, 22 январь, №3

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 22

OAV nomi va parolini kiriting!