«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T19:33:34+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ЎЗИБЎЛАРЧИЛИККА БЕРИЛГАН, “ЁҒЛИ” КОРХОНАЛАРДА УРУҒ-АЙМОҒИ ПАЛАК ЁЗГАН МАНСАБДОРЛАРГА МУРОЖААТ

“Дежурный” ходим

Гулшод Санақулова 7 йилдан буён Навоий шаҳридаги “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида ишлаб келган. 2013 йилдан 2017 йил июль ойигача корхонанинг хом-ашё бўлимида мотор мойловчи вазифасида меҳнат қилган. Корхонада иш ўринлари қисқартирилгандан сўнг, ходимнинг вазифаси ҳам ўзгариб кетаверган. Ошхонада идиш-товоқ йиғиштирган, корхона ҳовлисини супурган, фаррошлик қилган, хуллас заводда ким таътилга чиқса ёки касал бўлса ўша ходимнинг ўрнига вақтинча буйруқ чиқарилиб, барча ишга жалб этилаверган. Буни қарангки, Гулшод Санақулова учун 3 йилдирки, муқим иш ўрнида ҳам ишлагани йўқ…

Охирги ишлаган манзили ходимларнинг ишга кириб чиқишини назорат қилувчи қоровул вазифаси бўлган. Аслида фаррош штатида ишлаб келган ходим соғлиги ёмонлашгани сабабидан шифокорга учрайди. Шифокор хулосасида эса унинг ҳозир ишлаб турган иши соғлиги учун тўғри келмаслиги ва бошқа оғир бўлмаган ишда ишлаши лозимлиги кўрсатилади. Буни қарангки, мана шу ерда ходим ва иш берувчи ўртасида келишмовчилик бошланади. Г.Санақулова қоровуллик вазифасида ишлашни сўрайди, ходимлар билан ишлаш бўлими қоровуллик ўрни нафақага чиқиши кутилаётган ходим икки-уч ойда нафақага чиққандан кейин бўшашини маълум қилади.

Давом этган адолатсизликлар

Г.Санақулова кутади. Ходим нафақага ҳам чиқади. Лекин аёлга нисбатан адолатсизликлар давом этади. Иш ўрни қисқартирилади, қоровулликка нормативлар топшириш кераклиги уқтирилади. Бундай вазиятда ҳатто ҳадеб “копток” бўлаверган эркакнинг ҳам жони ҳиқилдоғига келади-да. Ахийри, аёл бош кўтарди.

Гулшод Санақулованинг ёзмаган жойи, хақсизликдан огоҳ этмаган идораси, ижтимоий тармоқлардан тортиб оммавий ахборот воситаларигача қилмаган мурожаати қолмади. Вилоятдаги ташкилотлардан тортиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари Вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Президент портали ва Халқ қабулхоналаригача хабардор этди. Хуллас, аёл танасида мадори қолгунча курашди, аммо бўлмади. Тинимсиз бир хил “шаблон”да ёзилган жавоблар, энг қизиғи “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти бош директорининг турли кўринишдаги имзолари билан мурожаат қилинган ташкилотларга қайтарилаверилган. Бутун бошли корхонада ходими учун охирги бир йил давомида ишлаган қоровуллик ўрни катта лавозимда-е.

Нималар деяпсиз-е, ёлғиз она, аёл учун бу катта курсида… Буни беришолмайди, чунки ҳали қанчадан қанча ошна-оғайнлар бор, қариндош-уруғларни ишга жойлаштириш керак. Уларга берилмаган қоровуллик лавозими тағин “тинимсиз ҳаққини сўраётган бетгачопар, шантаж аёл”га берилармиди… Нега, ҳуқуқини сўрагани учунми ёки адолат излагани учунми, жамиятда ўз ўрнини топиши учун меҳнат қилишга ҳаққи борлиги сўраб жар солгани учунми?

Қулфбузар раҳбарларга депутат сўрови

Одамлар қалбига кириш учун раҳбарлар қўлида бир даста калит бор: табассум,  самимият, ширин сўзлик,  кўтаринки кайфият, бироз яхши хизмат… Лекин, бу калитлардан фойдаланмай,  қулфбузарлик қилмоқчи бўлганлар адашади… Чунки, қалбларни моҳир Заргар яратганини унутма, деган экан Жалолиддин Румий.

Дарвоқе, воқеа юзасидан Гулшод Санақулова мурожаати юзасидан қилинган депутат сўровига яна ўша шаблондаги хат жўнатилди. Қизиғи, аёлга қоровуллик эмас, яна қоғоз муқоваловчи иш ўрни таклиф этилаяпти… Шуни таъкидлаш керакки, бу юмушнинг ойлик тўлови заводдагидан анча паст. Қойил қолдингизми?

Яна ёлғон, яна алдов…

Нима бўлганда ҳам ҳар икки томон учун манфаатли бўлсин, деб корхона ходимлар билан ишлаш бўлими раҳбари билан суҳбатлашиб ўзлари таклиф этган “гардероблик” вазифасига Г.Санақулованинг розилигини олдим. Белгиланган меҳнат таътилидан ишга чиқиши билан ушбу вазифага ариза ёзиб, иш бошлаши мумкинлигига ишонтирдим. Минг афсуски, ходим таътилдан чиқиб ишга боргандан кейин “гардероблик” вазифасида ҳам жой йўқлиги маълум қилинган. Бу билан депутат сифатида халқ вакилларинингки ишончини суистеъмол қилган корохона, оддий ходимлар борасида ўз билганича иш юритишига амин бўлдим.

Таклиф ўрнида

Умуман депутат сифатида бандлик ва меҳнат вазирлигига бир таклифим бор эди. Ҳар бир корхона ва ташкилот раҳбарининг, бўлим бошлиқлари ва  қўлида ваколати бор ходимларининг қанча таниш билиши ва ошна-оғайниси ёки қариндош-уруғи қўли остида ишлашларини аниқлаш механизмини (буни аниқлаш жуда осон, чунки ҳар бир корхонада адолат тарозисига айланган ходимлари бўлади, улардан аниқ ахборот олиш имкони бор) йўлга қўйиш шарт. Шундагина таниш-билиш, ошна-оғайничилик, коррупция иллатларига барҳам берилади. Аслида Санақуловага ўхшаган ёлғиз аёлларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишининг таг томирида ўзибўларчилик, яхши маош тўланадиган корхоналарда бутун авлоди билан палак ёйиши сабаб бўлмоқда. Сиз бунга нима дейсиз?

Санжар ҚУРБОНОВ,

журналист,

“Даракчи” газетаси № 24(1103) 16 июль 2020

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 24

OAV nomi va parolini kiriting!