«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T12:41:38+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Инновация

АСКАРЛИКНИНГ ОЛТИНГА ТЕНГ ОНЛАРИ

Олий ўқув юртини тугатиб, ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмай юрган ва ўқишга кира олмаган ёшларнинг бир йил вақтим бекор кетади ёки кетадиган бўлди, қабилидаги афсус билан айтилган гапларини кўп эшитганмиз. Ҳа, вақт қадрини билганлар учун унинг нечоғлик қадр-қимматга эга эканлигини яхши билади. Вақтни ана шундай қадрлайдиганлар ёшлар учун Мудофаа вазирлиги томонидан яна бир имконият яратиб берилди.

2018 йил. Ушбу санада Қуролли Кучлар академиясида Илмий взвод ташкил этилди. Иқтидорли ҳарбий хизматчилар қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соҳада инновацион ғояларни такомиллаштириш мақсадида амалга оширилган саъи-ҳаракатлар кўп ўтмай ўз самарасини бера бошлади. Қисқа қилиб айтганда, муддатли ҳарбий хизмат даврини Илмий взводда ўташ имкониятига эга бўлган аскарлар учун олтинга тенг деб баҳоласак хато бўлмайди.

Мамлакатимизнинг етакчи олий ҳарбий таълим масканида Илмий взводнинг навбатдаги тақдимот маросими бўлиб ўтди ва унда муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган бир қатор ватан ҳимоячилари ўз илмий ишларини мутахассислар эътиборига ҳавола этди. Тўғрисини айтганда, республикамиз олий ўқув юртларини тамомлаган ёшлар учун йигитлик бурчини ўташ давомида илмий изланишлар олиб бориши учун Мудофаа вазирлиги томонидан яратиб берилган бундай имконият хорижий амалиётда кузатмаганмиз. Шунинг учун кўпчиликда Бир йиллик хизмат даври мобайнида қандай илмий ишни амалга ошириш мумкин? деган савол туғилиши табиий.

Аммо Илмий взвод томонидан яратилган инновациялар кўргазмаси ва тақдимотда намойиш этилган янги илмий ишлар ҳар қандай ўрин шуҳба гумонларга ўрин қолдирмади. 2020-2021 хизмат даврида Илмий взводнинг ўттизга яқин муддатли ҳарбий хизматчиси ўз илмий раҳбарлари билан тўққизта йўналишда изланишлар олиб борди. Олиб борилган илмий ишлар мавзуси ҳам турли-туман – GPS қурилмасидан тортиб жанговар қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларда ишлаш меъёрларигача,  автоном ёки локал тармоқ орқали ишлаш имкониятига эга автоматлаштирилган дастур ва ахборот ресурсини бошқаришнинг дастурий таъминотигача бўлган бир-биридан долзарб йўналишларни мужассамлаштирган.

Тақдимот давомида Қуролли Кучлар академиясида фаолият олиб бораётган Илмий взводнинг 2020-2021 хизмат даврида олиб борган изланишлари соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. Айниқса полковник Анвар Мусаев ҳамда майор Акбар Муллажонов раҳбарлигида оддий аскарлар Ферузбек Рустамов, Руслан Коняров, Улуғбек Абдуллаев томонидан яратилган GPS қурилмаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Муддатли ҳарбий хизматчилар GPS қурилмасини яратиш жараёнида Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамкорликда иш олиб борганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.

– Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети тамомлаганман. Тўғрисини айтсам, ҳарбий хизматда ўз мутахассислигим бўйича илмий иш қилишни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Қисқа вақт ичида устозларимиз ва хизматдошларим билан «Мудофаа вазирлигида GPS тизими хизматидан фойдаланишни такомиллаштириш» мавзусида изланишлар олиб бордик. Бугун мутахассислар томонидан мазкур илмий ишимиз юқори баҳоланиб, сертификат ва тавсияномалар билан тақдирландик. Бу муваффақиятни ҳаётимда эришган энг муҳим ютуқлардан бири деб баҳолайман, – дейди оддий аскар Ферузбек Рустамов.

Ўтган йили Илмий взводнинг биринчи қалдирғочлари томонидан камқувватли радиостанцияларни қувватлаш ва йиғин тревогаларини матн тизимида етказиб берувчи смарт SOS қурилмалари ихтиро этилганди. Бугуни кунда ана шу қурилмалардан Мудофаа вазирлиги қўшинларида кенг миқёсда фойдаланиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Илмий ишлар ва иновацияларни ташкил этиш бўлими бошлиғи подполковник Ихтиёр Мардоновнинг таъкидлашича, Илмий взводда инновацион изланишлар  олиб борган бир неча ҳарбий хизматчи Мудофаа вазирлиги қўшинларида фаолиянити давом эттиряпти. Шунингдек, подполковник Ихтиёр Мардонов бу йил взводнинг уч нафар иқтидорли ҳарбий хизматчиси Ватан ҳимоячиси бўлишига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилишини айтиб ўтди.

Тақдимот маросимида муваффақиятли деб баҳоланган шу каби илмий ишлар Мудофаа вазирлиги раҳбариятига тақдим этиш учун танлаб олинди. Тақдимот якунида ўттиздан ортиқ муддатли ҳарбий хизматчига махсус сертификатлар топширилди. Шунингдек, қисқа вақт ичида интеллектуал қобилиятини намойиш этган йигитларга келгусида республикамизнинг турли корхона ва ташкилотларида ишлаш имкониятини берувчи тавсияномалар билан ҳам тақдирландилар.

Асрор РЎЗИБОЕВ

. «Ватанпарвар» газетаси. 11-сон. 2021 йил. 19 март.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.3 / 5. Baholaganlar soni: 14

OAV nomi va parolini kiriting!