«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T20:02:42+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ҲАЛОЛЛИК  НИМАДАН БОШЛАНАДИ?

Мана, бир ойдан ошдики, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибли. Унинг мазмун-моҳияти нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам катта қизиқиш    уйғотмоқда. Мазкур ҳужжат яқинда Туркияда китоб ҳолида чоп этилгани фикримиз далилидир.

Биз ҳам зиёли инсонлар сифатида давлатимиз раҳбарининг дастуриламалга айланган Мурожаатномасига қайта-қайта мурожаат қилмоқдамиз. Кўпинча ўзимизни ўйлантираётган саволларга ундан жавоб излаймиз. Эътиборли жиҳати – қидирган нарсамизни дарҳол топамиз, у бизга йўл-йўриқ кўрсатади, қандай ишлаш кераклигини кўрсатади.

Яқинда жамиятни ортга тортаётган, тараққиётга халақит бераётган ҳолатлар  ҳақида ўзаро фикрлашдик. Бундай салбий иллатлар  – таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик, порахўрлик кабиларни тилга олдик.

Албатта, шунда Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдимизга тушди. «Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак», деди Юртбошимиз.

Сезяпсизми, қўйилаётган масала кўлами нақадар кенг. Уни ҳаётнинг барча жабҳаларида учратиш мумкин. Ва токи, тўла ҳал қилинмас экан, у тараққиёт сари йўлга ғов бўлиб тураверади. Шунинг учун назаримизда, ҳар биримиз ишни ўзимиздан бошлашимиз керак. Оилада, маҳаллада, жамоада адолат тамойиллари қарор топмаса, мақсадга эришиб бўлмаслигини англаб етмоқ даркор. Ёш авлод вакиллари ҳақида гап кетганда, биз уларни боғча ёшиданоқ ҳалолликка ўргатишимиз, адолат ғояларининг муқаддаслигини тушунтиришимиз, эзгулик билан ёвузликни фарқлай олишларига кўмаклашишимиз бугунги куннинг бош талабларидан биридир. Энг муҳими, бу хайрли ишдан ҳеч ким четда қолмаслиги зарур.

Кейинги пайтда кенг қулоч ёзаётган иллатлардан бири мадҳиябозлик ва лаганбардорлик эканлиги ҳаммамизга аён. Айрим ташкилотлар ҳаёти билан танишсангиз, у ерда раҳбар шаънига айтилаётган кўпдан-кўп мақтовларни эшитасиз. Энг қизиғи, уларнинг аксарияти зўрма-зўраки,  сохта мақтов эканлиги беш қўлдай маълум.  Лекин ҳеч ким эътироз билдирмайди, аксинча, кимлардир бир мақтовнинг ёнига ўнтасини қўшишади. Назаримизда, ноўрин мақтов ҳам коррупциядан ўзга нарса эмас. Чунки киши нима учун ўзи муносиб бўлмаган мақомга эга бўлиши керак, деган савол туғилади.

Ёки яна бир ҳолатни кўриб чиқайлик. Сўнгги кезларда орамизда мукофотпараст деб номланадиган шахслар ҳам пайдо бўлди. Улар ўзларининг арзимас  ишлари учун рағбат олишга интиладилар. Бу йўлда ҳеч қандай ёлғондан, туҳматчилик ёки иғвогарликдан қайтмайдилар. Мукофотнинг эса энг каттасини талаб қиладилар. Энг ачинарлиси, оладилар ҳам уни, кейинчалик «қойиллатдимми?», дегандай, бошқаларнинг устидан кулиб, гердайиб юрадилар.

Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади, дейишади. Бу гапни яна бир тоифа – «минбарга интилувчан» шахсларга бемалол тадбиқ этиш мумкин. Улар ҳам турли йиғилиш ва тадбирларда сўз олмасалар, кўнгиллари жойига тушмайди. Боз устига тинмай раҳбарларни мақтайдилар, ҳамду сано ўқийдилар, орада албатта, ўзларини ҳам унутмайдилар. Гўёки бу билан юқоридагиларга «садоқат»ларини намойиш этадилар.

Яқинда бир танишимиз ишлайдиган муассасада раҳбар бошқа ишга ўтди. Унинг анчадан бери ишлаб келаётган ўринбосари бор эди. Ҳамма «энди шу одам бўлса керак, етарли тажрибага эга», деб ўйлаб турганди. Бироқ замонанинг зайлини қарангки, бўш курсига соҳага алоқаси йўқ, бошқа вазифаларда ҳам ўзини кўрсата олмаган, яъни «урилган-сурилган» шахсни олиб келиб қўйишди. Барча ҳайрон бўлди, қизиғи, ҳеч кимга маъқул келмаган янги раҳбарни осмонга кўтариб мақтайдиган «ҳайбаракаллачилар» дарров топилди. Уларнинг гаплари жамоанинг фикрини чалғитди-қўйди…

Бундай бўлишига сабаб нима? Шундай ноқобил ишларга кимлар қўл урадилар? Назаримизда, ўзининг қобилиятсизлигини яққол сезган, бошқалар каби меҳнатда намуна кўрсата олмайдиганлар бундай йўлни танлайдилар. Ялтоқланиш, мадҳиябозлик, нохолислик эвазига сохта обрў орттирмоқчи бўладилар. Бу билан жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит бузилаётганлигига эса парво қилмайдилар. Чунки улардаги худбинлик, шахсий манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, ўзгаларни назар-писанд қилмаслик шунга олиб келади.

Юқоридаги каби ҳолатларнинг юзага келишига асосий сабаб ҳеч шубҳасиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, одамларнинг «ҳалоллик вакцинаси»дан баҳраманд бўлмаганлигидир. Яна бир ўта аянчли ҳолат – айримлар сўзда бошқача гапирадилар, амалда ўзгача йўл тутадилар. Яъни хўжакўрсинчиликка йўл қўядилар, бу билан бутун жамият онгини заҳарлайдилар, ҳалоллик ва поклик инсон ҳаётида, камолотида ниҳоятда катта аҳамиятга эгалигини унутадилар. Оқибатда мўмай бойлик орттиришни мақсад қилиб,  инсофсизлик, қаллоблик, тамагирлик йўлига кирадилар.

Шу ўринда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конвенцияларидан биридаги қуйидаги фикрлар аҳамиятини эслашимиз мумкин. «Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.»

Энди ўзбек тилининг изоҳли луғатига мурожаат қилайлик. Унда  «тама» ибораси «кучли истак», «ҳирс», «очкўзлик» маъноларини англатиши кўрсатилган. Тамагирлик бировдан бирон нарсани кутиш ва шунинг илинжида бўлишда ҳам кўзга ташланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу иллат таъсирига тушганларни оқлаб бўлмайди. Чунки улар жамиятнинг таназзулга юз тутишига олиб келади.

Халқимиз азалдан ҳалоллик ва поклик бор жойни қут-барака тарк этмайди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақиқат узоқ асрлар давомидаги тарихда сон-саноқсиз марта исботланган. Шундай экан, ҳар бир ватандошимиз ўз ҳаёти ва фаолиятида адолатни ҳамда ҳақиқатни шиор қилиб яшаши ва меҳнат қилиши лозим. Бу йўлда барчанинг эзгу ниятлари рўёбга чиқишига тилакдошмиз.

Анорбой ОЛИМОВ.

(«Косонсойнома» газетаси, 2020 йил 28 февраль)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 85

OAV nomi va parolini kiriting!