«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T17:12:42+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Олмалиқ ва Оҳангаронда ҳавони нега тутун қопламоқда?

Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳри ва унинг яқин атрофидаги қишлоқларда ҳамда Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон туманидаги аҳоли яшаш манзилларида ҳавони кўплаб миқдорда туманли газ қоплаётгани хусусида ўнлаб кишиларнинг эътирози берилди. Барча эътирозларда ҳавога кўтарилаётган тутунли газ асосан Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) АЖ томонидан содир этилаётганлиги, бундай ҳолатнинг муттасил давом этиши кишилар саломатлигига жиддий путур етказиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳудудларда «Маҳаллабай» иш ташкил этиш вазифаси белгилаб берилганди. Бу масала ижроси юзасидан Республика ишчи гуруҳининг Оҳангаронга ташрифи асносида ҳам шаҳар ва туман аҳолиси бу ҳудуддаги ўнлаб саноат корхоналари, айниқса, ОКМК томонидан экология ва атроф-муҳитни зарарлантириш ҳолатлари қайд этилаётганини рўй-рост айтишганди.

Ўнлаб қишлоқлар аҳолисининг таъкидлашича, Оҳангарон кичик саноат зонасидаги бир қатор корхоналар жумладан, «Оҳангаронцемент» АЖ ҳамда «Янги Агрен» ИЭС, Олмалиқ шаҳридаги «ОКМК» АЖ, «Аммофос-Махсам» каби валломатларнинг ишлаб чиқариш корхоналари орқали ҳавога зарарли чиқиндилар тарқаётгани кузатилмоқда. Бунинг оқибатида одамлар саломатлигига жиддий путур етказилиши мумкин. Ана шу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида «ОКМК» раҳбарияти билан боғланиш учун қилган ҳаракатларимиз самарасиз якун топди.

Тошкент вилоят ФВБнинг Олмалиқ шаҳар бўлими мутасаддилари эса, бу борада бирор бир маълумотга эга эмасликларини билдиришди. Уларнинг фикрига кўра, шаҳарда ҳеч қандай фавқулодда ҳолат қайд этилмаган. Шундан сўнг, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Олмалиқ шаҳар инспекциясига мурожаат қилдик. Бироқ бу ердан ҳам аниқ жавоб ололмадик.

Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳри ҳамда Оҳангарон тумани аҳолисини ташвишга солаётган масалага Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан тайинли жавоб топгандек бўлдик. Ушбу ташкилот раҳбариятининг таъкидлашича, бу борадаги ҳаракатларни ойдинлаштириш мақсадида «ОКМК» АЖ Бошқаруви раиси А.Хурсанов номига тегишли тартибда хат жўнатилган.

Бизни кузатиб боринг, «Халқ сўзи» газетасининг вилоят мухбирлик шуъбаси комбинат раҳбариятининг бу огоҳлантиришга муносабатини ҳамда Оҳангарон ва Олмалиқ ҳудудидаги бугунги мавжуд вазиятни ўрганишга киришди ва бу ҳақида таҳлилий мақолалар бериб боради.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи») веб-сайтида 15 Январь 2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!