«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-06T11:23:04+05:006 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ОРАМИЗДАГИ ОДАМЛАР

Оразгул ЎТЕНИЁЗОВА:

Қорақалпоқ телевидениесининг Биринчи диктори

Яқинда Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муротбой Низанов билан суҳбатлашиб қолдим. Гап орасида у киши қорақалпоқ телевидениесининг биринчи диктори Оразгул Ўтениёзованинг ҳаётлиги ва айни пайтда у Тошкент шаҳрида яшаётгани ҳақида гапириб қолди. Шундан сўнг у киши билан ҳам суҳбат уюштириб, тарих саҳифаларимга муҳрлашни ният қилдим. Муротбой Низановдан у кишини қандай топишим мумкинлигини сўраб-суриштириб, телефон орқали боғланишга муваф- фақ бўлдим. Вақтини белгилаб, суҳбатлашгани хонадонига ташриф буюрдим. Касбимга бўлган қизиқишим туфайли соҳамга оид маълумотларни йиғиб, тўплаб юришга ҳаракат қиламан. Албатта, бу маълумотлар соҳамизнинг бир саҳифаси.

Албатта, болалик, ёшлик даври инсоннинг энг беғубор, такрорланмас бир дамлари. Бу дамлардаги ҳар воқеани эсласанг беихтиёр инсоннинг кўнгли бўшаб, юзига табассум югуради. Шу мақсадда қўлимга Оразгул опанинг дикторлик фаолияти давомида тушган суратини олдим. Бу, таъкидлаб ўтганимдек, менинг суҳбатни табассум билан бошлашимга туртки бўлди.

Оразгул опа ёшлигидаги суратни кўриб:

– Вой, бу расм менинг ўзимда йўқ, сиз уни қаердан олдингиз? – деди самимий табассум билан.

– сизга қорақалпоқ телевидениесининг биринчи режиссёр ассистенти Кийик Абдурейимовадан салом. Сизнинг расмингизни ўша опадан олдим. эслаган бўлсангиз керак?

– Албатта, унинг турмуш ўртоғи Қуўат Абдурейимов телевидениеда биринчи режиссёр эди. Кейинчалик у киши театрга ишга ўтиб кетди. «танка» фильмидаги халқ артисти роли охирги роли бўлса керак. Телевидение дастлаб ўз фаолиятини бошлаганда барча ижодкорлар ҳамжиҳат бўлиб бирга ишлаганмиз. У пайтда ҳаммамиз навқирон ёшлар эдик.

– сиз қорақалпоқ телевидениесининг биринчи дикторисиз. Биринчи дикторнинг ҳам янги эфир пайтида ўзига яраша масъулияти бўлгандир. Ваҳолонки, у пайтда дикторлик соҳасида ҳали тажриба, малака, мактаб шаклланмаган эди?

– Албатта, телевидение халқимизнинг кундалик ҳаётида, ёшлар тарбиясида, миллатлараро тотувликни сақлашда, инсон руҳиятини кўтаришда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, ҳар сўз, ҳатто, нафас масъулиятини ҳис қилмаслик мумкин эмас. Шунинг учун доим ишга эртароқ келиб, матн билан танишиб, қайта-қайта ўқиб, ортиқча сўзларни қисқартиб, узун жумлаларни ахборотга мослаштириб, жиддий тайёргарлик кўрардик. Шу билан бирга, ташқи кўринишимизга ҳам ниҳоятда эътибор қаратганмиз. Кийимларимиз офис формасида, сочларимиз йиғилган, ортиқча пардоз-андоз қилмасдан, табиий ва гўзал кўринишга ҳаракат қилганмиз. Дикторлик фаолиятимда қийналмасдан ишлашимга сабаб, талабалик давримнинг дастлабки йилларидаёқ, университетдаги радиода таниқли шоир Кенесбой Раҳмонов муҳаррирлик, мен эса бошловчилик қилар эдим.

– 1964 йил. Илк марта республика телевидениеси ўз фаолиятини бошлаяпти. Экран – халқнинг, миллатнинг юзи. Демак, экранга муносибларни танлаш жуда муҳим масала. Сиз ҳам кўрикдан ўтганмисиз?

– Ҳа, 1964 йил мен ҳам ушбу танловда қатнашганман. Ўшанда мен ҳозирги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг тарих-филология факультети- нинг рус тили ва адабиёти бўлимининг 3-курс талабаси эдим. Сентябрь ойининг охири, кутилмаганда аудиториямизга университетимиз ректори Тажен Изимбетов, деканимиз Анвар Жақсибаев ва яна 2-3 нафар қўлида фотоаппаратлари бор кишилар кириб келди. Улар орасида ўрта бўйли, қадамларини тез-тез босадиган киши аудиториямиздаги талаба қизларга жиддий разм сола бошлади. Кейин билсам, бу киши Телевидение ва радиоэшиттириш давлат комитетининг (ўша пайт шундай номланар эди) раиси Мирзек Қалимбетов экан. Мирзек ака яқинда Қорақалпоғистонда телевидение ўз фаолиятини бошлашини, унда қорақалпоқ ва рус тилларида кўрсатувлар эфирга узатилишини, шунга дикторлар танлови ташкил қилинаётганини маълум қилди.

Шундан сўнг бир гуруҳ қизларни 3-4 та автобус билан телестудияга олиб боришди. Қўлимизга кичкина матн бериб, студияда камера олдида ўқитиб кўрди. Орадан 4-5 кун ўтгандан сўнг мени ва рус тилидаги дастурлар учун Светлана Шапочниковани ушбу танловдан ўтганимизни маълум қилишди.

Света билан мен ўша пайтдаги информацион дастур «Телевизиялық жаналықлар»ни олиб бордик. Энди эслаб кўрсам, ўша пайтда кастинг ўтказишган экан.

– Ўша тарихий санада, биринчи олиб борган дастурингиз ҳақида гапириб берсангиз?

– 1964 йил 5 ноябрь, соат 19:00 да телевизорда «Нукис кўрсетеди», «Показывает Нукус» деган титр пайдо бўлди ва Қорақалпоғистон телевидениеси ўз кўрсатувларини бошлади. Дастлаб ўша пайтдаги Қорақалпоғистон АССР Жўқорғи Совети Президиумининг раиси Д.Ешимбетов Нукус телестудиясининг иш бошлагани билан бутун халқни табриклади. Сўнг «Телевизиялық жаналықлар» информацион дастури эфирга узатилди. Уни мен тўғридан-тўғри эфирда олиб бордим. Бу дастур республикамизнинг маданий ҳаётини, илм янгиликларини, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги зафарларни аҳолига қисқа ва тезкор етказишда муҳим аҳамиятга эга эди. Шунинг учун ижодкорлар биринчи кунги дастурда мазмунан бой ва географиясини кенгроқ қамраб олишга ҳаракат қилишди. Қорақалпоқ тилидаги сони 5 дақиқа, рус тилидаги сони эса 4 дақиқа тайёрланди. Унда Хўжайли тумани пахтакорларининг зафарлари, илғор теримчилари, Нукус шаҳрида бунёд этилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишлари, Орол балиқчилари фаолиятидан тайёрланган лавҳалар берилди. Тасвирларида, асосан, суратлар, яъни фоторепортаж намойиш этилди. Орқа фонда парда турар эди. Ушбу информацион дастурдан кейин санъаткорлар ижросида концерт дастури берилди. Дастур бадиий фильм билан ёпилди.

Кейинчалик байрамларда концерт дастурлари ташкил қилинди. Аста-секин кўрсатувлар тематикаси кенгайиб, «Олтин қўллар», «Гўзаллар», «Қорақалпоғистон хотин-қизлари», «Сиҳат-саломатлик», «Телетикенек», «Шоирлар – болаларга» каби кўрсатувлар эфирга узатила бошланди.

Ўзбекистон фанлар академиясининг вице-президенти Марат Нурмуҳаммедовнинг Москвада номзодлик диссертацияси ҳимоясида: «Агар бир киши юрак ютиб қалин ўрмондан кичкина бир йўлакча очса, уни бирданига катта гузар йўл солмадинг, деб айблаш мумкинми?» деган сўзлари бор. Демоқчи бўлаётганим, ўша пайтдаги қорақалпоқ телевидениесидаги кўрсатувларга танқидий кўз билан қараб бўлмайди. Чунки улар биринчи қалдирғочларнинг илк маҳсулотлари эди.

– меҳнат фаолиятини телевидениеда муҳаррирликдан бошлаб, тарихга ўз исмини муҳрлаб кетган ижодкорлардан кимлар билан фаолият юритдингиз?

– Қорақалпоғистон телевидениесининг дастлабки кўрсатувларини катта муҳаррир Ғалым Сейтназаров, муҳаррир Қармыс Досанов, муҳаррир (рус тили) В.Копылов каби ёзувчи ва журналистлар, режиссёр Қуўатбой Абдирейимов, режиссёр ассистенти Кийик Абдурейимова, режиссёр ёрдамчиси З.Сайитова, оператор Полат Бегимов ва фотомухбир К.Ерназаров каби ижодий ходимлар тайёрлашган. Ҳамон эсимда, биринчи кўрсатувга катта тайёргарлик кўрилди. Баъзан муҳаррирлар би- лан маслаҳатлашиб, рақамларни имкон даражасида қисқартиб, катта жумлаларни ихчамлаштирар эдик.

Ўша пайтда радиода ҳам малакали дикторлар гуруҳи фаолият олиб борди. Яъни Марқа Кожурова, Сулувсоч Сердалиева, Жугунис Пахратдинов ва бошқалар ишлар эди. Уларга ҳавас қилардик. Чунки улар ҳар бир сўзни аниқ равшан, дона-дона, урғуни ҳам тўғри қўйиб ўқиган барча эшиттиришларни диққат билан тинглар эдик. Вақт ўтиши билан сафимизга рус тили бўйича яна бир диктор Гертруда Гагацева келди. Қорақалпоқ тилида болаларга мўлжалланган кўрсатувларни олиб боришга

эса кичкина қизча Бибихатша Қаипова келди.

– сиз учун дикторлик фаолиятингизда қийин бўлган нарса нима?

– Мен учун чироқлар ёруғига қараш жуда қийин кечди, ҳеч ўргана олмадим.

– адашмасам, сизнинг илмий даражангиз ҳам бор?

– Ҳа. Мен ўқишимни тамомлаб, аспирантурада ўқиш мақсадида Москвадаги Жаҳон тиллари университетига танловга топширдим ва муваффақиятли ўтиб, фи- лология фанлари номзоди илмий даражасини Москвада ҳимоя қилдим.

Қорақалпоғистон Республикасининг биринчи диктори Оразгул опанинг хонадонидан қайтар эканман, гўё ўша тарих қайта тирилгандек, ўзимни эса ўша даврга тушиб қолгандек ҳис этдим. Бугун бувилик бахтини кўраётган Оразгул опага сиҳат-саломатлик тилаймиз. Ҳамиша шогирдлар эъзозида бўлиш бахти ҳамроҳ бўлсин деймиз!

  1. Журналистларнинг меҳнатини, маҳоратини юзага чиқарадиган, телекўрсатувларнинг ҳам, радиоэшиттиришларнинг ҳам савиясини юқори кўтариб берадиган, мақола, хабар, репортажларнинг асл моҳиятини томошабин ва тингловчиларга осон етказиб берадиган кишилар – дикторлардир. Албатта, уларнинг ширинсуханлиги, билимдонлиги катта аҳамиятга эга. Зеро, дикторлар миллатнинг, халқнинг вакилидир. Дикторлик касби ҳам санъат, ҳам ижоддир. Дарҳақиқат, диктор журналистлар томонидан тайёрланган кўрсатув ёки эшиттиришга жон киритиши, бунинг учун эса матн билан олдиндан танишиб, воқеликни ўзидан, юракдан ҳис қилиши керак. Ана шундагина аудиторияга тушунарли, қизиқарли бўлади.

 

Перхан Алламбергенова,

журналист.

«Маҳалла кўзгуси» журнали 2020 йил, № 7-8 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.6 / 5. Baholaganlar soni: 10

OAV nomi va parolini kiriting!