«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T16:12:01+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|
Ўзбек тилини озорлаб кўникиб қолган эканмиз

1996 йил. Талабаликнинг илк йиллари. Пойтахтнинг “Чорсу” бозори биқинида жойлашган “Турон” кутубхонасида “Адабий гурунглар” бўларди. Озод Шарафуддинов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Муҳаммад Юсуф, Абдуғафур Расулов, Азиз Қаюмов сабоқларини олиш учун ошиқамиз. Тилга эътибор мавзуси – бош мавзу.
Сўзга хасис бўлиш, уни аяб ёзиш, ижодкорлик масъулияти бу – мудом ўзни таҳрир қилиш, тарбиялаш экани ҳақида соатлаб суҳбатлар бўлади. Улуғ СЎЗ тилсимларини тобора ҳис қилаверамиз. Китобларини севиб ўқиган ёзувчи, шоирларнинг ўзини кўриб турганимиздан, улар билан ҳамсуҳбат бўлаётганимиздан ичимизга сиғмай севинамиз. “Зўр, ҳеч ким кутмаган” саволлар берамиз. Айтганларини қоғозга, юракка муҳрлашга интиламиз. Ўшанда кутубхонанинг торгина китоблар бўлмасида ўзбек тилининг равнақини таъминлаш борасида – бироз ишонқирамай, гоҳ ички бир хўрсиниқ, гоҳ эса армон билан таъкид этилган ўткир фикрлар бугун, улар каби жонкуярлар томонидан катта майдонда айтиляпти. Жонкуярлар бир манзилда жамланиб, ўзбек тилининг ривожи, эртаси ҳақида қайғуришмоқда. Бежизга эмас, эҳтиёж бор эдида. Қадим, шу билан бебаҳо хазинага эга ўзбек тилини ҳиссиз, қотиб қолган, туғмас қилиб қўяёзган эдик. Келинг, энди бу хатомизни тўғрилайлик. Вақт, имкон бўлди. Давлат тилига оид қонун меъёрларини бузганлик учун давлат ташкилотлари мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги Адлия вазирлиги томонидан илгари сурилаётган қонун лойиҳаси катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Давлат тилида иш юритиш бошқа миллат вакилларини камситишдир деб аюҳаннос солаётганлар “пайтдан фойдаланиб” қолишга ҳаракат қилишмоқда, миллатлар ўртасига нифоқ солиш илинжида бўлишяпти. Улар бегона эмас, бошқа миллат вакили ҳам эмас. Ота-онаси ўзбек, ўзи рус мактабида таҳсил олган бугун ўзбек тилида ҳижжалаб тўртта сўзни айта олмайдиганлар…Афсус.
Энди, энди ортга қайтиш йўқ. Ахир бу – фарзандлик бурчи, агар шу ишни бугун амалга оширмасак, бу йўлда жафо чеккан азизлар хотираси, уларнинг амалга оширган ишлари олдида қарздор бўлиб қоламизку? Ўзбек тилининг нафақат юртимизда, балки халқаро майдондаги нуфузи ва мавқеини ошириш йўлидаги ишларни жонлантириш мақсади бор, истаги мужассам.
Яна бир ўтлиғ кечинма кечади, айтмасам бўлмас: Нега энди мен ўз юртимда ўз она тилимни ҳимоя қилсам, кимнидир кўзига ёмон кўринишим керак?
Жарима солинади – шу жумлага бунчалар осилиб олинмаса, ахир бу амалиёт бошқа соҳаларда ҳам борку, яъни тартибга солиш, кишиларни айни шу тизимга оид саводхонлигини ошириш, қоидани англатиш, хато қилмасликка ундаш борасида жарималар жорий қилинган. Экологик маданиятга амал қилмаслик, меҳнат қонунчилигини менсимаслик, йўл қоидасини бузиш, истеъмолчилик соҳасида қилинган айб жарима билан қопланади ва бошқа такрорламаслик учун киши ўзини тартибга солади.
Энди тафаккурнинг илдизи, маънавият асоси бўлган – давлат тилини асраш, авайлаш ҳақида гап кетса, уни бузганлик учун жарима солиш амалиёти қўлланилса – бу давр талаби, эҳтиёжи. Она тилимизнинг нуфузи ва обрўйини ошириш учун жудаям муҳим ва дадил қадам. Оддий хат ёки мурожаатни рўйхатга олиши учун уни русий забон таржимонга “фалон сўмга” таржима қилдирганлар, ёки “тайёрланган ҳужжатларнинг русчаси йўқ экан, қабул қила олмайман” дейилганлик ҳолати шу бугуннинг гапи. Ўзбек тилини озорлаб кўникиб қолган эканмиз-ов. Кўча ёзувларини ўзимиз истаган тилда илиб қўйишга барҳам бериш вақти келди. Айта-айта чарчадик. Ўйлашимча, нафақат давлат бошқарувида балки, кўча ёзувлари, пешлавҳалар, ёрлиқларнинг давлат тилида бўлиши ҳақида аниқ тартиб жорий қилиш фурсати етди. Бир марта жарима тўлаган дўкон эгаси ёки уни тайёрлаган фирма ходими, албатта, ўзбек тилини теран ўрганишга ва муҳими қадрлашга чоғланади. Қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши, жарима миқдори оширилиши тарафдориман.
Яқинда ўқувчиси бисёр бўлган сайт – мусулмон давлатлардан бирида пандемия сабаб эълон қилинган карантин аста-секин юмшатилиши ҳақидаги хабарни берди. Хабардаги сурат менинг эътиборимни тортди. Кўча ёрлиқларида биронта ҳам бегона ёзувни кўрмайсиз, барчаси давлат тилида. Биз эса ҳали-ҳалигача она тилимизга эгалик қилиш учун ўша-ўша кўнгилчанлик билан ёндашяпмиз. “Шестнитса десаям, суббота десаям” бўлади дея.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуди куни муносабати билан телеканаллардан шоир ижоди ва ҳаётига оид кўрсатувлар эфирга узатилди. Шоирнинг ўзи ўқиган шеърлари, интервью берганда айтган фикрлари қўйиб берилди. “Ватан бу менинг онам, дунёда ундан гўзали йўқ, ундан ҳалоли йўқ… Онам ҳақида кимдир ёмон гапирса, унга тош отса, қўлини уриб синдираман, уни ҳеч кимга бериб қўймайман”. Унинг гаплари юрагингнинг энг тўридаги пок ҳисларни қўзғаб юборади. Еб турганинг бўғзингда қолади, кўзингга дув-дув ёш келади. Ватан, тил, она, миллат – ғоятда пок бу тушунчаларни ардоқлаш, гард юқтирмаслик иши барчасидан азиз эканини ҳис қилаверасан.
Онамиз алласи билан вужудимизга сингган ўзбек тилини сайқаллаш, унинг истиқболи учун қайғуриш ишини – Ўзбекистонлик бўлиб биз шахдамлик билан амалга оширмасак, элдошлигимиз қаерда қолди, дўст!
Зиёда АМИНОВА,
Қашқадарё вилоят ҳокимининг
тил бўйича маслаҳатчиси.

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.5 / 5. Baholaganlar soni: 80

OAV nomi va parolini kiriting!