«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T15:44:04+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ДУНЁНИ МЕҲР ҚУТҚАРАДИ

Баҳор бу йил бироз оғир келди, ташвишли келди. Дарахтлар энди гуллаб мева тукканда, кутилмаганда бирданига қор ёғиб берди. Ҳатто энг иссиқ вилоят бўлган Сурхондарёда қор  тизза бўйи (!) бўлди. Кейин Бухорода табиий офат рўй берди. Ундан сўнг Сардоба сув омборидаги тошқин… Қанча инсон уйсиз, ҳеч нимасиз қолди. Эҳ, йўқотиш оғриқли, йўқотиш азоб. Айниқса, топганларинг  неча йиллик машаққат эвазига келган бўлса! Орзуларингнинг рўёби, тилакларингнинг мустажоби ўлароқ эришган бўлсанг уларга… Ҳаммаси худди тушга ўхшайди. Қанийди шундай бўлса! Ҳеч қачон кўзимни юммасликка, ухламасликка ҳаракат қилардим. Ноилож… буям бир тақдирнинг синови. Энг асосийси, ҳамюртларимизнинг боши омон қолди, жони соғ. Шундай дамда кўнглимга бир тасалли таскин беради: ғам-ташвиш абадий эмас. Зеро, тун қанча узун бўлмасин, унинг сўнггида албатта тонг отади!

Мен ҳам сирдарёликман. Айнан сув тошқини бўлган туманларнинг бирида ота-онам, яқинларим, қариндошларим истиқомат қилади. Шукур, ака-укамнинг уйи омон қолди. Афсуски, опам ва бошқа қариндошларимизнинг уйини сув босди. Улар уйларидан зудлик билан эвакуация қилинди. Ҳаммаси яқин-йироқдаги дўст-у биродарларининг хонадонидан қўним топишди. Уйсиз қолганларнинг катта қисми коллеж, лицейларга жойлаштирилди, яна бир қисмини саховатпеша инсонлар ўз бағрига олди, уйларининг тўридан жой берди.

Фожеадан талофат кўрган яқинларимиздан бири шундай дейди: – Нима бўлганини ҳали ҳам англаганим йўқ. Ўша кун… эсласам даҳшатга тушаман. Кинолар ҳаётдан олинар экан-да. Яхшиям ҳеч кимга талофат етмади. Мана шу фожеа сабаб бир нарсага иқрор бўлдим – инсонлар ўртасида оқибат йўқолмабди. Бу юртда яшаётган ҳар бир инсон бағрикенг, сахий экан. Кўчада қолганимиз йўқ. Ҳукумат бизни ташлаб қўймади.

Ҳа, бу кутилмаган фожеа кўнгилларни ларзага келтирди, бутун республикани оёққа турғазди. Чунки бизнинг миллат миллатдошларининг бошига иш тушганда жим қараб туролмайди. Йиқилганни суяш бизга ота-боболаримиздан мерос. Миллатимизга хос эзгу фазилатлар мана шундай синовли кунларда бўй кўрсатди: тошқиндан зарар кўрган аҳолига барча вилоятлардан инсонпарварлик ёрдами сифатида озиқ-овқатдан тортиб, кийим-кечаккача, кўрпа-тўшакдан тортиб, шахсий гигиена воситаларигача келтирила бошланди. Сирдарёга кириб келаётган чек-чегарасиз “саховат карвони”нига қараб севинчдан, ғурурдан кўзларга ёш келади, дилларни жунбушга келтирган миннатдорлик туйғуси тилларга кўчади. Негаки, бўлиб ўтган воқеа инсонларни бирлаштирди, кўнгллардаги меҳр-шафқат туйғусини алангалатди, оқибат ришталарини мустаҳкамлади, хайр, саховат каби фазилатларни юзага чиқарди. Демак, бу юртда ҳеч кимнинг юки ерда қолмайди, ҳеч ким хору зор бўлмайди. Биз шундай миллатпарвар халқмиз!

Эл корига яраш саодати

Ҳарбийлар ҳар доим юртнинг ишонган тоғлари, қалқонлари бўлиб келишган. Ватан энг оғир дамларда мана шу мардларга ишонади. Ўз ўрнида Ватан ҳимоячилари ҳам зиммасидаги улкан масъулиятни доим ҳис қилиб турадилар. Бугунги синовли дамлар ҳарбийлардаги фидойилик, ватанпарварлик, садоқат, олижаноблик каби гўзал инсоний фазилатларни ҳам намоён қилди. Улар тошқиндан жабр кўрган сирдарёликларнинг энг катта кўмакчиси бўлиб корига яраяпти, меҳрини қозоняпти. Аслида сенинг ёрдамингга муҳтожларни қўллаш, бошқаларни ташвишга солаётган муаммоларга ечим топишнинг савоби ҳам бисёр. Мана шундай эзгулик сабаб кўнгиллардан ғам арийди, тоғдек армонлар кичраяди, андуҳлар тарқалади. Шундай ҳаёт ҳақиқати бор: эзгуликнинг мукофоти ҳам эзгулик бўлади. Зотан, ҳар қандай шароитда бошқаларга тиргак бўладиган, ҳар қадамда ботинан янгиланиб йўл босадиган инсонларнинг тадбири ҳам тақдирига мосдир.

“Биз сиз билан биргамиз”

Айни кунларда Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва кўнгиллилар томонидан сув босган қишлоқларда офат оқибатларини бартараф этиш, кўча ва ҳовлиларни лойқа ва кўлмак сувлардан тозалаш, вайронага айланган уйлар ўрнида тўпланган шифер синиқлари ва ғишт бўлакларини олиб чиқиш, умуман ободонлаштириш ишлари  жадаллик билан олиб борилмоқда. Маҳаллаларда, автомобиль йўлларида, объектларда ҳамда нобд бўлган уй ҳайвонлари топилган жойларда  тизимли равишда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Бузилган йўллар, кўприклар созланяпти.

– Ҳовлимиз сув ичида қолганди. Бугун келиб кўрдим. Сув қочибди. У ер бу ерда пайдо бўлган катта қўлмаклардаги сув махсус машиналарда тортиб олишди. Ҳарбийлар астойдил меҳнат қилишяпти. Умрларидан барака топишсин. Эл бошига иш тушган шундай дамда ҳарбийлар бизга мададкор бўлаётганидан миннатдормиз, –  дейди суҳбатдошимиз Ойбек Эгамбердиев.

– Уйдан чиққанимизда ҳали бизнинг маҳаллага сув келмаган эди, – дейди  Раъно опам. – Участка нозирлари ҳаммани тезроқ маҳалладан чиқиб кетишга ундагани ортидан югуриб чиқдик. Уйдан бирор нарса олиш хаёлимизгаям келмабди… Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мен бунга ишонаман. Сув анча пасайганидан кейин маҳалламизга ўтишга рухсат беришди. Бориб келдик. Уйимиз қулаб кетибди. Уй-жойга ачинганим йўқ. Лекин барибир кўп йиллик қадрдон жойим экан. Ғиштини ўзимиз қўйганмиз, яхши кунларимиз ўтган… Ҳовлида  йиғлаб ўтирсам уйимизни тозалашга келган ҳарбийлардан  иккитаси ёнимга келди. “Опа йиғламанг. Жонингиз соғ бўлсин. Ҳали аввалги уйингиздан ҳам чиройли уйларда яшайсизлар. Ўша кунлар келганда айтган гапларимни эслайсиз. Бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетасиз. Бўлди кўз ёшингизни артинг. Биз уйингизнинг ичида қолган нарсаларни ҳеч бир талофатсиз олиб чиқиб берамиз сизга”. Улар мени юпатиш учун ҳаракат қиларди. Йигитларнинг меҳрибончилиги кўнглимни кўтарди, йиғлаётганимдан хижолат ҳам бўлдим. Юракка ғам соя солганда яхши гап эшитиш бошқача бўларкан. Йигитларга худди яқинларимдек меҳрим тушди. Армияда шундай меҳрибон, олижаноб йигитлар хизмат қилар экан-да. Улар ҳазил-ҳузул қилиб ҳовлида қолган яроқли буюмларни авайлаб машинага ортиб беришди.  Уларнинг ҳаққига доим дуо қиламан. Яхшиликларини ҳеч қачон унутмайман. Қаерда бўлишмасин, олтин бошлари омон бўлсин!

Ҳа, яхшилик ҳеч қачон унутилмайди. Биз ким билан суҳбатлашмайлик, суҳбатдошларимиз ўз кечинмаларини баён қилиш асносида  ҳарбийлар ҳақида албатта илиқ фикрларни айтиб ўтишди. Ўша дамларда қалбимда таърифга сиғмас ифтихор ҳиссини туйдим, руҳим енгиллашди. Аслида ҳам Ватан ҳимоячиларининг ҳаммаси ана шундай  меҳрга сазовор, фидойи инсонлар. Эзгулик ила умр йўлини ёритаётган бу ўғлонларнинг йўллари доим шарафли бўлсин деймиз!

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

VATANPARVAR газетаси, № 20, 15 май,  2020 йил.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 101

OAV nomi va parolini kiriting!