«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-07T08:49:01+05:007 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ДОМЛА ТАЛАБАДАН 1.500 АҚШ ДОЛЛАРИНИ НЕГА ОЛДИ?

Саккиз нафар фарзанднинг отаси Убайдулла Қиёмиддинов 1978 йилдан буён Жиззах Давлат педагогика институтида турли лавозимларда, 2018 йилдан буён эса “Ўзбек адабиёти методикаси” кафедраси мудири бўлиб ишлай бошлади.

Унинг хизмат вазифасига кафедрага умумий раҳбарлик қилиш, кафедра ўқитувчилари дарс жадвалларидаги дарсларни ўз вақтида ўтишини назорат қилиш, ўқитувчиларни илмий, услубий ишларини бажарилишини, талабаларни ўзлаштиришини назорат қилиш ва шу каби бошқа вазифалар кирарди.

Умрихон Муҳсинова Жиззах Давлат педагогика институтида “Мусиқий таълим” йўналишида таҳсил олиб келарди. У ўқишини “Бошланғич таълим” йўналишида давом эттирмоқчи бўлди. Институтнинг “Ўзбек адабиёт методикаси” кафедраси мудири вазифасида ишловчи Убайдулла домла ушбу масалада ёрдам бериши мумкинлигини эшитди.

Убайдулла домла билан учрашди. У ҳужжатлар тўплаб, ота-онаси билан бирга келишни айтди.

Умрихон онаси Иқболой билан Убайдулла Қиёмиддиновнинг яшаш уйига боришди.

“Ўқишингни нимага ўзгартирмоқчисан?”, дея Умрихондан сўради домла.

“Мусиқий таълим” йўналишида ўқишга қийналаяпман. Мусиқага қизиқмайман. Шунинг учун “Бошланғич таълим” йўналишига ўтказиб беришга ёрдам беринг”, деди Умрихон.

“Факультетдан факультетга ўтказиш 2000-2500 АҚШ доллари бўлади”, деди Убайдулла.

“Бунча пул бера олмайман”, деди Иқболой.

“Майли,сизларга ёрдам бераман. 1500 АҚШ доллари эвазига қизингизни ўқишини кўчириб бераман”, дея ваъда берди Убайдулла.

Она-бола домлага 1500 АҚШ доллари беришди.

“Таълим йўналишини ўзгартириш учун ҳужжатларни Жиззах Политехника институти ишчи гуруҳига топшириш керак. Улар ҳужжатларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги идоралараро комиссияга юборишади”, деди домла.

Умрихон у айтган барча ҳужжатларни тўғирлаб, Жиззах политехника институтига топширди.  Убайдулла Умрихонга  имтиҳон жавоблари 20 август кунига қадар чиқишлигини айтди.

Имтиҳон жавоблари чиққанида, имтиҳондан ўтган талабалар рўйхатида Умрихоннинг фамилияси йўқ эди. У бу ҳақда Убайдуллага айтди. Домла пулларни Олий таълим вазирлигида ишловчи танишларига бериб келганлиги, ўқиш масаласи тез кунда ҳал бўлиб қолишини таъкидлади. Умрихон институт ходимлар бўлими Т.Ўлмасовга учрашганида у бу йил ҳисобига бошқа жавоб келмаслигини таъкидлади.

Шунда У.Қиёмиддинов уни алдаб келганлигини тушуниб, Жиззах вилоят ДХХга ариза билан мурожаат қилди. ДХХ ходимлари унинг аризасини Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармасига юборишди. Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда У. Қиёмиддинов Умрихондан ўқишини ҳал қилиб бериш учун олган 1000 АҚШ долларини қайтариб бераётган вақти ушланди.

Суд Убайдулла Қиёмиддиновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “в” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди.

У. Қиёмиддиновга ЖК 45-моддасига асосан 1 (бир) йил муддатга мансабдорлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдорида – 8.612.000 (саккиз миллион олти юз ўн икки минг) сўм жарима жазоси тайинлади.

Домла қариган чоғида шундай ишга қул урганидан боши эгилди.

(Мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган).

Улуғбек ГАФФАРОВ, Бош прокуратура бошқарма

 катта прокурори

Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист

“ЗЎР ТАСВИР” газетасида 2020 йил 7 майда чиққан.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 62

OAV nomi va parolini kiriting!