«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T09:55:29+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Наманганда “Маҳаллабай” ўрганишнинг ҳаётий самаралари

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил Наманган вилоятига ташриф буюрганига ҳам, мана, бир ойдан ошди. Сафарнинг илк кунида Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” маҳалласига бориб, у ердаги одамлар билан самимий мулоқот чоғида Президентимиз “маҳаллабай” тизимда Наманган тажрибасини яратамиз, деган эди. Вилоят фаоллари иштирокида кечган сессияда эса “Маҳалла — ташаббускор”, “Маҳалла раиси — ислоҳотчи” ташаббусларини илгари суриб, бундай тизим янги Ўзбекистон учун муҳим эканини шарҳлаб берди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги ўзгариш ва ислоҳотларнинг дастлабки нуқтаси, табиийки, маҳалладан бошланади. Зеро, одамлар ўз кундалик ҳаётининг деярли кўп қисмини ўзи яшаётган маҳаллада, оиласи даврасида ўтказади. Ҳудудни ободонлаштириш, ёшларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби рўйхатларга киритилган оилаларга кўрсатилаётган ёрдамлар мисолида одамлар юртимиздаги ислоҳотларни яққол ҳис қилади, уларда эртанги кунга ишонч пайдо бўлади.

Шунинг учун Президентимиз ҳар бир мансабдор шахсдан — у вазир ёки ҳокимият раҳбарими, ижро органи ёки молия муассасаси масъул ходимими, “маҳаллабай” ишлаб, аҳоли турмушини яхшилаш чора-тадбирларини кўришни, ҳатто маҳаллага кўчиб бориб, инсонлар ҳаётига янада яқинлашишини талаб қиляпти.

Бугунги кунда Наманган вилоятидаги 775 та маҳалла фуқаролар йиғинида 2 миллион 867 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳар бирига иқтисодий идоралар вакиллари бириктирилиб, маҳаллаларнинг имкониятлари ва ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда “ўсиш нуқталари” аниқланди. Ҳар бир маҳаллада 2021-2022 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурлари шакллантирилди.

Мазкур дастурларда маҳаллалар аҳолисини касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитиш, ишга жойлаштириш, ер, имтиёзли кредит, томорқа учун субсидиялар ажратиш, мактабгача таълим ташкилотлари, тиббиёт пунктлари ва коммуникация, электр, газ, сув, йўл, алоқа тармоқларини ривожлантиришга асосий урғу берилган.

— Вилоятимизда “маҳаллабай” ишлаш тизими юзасидан жорий йил учун иш режа тасдиқлаб олинди. Маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб, уларнинг 307 таси “яшил”, 327 таси “сариқ” ва 141 таси “қизил” тоифаларга ажратилди, — дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мусаев. — Бугунги кунга қадар 320,9 мингта хонадон ўрганилиб, 73,8 мингта муаммо аниқланди, шундан 23 минг 492 таси ҳал бўлди. Жумладан, 3 минг 869 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 911 нафарининг соғлиғи тикланди, 47 нафарининг уй-жой муаммолари барҳам топди. Яна кўплаб мурожаатлар ҳам ижобий ҳал этилди.

— “Аёллар дафтари”да тураман. Туманимиз ҳокими маҳалламизга ташриф буюришини, ҳовлимизга ҳолимизни сўраш учун киришини, тўғриси, кутмагандим ва тасаввур ҳам қилмагандим. Чунки бундан беш-олти йил аввал бизнинг ­муаммоларимиз билан ҳеч ким қизиқмасди, олдимизга келмасди. Шароитимиз жуда оғир, яшаш жойимиз хароб эди, тўкилиб тушадиган даражада эди. Мана, энди уйимиз чиройли, яп-янги кўринишга келди. Учта қизим билан яйраб-яшнаб ўтирибмиз. Қолаверса, даромад топиш ва боқиш учун товуқлар ва қўй ҳам олиб келиб беришди. Ҳа, ҳаётимга мазмун кирди. Бунинг учун Президентимиздан, бизга ёрдам қўлини чўзган тадбиркордан, маҳалладошларимиздан чексиз миннатдорман. Илоҳим, ҳаммаларининг боши омон бўлсин! Бу яхшиликларини ҳеч қачон эсимдан чиқармайман, болаларим ҳам асло унутмайди. Доим икки қўлим дуода, мендан қайт­маса, Аллоҳдан қайтсин, омин! — дейди Поп туманининг “Чиғаноқ” МФЙда истиқомат қилувчи Барнохон Оқбоева кўз ёшларини тиёлмай.

Бошқарма масъул ходими Одилжон Камолов берган маълумотларга кўра, коммунал соҳага тегишли муаммолар ҳам жойида бартараф этилмоқда. Вилоятдаги 41 та, жумладан, Наманган шаҳри ва Норин туманида 1 тадан, Чуст ва Янгиқўрғон туманларида 2 тадан, Поп ва Уйчи туманларида 3 тадан, Косонсой туманида 9 та, Наманган ва Тўрақўрғон туманларида 10 тадан маҳалла фуқаролар йиғини бинолари қурилди. 99 та маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино бунёд этиш ишларига киришилган. Бундан ташқари, вилоятдаги 100 та маҳалла биносининг бўш турган хоналарида 109 та тадбиркорлик фаолияти ташкил этилди. Жумладан, 12 та сартарошхона, 8 та новвойхона, 3 та кичик қандолатчилик ва 55 та тикувчилик цехи, 44 та бош­қа турдаги хизмат фаолиятлари йўлга қўйилди.

“Набирамнинг юрагида муаммо пайдо бўлиб, соғлиғи ёмонлашди. Молиявий аҳволимиз ёмонлиги туфайли бир ёшли қизалоқни Тошкентга зудлик билан жўнатиб, даволатиш учун имконимиз етмасди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва туманимиз ҳокими маҳалламизга келганида дардимни очиқ айтдим. Улар бизни тушунишди ва кардиологга кўрсатиб, пойтахтдаги махсус шифохонага ётиши ва жарроҳлик амалиёти учун бепул йўлланма ёзиб беришди. “Ордер” олиш ва у орқали имтиёздан фойдаланиш хаёлимизда йўқ эди, беҳад хурсанд­ман.

Ростини айтишим керак, илгари ҳокимлар ва раҳбарларнинг қабулига ўзимиз борардик, кунлаб ва ойлаб навбат кутардик, овораю сарсон бўлардик. Энди эса мутасаддилар қуйига тушиб, оддий одамларнинг эшигини тақиллатиб, мурожаатини тинглаб, муаммоси билан қизиқяпти”, — дейди Наманган туманидаги “Оқ ер” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Камолхон Шамсиддинов.

Тарихдан маълумки, қадимда шу ҳудудда яшовчи аҳоли машғул бўлган ҳунар туридан келиб чиқиб дурадгорлар, пичоқчилар, қурувчилар, гулчилар каби маҳаллалар бўлган ва жуда ривожланган. Мазкур ажойиб анъана бугун Наманганда яна тикланяпти.

Вилоятнинг жами шаҳар ва туманларидаги 63 та маҳалланинг ихтисослашуви таҳлилий ўрганилди ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлари ишлаб чиқилиб, қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига жўнатилди. Масалан, Наманган шаҳридаги “Дамбоғ” маҳалласи косибчиликка, Уйчи туманидаги “Қумтепа” маҳалласи темирчиликка, Мингбулоқ туманидаги “Тегирмонбоши” маҳалласи яшикчиликка ихтисослашган.

Айни кунларда 10 сотихли камида 100 та иссиқхона ташкил этиш учун 1 125 та талабгорга 131,5 гектар ер майдони ажратиш ишлари бошланган. Наманган шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги 23 та маҳаллада тикувчилик, қандолатчилик ва бошқа ишлаб чиқариш цехлари очиш учун 16 сотихли фойдаланилмаётган 4 та бўш ер майдони ва 21 та бўш бино аниқланиб, “йўл харита”си ишлаб чиқилди.

Президентимизнинг топшириғига биноан, жорий йилда вилоятда умумий қиймати 4,680 миллион сўмлик 25 та лойиҳа тасдиқланиб, уларни ишга тушириш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришилган. Лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига бир ойда 279,6 мингта, йилига 2 миллион 236 мингта қора товуқ етиштириш имконияти яратилади. Ҳозир бу лойиҳаларга кредит маблағлари, ер ажратиш ва шартномалар тузиш ишлари бошланди. Бундан ташқари, Наманган туманидаги “Golden Egg of Namangan” МЧЖ билан 30-40 кунлик 50 мингта қора жўжа етиштириб бериш бўйича шартнома тузилди. Паррандалар, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кирган фуқаролар бандлигини таъминлаш учун йўналтирилди. Меҳнат вазирлиги билан биргаликда вазирлик тасарруфига ўтаётган 27 та коллежда тикувчилик цехларини очиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланяпти.

“Маҳалла — жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виж­дон кўзгуси”. Шу ғоя остида яқинда Наманганда “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мус­таҳкамлаш ҳафталиги” бўлиб ўтди.

Наврўз айёми шукуҳи сингдирилган мазкур ҳафталик давомида қарийб 800 га яқин тадбир ташкил этилди. Қатор маънавий-маърифий, маданий ва спорт анжуманлари, миллий ўйинлар мусобақаси, “Мен ўқиган китоб”, “Маҳаллам — менинг нигоҳимда”, “Энг обод кўча”, “Энг обод кўп қаватли уй”, “Энг ораста хонадон” каби турли йўналишдаги кўрик-танловлар уюштирилди. Мазкур тадбирларга 52 мингдан зиёд аҳоли жалб қилинди. Шунингдек, ҳудудларда томорқадан самарали фойдаланиш, намунали маҳаллалар таж­рибасини оммалаштиришга, хотин-қизлар бўйича маҳалла раиси ўринбосарлари фаолиятига бағишланган 44 та семинар ўтказилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида секторлар бўйича 52 та ҳудудда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси орқали 300 нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож 1 900 нафардан ортиқ фуқаро (1 272 нафари кекса ва нуроний, 386 нафари аёл, 128 нафари “Темир дафтар”га киритилганлар, 185 нафари бошқалар) ҳолидан хабар олиниб, уларга турли ёрдамлар кўрсатилди, 1 700 нафарга яқин ёш томонидан 381 нафар кексанинг хонадони миллий анъанамизга мувофиқ ҳашар усулида тартибга келтирилди. Оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида ажрим ёқасидаги 225 та оила яраштирилди, ижтимоий ҳимояга ва психологик кўмакка муҳтож 930 нафар аёл учун 59 та тренинг ўтказилди. Ҳафталик давомида вилоятда 15 та маҳалла биноси, маҳалла қошида 17 та тадбиркорлик субъекти фойдаланишга топширилди.

Очиғи, авваллари ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш дастури “тепадан — пастга” тизими асосида шакллантирилар эди. Энди эса аксича бўляпти. Маҳалла раиси ислоҳотларнинг бошида турибди.

“Наманганга ташрифнинг биринчи кунида кечқурун Президентимиз маҳалламизга келди, — дейди Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Музаффар Аҳмаджонов. — Кутилмаганда бир ҳовлига кирди, оддий одамлар, қўни-қўшнилар билан самимий гурунглашди. Сўнг маҳалламизда 3 200 та иш ўрни яратилган ва теваракдаги қатор оилалар аъзоларини меҳнат билан банд қилган кичик саноат зонасини кўздан кечирди. Қимматли таклифлар билдирди. Ўшанда маҳаллабай тизимда Наманган тажрибаси яратилишини айтди. Бундан руҳланиб, шу йилнинг сентябрь ойигача маҳалламизда бирорта ҳам камбағал қолдирмасликка, “маҳаллабай”, “хонадонбай” услубда ишлаб, ишсизларни камайтиришга ваъда бердим.

Кичик саноат зонасида аёллар ва ёшлар учун ўқув мономаркази ҳам очилди. Маҳалламиздаги 150 киши 12 та йўналиш бўйича ўқитилади, махсус курсларга бириктирилиб, тадбиркорликка йўналтирилади. Мазкур мономарказда йил давомида 2 минг киши ишлаш ва иш ўрганиш имкониятига эга.

Халқ депутатлари вилоят кенгашини ташрифнинг иккинчи кунида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида фаолиятим юксак эътироф этилганидан ғоят мамнунман. Мамлакатимиз раҳбари “Маҳалла — ташаббускор”, “Маҳаллада раис — ислоҳотчи” ташаббусини илгари суриб, мен ҳақимда алоҳида тўхталди, намуна қилиб кўрсатди. Албатта, мазкур ташаббусларни ҳаётга кенг татбиқ этиш учун бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз ва ишончни оқлаймиз!”.

Хулоса қилиб айтганда, давлат идоралари мутасаддилари маҳалла ичига кириб, аҳоли муаммоларини атрофлича ўрганиши, халққа янада яқинлашиб, одамларнинг таклиф ва истакларини рўёбга чиқариши учун уларга кўмаклашиши лозим. Шунда жамиятимиздаги оғриқли муаммоларни тизимли равишда ҳал этишга замин яратилади. Бу эса юртимизда тараққиёт ва фаровонлик даражаси янада юксалади, деганидир. Шу боис, Ўзбекистонда маҳаллабай ишлаш тизими давлатимиз раҳбари томонидан кейинги йилларда ўзини-ўзи бошқариш органи — маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, унинг бошқарувчилик ваколатларини кенгайтириш йўлидаги стратегиянинг мантиқий давомидир. Бу борада эса Наманган тажрибаси яратилаётгани ва эътироф этилаётгани айни ҳақиқат.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

yuz/uz  27 март 2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.2 / 5. Baholaganlar soni: 22

OAV nomi va parolini kiriting!