«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T18:48:07+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

“ҲАРОМДАН ҲАЗАР ҚИЛМА, БОЛАМ”

Кеча – дам олиш куни ғалати бир вазият бўлди.

Телефонда ““Қорни катталар” 2020 йилда давлатга 500 млрд сўм зарар етказди”, деган хабарни ўқиб ўтирибман.

Кўпчилик танишиб улгурган мавзу, ўша гап:

-2020 йил давомида Республика бўйича жами 1.723 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган;

-Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилгани айтилмоқда ва ҳ.к.

Ачинарлиси, “туя қилиш” миқдори коронакризис бўлиб, инсоният улуғ синов билан юзма-юз келган, атрофда ўлим шарпаси ҳар галгидан тезроқ кезиб юрган, ҳамма бирлашиб, оғир синовдан ўтиб олиш учун курашган йилда аввалги йилларга, айтайлик 2019 йилга нисбатан кўпроқ экан.

Юртга бало, офат ўз-ўзидан келмайди, дегани шу бўлса керак. Хурмачасини халқ ризқи билан тўлдираётганларга яратганни ўзи кифоя қилмаса, ҳозир бандаси ожиз эканига бу бир аянчли мисол. Қатъий ва қаттиқ жавобгарлик йўқлиги, “узр билан иш битириш” ва ниҳоят уялмаслик сабабдир бунга, аммо аянчли оқибатидан ўзи асрасин.

Шуларни ўйлаб ўтирсам, нариги хонадан ўғлимнинг овози қулоғимга чалинди:

-“Ватан”, дегани бу – “юрак”, дегани,

Юракка ватан керак дегани…

Янги ёд олган шеърини онамга баланд овозда ҳурсанд бўлиб айтиб берди.

Менда савол:

Ватанни юкини елкасига олганлар аслида томоғи билан “кўтариб” турганини биздек тушуниб қолса, шу пайт ундаги иштиёқ қолармикин, ҳурсандчилиги давом этармикин, хафсаласичи?

Ишонаман, ҳамма боласини юрт корига ярасин, сарсон бўлмасин, деб тарбия қилаяпти. Қатъий тартиб асосида дарс қилдиради, ҳаром ва ҳалолни фарқини тушунтиради.

Аммо амалда бир тўда ҳаромхўр ҳаммасини … тиқиб ётибди. Камига, энг кўп зарар айнан Халқ таълими вазирлиги йўналишида экан.

Бир таклифда, ўзгармас эканмиз, ўзгаришни истамас ва ўзгара олмас эканмиз, болаларни ҳам юлишга ўргатиб қўяверайлик. Ўғлимизга биронта истиқболи борни қизини, қизимизга шунақани ўғлини мўлжаллаб қўяйлик, нима қиламиз қийналиб, барибир таниш билиш-у, оғайни қариндошлар раҳбар бўлар эканку??? Ҳаммани яхши яшагиси келади ва бунга тенг ҳақли.

Хуллас икки қулоқдан икки хил маълумот олгандай, ғалати бўлдим. Аслида шу 1 723 та «томоқполвонлар» ҳам бир ўзи емаган, бу энди бошқа мавзу…

Яна устозимизни гапи ёдимга тушди: билмай яшаш – дахшат, билиб яшаш унданам дахшат.

Алишер Равшанов, журналист

XXI ASR газетаси 2021 йил, 28-январ

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 63

OAV nomi va parolini kiriting!