«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T19:47:05+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Нажот Ўзимизда, онгимизда

Ўтмишда яшаб ўтган донишмандлардан бири Демокрит ғалати одати билан ҳам  эсланади. Бундан тўрт минг йиллар аввал Римда яшаган бу аллома кексайганда кўп вақтини шаҳар марказида ўтказаркан.

У кун бўйи бир четда ўтириб олиб, кўчада тирикчилик ташвишида у ёқдан бу ёққа  тинимсиз чопаётган одамларни кўриб, овозини борича тинмай куларкан. Шу сабабли ҳам ўтмишда у «кулаётган донишманд» номини олган.

Дастлаб, бу манбани ўқиганимда унча эътибор қаратмагандим. Бир китобхон сифатида кейинги пайтларда ҳаётнинг тузилиш қонунлари, инсон онгининг чексиз имкониятлари ҳақидаги китобларни кўп ўқиганим, улардаги асосли далилларни онгимда қайта «синтез» қилганим сари Демокритнинг оддий «кексалик шўхлиги»да чуқурдан-чуқур маънони туя бошладим. Буни соддароқ тушунтирсам, биз инсонлар Аллоҳ томонидан бизларга берилган чексиз (илоҳий дейиш ҳам мумкин) имкониятларни ўрганмасдан, улардан фойдаланмасдан ўз-ўзимизни қийналиб яшашга «маҳкум» қиларканмиз.

Яна ҳам соддароғи – ўз ҳаётимизни оммавий тарзда шунчалик моддийлаштириб юборамизки,  ҳаётимиз мазмуни, фаровонлигимиз фақат моддий тўкисликдан иборатга ўхшаб қолади. Янада ачинарлиси, биз «маънавият» сўзини қанча кўп ишлатганимиз билан бу сўзнинг маъносини, аҳамиятини, афсуски камчилик англайди. Келинг, яхшиси маънавий дунёқарашимизнинг ҳаётимиздаги аҳамияти, онгимизнинг илоҳий имкониятлари ҳақида ўз билганимча ўртоқлашай. Бу соҳада шахсий ҳаётимда ўз исботини топаётган асос-далилларни сиз билан баҳам кўрай. Зеро, муқаддас динимизда зикр этилганидек, «Ўзинг яхши кўрган ва ўзингга фойдали бўлган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўр».

Аввало, инсон онги имкониятлари ҳақида тадқиқотчиларнинг китобларидан тушунганларимни соддароқ баён қилай. Ўқиганларимдан мулоҳаза қилиб шуни билдимки, Худо биз инсонларга онг ато этганда бу бизга кўрсатилган мурувватнинг бир кисми экан, холос. Аллоҳ томонидан ҳар бир инсонга яна бир илоҳий неъмат – иккиламчи онг ҳам ато этиларканки, бу илмий манбаларда «онгости» (ғайриихтиёрий онг) деб аталади. Маълумки, ҳар бир фикр «халқчил» тилда лўнда ифодаланса, омма томонидан осон сингдирилади. Шу маънода «онгости»ни тушунганим шу бўлдики, маълумки Ислом динида «Худо инсоннинг дилида, қалбида» деган таъкид бор. Яъни ҳар бир инсон дунёга келганда Худо ўзининг бир қисмини ана шу инсоннинг вужудига, руҳиятига жойларкан. Шу сабабли ҳам чин дилдан, қалбдан чиққан ниятлар ана шу илоҳий қудрат томонидан шубҳасиз амалга ошириларкан.

Бу илоҳий жараён илмий тарзда қуйидагича изоҳланади. Бутун борлиқни, коинотни яратган ва доимий мувозанатда ушлаб турувчи Буюк онг (Худо) ўзининг бир қисмини инсоннинг  ҳаётига жо қиларкан ва бу «онгости» (иикиламчи онг) деб аталади. Бирламчи онгимиз, яъни ақлимиз билан ўйласак, фикрласак, иккиламчи – онгостимиз бу фикрларни ҳаётда ҳақиқатга айлатиради, яъни моддийлаштиради. Бунда ана шу фикр ишончли, ният қанчалик холис бўлса, уларнинг амалга ошиши шунча муқаррар бўлади.

Ҳаётнинг бу сирли қонуниятини ўрганиб, ўзлаштириб олган киши уни ўз ҳаётида доимий қўллаб, ҳар қандай масалага ечим топади, мақсадига осон эришади. Яъни, маълум бир мақсадни ўз олдига қўйгач, уни ўзи ва бошқалар учун фақат фойдаси тегишини ҳисобга олгач, ўз онги, тасаввурида амалга ошган ҳолатни тиклайди ва бунга ўзини тўла ишонтиради. «Ишончим комил» деган иборанинг аҳамияти катта. Зеро, комил, мукаммал ишонч билан қилинган мақсадни онгости ҳар қандай йўл билан рўёбга чиқаради.

Тадқиқотчилардан бири изоҳланганидек, бирламчи онг – яъни ақлимиз – эртакдаги Аловуддин бўлса, онгостимиз – сеҳрли шамчироқ ичидаги хизматкор-жин хизматини қилади. Яъни,  хаёлимизга, онгимизга қандай фикр-ниятни мустаҳкам жойласак, онгостимиз «амрингизга мунтазирман» дея уни шубҳасиз амалга оширади.

Энг муҳими, эртанги ҳаётимиз бугунги фикрларимиздан, орзу-истакларимиздан вужудга келишини тушуниб, унга ишониб, амал қилиб яшашимиз лозим.  «Инсон ўз тақдирини ўзи яратади» иборасини чуқурроқ ифодаласак, кейинги ҳаёт тарзимизни бугунги фикрларимиз, дунёқарашимиз белгилайди. Бу соҳада бугунги кунда илмий тадқиқотлар, асосли фикрлар, манбалар шунчалик кўпки, уларни ҳар қанча ўқиш, ўрганиш, тарғиб қилиш орқали ҳар икки онгимиз қудратини тўғри йўналтириб, ўз ҳаётимизни фаровон, тўкис қилишимиз мумкин.

Мана сизга маънавиятнинг, дунёқарашнинг ҳаётимизда нечоғлиқ муҳимлиги. Жамиятимизда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби иллатларга қарши   «курашавергандан» кўра, шу кундан, шу дақиқадан соғлом маънавият, юксак аҳлоқ устуворлигига интилсак, келгусида бундай «кураш»ларга ҳожат қолмайди. Зеро, ҳаёт қонунларига кўра,  нимага қарши курашаверсак, ўзимиз билмаган ҳолда бу жараённи «қувватлантирар» эканмиз. Ўша қонуннинг моҳиятига кўра, инсон қайси жараёнга кўп эътибор қаратса уни рағбатлантириб, кучайтирар ва ўзига «тортар» экан.

Биз инсонлар буюк ва қатъий мувозанат ҳукмрон бўлган оламда яшаётган эканмиз, унинг қонунлари, сирларини ўрганиб, уларга итоат этиб яшасаккина фаровон ҳаётимизни таъминлаймиз. Бир инсон томонидан ёки оммавий тарзда мувозанат бузилса, Коинот (Буюк онг) олдида жавоб беришга тўғри келади.

Балки, бугунги кунда дунё аҳли қандайдир бузилган мувозанат учун «коронавирус» аталмиш хасталик ва хавотир билан «жарима тўлаётгандир». Моддий эҳтиёж билан маънавий эҳтиёж орасидаги мувозанат бузилиб, маънан ривожланиш сустлашиб, моддий тўкисликка берилиб кетганимиз учун жазодир бу.

Ахир, бойлик, давлатгагина интиладиган  маънан қашшоқ инсонда эзгу хислатлар тақчил бўлади. Меҳр-муҳаббат, иймон, инсоф, олижаноблик, самимийлик, ҳалоллик каби кўзга кўринмас эзгу хислатлар бу олам мувозанатини ушлаб туришини бугун англаб етадиган вақт келди.

Бугунги пандемия таҳдидидан сақланиш, қутулиш учун менинг ҳам ҳиссам – тавсиям бор. Аввало, юқоридаги фикрларга жиддий ёндашиб, мулоҳаза қилган ҳолда, Худо ато этган онгимиз қудратига таянишимиз керак. Шундоқ ҳам моддийлаштириб юборган бу оламимизни кўзга кўринмас (илоҳий) жиҳатларини ақл-идрокимиз билан ҳам кўришга интилайлик. Ҳаётнинг қатъий қонуни бор: Ҳар бир яхши ёки ёмон митти воқеа ҳам сабабсиз рўй бермайди ва унинг сабабчиси биз инсонлармиз.

Менимча, бу «кўргулик»ларга сабаб – ҳаётнинг нозик мувозанати бузилган. Яъни, бир-бирига рақобатдош бўлган моддий эҳтиёж билан маънавий эҳтиёжни қондириш ўртасидаги мувозанатни бузяпмиз. Бойлик, ҳою ҳавасларга берилиб кетиб, одамгарчилик, лафз, меҳр-оқибат каби инсоний ҳислатлардан йироқлашяпмиз. Бугун «Дўппини олиб қўйиб» ўйлаш вақти келди. Ибодатларимиз, Худога илтижоларимиз етарлидир. Аммо, динимизда «Илм ибодатдан афзалроқдир» дейилганидек, онгимизни, дунёқарашимизни илмий-оммабоп, бадиий китоблар ўқиш, маънили суҳбатлар қуриш билан бойитяпмизми?

Хулоса шуки, пандемияга «қарши моддий жиҳатдан курашиш» билан бирга ўзимизни маънан муҳофаза қилайлик. Чин дилдан бутун олам аҳлига, яқинларимизга, ўзимизга нажот, иймон, инсоф тилайлик. Ақл кучимизга, онг имкониятларимизга таяниб, тўйларимизни, юртимиз байрамларини энтикиш билан тасаввуримизда тиклайлик. «Ўзингга шукр» иқрори ҳар нафасимизда, дилимизда, тилимизда садо берсин. Яратган барчамизнинг кўнгилларимизни иймон, инсон зиёси билан нурлантириб, эртанги нажотбахш кунларини ато этсин, иншооллоҳ.

Абдулҳамид ҲАЙДАРОВ.

“Чортоқ ҳақиқати” газетаси 2020 йил 8 август 28-сон.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!