«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T12:55:36+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Репортаж

КЕЙИНГИ БЕКАТ – ЛЕЙТЕНАНТ

– Факультет!

Гурс-гурс!

– Ўнгга қараб ростлан!

Гурс-гурс-гурс!

* * *

– Факультет!

Гурс-гурс!

– Чапга қараб ростлан!

Гурс-гурс-гурс!

Худди ундов белгисидек

Ҳаётинг давомида бир марта бўлса ҳам умр йўлингнинг саноқли қадамларини мана шундай ростланиб босиб ўтган бўлсанг, ишонавер, дўстим, сен дунёдаги бахтли инсонлардан бирисан. Эгнингдаги ҳарбий либос сенинг паспортинг бўлса, қалбингдаги ватанпарварлик туйғуси қонинг билан бирга вужудингга кирган, томирларингда жимирлаб оқиб турган ўзлигингдир. Айтганча, бутун тананг ундов  тиниш белгисидек (!) бўлиб, кўксингдаги ҳаво на ичкарига, на ташқарига ҳаракатланишини билмай қолиб нимага ростланиб ўтяпсан ўзи? Бунинг замирида нима бор?

Ҳа, бу Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртидаги хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига атаб бунёд этилган “Шон-шараф” майдони. Ҳарбий хизматчилар, курсантлар, умуман ўзини Ватан ҳимоячиси деб билган ҳар бир инсон бу ердан мана шундай ростланиб ўтади.

“Динозаврлар” даврасида

– Турилсин!

Сакраб турасану, сонияда хаёлингни йиғиб олишга ҳам улгурасан киши. Янги дарс бошланади ҳозир. Айтмоқчи, биз Мудофаа ва Фавқулотда вазиятлар вазирликларининг сержантлар таркибида хизмат қилаётган олий маълумотли ҳарбий хизматчилар ҳозир мана шу билим юртининг офицерларни қайта тайёрлаш курсида таҳсил оляпмиз. Вақт гўё АИ-98 бензинида ҳаракатланяпти. Мамлакатнинг турли бурчакларида хизмат қилаётган йигитлардан таркиб топган гуруҳ яқин орада офицер деган шарафли номга эришади. Шу боис ҳамма жидду жаҳд билан таълим олишга, ўз профессионаллигини оширишга киришган.

Жанговар сафларда хизмат қилаётган қуролдошлар орасида ёши катталарини ҳарбийча эркалаш билан “динозаврлар” дейиш одат тусига кирган. Бу таркибда саралар ичидан саралаб олинган, ўша номга муносиб, катта тажрибали, кенг дунёқарашли ҳарбий хизматчилар ва хизматни бошлагананига ҳали кўп бўлмаган, бироқ ўз ишининг усталари жамланган. Шунинг учун бўлса керак, бу сафда “оёғингни ол!”, “етишиб ол!”, “қаторга тўғрилан!” деган буйруқлар деярли янграмайди.

“Зато” харитада бор

Дарслар қизғин. Бу маърузаларни ҳозир ёзиб олсанг олдинг, бўлмаса бундай қимматли маълумотларга, бу ердаги профессионал ўқитувчиларга қайтиб дуч келишингга ҳеч ким кафолат бермайди. Тинглаймиз.

Ҳарбий топография нима учун керак? Узоққа бормайлик, яқин тарихдан мисол келтирамиз. Икки давлат бир-бирига қарши қуролли ҳаракатлар олиб боряпти. Биринчи давлат тактика қўллашга ўтди. Унга кўра, қўшин икки гуруҳга бўлиниши керак. Биринчи гуруҳ дарёнинг нариги томонига кўприк орқали ўтиб олиб, олдга ҳаракатланиши лозим ва харитада кўрсатилган олдиндаги кўприк орқали ўтиб келадиган иккинчи гуруҳ ёрдамида душманни тор-мор келтириш режаси тузилди.

Ҳаракат бошланди. Биринчи гуруҳ ўз вазифасини тез ва хатосиз бажариб, душманга етарлича қаршилик кўрсатиб турибди. Энди иккинчи гуруҳ кўприкдан ўтиб, ҳамла қилса бас, ғалаба тайин. Буни қарангки, ёрдамчи гуруҳ дарёнинг белгиланган нуқтасига етиб бориб, не кўз билан кўрсинки, у ерда кўприк йўқ эди. Натижада дарёнинг нариги томонидаги қўшин қирилиб кетади, ғалаба қўлдан чиқади…

Суруштирувда аён бўлишича, кўприк қуришга масъул бўлган муҳандислар давлат томонидан ажратилган пулларни талон-тарож қилиб юборгану, кўприк умуман қурилмаган. Энг ҳайратланарлиси, қурилишга масъул бўлганлар харитага кўприқни қурилди, деб киритиб юборган…      

У бўлмаса, душман тўй қилиб юборади…

Энди бу дарсга қулоқ тутамиз.

Ўқитувчи ўртага савол ташлайди. “Хўш, алоқа деганда нимани тушунамиз?”

Ҳарбийча рухсат сўралиб, турли жавоблар берилади. Бир партада ўтирган ҳазилкаш йигитлар қитмирча кулиб ёнидаги шеригини секин туртиб қўяди. (Армияда кўнгилга ёқувчи ҳазиллар, қочиримлар ҳам бор. Бу ҳам шахсий таркибнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини ижобий таъсир қилади, улар орасида дўстона муҳит шаклланишига туртки беради. Шу боисдан ҳам буни тўғри тушуниш керак. “Сардор”даги ҳазилкаш “жиян” ҳам аслида ҳаётдан олинган) Охирги тўлиқ жавоб барибир ўқитувчидан бўлади.

 Алоқа решотка (билим юртини ўраб турган тўсиқлар)дан ташқарида мулоқот воситаси ҳисобланади. Бу ёғида эса қўшинларни бошқаришдаги энг муҳим воситадир. У қўшиннинг кўзи, қулоғи. Алоқа ишламаса, жанговар буйруқ керакли нуқтага етиб бормайди. У ишламаса, буйруқлар бажарилмайди, у ишламаса, душманнинг “куни туғади”. У ишламаса, ғалаба ҳақида унут!

Сониялар қадри

Бошқа бир хонада давом этамиз.

АК-74 автомати ҳар 0,001-0,06 сонияда битта ўқ узади. Ўйлаб кўряпсизми, сониянинг мана шу улушларида сиз душманга қарата битта ўқ узяпсиз. Тушуняпсизми, шу жудаям қисқа вақт ичида сиз онадек муқаддас Ватан тупроғига қадам босган ёвни ерга қулатяпсиз. Ҳа, жасоратнинг умри асрлардан ҳам узун. Лекин у мана шундай қисқа сониялардан ҳам иборат бўлиши мумкин.

Бу ҳам майли. Қизиқсангиз автоматнинг бир ўқ узилганидан кейин навбатдаги ўқни ўқдондан олиб, ствол каналига жойлаштириши, яъни сизга иккинчи ўқни узиш учун имконият яратиб беришини ўрганиб чиқинг. Бу бир ўқ узилиши учун кетган вақт оралиғида бажарилади-ю, ундаги ҳаракатларни кўрсангиз, бутун бошли катта бир техниканинг ўт олдирилиши ёки завод-фабриканинг ишлаш жараёнини эслатади.

Ҳаётда кўпинча “вақтим йўқ, ҳеч нарсага улгуролмаяпман”, дейдиган кишиларни учратамиз. Ана ўшаларга автоматнинг ишлаш механизмини намуна қилиб кўрсатиш керакдек. Ундай кишилар “ҳа, энди бу техникада”, деб гап топиб беришига уни ҳам инсон яратганини эслатиш кифоя. Ҳа, вақт – оқар сув. Уни беҳуда сарфламаслик керак. Режали ҳаракат билан ҳамма нарсага улгуриш мумкин.

* * *

Бир сўз билан айтганда ўқув курси нафақат назарий билимлар ошишида, балки ҳаётий хулосалар чиқаришда ҳам қўл келмоқда. Энг муҳими, бу ерга ҳеч ким шунчаки вақт ўтказиш учун келмаган. Айтганча, юқорида бизга сабоқ бераётган билим юрти ўқитувчиларининг айрим дарс жараёнларини келтириб ўтдик. Сабаби оддий: туғилган кунларда, байрамларда “айбсиз айбдор” шарафига турли мақтовлар ёғилади, мадҳиялар ўқилади. Биз эса касб байрами муносаби билан улар соҳанинг қандай профессионаллари эканликларини бошқача таърифлагимиз келди, холос. Биз эса давом этамиз:

– Факультет!

Гурс-гурс!

– Ўнгга қараб ростлан!

Гурс-гурс-гурс!

P/S. Она Ватанга хизматнинг катта-кичиги бўлмайди. Шу маънода ҳарбий унвонни ҳам катта-кичикка ажратавериш ҳар доим ҳам тўғри эмас. Муҳими, эгнингдаги ҳарбий либос ва қалбингдаги тоза туйғу. Айтишларича, курс якунида бизга лейтенант ҳарбий унвори берилар экан. Сарлавҳа шунга ишора.

Курс тингловчиси,

контракт бўйича ҳарбий хизматчи,

оддий аскар Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 9 октябрь, №41

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 29

OAV nomi va parolini kiriting!