«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T19:02:15+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

ВАТАНДОШЛАР БИЛАН ИШЛАШ – ХАЛҚ ДИПЛОМАТИЯСИНИНГ ЁРҚИН НАМУНАСИ

Кейинги вақтда халқ дипломатияси халқаро муносабатларни яхшилашда муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Бу жараёнга жамоат бирлашмалари ва халқаро нодавлат ташкилотлари фаол жалб этилган, қардош шаҳарлар даражасида ҳамкорлик олиб борилмоқда. Турли йўналиш ва мавзуларда ижтимоий-сиёсий акциялар ўтказилмоқда, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда. Буларнинг бари мамлакатларнинг кўп томонлама алоқаларини кенгайтиришга қаратилган.

Халқ дипломатияси институтини ривожлантиришда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Таниқли тарихшунос олимлар Аҳмадали Асқаров ва Бўрибой Аҳмедовнинг «Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихи» мақоласида ўзбеклар яхлит халқ сифатида X асрга келиб шакллангани, худудий, иқтисодий маданий ва тил бирлигига эга бўлгани, этник жиҳатдан такомиллашиб боргани, у халқ бўлиб шакллангунга кадар узоқ ва мураккаб этник жараёнларни бошидан кечиргани таъкидланган. Ҳозирги кунда халқларнинг келиб чикиши, яъни этногенезига эътибор кучайган. Бу ҳолат миллатлар ичида ўз-ўзини англаш жараёнининг ўсгани, ўз тарихи, ўтмишига қизиқишнинг ошгани билан ўз ифодасини топади.

Ўзбекистоннинг мустақил йўли аждодларимизнинг тарихий анъаналари ва маънавий меросига суянган ҳолда танлаб олинган. Бу йўл Ўзбекистон ҳалқларининг тарихий анъаналари ва маънавий бойликларини қайта тикловчи, янги мазмун билан бойитувчи йўлдир.

Оҳирги йиллар давомида тезда ривожланиб кетган мамлакатларнинг яқин тарихини кўриб чиқадиган бўлсак, унда ўша мамлакат ватандошларининг ўзаро ҳамжиҳатлик қилаётганини кузатишимиз мумкин. Сўнгги йилларда миграция жараёнлари мисли кўрилмаган кўрсаткичларга етди. Энди сайёрамиз аҳолисининг ҳар 35 тадан биттаси мигрант ҳисобланади. Диаспоралар сони ҳам муттасил ўсиб бораётгани бежиз эмас. Масалан, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ер шарининг барча беш қитъасида 40 миллионга яқин хитойлик истиқомат қилади, дунёнинг турли давлатларида 25 миллион ҳинд, шунча рус, 10-11 миллион арман яшаб келмоқда. Улар  ўзга юртларда яшаб, меҳнат қилса-да, ўз юртларига ёрдам бериб келган ва ҳозир ҳам бунда бардавом.

Хориждаги ўзбек диаспораси турли сабабларга кўра шаклланган. Масалан, 1917 йилдаги ғалаёнлар пайтида ўз юртини тарк қилганлар авлодлари, юқори маош мақсадида ватандан чиқиб кетганлар, чет элга ўқишга кетиб қолиб кетганлар, хорижий давлат фуқароси билан оила қуриб кетганлар ва ҳоказо.

Ўзбекистон, бошқа мамлакатлар томонидан тўпланган тажрибаларни  ўрганиб ва умумлаштириб  ватандошлар билан ишлаш соҳасида жиддий қадам қўйди. Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай хорижий тажриба бугунги воқеликка, мамлакатнинг ўзига хос хусусиятига мослаштирилиши керак.

Мана сал кам икки йилдан бери Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ШҲТ давлатлари билан маданий-гуманитар соҳадаги самарали ҳамкорликни фаол давом эттирмоқда. Ташкилотга аъзо мамлакатларининг халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш тажрибаси ўрганилмоқда.

Марказ томонидан ўтган йили Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва фашизм устидан қозонилган ғалаба байрамлари арафасида Россиянинг шимолий пойтахтида қатор тадбирлар ўтказилди.

Учрашув ва мулоқотлар мобайнида Санкт-Петербургда ватандошларни қўллаб-қувватлаш таълим ва рус тилини ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш, уруш фахрийларини қўллаб-қувватлаш, маданият ва ахборот соҳасида ҳамкорлик, илмий-услубий ва ташкилий ёрдам каби соҳаларда амалга оширилиши маълум бўлди. Буларнинг барчаси Санкт-Петербург ташқи алоқалар қўмитаси фаолиятининг муҳим қисми ҳисобланади.

Ҳар йили шаҳар ҳукумати томонидан ўтказилиб келинаётган ўнлаб тадбирлар ва маданий-маърифий дастурлар юзлаб ватандошларга учрашиш имконини бермоқда.

Энди Хитой диаспорасини олайлик. Аввал таъкидлаганимиздек, 40 миллионга яқин хорижий хитойликлар мамлакатнинг кучли молиявий, интеллектуал ва кадрлар захирасини ташкил этади.

ХХРнинг учта марказий давлат муассасаси ва иккита жамоат ташкилоти хориждаги ватандошлар масалалари билан расман шуғулланади. Улар Халқ вакиллари Умумхитой Мажлисининг ватандошлар билан ишлаш маҳкамаси, Давлат Кенгашининг ватандошлар бўйича девони, Хитой халқ сиёсий маслаҳат Кенгашининг ватандошлар Қўмитаси, Чжунго Чжигундан партияси ва Умумхитой мухожирлар уюшмаси.

Хитойликлар истиқомат қиладиган барча жойларда ташкил этилган жамоат ташкилотлари чет элдаги хитойликлар ва уларнинг тарихий ватани ўртасидаги доимий алоқаларни боғловчи кўприк бўлиб хизмат қилади. Масалан, 2003 йил октябр ойида Пекинда Хитой ташқи алоқалар уюшмаси ва Давлат Кенгашининг ватандошлар бўйича девони томонидан Хитой жамоат ташкилотларининг Конгресси ўтказилган. Унда 100 мамлакатда фаолият юритаётган ташкилотлардан 300 дан ортиқ масъул шахс, шунингдек мамлакатни ўзида шу соҳага боғлиқ 100 дан ортиқ намоёнда иштирок этган.

ШҲТ давлатларидан яна бири – Ҳиндистонда ҳар йили 9 январь куни Ҳиндистон диаспораси куни нишонланади.

Хориждаги ҳиндлар яшаётган мамлакатлари ва тарихий ватанлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқаларда изчил ва самарали восита ҳисобланади. Ҳиндистондан ташқарида яшаётган ҳиндларнинг умумий йиллик даромади 2019 йилда салкам 400 миллиард долларни ташкил этган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ҳиндистон хориждан пул ўтказмаларини қабул қилишда етакчи давлатга айланган. Ҳаттоки 2008-2009 йиллардаги молиявий инқироз даврида ҳам ҳинд муҳожирларининг пул ўтказмалари 44 миллиард долларни ташкил этган.

Чет элдаги ҳинд муҳожирларининг муваффақияти Ҳиндистоннинг олий таълим соҳасидаги, жумладан, математикадаги ютуқлари билан бевосита боғлиқ. Ҳар йили 150 минг мутахассис Ҳиндистон университетлари ва коллежларини битириб, ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва компьютер техникаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишмоқда. Ҳиндистонлик муҳожирлар эса ўз компанияларига ватандошларини жалб этиб, бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланмоқда.

Ҳозирда хорижда қанча ўзбеклар истиқомат қилаётганлиги ҳақида аниқ маълумот шакллантирилмоқда. Хориж мамлакатларида яшаб келаётган юртдошларимиз тарихий ватани билан алоқани йўқотмаган. Нафақат улар, балки фарзандлари ҳам ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини яхши билади ва севади.

2018 йил 25 октябрь куни қабул қилинган “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси”да қуйидагилар ватандош деб ҳисобланиши айтилади:

чет элда вақтинча юрган Ўзбекистон фуқаролари;

хорижга чиқиб, чет эл фуқаролигини олган, Ўзбекистонга маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган шахслар;

этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан алоқада бўлиш хоҳишида бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Концепцияда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, хорижий давлат қонунлари ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари асосида чет эллардаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш асосий мақсадлардан бири экани айтилади.

Шу билан бирга, чет элларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик тўғрисидаги Президент қарорида ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб, уларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Бироқ бу соҳада ҳали қатор долзарб масалалар ҳам мавжудлиги санаб ўтилган. Улар орасида ватандошларнинг ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини оммалаштириш билан шуғулланадиган ташкилотларни қўллаб-қувватлаш борасида комплекс ва узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги таъкидланади.

Бироқ халқ дипломатиясининг ушбу улкан қатлами тизимли ёндашилганда ватандошларимизни жипслаштириш билан бирга давлатлараро ҳамкорликка хизмат қилувчи энг самарали воситалардан бирига айланиши мумкин.

Хорижда яшаётган юртдошларимиз билан ҳамкорликни ривожлантиришимизнинг ўзи давлатлар ўртасидаги дўстлик кўприклари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнаши шубҳасиз.

Қобилжон Собиров

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ

дипломатияси маркази раҳбари

«Дунё» ахборот агентлиги 24/Июль/2020 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.4 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!