«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T09:25:46+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ХИЁБОНДАГИ ХАЁЛЛАР

Яқинда, ҳассос адабиётшунос Муҳаммад ВАЛИ қўнғироқ қилиб:

  • Темир ака, Адиблар ҳиёбони қайтадан таъмирланибди. Ҳозир Президентимиз бориб кўздан кечиряптилар. Сиз ҳам кўринг, – деди-ю шошилиб алоқани узди.

Афсуски, мен аллақачон кўчага чиқиб, Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасига кетаётган эдим. Кўролмай қолдим. Орадан бир кун ўтиб, ўғлим билан хиёбонга бордик.

Ўғлим машинасини Ёзувчилар уюшмаси олдидаги махсус автотураргоҳга қўйди. Машинадан тушибоқ кўрганим шу бўлдики, уюшма рўпарасида неча йилдан бери қурилаётган иншоотнинг атрофини ўраб тургувчи тўсиқ олиб ташланибди. Жуда ҳам маҳобатли бино қад ростлабди. Уюшма биносига монанд қадди-бастини кўз-кўз қилиб боғга ярашиб туриб-ди. Қойил! Офарин!

Уюшма биносига кириб, «Шарқ юлдузи» таҳририятига йўл олдим. Мақсад журналнинг янги сонини олиш эди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси уйимизга келяпти. «Шарқ юлдузи»нинг бош муҳаррири Сирожиддин Рауф журнални таҳририятдан олишимизни огоҳлантирганди.

Таҳририят ходимларидан журналнинг янги сонини олиб ташқарига чиқдим. Икки таҳририятнинг бу ташаббуси – ижодкорга эътиборнинг яна бир намунаси! Бўларкан-ку шундай ишларни амалга оширса! Айниқса, карантин даврида бу меҳрибонликнинг қадри яққол билинди. Уйингга газета юборишса, қўлингга журнални тутқазишса, барибир, бошқача бўларкан. Очиғи, бу икки нашрни аксарият ижодкорлар мунтазам ўқишмасди. Энди эса ўқимасликнинг иложи йўқ!

Ўғлим журнални дарров қўлимдан олиб варақлай бошлади.

Хиёбон оралаб кетдик. Не кўз билан кўрайки, Муҳаммад ВАЛИ ҳаяжонланганича бор экан.

Ўғлим ҳаяжонини босолмай, Муҳаммад Юсуфнинг ҳайкали атрофида гирдикапалак бўлиб айланди:

«Қаранг, ота, энг зўри шу бўлса керак! Зўр ишлашибди! Шеърини айтмайсизми?!»

Мен ўғлимга ҳазил аралаш чинни уқтирдим:

– Энг зўри – ҳазрат Навоийнинг ҳайкаллари! Юр, ўша томондан бошлаймиз.

Ҳазратнинг ҳузурига боргунча олдин ўрнатилган ҳайкаллар ўрнидан жилдирилиб таниб бўлмас даражада ишлов берилганига, уларнинг ҳар бирига янада кенгроқ жой ажратилганига, атрофга декоротив дарахтлар ўтқазилганига тўйиб-тўймай, улар олдига чопиб боришдан ўзимни тийдим.

Биринчи таассурот.

Ҳазрат Навоий ўша маҳобат билан ўз жойларида турибдилар. Фақат аввал «Халқлар дўстлиги саройи» томонга қараб адабиёт мухлисларини кутиб олардилар. Бу ҳам жуда гўзал эди. Зинапоя атрофи ҳамиша очилиб ётган гулларга тўлиқ. Чархпалак ариқдан сув қуярди. Тўлқинланиб Ҳазратнинг пойларига гулдасталар тўшаларди. Ул зотни чап томондаги улкан дарахтлар, бу тарафдаги ижодкорлардан ажратиб турарди.

Энди Пири комил уларга юзланибдилар.

Пешин пайти. Қуёш қиздирмоқда. Мен зинапоялардан кўтарилмоқчи эдим, ўғлим қон босимим ошиб кетишидан ховотирланиб, кўнмади. У Огаҳий ҳайкали яқинидаги салқин ўриндиқни кўрсатди:

– Ота, кун исиб кетди. Эртага салқинда олиб келаман, ўшанда чиқарсиз!

Табиийки, мен қулоқ солмадим.

– Руҳлар қўллайди, хавотирланма! – дея зинапоялардан кўтарилдим.

Ўзимда бошқача енгиллик туйдим. Ҳазрат ёнида турарканман, хаёл йигитлик чоғларимга олиб қочди.

…Хазратнинг ажойиб ҳайкали Навоий кўчасидаги Адабиёт музейи олдидаги майдонда эди.

ТошДУ (хозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаб, шу даргоҳга ишга қабул қилиндим. 1978 йилдан 2003 йилгача шу даргоҳда турли лавозимларда ишладим.

Ҳар кун ишга кепарканман, Ҳазрат ҳайкали ёнидан ўтардим ва ишдан кейин ҳам шу йўлдан уйга қайтардим. Музей директори атоқли матншунос олим Ҳамид Сулаймон ташаббуси билан музей Қўлёзмалар институтига айлантирилди. Музей унинг қошида фаолият юритди.

Институтда Навоий асарлари матни билан шуғулланувчи лаборатория бўлиб, уни Ҳамид Сулаймон бошқарарди. Домла лабораторияга чиқсалар, институтда ҳеч ким баланд овозда гаплашмас, хонасидан чиқмас эди.

Ҳамид Сулаймон вафотидан кейин институтга академик, Навоийшунос олим Азизхон Қаюмов директор этиб тайинландилар. У киши институтдаги илмий ишлардан ташқари Навоий ҳайкали атрофига ҳам ислоҳ киритдилар.

Навоийнинг салобатли ҳайкалининг ўнг ва чап томонига бир неча буюк ёзувчи-шоирларнинг бюсти ўрнатилган эди.

Азизхон Қаюмов менга нафақат бошлиқ, балки илмий раҳбарим ҳам эдилар. Шу сабабдан жуда яқин эдик.

Бир куни домла билан мўъжаз хиёбондан ўтаётганимизда домла менга шундай дедилар:

– Қаранг, мана бу бюстларни худди солдатлардай туришларини, ваҳоланки, ҳар бири учун алоҳида боғ яратилса арзийди.

– Унда янаям зўр бўларди-ку, ҳазратнинг ҳайкаллари янада бошқача салобат касб этарди.

Домла «Худди шундай» дедилар ўзларига хос лутф билан.

Шу суҳбатдан кўп ўтмай, бюстлар ҳайкалларга айлантирилиб, ўз боғларида қад ростлашди. Навоий ҳайкали эса ўз жойида салобат тўкиб, музей ва кўча номини ардоқламоқда.

Мен ана шу институтда илмий ишлар олиб бордим, бадиий ижод билан ҳам шуғулландим. Ҳикоялар ва қўғирчоқ театрлари, учун пьесалар ёздим. Уларнинг аксари Республикамиз ва чет эл қўғирчоқ театрларида саҳналаштирилди. Ана шу асарларим ичида менга энг кўп шухрат келтиргани Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони асосида ёзилган қўғирчоқ пьеса бўлди.

Улуғ устозимизнинг 550 йиллиги муносабати билан пьеса Жиззах вилояти қўғирчоқ театрида саҳнага қўйилди.

Бу асарни домла Азизхон Қаюмовга ҳам кўрсатдим. Домла қаттиқ ҳаяжонландилар ва Давлат мукофотига тавсия қилишимни сўрадилар.

«Ахир бундай мукофотларни ёшлар ҳам олиш керак», – дедилар.

Мен таклифни жиддий қабул қилмадим. Аммо, домла бежиз айтмаган эканлар, саҳна асарим Ўрта Осиё қўғирчоқбозларининг фестивалида фахрли биринчи ўринни олди. Театрга, режиссёр ва муаплифга катта шуҳрат келтирди.

Мен ўйладимки, агар ҳазрат Навоий руҳлари шу асарни қўғирчоқ пьесага айлантиришимга йўл бермаганида, балки ёзолмасдим, ёзсам ҳам бунчалар севимли бўлмасди.

* * *

Бобир Мирзо – дунё тан олган саркарда ва шоир, давлат арбоби. Унинг олдига табиий арчалардан тўқилган аркалардан ўтиб бордим ва таъзим айладим. Чунки, менинг биринчи илмий ишим, «Бобурнома»дан эди. Бу ишни жадидларимиз ҳақида тўлқинланиб дарс берган ҳассос адабиётшунос Бегали Қосимов берган эдилар. Мен ўзим билмаган ҳолда Бобур Мирзони муҳаббат билан Бобурбек деб тилга олибман. Домламиз шунга эътибор берибдилар.

– Бу талабамизнинг Бобур ижодига муҳаббати шу қадарки, у бирор жойда Бобур демай Бобурбек деб улуғлабди. Шунинг ўзига беш баҳо!

Бобурга бўлган муҳаббат туфайли ўғил кўрсам исмини Бобур қўйиш нияти туғилганди ўшанда. 1983 йили ўғил кўрдим ва исмини Бобур қўйдим. Ниятнинг       холислигини қарангки, ўғлим февраль ойида туғилди. Устозларимдан бири – менга Комрон девони бўйича илмий иш ёқлашни таклиф қилган Бобуршунос олим Саидбек Ҳасанов ҳам ўғил кўрдилар шу йили. Яна денг Бобур Мирзо таваллуд топган кунда! Қойилмисиз?! Унинг исми ҳам Бобур бўлди.

Яна қизиқ томони, ўғлим Бобур йиллар ўтиб ўғил кўрди. У мендан набирам исмини «Хумоюн қўйсам, майлими?» – деб сўради. Шундай кунларга етганимга шукроналар айтиб розилик бердим. Ҳумоюн набирам аълочилар сафида эканлиги мени қувонтиради. Темирбеклигимдан, темурзодаларимдан фахрланаман!

***

Бир неча буюк зотга таъзим айлаб, Абдулла Қодирийнинг боғларида анча дам олиб Чўлпоннинг ҳузурига ўтаман.

Кўпчилик «Тирик сатрлар» номли машҳур китобнинг номини эшитгану, лекин ўзини кўрмаган. Мен кўрганман. Китобнинг ноёб сигнал нусхаси Муҳаммад ВАЛИнинг шахсий кутубхонасида сақланади. Шу китобга Чўлпоннинг машҳур шеърлари ҳам киритилган. Ўша шеърлар туфайли китобнинг, китоб муҳаррирининг ва нашрга тайёрловчи Озод Шарафиддиновнинг бошига кўп қора кунлар тушган. Озод ака раҳматли китоб қўлёзмасини Наманганлик таниқли шоир Ёқубжон Аҳмаджоновга кўчиртирганини барча ҳам билавермайди. Раҳматли Ёқубжон ака талабалик чоғлари шу юмуш ўзига ишониб топширилганини умрининг охиригача фаҳрланиб сўзлаб ўтди.

Менинг абитуриентлик ва талабалик даврим халқимизнинг ардоқли санъаткори Сора Эшонтўраева хонадонида кечган. Сора опа билан бирга яшаган пайтларимда суҳбатларимиз, асосан, санъат ва адабиёт мавзусида бўларди.

Бир куни қизиқиб шундай савол берганим эсимда.

– Москвада ўқигансизлар. Дарслар рус тилида бўлган, албатта. Ўша ёшингизда рус тилини билармидингиз?

– Деярли ҳамма билмасди.

– Унда қандай тушунгансизлар?

– Таржимон бориди.

– Ия, ким эди?

– Чўлпон.

– У қанақа инсон эди?

– Йиғлоқи эди. Дарсдан кейин ҳаммамизни тўплаб, Навоийдан ўқиб ўзлари йиғлайверарди.

Яна бир кун опанинг хонадонига Комил Яшин Ҳалима Носирова билан меҳмон бўлиб келишди. Улар жуда узоқ суҳбат қуришди. Соат тунги 12 дан ўтганда. Ҳалима опа «Бир Чўлпонхонлик қилайлик» – дедилар. Мен коридорда уларга сездирмай қулоқ солганман. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, тонг отаргача ёддан Чўлпон шеърларини ўқиганлар Комил ака.

Бизда Чўлпон ижодини севиб ўқийдиганлар, ижоди бўйича илмий иш ёзганлар, чин маънодаги фидоий Чўлпоншунослар бор. Лекин мен шундай инсонни биламанки, у кишичалик Чўлпон шахсига фидойи олим бўлмаса керак. Бу – тенгсиз маърифатпарвар Лазиз Азиззода эди.

XX аср 80-йиллари Азизхон Қаюмов менга ҳафтасига икки кун Лазиз домланикида ишлашни тайинлаганлар.

Лазиз домла ўшанда 90 ёшдан ошгандилар. Мени ҳайратга солган жиҳат шуки, домла шу ёшдаям кутубхонага бориб, китоб олиб келардилар. Домла Чўлпон ҳақида завқланиб, тўлиб-тошиб сўзлардилар.

– Чўлпон оқланиши керак. Унинг ҳеч қандай гуноҳи йўқлигини исботлаб ёзиб топширдим. У, албатта, оқланади. Чўлпонни оқламай бу дунёдан кетиш йўқ. Чўлпон оқлангач, гўримга бориб ётсам бўлаверади.

Мен уларнинг бу гаплари самимийлигига ишонардим. Қабрларини эса 1957  йилда қаздирган эканлар. Хатто, бирга бориб қабр атрофини тозалаганман ҳам.

Домланинг руҳлари шу боғда шод кезиб юрган бўлса, не ажаб…

(давоми бор)

Темирбек ТЎРАБОЕВ,

“Репетитор” интелектуал – маърифий газета 1-31 май 2020 йил

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.6 / 5. Baholaganlar soni: 112

OAV nomi va parolini kiriting!