«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T14:23:12+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ҲАЛОЛЛИК ВА МЕҲНАТ – САОДАТ ГАРОВИ

Суҳбатдошнинг ташриф қоғози

Ҳасанов Ориф Каримович

– 1959 йилда Равонак маҳалласида туғилган.

– Меҳнат фаолиятини 1981 йилда собиқ «Наврўз» жамоа хўжалигида иқтисодчи бўлиб ишлашдан бошлади.

– 1983-1988 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини сиртдан тугатди.

– 1988-1993 йилларда хўжаликда бош иқтисодчи, 1993-1996 йилларда раис ўринбосари.

– 1996-2002 йилларда туман «Агропромда» директор ўринбосари ва раҳбари лавозимларида ишлади.

– 2002-2006 йилларда «Меҳробод» ва «Наврўз» ижара хўжаликлари бошқаруви раиси вазифасида фаолият кўрсатди.

– 2006 йилдан то ҳозиргача «Наврўз-Агротехсервис» МЧ агрофирмаси ҳамда «Ориф Ҳасанов» фермер хўжаликлари раиси.

Мухбир: Президентимиз мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табриги тақдирини замин билан боғланган, ердан ризқ-рўз, ноз-неъмат ундираётган киши борки, қалбини тоғдек кўтариб юборди. «Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли  юкини ўз елкасида кўтариб келаётган  сизлар каби  минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир», – деган сўзларида  аграр соҳа ходимларининг меҳнатилари юксак эътироф этилган.

Ориф Каримович, сиз иқтисодчи, аграр соҳанинг билимдони сифатида бундан тўлқинланган, ғурурланган бўлсангиз керак. Юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун ҳукуматимиз томонидан қатор қарор ва фармонлар, изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар ким учун, албатта, аввало  халқимиз учун унинг фаровон турмуш тарзини яхшилаш учун шундай эмасми?

О.Ҳасанов: Кейинги йилларда, айниқса, аграр соҳада қатор ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилди. Одамларнинг дунёқараши, фикри, тафаккури ўзгаряпти. Кечаги фермер ёки деҳқон, ёки хўжалик раҳбари билан бугунги фермернинг – бугунги қишлоқ хўжалик ходимларининг,  агрономнинг дунёқарашида ер билан осмонча фарқ бор. Инсон яшаши учун, аввало, уни усти  бут қорни тўқ бўлиши лозим. Бунинг учун ҳар биримиз сидқидилдан, тадбиркорлик билан меҳнат  қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарз. Ер-битмас, туганмас хазина манбаи. Унинг калити деҳ­қон  қўлида. Бинобарин, ерга қадалган ҳар бир ниҳол ёки  уруғ қанчалик меҳр билан парваришланса, ҳосил ҳам шунчалик юқори бўлади. Яъни  тўкинлик, файзу барака, умуман, ҳаётимиз  фаровонлиги биз маъмурчилик усталарининг меҳнатига боғлиқ. Бежиз Алишер Навоий  бизларнинг шаънимизни улуғлаб: «Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат», деб айтган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Ҳа, 38 йил аграр тармоқда меҳнат қилиб, ноз-неъмат етиштириш инсон яратган мўъжизаларнинг  бири деб билдим. Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигига бўлган эътибор, соҳа ходимларига бўлган талаб кундан-кунга, ошиб бормоқда. Бу соҳада узоқ йиллар меҳнат  қилган киши сифатида айтишим мумкинки, кучли ирода, матонат, йилнинг тўрт фаслида ҳам она заминни қадрласа, кўзланган ҳосилни зиёди билан олади.

Мухбир: Далада ишлашнинг ҳам қийин, шу билан завқли томонлари бор.

О.Ҳасанов: Табиат фарзандимиз. Кўкламнинг илиқ ва тиниқлигини, ёзнинг серфайз кунлари, айниқса кузнинг тўкин-сочин, пишиқчилик онларини деҳқондай  яхши биладиган, роҳатланадиган киши бўлмаса керак. Отам оддий  деҳқон бўлган. У кишидан зироатчиликнинг кўплаб сир-синоатларини ўрганганлигим, бу тармоқни ривожлантиришда ҳар қадамда қўл келмоқда. «Она замин бўлмаса, қишлоқ хўжалик бўлмаса, ноз-неъмат қандай етиштирилади? Шунинг учун деҳқончилик соҳасида таълим ол…, – деган  сўзларига амал қилиб кам бўлмадим. Пешона  тери, қўл кучининг мевасига нима етсин?

Агрофирмамиз ҳудудида 644 гектар ер майдони бўлиб, 38 та фермер хўжалиги ҳамда 2 та МЧЖ деҳқонлари тасарруфига берилган. Шундан 235 гектар сувли майдонларга сабзавот экинлари, картошка ва озиқабоп ўсимликлар ўстирилади.

Боғбону соҳибкорларимиз ўзига хос тажрибаларга эга эканлиги билан вилоятимизда танилган. Боғбонларимиз 90 гектарда мевали дарахтлар парвариш қилиб, йил сайин хуштаъм мева етиштириб, маъмурчилик, бунёд этишмоқда. Соҳибкорларимиз сархил узумларни етиштириш бобида устаси фаранг, айниқса, тилни ёрадиган даражада узумларни қишда сақлаш ҳадисини ҳам олишган.

Президентимиз топшириқларига амалий иш билан жавоб бериб, 24 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди. «Аъзам Азамат» фермер хўжалигида 16 гектар, «Худойқулов Шароф боғлари» фермер хўжаликлари даласида 4,5 гектарда мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, бир текис кўкартириб олинди. Бир қарашда мевали дарахтларни экиш ва парваришлаш осон ишдек туюлиши мумкин. Аммо мазкур соҳа ҳам ўзига хос билим ва тажриба талаб  қилади. Бу борада Аҳмаджон Султонов, Жаҳонгир Барноев, Неъмат Тиллоев, Бахтиёр Одилов, Парвиз Асроров, Зариф Маҳмудов, Шариф Худойқулов сингари тажрибали ва тадбиркор инсонлар етакчилик  қилаётган фермер хўжаликларида бир-биридан қувончли ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Мухбир: Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб турган бир пайт­да аҳолининг турли хил ноз-неъматларга талабини қондириш, ердан самарали фойдаланиш тизимини яратиш борасида, қандай ишлар қилинмоқда?

О.Ҳасанов: Эл-юртнинг тинчлиги, фарзандларининг омонлиги, уларнинг ширин ташвиши билан яшаш умидида меҳнат қилаётган бу инсонларнинг ҳар бир кунидаги шукроналикни, уларнинг юрт ободлиги учун қилаётган меҳнатини кўриб, одамнинг кўнглида уларга нисбатан миннатдорлик ҳисси жўш уради.

Агрофирмамизда сабзавотчилик, мева, узум, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда ғоят қулай минтақа ҳисобланади. Шунинг учун йил давомида, ҳар қарич ер майдондан 2-3 марта ҳосил олишда бой тажрибага эгамиз. Фермерларимиз – замонамизнинг мулкдорлари, илғорликда тенги йўқ тадбиркор, замин эгалари.

Агрофирмамиз фермерлари ўзлари етиштирган мева, узум, картошка, пиёз, сабзи маҳсулотларни сақлаш мақсадида 7 жойда омбор-музхона ҳам қуришган. Уларда 1700 тонна  сархил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари  сақланиб, қиш фаслида ҳам шаҳарликлар дастурхонига армуғон қилинади. «Аъзам Азамат» агрофермер хўжалигида 600 тонна, «Жаҳонгир Барноев», «Истиқлол шўъласи» фермер хўжалигида 400 тонна, «Қосимов Абдураҳим», «Қосимов Анвар», «Турсунов Асрорхон боғлари»нинг ҳар бирида 200 тоннадан маҳсулот сақлаш имкониятига эга бўлган холодилниклар мавжуд.

Истиқлол берган имкониятлардан самарали фойдаланаётган агрофирмамиз жамоаси амалга ошираётган ишлар, ҳар жабҳада бир-биридан қувончли. «Аъзам Азамат агро», «Турсунов Асроржон» фермер хўжаликларида мева, узум учун пластмасса яшиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. «Истиқлол шўъласи» фермер хўжалигида биргина ўтган йили 230 минг дона шифер тайёрланиб, мижозларга етказиб берилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бутун халқимиз каби бизнинг, агрофирмамиз меҳнат жамоасини ҳам ниҳоятда тўлқинлантириб юборди. Унда илгари сурилган ҳар бир ғоя,белгилаб берилган вазифалар инсон манфаати ва соҳалар ривожига қаратилгани билан аҳамиятли. Мурожаатномада асосий эътибор, аввало, халқ фаровонлигини ошириш масаласига қаратилган. Хусусан, камбағалчиликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин оширишга алоҳида урғу берилган. Бунинг учун аграр тармоқда энг илғор технологиялар, сув тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этишимиз лозим.

Мухбир: Даромадли, фойдали ва муҳим тармоқ чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш борасида қандай чора ва тадбирлар кўрилмоқда?

О.Ҳасанов: Туманимиз табиатининг гўзаллиги, табиий шароитининг қулайлиги, ноёб ва шифобахш мева ва сабзавотларга бой бўлганлиги, деҳқончилик ва чорвачилик қадимдан ривожланганлиги азал-азалдан маълумдир. Бугун юртимизда озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш, хусусан, аҳолининг сифатли ва арзон чорва маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Айни пайтда чорвачиликда наслчиликни яхшилаш, зотдор  чорва молларини кўпайтириш, борасида агрофирмамиз фермер хўжаликларида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда 400 бош қора мол парвариш қилиниб, улардан сут ва гўшт етиштирмоқдамиз. Бундан ташқари 15 минг бош  парранда  ўстирилиб, аҳоли дастурхонини парҳез гўшт ва тухумга сероб қилмоқдамиз.

Мухбир: Фермер хўжаликлари фаолиятида тубдан ўзгариш, яъни фермер хўжаликларида босқичма-босқич кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйиш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

О.Ҳасанов: Кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдан ташқари қўшимча тармоқ сифатида аҳолига маиший хизмат ёки транспорт хизматлари кўрсатиш ёхуд ишлаб чиқарилган бир турдаги маҳсулотдан қуритиш, қайта ишлаш натижасида бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни (масалан, чорвачиликда сутни қайта ишлаб, қадоқланган қатиқ, қаймоқ, сарёғ) мақсад қилганмиз. Чунки, кўп тармоқли ишлаб чиқаришни ташкил қилишдаги муҳим шартлардан бири бу-ҳар қандай фермер хўжалиги ўз даромадини ошириш мақсадида ўз хоҳишига кўра ихтиёри равишда қўшимча  тармоқларни ташкил этган ҳолда иш олиб боришни йўлга қўйишмоқда.

Мухбир: Тараққиёт қанча тез одимлагани сайин ғайратли, шижоатли фермерлар ҳаёт билан шунчалар ҳамнафас бўлмоқдаки, бунга қойил қолиш керак. Ўн йил, ўн беш йилги фермер билан бугунгисини қиёслаш қийин.

О.Ҳасанов:  Илгари фермер ҳам аслида унинг ўзи эди. Чунки, 2006 йилда агрофирмамиз ҳудудида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Ҳозир фермер очилган имконият эшиклари ёпил­­масдан бурун ҳаракат қилиш кони фойда эканлигига мутлоқ иқрор бўл­ди. Бугунги ҳар бир фермер-тадбиркор, ишнинг кўзини  биладиган кишидир. Улар шу касб орқасидан уй-жой қиламан, тўй-томошо насиб этсин, болаларимни ўқитай, рўзғорим бут, ҳаётим фаровон бўсин деб яшаб, меҳнат қилади. Бунинг учун молиявий ҳисоб-китобни чуқур билиши талаб этади. «Тийинни тежаган – сўмнинг қадрига етади»,  деган ҳикматга амал қилишади. Дарвоқе, унинг кам харажат қилиб, юксак маррани эгаллашида ҳикмат кўп. Энг асосий фермер маҳсулот етиштиришда унинг таннархини пасайтиришда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Мухбир: «Фермерлик ҳаракати» деган ибора «Мустақиллик» каломи билан ҳамоҳанг янгради. Бу икки тушунча ҳаётимизга ёнма-ён кириб келди.

О.Ҳасанов: Ҳақиқатдан ҳам, фермерлик ҳаракати айнан истиқлол туфайли қанот ёзди, эркин ва мустақил ҳаётимизнинг рамзига айланди. Ерни бежиз она замин деб  эъзозламаймиз. У бизни тўйинтиради, кийинтиради, қолаверса охирги манзилимизда ана шу ер бизни ўз бағрига  олади.

Бундан роппа-роса 15 йил бурун «Ориф Ҳасанов» фермер хўжалиги ташкил этиб, маъмурчиликни кўзлаб меҳнат қилдик. 34 гектар майдоннинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб, ҳар йили кўзланганидан зиёд ноз-неъмат етиштириб келмоқдамиз. Биз деҳқончилик қилаётган майдонлар агрофирмамизнинг Янги ариқ ҳудудида жойлашган. Бир пайтлари биз деҳқончилик қилаётган майдон паст-баланд, жар-журликлар, ҳатто кундузи ҳам юришга ҳар кимнинг юраги дов бермасди. «Инсоннинг қўли гул» деб бежиз айтишмайди. Биргина ўтган йили 15 гектар майдонга буғдой уруғи қадаб, гектаридан 45 ўрнига 51 центнердан дон етиштирдик. Жорий йилда режаларимиз  катта 13,8 гектарга экилган буғдой вақтида озиқлантирилгани, агротехника қоидалари асосида парвариш қилингани учун авжи баланд. Мақсадимиз ғалла ҳосилдорлигини гектар ҳисобига 70 центнерга етказмоқчимиз. Дарвоқе, ўтган йили деҳқонларимизнинг қўли ҳар жабҳада баланд келди. Картошка ҳосилдорлиги 180 ўрнига 200 центнер, сабзавотнинг  гектаридан 350 ўрнига 388 центрнердан, озуқа экинларидан 400 тонна ҳосил олдик.

«Молли хўжалик – ёғли жўжалик» – деганларидек 60 бош қора мол парвариш қилиб, гўшт тайёрлаш режамизни 120 фоиз уддаладик. Шунингдек, 31 ўрнига 41 тонна сер­қаймоқ  сут етиштирдик. Бу албатта,  соғин сигирларнинг наслини яхшилаш туфайли  эришдик. Ҳозир 24 бош зоотдор  сигир ўстирилиб, ҳар йили бузоқ олиш  режамизни ошириб бажармоқдамиз. Пул даромадимиз кўзда тутилган 210 миллион ўрнига 262 миллион сўмни ташқил қилди. Соф даромадимиз эса 31 миллион сўмдан ошиб тушди. Айни  пайтда Шароф Ҳамдамов, Холиқ Мажидов, Фаррух Каримов сингари ўн етти нафар ишчиларимиз йилнинг тўрт фаслида ҳам далада баракали меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг ойлик маошларини икки-икки ярим миллион сўмга етказамиз. Шунингдек, иккинчи нонимиз ҳисобланган картошканинг гектаридан 250 центнердан ҳосил оламиз. Бунинг учун эса ерлар сифатли қилиб экишга тайёрланган, 100 тона маҳаллий ўғит далага чиқарилган. 3 км сув йўллари тозланади.

Ҳозиргача 1 гектар ерга картошка уруғи қададик. Бир гектар майдонда пиёз, ярим гектар майдонда тўқсонбости сабзи парвариш қилмоқдамиз. Мақсадимиз шаҳарликлар дастурхонига барвақт ҳосил чиқариб, бундан яхшигина даромад кўрмоқчимиз. Шуниндек, говмишларнинг ҳар биридан 10-12 литрдан сут соғиб олмоқчимиз.

Мухбир: Инсоннинг энг биринчи тарбиячиси – ота-онадир! Уларнинг маънавий дунёси, маънавияти қай даражада бўлса, у шак-шубҳасиз фарзандига ҳам ўтади. Уларнинг қайси бир ўгитлари ёдингизда?

О.Ҳасанов: Ўйлаб кўрсам, умримнинг деярли 38 йилини қишлоқ хўжалигига бағишлаган бўлсам, шундан чорак асрдан зиёди раҳбарлик лавозимида ўтибди. Бунга биринчи уларнинг дуолари сабаб бўлса, иккинчи маслаҳат ва ўғитлари дастуриламал бўлди. Отам Карим Ҳасанов оддий деҳқон, ернинг пири бўлганлар. «Болам ўқи, деҳқончиликнинг сир-асрорларини пухта ўрган. Бу тармоқда ишлаётган одамларнинг ишини енгиллаштириш учун механизациядан унумли фойдалан…», десалар, Онам раҳматли Хурсанд Ҳасанова  «Ҳалол бўл, тўғри юр, бировнинг ҳақига хиёнат қилма…» деб айган насиҳатларини дилга жо қилиб ишлаб, кам бўлмадим.

Мухбир: «Наврўз» агротехсервис МЧ агрофирмаси тасарруфидаги фермер хўжаликларида ҳозир  ҳар бир фермер она заминда ўз ҳаётини, оиласи, бола-чақаси тақдирини қўрмоқда. Даласига нима экади, қандай қилса тупроқ унумдорлиги, ҳосилдорлик  ошади, даромад кўпаяди. Аввало ана шу саволлар унга тинчлик бермайди, узоқни кўзлайди. Эртани кўзлаган инсон эса ҳамиша ҳаёти фаровонлашувини, юрт чиройини очишни ўйлайди.

Холиқ ҲАКИМОВ

суҳбатни олиб борди. 

“Гулобод тонги” газетаси № 8. 26.02.2021 йил

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.4 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!