«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T13:39:10+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|
Қарор ва шарҳ
ҚАРОР ТАЛАБИ: МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАР КЕРАК

Ҳаёт шиддат билан ўзгараётган бугунги кунда ҳуқуқий билим, ҳуқуқий маслаҳат ҳамда малакали юридик хизмат олишга эҳтиёж ҳам ортиб бораяпти. Бунинг учун малакали мутахассислар керак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнанушбу вазифаижросини таъминлашга қаратилган.

Мухбиримиз мазкур ҳужжат мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти хусусида Юристлар малакасини ошириш маркази профессори Баҳром АҲРОРОВ билан суҳбатлашди.

— Аввало, ушбу қарор қабул қилинишига бўлган эҳтиёж тўғрисида тўхталсангиз.

— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳукумат қарори Президентимизнинг  2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан қабул қилинган. Шунингдек, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган. Қуйидагилар юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг устувор вазифалари этиб белгиланди.

Касбий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда кадрлар буюртмачилари ва ходимларига малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имкониятини яратиш назарда тутилган. Анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган шаклларини, шунингдек, кадрлар малакасини оширишнинг белгиланган даврийлигига риоя қилинган ҳолда таълим дастурларини, билим ва кўникмаларни доимий такомиллаштиришдан иборат кредит-модуль механизмини жорий қилиш белгиланди.

Кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш, ҳар бир ходимнинг индивидуал йўналиши бўйича малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси — электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш лозим. Таълим жараёнини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш даражасини ошириш, замонавий таълим технологияларини қўллаш орқали кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида масофавий таълимни янада такомиллаштириш ҳамда мустақил таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Қарорда Марказнинг филиалларини ташкил этиш кўрсатилган. Улар қаерларда қандай тартибда ташкил этилади?

Филиаллар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари  биноларида жойлаштирилади, филиаллар тузилмаси ва уларнинг низоми Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади. Юридик техникумлар филиаллар фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, ўқув-методик жараённи ташкил қилишда ахборот-ресурслари орқали кўмаклашиш учун масъул ҳисобланади. Ўқитиш давомийлиги қайта тайёрлаш курсларида тўрт ой (576 соат)ни, малака ошириш курсларида эса икки ҳафта (72 соат)ни ташкил этади.

Марказда юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган касбий малака талаблари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади. Марказ ва унинг филиалларида ўқув машғулотлари ўтказиш учун жалб қилинадиган мутахассислар меҳнатига Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан соатбай ҳақ тўлаш тартиби асосида ҳақ тўланади. Бунда Марказга белгиланган миқдорни 200 фоизгача ошириш ҳуқуқи берилади. Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағларининг 50 фоизгача бўлган қисмини Марказ ва унинг филиаллари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига сарфлаш ҳуқуқи берилади.

Филиаллар фаолиятини ташкил қилишни молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

—Марказда ўқув дастурлари қандай тузилади?

— Марказда ташкил этиладиган ўқув курслари буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ва Марказ директори томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш тингловчининг асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда амалга оширилади.

Марказда ташкил этиладиган курсларда аудитория ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёни, қоидага кўра 25 нафардан ортиқ бўлмаган тингловчилардан иборат академик гуруҳларда ташкил қилинади. Бунда аудитория машғулотларининг барча турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.

Қарор талаби бўйича қайта тайёрлаш курсларини ҳам ташкил этиш белгиланган. Бу хақида ҳам маълумот берсангиз.

Дарҳақиқат, қайта тайёрлаш курсларида ўқув жараёни буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда, Марказ томонидан ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади ҳамда машғулотлар жадвали бўйича олиб борилади. Қайта тайёрлаш курсларида тингловчилар Марказ билан тузилган шартномага мувофиқ, тўлов асосида ўқитилади. Марказга қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун онлайн тарзда ёки бевосита тегишли ҳужжатлар тақдим этилади. Қайта тайёрлаш курсларига тингловчилар буюртмачи ташкилотларнинг тақдимномасига асосан Марказ директорининг буйруғи билан қабул қилинади. Қайта тайёрлаш курси тингловчиси томонидан битирув малакавий иши тайёрланиши ва ҳимоя қилиниши лозим.

Тингловчилар битирув малакавий ишлари мавзуларини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган битирув малакавий ишлари мавзулари рўйхатида кўрсатилган мавзулардан бирини танлайди. Тингловчи битирув малакавий иши мавзусини ихтиёрий танлаш ҳуқуқига эга. Тингловчининг битирув малакавий иши мавзусидан келиб чиқиб, унга тегишлилиги бўйича Марказ кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ёки малакали амалиёт ходимлари ёхуд бошқа мутахассислар орасидан Марказ директорининг буйруғи билан илмий раҳбар бириктирилади.

Тингловчи битирув малакавий ишини якуний назорат ўтказилишидан камида уч кун олдин илмий раҳбар хулосаси билан бирга Марказда ўқув жараёнини назорат қилувчи бўлимга топширади. Битирув малакавий иши ҳимоясини ўтказиш учун Адлия вазирининг буйруғи билан Адлия вазирлиги, Марказ ва буюртмачи ташкилотнинг етакчи мутахассислари орасидан беш кишидан иборат таркибда якуний имтиҳон ўтказиш бўйича комиссияси тузилади.

Якуний имтиҳон ўтказиш бўйича комиссия таркибига олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин. Бир нарсага эътибор қаратиш керак, қайта тайёрлашга иккинчи олий таълимни олиш сифатида қаралмайди. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Малака ошириш курсларининг муддати ва тартиби қандай бўлади?

Малака ошириш курсларида ўқиш вақти ва муддати Марказ билан келишилган ҳолда тайёрланадиган ҳамда тегишлилиги бўйича буюртмачи ташкилотлар томонидан тасдиқланадиган таълим олувчиларнинг малака ошириш курсларидан ўтиш вақти, шакли ва йўналиши кўрсатилган тақсимот-режаларга мувофиқ белгиланади. Тақсимот-режалар ярим йил учун тузилади ва буюртмачи ташкилотлар томонидан ҳар йили июнь ва декабрь ойининг 15 санасига қадар тасдиқланади ҳамда Марказга етказилади.

Тақсимот-режаларда ходимнинг малака ошириш курсларидан ўтиш шакли кўрсатилади. Буюртмачи ташкилотлар тақсимот-режаларга асосан ўқиши белгиланган ходимларини малака ошириш курсларида қатнашишларини таъминлайди. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш Марказ директорининг буйруғига асосан ўқув курслари бошланган куннинг ўзида расмийлаштирилади. Марказ тингловчиларнинг малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлиги ёки қатнашмаганлиги ҳақида буюртмачи ташкилотларга хабар беради.

Малака ошириш курсларига узрли сабабларга кўра, ўз вақтида келмаган тингловчиларга ўқишнинг тегишли йўналиши бўйича навбатдаги малака ошириш курсларида ўқишга рухсат берилади. Малака ошириш курсларида ўқув жараёни Марказ директори томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали бўйича олиб борилади. Малака ошириш жараёнлари Марказ ва унинг филиалларида ўқитишни, мутахассислик бўйича ходимнинг иш жойида ўқитишни, кредит-модуль тизими асосида ўқитишни ва масофавий таълим шаклларини ўз ичига олади.

Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар бўйича якуний суҳбат имтиҳонини топшириш билан якунланади. Малака ошириш курси бўйича якуний суҳбат имтиҳонидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади. Малака ошириш сертификати электрон шаклда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.

Синов имтиҳонини топширмаган ёки суҳбатдан ўтмаган тингловчига сертификат берилмайди. Бу ҳолда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади. Марказ давлат бошқаруви органи, хўжалик бирлашмаси ва бошқа ташкилотлар ўзга соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ва уларнинг касбий маҳоратини оширишга кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиши мумкин. Қисқа муддатли малака ошириш курслари Марказ томонидан мустақил равишда ёки буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув дастурларига мувофиқ ихтиёрий ташкил этилади.

Масофавий таълимни ташкил этиш тартиби бўйича ҳам маълумот берсангиз.

— Масофавий таълимнинг давомийлиги Марказда ўқишнинг тегишли курси академик соатларида белгиланади, бунда календарь муддатлари академик муддатлардан ортиқ бўлиши мумкин. Онлайн шаклидаги масофадан ўқитиш усули тингловчи ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш учун махсус жиҳозланган ўқув хоналарида реал вақт режимида амалга оширилади.

Ходимларнинг масофавий таълим олиш учун белгиланган ўқиш жойларига етиб келиши буюртмачи ташкилотлар томонидан таъминланади. Масофавий таълим курслари бошланишидан уч кун олдин тингловчиларга Марказ томонидан электрон логин ва пароль берилади. Тингловчилар ўзига берилган логин ва пароль ёрдамида Марказнинг расмий веб-сайтидаги “Масофавий курслар” бўлимига киради ва унда ўзининг шахсий кабинетига эга бўлади.  Тингловчига берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш тақиқланади. Масофавий таълим давомида тингловчилар курсларни ташкил этиш ва ўтказиш режасига, ўқиш давомийлигига амал қилиши, шунингдек, онлайн ва оффлайн режимидаги таълим жараёнида шахсан ўзи иштирок этиши талаб этилади. Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш Марказ директорининг буйруғи билан бириктириладиган педагог маслаҳатчи томонидан амалга оширилади. Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, уларга зарур методик ёрдам бериш, якка тартибдаги машғулотни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш педагог маслаҳатчининг вазифаларига киради. Педагог маслаҳатчи якка тартибдаги топшириқнинг тингловчи томонидан бажарилиши холисона баҳоланиши учун жавоб беради.

Педагог маслаҳатчи билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, педагог маслаҳатчи билан алоқа сессиялар (юзма-юз мулоқот) тарзида ҳам амалга оширилиши мумкин. Масофавий таълим курслари бўйича якуний синов имтиҳони (суҳбат) оффлайн шаклида тест топшириқларини бажариш ёки онлайн шаклида реал вақт режимида ташкил этилиши мумкин. Якуний синов имтиҳонини қабул қилиш шакли Марказ директорининг буйруғида кўрсатилади.

Бир сўз билан айтганда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори юридик соҳага оид билим талаб қиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади.

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

2020 йил, 23-сенябрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!