«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T10:45:15+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Истиқлолим-ифтихорим

ВАТАН ЮРАКДА ЎСГАН ДАРАХТ

Мен Ватанни на китоб, на жаридадан ўрганганман,

Момоларнинг юзидаги харитадан ўрганганман.

Боболарнинг таёғию, чориғини кўргандайман,

Мен ватанни сўрилардан, сўқмоқлардан ўрганганман.

Шоир таърифлаганидек ватаннинг қандай жозибаси борки ўзига оханграбодек тортади. Ватан менинг болалигим – ялангоёқ тупроқли кўчаларда чопиб улғайган болалигим. Ватан менинг маҳаллам меҳри бисёр, оқибати кўркам. Ватан у хикмат тўла дуогўй боболарим, момоларим.

Ватан – юракда ўсган дарахт. У инсоннинг меҳридан, муҳаббатидан, садоқатидан баҳра олиб кўкаради. Ватан – юракда ўсган дарахт. Унинг танаси метин иродали, шавкатли, шижоатли эрлар, шоҳлари учмоққа шай оловқалб ёшлар, барглари эртанинг ёруғ истиқболлари бўлмиш ширинтой фарзандлар, илдизи эса борга ҳам йўққа ҳам жимгина кўнувчи, бутун танасига садоқат сақлаб, асраб-авайловчи жонсарак ва фидойи жон бўлмиш аёлдир. Ватан – муқаддас бешик бўлмиш оилам. Ватан – менинг бугуним ва эртам, истиқлолим нурга тўла истиқболимдир. Аслида ватанга бўлган муҳаббат инсон юрагидан жой олади. Ватан туйғусини ҳис қилиш эса энг улуғ бахтдир. Ахир Ватан туйғуси – бу азиз ватанимизнинг пешона тери билан обод ва маъмур этган, лекин номлари тарих сахифаларида ёзилмаган оддий кишиларимизнинг фидокорона ва яратувчан меҳнатини мудом ёдда тутишдир.

Ватан туйғуси – бу  ўз ақл-идроки билан жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, қомусий мутафаккирларимизни ёдга олишдир. Ўз халқини севиш, у билан фахрланиш, уни ҳурмат қилиш ва қадрига етиш деганидир.

Ватанни севиш бу – азиз ва лазиз, гўзал Ватанимизга юксак эътиқод билан яшаш ва унга ҳамиша чин фарзанд бўлиш деганидир.

Ана шундай туйғу, ҳисларга эга бўлган инсон ўз ватанини севмаслиги, ватанидан йироқда бўлганида ҳам уни қўмсамаслиги мумкин эмас.

    Мустақиллик эълон қилинган йиллари ёши тўқсонни қоралаб қолган бобом раҳматли шундай деган эди: – болам, мустақиллик жуда осонлик билан қўлга киритилди. Ҳар тугул қон тўкилмади, уруш-низолар бўлмади. Унга  тинчлик-хотиржамликда эришилди, энди уни асрай билиш керак.

Тарихдан маълум мустақиллик, озодлик учун миллатлар бир-бирлари билан урушлар олиб борган. Тарих саҳифаларида қора доғлар пайдо бўлган. Бизлар  бир тишлам нон учун кунлаб навбатда туришлар азобини кўрганмиз, бутун бир қишлоқда битта шифокор бўлмагани учун қанчалаб одамлар аниқланмаган касалликлардан ўлиб кетганини биламиз, оталаримиз бесабаб қулоқ қилиниб “хоиннинг боласи” деган тавқи-лаънат остида яшаш қанчалар оғир эканлигини биз кўрдик, сизлар кўрманг илоҳим.

Болажонларим, сиз учун биз босиб ўтган йўл эртак бўлиб қолсин. Сизлар ҳали ёшсизлар ўзгага қул бўлиб яшаш қанчалар оғир эканлигини тушунмайсизлар. Сизнинг бахтингиз мустақилликнинг, эркнинг болаларисиз. Юртдаги тинчлик, осойишталик, хотиржамлик учун шукур.

Бобомнинг гаплари ўша пайтлари ҳақиқатдан ҳам худди эртакдай туюларди. Бу эртакни жуда кўп бор эшитганмиз. Ўша пайтлари ростдан ҳам тушунмаганмиз. Мана энди ақлимиз тўлишиб оқ билан қорани ажрата оладиган бўлдик. Ва, бир ҳақиқатни англаб етдикки, бизнинг ҳаётимизни ташқаридан биров келиб ўнглаб бермайди. Уни ўзимиз кўплашиб, биргалашиб яратамиз, яхшилаймиз, асраймиз. Шу сабаб ҳам мустақилликни асраш, тинчликни қадрига етиш, шукур қилишни билиш лозимдир.

Дунёда тинчлик сўзидан қадрли ва юракка яқин калом топилмагани каби тинчликка хос бўлган бошқа ҳеч қандай хотиржамлик хам бўлмайди.  Инсон учун тинчлик, эзгулик, оқибат тушунчаларидан кўра қадрлироқ туйғу ҳам йўқ аслида. Зотан, мана шу қадриятлар силсиласида камол топаётган инсон энг аввало ўзлигини тўла англаб етади. Яшашга бўлган умид ва ишонч юксалади.  Эртага менинг ортимдан нимадир қолиши керак – деган қатъий ишонч уни атрофдагиларга нисбатан ҳайрихоҳ бўлишга, тинчликни қадрига етишга, эзгулик қилишга, оқибат кўрсатишга ўргатади. Аслида тунларимиз осуда, кунларимиз беҳавотир ўтаётгани, илм олиб, изланишга имкон бўлаётгани, оналаримиз алласини тинглаш, гўдаклар кулгусига гувоҳ бўлиш, кексалар дуосига қўл очишдек бахтга мушарраф бўлаётганимизни ўзи саодат эмасми?

Мактабда менга адабиёт фанига меҳр уйғотган севимли ўқитувчим Дилфуза опанинг қизи хориждаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олишини эшитгандим. Устоз  билан кўришганимизда шу ҳақда сўрагандим, – ҳа ўқиши якунланиб қолди, шу йил қайтади – деб қолдилар.

–  бугун ҳамма ёшлар хорижда ўқишга, ишлашга, яшашга қизиқиб турган бир пайтда  наҳотки қизингиз қайтишни ҳохлаётган бўлса – дегандим. Дилфуза опа,  қизим – ойи, бу ерда бир ой кийсангиз ҳам оёқ кийимингиз чанг бўлмаслиги мумкин аммо мен барибир ёзда чанг, қишда лой бўладиган қишлоғим кўчаларини соғинаман.        Бу ерда ота билан бола ўртасида шартнома тузилади. Оилада меҳр-оқибат деган тушунчани ўзи бўлмайди. Ота фарзандини хатоси учун уришса уни полицияга топширадилар. Ота-она буюрган юмуши учун фарзанд ҳақ талаб қилади. Шу сабабли қуёши беминнат Ўзбекистонда туғилиб ўсганимга, қишлоғимнинг кекса бобойлари-ю, насиҳатгўй момоларини борлигига шукур қиламан, юртимдаги тинч ва осойишта ҳаётга, меҳр-оқибатли инсонларига бутун дунё бойлигини алмаштириб бўлмайди – дейди. Қизимни ҳақиқий  ватанпарвар десам хато бўлмас-а? – деганида ватанни севиш аслида шу бўлса керак – деб ўйладим.

Ватаннинг хизматига ярамок, унинг тинчлиги, осойишталиги учун фидо булмоқ энг юксак туйғудир. Ватанпарварлик – муқаддас бурч эканлигини, ватанни севиш, ардоқлаш, тинчликни қадрига етиш, барчаси учун шукроналик қилиш Дилфуза опанинг фарзанди Азиза каби бутун юртдошларимиз учун азиз неъмат эканини унутмасликларини истардим.

Мен дунёни не деб атай? Бу бир кўхна боғ

Ўз билганин сайрар бунда ҳар қумри ҳар зоғ

Асло сенинг бағирларинг кўрмайин мен доғ

Юлдузларга осмон бўлган эй нурли тупроқ

Осмонлари еру ери осмоним ватан

 

Сўқмоғингда мен бир эпкин ё бир насимман

Япроқ сенинг ҳас бўлсам гар сенинг хасингман

Жайронларинг кўзларида қолар сўзингман

Менинг борим сен биландир, йўғим сен билан

Катта йўлга чиққан улуғ карвоним ватан.

Истиқлолнинг бизга берган неъмати  бу  – шубҳасиз ватанпарварлик туйғусидир. Бу муқаддас туйғу ҳар бир юртдошимиз қалбига жо бўлиб, ватанга садоқат, ифтихор ва мамнунлик ҳиссини уйғотади. Айнан мустақиллик сабаб юртимизда инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатлана бошлади. Бу кафолатлар сўнгги йиллар давомида ҳаётий воқеликка айланиб бормоқда. Ўз ўрнида юртдошларимиз ҳам ўзларида ватанни севиш, ватан учун куч-қудратни бағишлаш, фидойилик қилиш, ватаннинг шаъни ва мавқеи учун жасоратли бўлиш ва ғурурланиш фазилатларини шакллантирмоғи лозимдир. Чунки, халқи ватанпарвар бўлган эл сиёсатда баркамол, иқтисодда устун, маънавиятда юксак бўлади.

Бизларга ЭРК туйғусини англатган улуғ айём Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин. Осмонимиз мусаффо, тунларимиз осуда, ҳаётимиз фаровон бўлсин. Оилаларда тинчлик, кўнгилларда хотиржамлик барқарор бўлсин. Инсонлар бир-бирларига эзгу тилаклар, саодатли лаҳзалар соғиниб яшасинлар.

Феруза  ОРИПОВА

Республика Маънавият ва маърифат

маркази бош мутахассиси

(август 2020 йил “Зўр Тасвир” газетаси)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.8 / 5. Baholaganlar soni: 37

OAV nomi va parolini kiriting!