«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T12:59:44+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

МОЗИЙЛАРГА  БОҒЛАНГАН  УЛУҒ  РИШТАМ

Инсон ҳаётида, миллат бардавомлигида тилнинг ўрни беқиёс. Чунки миллат тил билан барҳаётдир. Улуғ аллома Абдулла Авлоний таъкидлаб ўтганларидек, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадиргон ойнаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидир».

Ер юзида тўрт мингдан зиёд миллат борлиги ҳақида ўқигандим. Бу дегани тўрт мингдан зиёд тил мавжуд. Ҳар бирининг она тили ўзи учун азиз ва мукаррам. Мана шу тилларнинг 50 таси дунёда тан олинган бўлиб, улар орасида ўзбек тилининг борлиги бизнинг фаҳримиздир. Бунинг замирида шу ҳақиқат мавжудки, она тилимиз мозийлар оша минг бир тамаддуну эврилишларда омонда асралган, минглаб асарларга сингиган забардаст тилдир.

Инсонга табиат томонидан берилган ҳар бир неъмат асраб-авайлангани каби унинг тили ҳам муқаддас неъмат. Унинг асралиши ва  эъзозланиши эса улуғ бурч шубҳасиз.

Тилга  ҳурмат  оиладан, онадан  бошланади

Тилимиз олдига она сўзини қўшиб айтамиз. Негаки, она зурриёдини ҳали дунёга келтирмай туриб, қорнидалигидаёқ уни ширин сўзлар билан эркалашни бошлайди, орзу-умидлар боғлайди. Туғилганда эса, онасининг илк сўзлари билан кўз очади, алласи ила она тили сеҳрини туяди.

Мен кўп бор кузатганман. Болалигидан эртак ва ривоятлар эшитиб, шеърлар ёд олиб, китобга меҳр қўйиб улғайган боланинг дунёқараши кенг, тили равон, сўз бойлиги теран бўлади. Сўзлар мағзини яхши англай олади. Боланинг атак-чечак илк қадамию, илк сўзи ота-она учун қай даражада қувончли экани сир эмас. Шу билан бирга улар олдига, айниқса она зиммасига яна бир масъулият юкланади. Бу она тили забонини тўғри сингдириб боришдир.

– Чет элда дугоналарим яшайди, – дейди ҳамкасбларимдан бири. – Улар билан телефонда боғланиб тураман, мириқиб суҳбатлашамиз. Лекин болалари фақат инглиз тилида гапирар экан.

– Нима, улар ўзбек тилини билмайдими? – ҳайратини яширмади шерикларимиздан бири.

– Менимча шундай, тилимизга тушунмайди. Эр-хотин болаларимиз чет тилини яхши ўзлаштирсин, деб оилада фақат хориж тилида гаплашган. Натижаси маълум…

Бу «маданиятни» қандай ҳазм қилиш мумкин билмадим. Ўзбек бўла туриб фарзандлари она миллатининг забонини тушунмаса. Балки бу шармандаликни улар «болаларим ўзбек тилини билмайди», дея фаҳр билан таъкидлар. Бунга биринчи навбатда албатта норасидалар эмас, ўзлигини унута бошлаган ота-она айбдор эмасми?

Фарзандларимиз қанча тил ўрганса шунча кам. Тил билган эл билади, дейди. Аллома ота-боболаримиз ҳақида ўқисангиз, карвонларга қўшилиб юзоқ  юртларга бориб таҳсил олгани, турли хориж тилларини эгаллагани ҳақида воқиф бўласиз. Улар ўз асарларини хориж тиллари ва туркий тилда ёзиб қолдирган. Ёзувлари орқали она юрти ва она забонини доимо ардоқлаган. Ўз тилини унутиш эса ўз маданияти ва қадриятини, бир сўз-ла айтганда ўзлигини унутиш демакдир.

Менинг ўғлим ҳам касби сабаб, оиласи билан хорижда яқин олти йил яшади. Иккита фарзанди ўша ерда туғилди. Катта набирам хориж мактабида савод чиқарди. Аммо улар оилада фақат она тилимизда гаплашади. Агар юқоридаги ҳолат содир бўлганда (Аллоҳ асрасин) фарзандимни асло кечирмаган бўлардим.

Ўзбек бўла туриб ўз тилини унутганлар ҳақида эшитсам, аварларнинг улуғ шоири Расул Ҳамзатов қаламига мансуб бир воқеа хаёлимни банд этаверади. Бу воқеа ўқувчиларимизга яхши таниш бўлиши керак. Чунки газеталаримиз саҳифасида тўлиқ ҳолда бир неча марта берилган. Воқеанинг қисқача маъноси шундай: Шоир Парижда доғистонлик рассом юртдошини учратиб қолади. Йигит инқилобдан кейин Италияга кетган, ўша ерда оилали бўлган. Тоғликлар анъанасида тарбия кўрган доғистонликнинг чет мамлакатга кўникиши осон кечмаган. Дунёни кезиб чиққан рассомга она юрт соғинчи ҳамиша ҳамроҳ бўлган. Кўплаб асарларида Ватан соғинчи ўрин олган. Унинг чизгилари билан танишиш асносида юрт хажри билан яшаётган рассомдан Расул Ҳамзатов  сўрайди:

– Нега унда ўз овулингга қайтмаяпсан?

– Энди кеч. Ўз вақтида мен Ватандан қайноқ юрагимни олиб кетгандим., энди унга кексайган суягимни олиб қайтаманми?…

Шоир Париждан қайтганидан кейин рассомнинг қариндошларини излаб топади. Ҳайратланарлиси, унинг онаси ҳаёт бўлади. Онасининг уйига йиғилган қариндошлари Ватанини ўзга ерларга алмашган ўғил билан боғлиқ воқеаларни ғамгин тинглашади. Адашган ўғилни кечиргандай бўлишади, тириклигидан суюнишади. Шунда бирдан онаси сўрайди:

– Сизлар аварча сўзлашдиларингми?

– Йўқ, биз таржимон ёрдамида гаплашдик. Мен русча гапирдим, у французча.

Шоирнинг жавобини эшитган она юзига қора чодрасини тушуради. Аварларда боласининг ўлганини эшитган онагина юзига қора чодра ёпар экан. Узоқ жимликдан сўнг, она боласи ҳақидаги сўнги сўзини айтади:

– Расул, сен янглишибсан, менинг ўғлим аллақачон ўлган экан. Агар менинг ўғлим ҳаёт бўлганида, авар онаси ўргатган тилни унутмаган бўларди.

Тил – миллат  маданияти  кўзгуси

Тилимиз ниҳоятда гўзал, унинг оҳангдорлиги ҳам ўзига хос. Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ижодига эътибор қаратсангиз жумлалардаги сўз дурларию, ташбеҳлардан ҳайратингиз ошади. Шунингдек, ўзбек тилидаги кўплаб сўзлар истеъмолдан чиқиб кетганига ҳам гувоҳ бўласиз. Бу давр тараққиёти, эврилишлар хосиласидир. Яъни яратувчанлик ва янги кашфиётлар сабаб, дунё бўйлаб барча соҳада янги нарсалар яратиляпти, уларга янги номлар бериляпти. Ушбу янги сўзлар бизнинг тилимизга ҳам кириб келяпти, қўлланиляпти. Энг асосийси, ҳар бир сўзни ўзимизга хос, гўзал тарзда ишлатишимиздир.

Одамлар билан тирбанд бозорда бир аёл «узр», «кечирасиз», «ўтиб олсам мумкинми», деган илтифотли сўзлар билан сотувчига яқинлашди. Сотувчи аёлни кузатиб турган чоғи, ундан сўради:

– Опа, ўқитувчимисиз?

– Йўқ, шифокорман.

– Гапириш оҳангингиз, муомалангиз чиройли экан. Нима бўлса ҳам зиёлийсиз-да.

Сотувчининг гапидан ўйланиб қолдим. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади, деганларидек, наҳот чиройли сўзлар билан муомала қилиш фақат зиёлий инсонга хос бўлса. Аҳир миллат маданияти тилимиз билан узвий боғлиқ эмасми? Чиройли сўз, чиройли ибора билан муомала қилиш қийин масала эмас-ку.

Шунингдек, оддий телефон орқали амалга ошириладиган ёзишмаларда ҳам баддий тил талабига эътибор қаратган ҳолда мулоқотда бўлсак, она тилимизга ҳурмат бажо келтирган, тил миллатимиз маданияти билан узвий боғлиқ эканини унутмаган бўлардик.

Тилимиз  қадри  ўз  қўлимизда

Агар эътибор қаратсангиз, тил байрамига яқин она тилимиз билан боғлиқ таҳлилий мақолалар, суҳбат ва кўрсатувларни авж олдирамиз, фикр-мулохазалар билдирамиз. Аслида уни асраш борасида тинимсиз бонг уришимиз, дунё миқёсидаги хориж тиллари қаторидан жой олиши учун теран ҳаракат қилишимиз, жон куйдиришимиз миллат фарзандлари олдида турган улуғ амаллардан биридир.

Ўзга миллатга мансуб ён қўшним билан суҳбатлашиб қолдим.

– Катта қизим Германияда яшайди, биласиз, – фарзандларидан сўз очиб қолди у. – Ўша ерга доимий рўйҳатга турмоқчи. Шунинг учун немис тилини ўргатиш курсида таҳсил оляпди.

– Немис тилини билмаса доимий рўйҳатга қўйилмас эканми? – қизиқиб сўрайман ундан.

– Ҳа, немис тилини билиши шарт экан, суҳбатдан ўтказаркан…

Дарҳақиқат, инсон қайси мамлакатда истиқомат қилса, ўша ернинг тилини оз бўлса-да эгаллашга ҳаракат қилади. Бу бир томондан ўша миллатга ҳурмат белгиси ҳам. Бироқ…

Бироқ кўп бор гувоҳи бўлганим, 40-50 йил юртимизда истиқомат қилиб, турли ташкилотларда хизмат қилаётган бошқа миллат вакилларининг тилимизни тушунмаслиги дилни ранжитади.

Туманимиздаги поликлиникага бордим. Кордиолог кўригига кириш учун навбатдаман. Шифокор жуда кекса бўлиб (камида 75-80 ёш), ўзбек тилида бирор оғиз сўз айтганини эшитмаганман. Унинг қабулидан чиққан ёши улуғ аёл нолиб қолди:

– Ҳар сафар ҳамшираси орқали дардимни тушунтирар эдим. Олдида ҳамшираси йўқ экан, жуда қийналдим. Наҳотки бирор оғиз ўзбек тилини тушунмаса-я. Унга дардимни тушунтираман деб бир дардим икки бўлди…

Ҳа, агар бирор нуфузли ташкилотга иш сўраб борсангиз, қатъий талаб мавжуд – хориж тилларини билишингиз шарт. Аммо ўша ерда ишлаётган ўзга миллат вакилларидан давлат тилини эгаллаганми йўқми ҳеч ким қизиқмайди, талаб ҳам қилинмайди. Давлат тилини ўзлаштирган бўлиши керак, деган биргина талаб ҳам тилимиз қадри ва нуфузига хизмат қилади шубҳасиз.

Бундай муаммолар ҳақида узоқ сўз юритиш мумкин. Шундай экан, тилимиз нуфузи ва қадрини ошириш борасида қатъий талаб асосида  ҳаракат қилишимиз кечиктириб бўлмас ҳақиқатдир. Она тилимизни дунёдаги нуфузли тиллар қаторида қад ростлаши учун барчамиз масъулмиз, барчамиз!

 

Она тилим бетимсол тилим,

Камтаргинам, ҳокисор тилим.

Мозий сирин бағрида тутган,

Улуғворим, ифтиҳор тилим,

Миллатимга Онасан ўзинг.

 

Алломалар билим гавҳари,

Жаҳонгирлар шаҳти, зафари.

Авлодларнинг истиқболида,

Қўлин тутган устоз сарвари,

Нури сарбон ҳар қайноқ сўзинг.

 

Сен ўзбегим жону-жаҳони,

Дунёларга бермас забони.

Шарқ тиллари сеҳрин асраган,

Аллоҳимнинг тенгсиз инъоми.

Жаҳон узра порлар юлдузинг,

Она тилим – танҳосан ўзинг!

Зулфия ЮНУСОВА,

 «Ватанпарвар».  2020 йил 30 октябрь 44 сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.8 / 5. Baholaganlar soni: 24

OAV nomi va parolini kiriting!