«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T16:11:51+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Касб-ҳунар мактаби учун хомашё, ўқувчиларга стипендия берилмаган

Ишсизликнинг олдини олиш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлар кесимида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш курслари очиляпти. Ҳеч қаерда ишламайдиган, касб-ҳунари йўқ, “темир дафтар”га киритилган ишга муҳтож оила вакиллари ҳукуматимиз томонидан бепул ўқитилмоқда. Ҳатто уларга стипендия ҳам ажратиляпти. Паст Дарғом туманига сафаримиз чоғида касб-ҳунарга ўқитиш курслари фаолияти билан танишдик.

Дастлаб тумандаги 3-сонли касб-ҳунар мактабида бўлдик. 760 ўринга мўлжалланган ўқув биносида атиги 161 нафар мактаб ўқувчилари таҳсил олмоқда.

Ким ҳақ, касб-ҳунар мактаби директорими ёки…

– Қувватимиз етарли, аммо ўқувчиларимиз камлиги боис ташаббус билан чиқиб, аҳолини ҳам касб-ҳунарга ўқитишни йўлга қўйдик, – деди мактаб директори Флора Холмуродова. – Ноябрь ойидан бери 212 кишини касб-ҳунарга ўқитдик. Бу бир томондан ўқитувчиларимизга ҳам ёрдам бўлди, улар фуқароларни ўқитгани учун қўшимча иш ҳақи олди. Бугунги кунда аҳоли томонидан касб-ҳунар ўрганишни истовчи 150 нафар талабгордан ариза тушган. Аммо негадир вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан ўқишни бошлашга рухсат берилмаяпти.

Биз вилоят бандлик бош бошқармасидан ушбу масала бўйича изоҳ сўраганимизда бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборовдан қуйидаги жавобни олдик:

– Бу мутлақо ёлғон маълумот. Дастлаб ўқиш истагида бўлган талабгор ариза билан мурожаат қилади. Сўнгра уч томонлама, яъни касб-ҳунар мактаби, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва фуқаро ўртасида шартнома тузилади. Шундан сўнг ўқиш бошланади. Бизга ҳали ҳужжат топширилмаган, ўзимиз ўқишни истовчиларни излаяпмиз.

Ушбу жавобдан сўнг очиғи, қайси томоннинг ҳақ эканини билмадик. Билганимиз касб-ҳунар мактабида фақат хотин-қизлар учун 1 ойлик қисқа муддатли тикувчилик курси ташкил қилинибди.

Ўқув курси ва касб-ҳунар мактаби учун хом ашё берилмаган

– Беш нафар фарзандим бор, – деди Дилнавоз Усанова. – Ҳеч қаерда ишламайман, турмуш ўртоғим вақтинчалик ишлар билан шуғулланади. Оиламга ёрдам бўлсин деб тикувчиликни ўрганяпман. Курсни тугатсак, бизни тикув цехига ишга олишаркан.

– Олти нафар болани боқяпмиз, – деди Ҳанифа Жобриева. – Уч нафари овсинимнинг болалари, ота-онаси вафот этгани учун қарамоғимизга олдик. Болаларни боқиш учун тикувчилик курсига қатнаяпман. Аввал ҳам тикувчиликка қизиқардим, курсда анча билмаганларимни ўргандим.

– Икки нафар фарзандим бор, уларни боқиш менинг зиммамда, – деди боқувчисини йўқотган Муқаддас Хўжаёрова. – Маҳалладан иш сўраб мурожаат қилгандим, улар мени шу курсга юборишди.

Аёллар билан суҳбатлашар эканман, хонанинг совуқлигига чидай олмадим. “Биз ўрганиб кетганмиз, уйимиз ҳам худди шундай совуқ, шунинг учун бемалол ўтирибмиз”, деди улар. Бунинг устига туманда электр токи ҳам йўқ экан.

Тикувчилик курсида ўқиётган аёлларнинг кўпчилиги “темир дафтар”га киритилган, кам таъминланган оила вакилларидир. Дарслар шанба, якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 08:30 дан 13:00 гача давом этади.

Туман ҳокимлиги томонидан касб-ҳунар мактабига 20 та тикув машинаси берилган, аммо ҳанузгача хом-ашё берилмаган. Ҳозирча касб-ҳунар мактаби директори ўз цехидан келтирган матоларни ишлатишмоқда.

Курс ўқитувчиси 742 минг сўм маош олади

Касб-ҳунар мактабида электр устаси, тикувчилик, сантехник, рақамли ахборот технологияларига хизмат кўрсатиш ва маиший техникаларга хизмат кўрсатиш курслари мавжуд. Мактаб ўқувчиларининг кўпчилиги кам таъминланган оила фарзандлари бўлиб, уларга тўланиши керак бўлган стипендия йил бошидан бери берилмаган. Тўғрироғи, келгуси йилдан берилиши мумкин эмиш. Мактабда ошхона ҳам йўқ, ўқувчиларга давлат томонидан ажратилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари берилмасдан келмоқда.

– Бола сони кам бўлгани учун менга ярим штат, яъни 742 минг сўм иш ҳақи тўлашади, – деди сантехник курси ўқитувчиси Салим Асқаров.

Аслида ишлаб чиқариш таълим устаси бир штат бирлигида 1 миллион 700 сўм атрофида маош олар экан. Мактаб директорининг айтишича, аҳолини касбга ўқитишни йўлга қўйишса, ярим штат ишлайдиган ўқитувчиларнинг иш ҳақи бир штат бўлади.

Хотин-қизларга 560 минг сўмдан стипендия бериляпти

Туманнинг Чархин хизмат кўрсатиш техникуми биносида эса 3 ойлик тикувчилик курси очилган. Унда 12 нафар хотин-қизлар касб ўрганмоқда.

– Ўқув курсимиз бошланганига 2 ой бўлди, – деди Камолот маҳалласида яшовчи Салима Бекназарова. – Бизга ҳар ойда 560 минг сўмдан стипендия беришяпти. Насиб бўлса, курсни тугатгач, кредит олиб, уйимда ателье очмоқчиман.

Техникум биносининг яна бир хонасига тадбиркор томонидан янги замонавий тикув машиналари ўрнатилган. Тикувчилик курси раҳбари Нигора Идибаеванинг айтишича, курсни битирган хотин-қизларни тадбиркор ўз цехида иш билан таъминламоқчи.

***

Бугун туманда 360 минг аҳолидан 11 минг нафари ишсиз фуқаролар ҳисобланади. Аҳолини касбга ўқитиш курсларида бор-йўғи 12-15 нафар хотин-қизга тикувчилик ҳунарини ўргатиш билан ишсизлик муаммосини қанчалик ҳал қилиб бўлади? Нега Паст Дарғом туманида эркаклар учун қурувчи, дурадгор, боғбон, электр устаси каби касб-ҳунарлар ўқитилмаяпти? Наҳотки, 11 минг нафар ишсиз фуқародан касб ўрганишни истовчилар бўлмаса? Шуниси таассуфлики, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидан касб-ҳунар ўрганганларнинг қанчаси иш билан таъминлангани ҳақида ҳам маълумот ололмадик.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.

“Зарафшон” газетаси 2021 йил, 25 март. 35-сон.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.9 / 5. Baholaganlar soni: 11

OAV nomi va parolini kiriting!