Россиялик соҳа масъули эътирофи

2021-04-07T13:44:44+05:007 Aprel, 2021|Умумий янгиликлар|

Хабарингиз бор, Россия Федерациясининг Свердловский вилояти ҳукумат делагацияси расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Делегация таркибида юртимизга келган Свердловский вилояти жамоатчилик палатаси ҳамда Свердловской Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Александр Левин куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов билан учрашди.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора  Бобожонова, “Янги Ўзбекистон”-“Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров ва бошқалар иштирок этган учрашувда Ўзбекистон  Журналистлари ижодий уюшмаси ва Россия Журналистлар уюшмаси ўртасида  журналистика соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув мавжудлиги, соҳа бўйича тажриба алмашиш, хусусан, икки давлат журналистларининг ижодий, касбий малака ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Учрашувда меҳмонга юртимизда журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритиши, ўз фуқаролик позицияларини номоён этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, журналистлар ўртасида ўтказилаётган танловлар, хусусан, айни кунда ижодий ишларни қабул қилиш ва уларни уюшманинг Journalist.uz веб-сайтида баҳолаш ишлари қизғин давом этаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари, уюшма тизими ҳақида маълумот берилди.

Тадбир доирасида Александр Левин Миллий матбуот марказида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, бу ерда муҳайё этилган қулайликларга юксак баҳо берди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Журналистлар  уюшмаси мутахассиси.