«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T11:59:56+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ИЛМИЙ МАҚОЛАНИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ МАЪЛУМОТЛАР БАЗАЛАРИДА ИНДЕКСАЦИЯЛАНАДИГАН ИЛМИЙ ЖУРНАЛЛАР ТАЛАБЛАРИГА

МОС ҲОЛДА РАСМИЙЛАШТИРИШ

Салоева Ҳилола Равшан қизи,

“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали бош муҳаррири

Бугунги кунда илм-фан соҳасида олиб борилаётган туб янгиланишлар туфайли илмий журналлар мисли кўрилмаган трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда. Маҳаллий  журналлар олдига қўйилган аниқ вазифалар одатий иш тартиби, илмий мақолаларга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш, умуман олганда, бутун тизимни ўзгартиришни тақозо этмоқда. Йиллар мобайнида шаклланган тизимни ўзгартириш учун эса аниқ механизмни ишлаб чиқиш зарур. Биринчи навбатда мақолаларга қўйиладиган талабларни тубдан ўзгартириш ва халқаро илмий маълумотлар базаларидан ўрин олган илмий журналлар талабларига мослаб расмийлаштириш керак бўлади.

“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали таҳририятига 2018–2020 йиллар мобайнида тақдим этилган илмий мақолаларнинг жанр-композицион жиҳатлари, илмий аппаратга амал қилиниши, тизимли-семантик, синтаксис ва коммуникатив-прагматик хусусиятлари тадқиқ қилинди ҳамда олинган натижалар асосида илмий мақолаларни тайёрлашда йўл қўйилаётган асосий камчиликлар ўрганиб чиқилди.

Журнал таҳририяти томонидан олиб борилган таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, таҳририятга келиб тушаётган мақолалар ҳали-ҳануз эски услубда ёзилади, илмий мақола ёзиш ва тартиб бўйича расмийлаштиришнинг элементар қоидаларини билмаслик ва масалага совуққонлик билан ёндашиш тенденцияси кузатилади. Муаллифлар билан олиб борилган индивидуал тушунтириш ишлари кутилганидек натижа бермади. Муаллифларнинг турли ёш категорияларига тааллуқлилиги – тажрибасизлиги ёки янгиликларни қабул қилиш истагининг пастлиги (асосан, 22 ёшгача бўлган талабалар ва 45 ёшдан юқори муаллифлар) – бунга асосий сабаблар деб топилди.

Аннотация, калит сўзларни ёзиш тартиби, сарлавҳага қўйиладиган талаблар, илмий мақола билан таҳлилий мақоланинг асосий фарқлари нимада эканлиги ҳақида батафсил маълумот бериш зарурияти мавжудлиги аниқлангандан сўнг таҳририят томонидан аниқ талаблар ишлаб чиқилди. Мазкур талаблар муаллифларга тақдим этилгандан кейин таҳририятга келиб тушаётган мақолалар сифати 40 %га яхшиланди. Агар илгари 10 та мақоладан фақат 1-2 таси оғзаки кўрсатмалардан кейин қабул қилинган бўлса, аниқ ва батафсил ёзма инструктаж кўринишидаги талаблар тақдим этилгандан сўнг 10 тадан 6 та мақола талаб даражасида тақдим этилди. Бироқ шунда ҳам мақоланинг илмий долзарблиги ва янгилиги талаб даражасида ёзилиб, топширилмади. Муаллифлар танланган мавзу ҳақида аниқ тушунчага эга эмаслик ҳолатлари кузатилди.

Бундан ташқари, муаллифлар томонидан аннотацияларни ёзишда ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Мақола матни ва адабиётлар рўйхатини расмийлаштиришда ҳам бир қатор муаммоларга дуч келинмоқда.

Таҳририят томонидан халқаро илмий маълумотлар базаларида индексацияланадиган илмий журналлар талаблари ўрганиб чиқилди ва таҳлил натижаларида аниқланган камчиликлар инобатга олиниб, илмий мақолаларга қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилди.

Илмий мақолани расмийлаштиришда халқаро журналларда IMRAD стандартига риоя қилиш, адабиётлар рўйхатини расмийлаштиришда эса кўпроқ Гарвард усулидан фойдаланиш талаб этилади. Мазкур стандарт ва усул ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсак.

IMRAD стандарти қуйидаги асосий бўлимлардан иборат: Кириш; Методлар (Материаллар ва методлар); Натижалар ва Мунозаралар (Introduction, Methods, Results, and Discussion – IMRAD). Баъзан IMRAD қисқартмасига А ҳарфи қўшилади, бу Аннотация (Abstract)ни  англатади ва АIMRAD деб номланади. Агар мақола назарий тадқиқотларга бағишланган бўлса, у ҳолда Methods (Методлар) бўлими Theoretical Basis (Назарий асослар) билан алмаштирилади.

IMRAD форматидаги илмий нашрлар дастлаб ХIХ асрнинг охирида илмий журналлар саҳифаларида пайдо бўлди. Ҳозирги кунда ушбу илмий мақолалар формати кўпчилик илмий журналлар томонидан ихтиёрий равишда қабул қилинган универсал стандартга айланди. Оригинал тадқиқот натижалари асосида ёзилган илмий мақолаларни унификациялаш тенденцияси, айниқса, 1972 йилда Миллий Америка стандартлари институти IMRAD форматини барча журналларда фойдаланиш учун тасдиқлаган ва тавсия қилган пайтдан бошлаб кучаяди. Ҳозирги кунда замонавий илмий журналларнинг аксарияти илмий мақолаларни расмийлаштиришда мазкур стандартга амал қилишни талаб қилади 1.

Халқаро илмий маълумотлар базаларида индексацияланадиган журналлар томонидан мақоланинг аннотацияси, калит сўзлари ва матнидан ташқари фойдаланилган адабиётлар рўйхатига ҳам катта эътибор қаратилади. “Илм-фан ва инно-вацион ривожланиш” журнали таҳририятига тақдим этилган мақолаларнинг аксариятида бу борада камчиликка йўл қўйилади. Муаллифларнинг АРА, MLA, Гарвард (BSI) ва Чикаго услубида адабиётларни расмийлаштириш талаблари билан таниш эмасликлари яққол кўзга ташланади. Адабиётлар рўйхати ихтиёрий тарзда, тартибсиз ҳолда тузилади. Айниқса, электрон манбаларни талаб бўйича расмийлаштириш борасида камчиликлар кузатилади. Булар эса мақоланинг Web of Science ва Scopus халқаро маълумотлар базалари томонидан индексацияланган хорижий журналлар томонидан қабул қилинмаслигининг асосий сабабларидан биридир. Чунки айнан иқтибос келтириш орқали муаллиф илмий мақоланинг бошқа манбадан кўчирилмаганлиги, яъни плагиатга йўл қўйилмаганлигини исботлайди. Фойдаланилган адабиётлар рўйхатида камчиликка йўл қўйилган тақдирда хориж мутахассислари томонидан уларни текшириш бўйича олиб борадиган ишлари ижобий натижа бермайди. Оқибатда мақоланинг сифат кўрсаткичи паст деб баҳоланади ва муаллифга қайтарилади. Муаллиф эса ҳолатнинг мазмун-моҳиятини тубдан тушунмай, мақолаларни хорижий журналларда чоп этишга кўмаклашиш хизматларини кўрсатувчи тижорат корхоналарига мурожаат этади. Ваҳоланки, мақоланинг структурасини стандартга мувофиқлаштиришнинг ўзи кифоя эди (илм аҳли орасида Web of Science ва Scopus халқаро маълумотлар базаларидаги барча журналларда мақолаларни эълон қилиш катта миқдордаги пул эвазига амалга оширилади, деган янглиш тушунча мавжуд).

Ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар, докторантлар, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этилиш кўрсаткичини ошириш мақсадида “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали таҳририяти томонидан илмий мақолаларга қўйиладиган талаблар қайта ишлаб чиқилди. “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали таҳририяти 2021 йилдан эътиборан мазкур талаблар асосида барча мақолаларни қабул қилади. Асосий мақсадимиз – муаллифларимиз мустақил равишда тадқиқот натижаларини илмий мақола кўринишида талабларга мувофиқ расмийлаштиришни ўзлаштириб, халқаро илмий журналларда муваффақиятли нашр этишларига ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” –

“Наука и инновационное развитие”

илмий журнали таҳририятига тақдим этиладиган

илмий мақолага қўйиладиган

ТАЛАБЛАР

  1. Илмий мақоланинг ҳажми (илмий мақоланинг турига қараб) 20-60 минг босма белги (тахминан 10 бетдан 25 бетгача); формати – А4, китоб шаклида; ҳошияси одатдагидек: чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см, юқори ва пастдан 2 см; шрифт – Times New Roman, ранги – қора, шрифтнинг катталиги – 14; 1,0 оралиқда.
  2. Журналга тақдим этилаётган илмий мақола бошқа нашрларда чоп этилмаган бўлиши, шунингдек, оригиналлик даражаси (антиплагиат дастури орқали текширилади) 65 % дан кам бўлмаслиги лозим.
  3. Илмий мақоланинг матни қуйидаги тарзда расмийлаштирилади:

масалан: Қишлоқ хўжалиги фанлари

УДК:

ORCID:

МАҚОЛАНИНГ САРЛАВҲАСИ

Мақола муаллифи (шу жумладан, ҳаммуаллифлар): фамилияси, исми, отасининг исми (тўлиқ, паспорт бўйича), илмий даражаси (агар бўлса),

иш жойи (тўлиқ),

лавозими (тўлиқ),

электрон почта манзили, алоқа телефонлари

Аннотация.

Калит сўзлар:

Юқорида кўрсатилган маълумотлар шу тартибда ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлиши керак!

МАҚОЛА МАТНИ

  1. Сарлавҳа мақоланинг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, унда мавзу аниқ акс этиши лозим. Сарлавҳа мавҳум ёки умумий фикрлар орқали баён этилмаслиги, академик услубда ёзилиши, илмий изланиш мавзуси негизида ётган асосий муаммо ва масала(лар)нинг таклиф этиладиган ечимини ифодалаши зарур. Илмий мақола сарлавҳасида қўлланиладиган сўзлар миқдори 10-12 тадан, калит сўзлар эса 1-2 тадан ошмаслиги керак. Сарлавҳада фақат умумқабул қилинган аббревиатура (қисқартма)ларни қўллаш мумкин.
  2. Аннотацияда тадқиқот мавзусининг илмий-назарий ва амалий жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар келтирилиши зарур, яъни мақоланинг қисқача мазмуни ва тавсифи берилади.

Аннотация таркибий жиҳатдан мақола мазмунининг қуйидаги жиҳатларини ўз ичига олиши керак:

тадқиқотнинг предмети, мавзуси, мақсади, долзарблиги, муаммонинг қўйилиши; тадқиқот методи/методологияси;

ишнинг натижалари;

натижаларнинг қўлланиш соҳаси;

хулосалар.

Юқоридаги композиция асосида аннотация бир бутун матн кўринишида

ёзилади, абзац ва бўлимларга ажратилмайди.

Аннотация ҳажми 150-250 та сўз атрофида бўлиши лозим. Унда ортиқча,

кераксиз сўзларни ишлатиш, батафсил тавсифлар келтириш, мақоладаги гаплардан нусха кўчириш, сарлавҳани айнан ёзиш, қисқартмаларни қўллаш, манбаларга ҳавола (ссылка)лар келтириш мумкин эмас.

  1. Илмий мақоланинг семантик ўзаги (асоси, моҳияти)ни ташкил қилувчи калит сўзлар тадқиқот мавзусини тавсифлаш ва таърифлаш учун зарур саналадиган муҳим тушунча ва категориялар рўйхатидир. Амалда ушбу сўзлар интернет тизимида мақолани излаб топишда ёрдам беради. Шу боисдан ҳам илмий мақола(лар)ни тайёрлаш вақтида мавзунинг семантик ядросига алоҳида эътибор бериш даркор.

Мақолага бериладиган калит сўзлар 6-8 та атрофида бўлиб, умумийдан хусусийга қараб тартибланган бўлиши, яъни мавзу ва муаммога тегишли калит сўзлардан бошланиб, тадқиқот объекти ва предметига тааллуқлилари билан тугалланиши лозим. Калит сўзлар сифатида неологизмлар, узун сўз бирикмалар, гапнинг уюшиқ бўлаклари ишлатилмайди.

  1. Илмий мақола матни қуйидаги талаблар асосида тайёрланади:
  2. Кириш

1.1. Мавзунинг долзарблиги.

1.2. Мақоланинг аниқ мақсади ва ечилиши лозим бўлган масалани асослаш.

1.3. Мақолада қўйилган масалани ечишга бошқа муаллифлар қандай ёндашган, улар қайси усулларни қўллаган ва б. (адабиётлар таҳлили).

  1. Материал ва методлар

2.1. Олиб борилган тадқиқотнинг батафсил мазмуни.

2.2. Қўлланилган методлар, методология ва тадқиқот объектларини асослаш.

  1. Тадқиқот натижалари

3.1. Тадқиқот объектини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар динамикаси таҳлили (мақолада қўйилган масалани ечишга асос бўладиган маълумотлар доирасида) ва хулосалар.

3.2. Олинган илмий-амалий натижалар, уларнинг самарадорлиги ва ҳаққонийлиги таҳлили.

  1. Тадқиқот натижалари таҳлили

4.1. Муаллиф фактларни таҳлил қилади, ўз фикрини асослайди, қайсиларини маъқуллаб, қайсиларини инкор этишини айтиб ўтади ва фикрларини изоҳлайди.

4.2. Тадқиқот давомида юзага келган, илм-фан доирасидаги тўсиқ ва муаммолар таҳлили.

4.3. Турли методларнинг таҳлили, мазкур тадқиқот натижаларини бошқа тадқиқот натижалари билан солиштириш.

  1. Хулосалар

5.1. Муаллиф тадқиқоти натижаларидан келиб чиқувчи хулоса ва таклифлар.

Эслатма! Тадқиқотда натижаларни изоҳлашда мавзуга оид қонунчилик ҳужжатлари, статистик маълумотлар, диаграмма ва графиклардан фойдаланиш тавсия этилади.

  1. Расм ва жадваллар қуйидаги тартибда расмийлаштирилади:

1-расм (расмнинг номи)

(Arial, 12 шрифт, тўқ қора рангда)

Мақолада расм битта бўлса, рақамланмайди (Расм. (номи)), бир нечта бўлса, рақамланади.

Мақоладаги жадвал (схема)нинг номи марказ бўйлаб тенглаштирилади. Бунда “Жадвал” сўзи саҳифанинг ўнг чекка томонига жойлаштирилади. Жадвал битта бўлса рақамланмайди, бир нечта бўлса рақамланади.

Жадвал ёки

1-жадвал

(жадвалнинг номи)

(Arial, 12 шрифт, тўқ қора рангда)

 

Arial, 10 шрифт

 

Жадвалга киритилган маълумотларнинг моҳияти аниқ, қисқа ва лўнда қилиб акс эттирилиши лозим.

  1. Журнал таҳририяти муаллифларга замонавий ахборот манбалари, охирги 5-10 йил ичида нашр этилган илмий адабиёт ва тадқиқотлардан фойдаланишни тавсия қилади.

Адабиётлар рўйхати мақола матнида келтирилган ҳаволалар (ссылкалар) бўйича кетма-кетликда тузилади (алифбо кетма-кетлигида эмас!).

Ҳаволалар тўртбурчак қавсларда, манбанинг тартиб рақами ва маълумот олинган бети билан бирга келтирилади, масалан [4, 151-б.].

Мақола ва материалларда иқтибослар Гарвард усулида берилиши лозим.

Мақолада камида 20 та манба ва адабиётларга ҳаволалар келтирилиши керак.

Хорижий адабиётларга ҳаволалар 50 %дан кам бўлмаслиги, шундан 30 % Web of Science ва (ёки) Scopus халқаро маълумотлар базаларига киритилган нашрларда чоп этилган мақолаларга бўлиши керак.

Мақолада расмий ҳужжатларга ҳаволалар келтирилмайди, улар матннинг ўзида, тўлиқ ҳолда: сана, рақам ва номи билан ёзилади.

Манба ва адабиётлар халқаро илмий-техникавий маълумотлар базалари талабларига кўра расмийлаштирилади ва “References” номи билан лотин алифбосида келтирилади. Матн транслитерацияси учун қўлланиладиган тизим: http://translit.ru

References қуйида кўрсатилган шаклга қатъий амал қилинган тартибда ёзилади.

References

Адабиёт, монография, тўпламлар

Lindorf L.S., Mamikoniants L.G., eds. Ekspluatatsiia turbogeneratorov s neposredstvennym okhlazhdeniem [Operation of turbine generators with direct cooling]. Moscow, Energiia Publ., 1972, 352 p.

Kanevskaya R.D. Matematicheskoe modelirovanie gidrodinamicheskikh protsessov razrabotki mestorozhdenii uglevodorodov [Mathematical modeling of hydrodynamic processes of hydrocarbon deposit development]. Izhevsk, 2002. 140 p. Izvekov V.I., Serikhin N.A., Abramov A.I. Proektirovanie turbogeneratorov [Design of turbo-generators]. Moscow, MEI Publ., 2005, 440 p.

Даврий журналлар

Zagurenko A.G., Korotovskikh V.A., Kolesnikov A.A., Timonov A.V., Kardymon D.V. Tekhniko-ekonomicheskaya optimizatsiya dizaina gidrorazryva plasta [Techno-economic optimization of the design of hydraulic fracturing]. Neftyanoe khozyaistvo – Oil Industry, 2008, no.11, pp. 54-57.

Электрон журналлар

Kontorovich A.E., Korzhubaev A.G., Eder L.V. [Forecast of global energy supply:

Techniques, quantitative assessments, and practical conclusions]. Mineral’nye resursy Rossii. Ekonomika i upravlenie, 2006, no. 5. (In Russ.) Available at: http://www.vipstd.ru/gim/content/view/90/278/). (accessed 22.05.2012)

Интернет манбалар

Kondrat’ev V.B. Global’naya farmatsevticheskaya promyshlennost’ [The global pharmaceutical industry]. Available at: http://perspektivy.info/rus/ekob/2011-07-18.html. (accessed 23.06.2013)

DOI рақамли манбалар:

Zhang Z., Zhu D. Experimental research on the localized electrochemical micro-machining. Russian Journal of Electrochemistry, 2008, vol. 44, no. 8, pp. 926-930. doi: 10.1134/S1023193508080077

Конференция материаллари:

Sen’kin A.V. Problemy teorii i praktiki v inzhenernykh issledovaniiakh. [Issues of vibration diagnostics of elastic spacecraft]. Trudy 33 nauch. konf. RUDN [Problems of the Theory and Practice of Engineering Research. Proc. Russ. Univ. People’s Friendship 33rd Sci. Conf.]. Moscow, 1997, pp. 223-225. (In Russ.)

Таржима асарлар:

Timoshenko S.P., Young D.H., Weaver W. Vibration problems in engineering. 4th ed. New York, Wiley, 1974. 521 p. (Russ. ed.: Timoshenko S.P., Iang D.Kh., Uiver U. Kolebaniia v inzhenernom dele. Moscow, Mashinostroenie Publ., 1985. 472 p.).

Brooking A., Jones P., Cox F. Expert systems. Principles and case studies. Chapman and Hall, 1984. 231 p. (Russ. ed.: Bruking A., Dzhons P., Koks F. Ekspertnye sistemy. Printsipy raboty i primery. Moscow, Radio i sviaz’ Publ., 1987. 224 p.).

Диссертация ёки авторефератлар:

Semenov V.I. Matematicheskoe modelirovanie plazmy v sisteme kompaktnyi tor. Diss. dokt. fiz.-mat. nauk [Mathematical modeling of the plasma in the compact torus. Dr. phys. and math. sci. diss.]. Moscow, 2003. 272 p.

Патентлар:

Palkin M.V. e.a. Sposob orientirovaniia po krenu letatel’nogo apparata s opticheskoi golovkoi samonavedeniia [The way to orient on the roll of aircraft with optical homing head]. Patent RF, no. 2280590, 2006.

Салоева Ҳилола Равшан қизи,

“Илм-фан ва инновацион ривожланиш” журнали бош муҳаррири

«Илм-фан ва инновацион ривожланиш – Наука и инновационное развитие – Science and Innovative Development» илмий журнали, №6

2020 йил, (декабрь)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.9 / 5. Baholaganlar soni: 17

OAV nomi va parolini kiriting!