«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T13:24:33+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

 Сиз нима дейсиз?

ҚАЕРДАСИЗ, МАКТАБ ОТАЛАРИ?

Қишлоққа ота-онамдан хабар олгани борганимда, бундан 17 йил муқаддам 11-синф битирув оқшомида тушган суратларим, виньеткам қўлимга тушиб қолди.

Уларни варақлай туриб, суратларда фақат икки нафар аёл ўқитувчининг борлиги эътиборимни тортди. Қолганлари нуқул эркаклар: мактаб директори Ҳожиев, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нусратов, маънавий ишлар бўйича ўринбосар Гадоев, биз Менделеев деб атайдиган кимё фани ўқитувчимиз Жўраев, информатика фани ўқитувчиси Ғаниев. Эсласам, ҳатто мусиқа фанидан ҳам эркак ўқитувчи – Раҳимов дарс берган экан. Жисмоний тарбиядан Фатуллоев, тарихдан Яхшиев каби домлалардан сабоқ олганмиз…

Қизиқ, бугун-чи? Айни чоғда худди шу мактабга қатнаётган жиянимдан устозлари ҳақида суриштирганимда, бир-бир санай кетди: тарихдан Исломова устоз, она тилидан Ражабова устоз, физикадан Содиқова устоз,  математикадан Туробова устоз…

– Директорларинг ким? – сўрадим ундан.

– Фалончиева устоз.

– Директор ўринбосари-чи?

– Писмадончиева устоз

– Эҳҳеее, аёллар салтанати-ку, – дедим кулиб. – Эркак устозлар ҳам борми?

– Инглиз тили устозимиз борлар, фақат у кишининг асосий иш жойлари бошқа ерда, курс ўтадилар, одатда, – жавоб қайтарди у.

– Ўқитувчиликка нуқул қишлоғимиз аёллари ўқияптими, – дедим онамга кулимсираб.

– Қишлоғимиз эмас, республика, деявер, – дедилар онам. – Мен шу мактабга 1973 йил ишга келганимда, деярли аёл ўқитувчилар йўқ эди.  Таълим-тарбия иши нуқул эркаклар билан боғлиқ, деб қараларди.

Тўғри, ўзим аёллар сафида туриб, уларнинг таълим соҳасидаги ўрни ортиб бораётгани ҳақида ёзишим ноўриндир. Майли, истаган хотин-қиз педагоглик касбини танлаши мумкин. Лекин мактаб худди оила каби таълим-тарбия ўчоғи эмасми? Унда аёллар она ролини ижро этгани сингари кучли жинс вакиллари, яъни мактаб оталарининг бошқа ҳеч бир нарса билан тўлдириб бўлмайдиган муҳим ўрни бор.

Бироқ мактаб оталари таълим соҳасини тарк этишганининг сабаби ҳаммамизга кундай равшан. Мактабнинг моянаси билан бутун бошли рўзғор тебратишга қийналиб қолган эркаклар таълим даргоҳларини тарк эта бошлади, йигитлар учун педагогика соҳасида ўқиш орият саналди. Ўқитувчи сўзи аёл сўзи билан маънодошга айланди. Эркаклар ёки хориждан ёки бошқа бир маоши яхшироқ ташкилотдан иш излай бошладилар. Ажойиб ўқитувчи бўлиб етишиши мумкин бўлган бир авлод йигитларимизнинг ҳозир қаерларда банд эканлигини бир эсга олайлик – улар ҳокимиятда, прокуратурада, ички ишлар тизимида, МИБда, турли инспекцияларда, судларда, солиқ, молия ташкилотларида ва ҳозако орган тизимларида, қолганлари эса хорижда меҳнат билан банд.

Эътибор қилган бўлсангиз, бир вақтлар ўқитувчилар домла деб аталарди. Лекин айни чоғда “домла” сўзи четга чиқиб, “устоз” сўзи кенг муомалага кирган. Тўғри, бу сўз ўқитувчиларга нисбатан қўлланадиган ўзбек тилидаги энг гўзал каломлардан бири. Лекин “устоз”нинг муомолага кирганига асосий сабаб, “домла” каломининг эркакларга нисбат бериб айтилгани, мактабда домлалар қолмагани ҳисобига аёлларга нисбатан бу сўзни қўллаш ноқулайлиги, менимча…

Вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, воҳамизда 28575 нафар ўқитувчи фаолият юритса, уларнинг 7036 нафарини эркак ўқитувчилар, 21539 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу дегани таълим тизимининг 90 фоизи аёллар секторига тўғри келади.

Болалар бебош, тийиқсиз бўлиб кетяпти, машғулотлар жараёнида уларни тинчлантиришнинг иложи йўқ. Ота-оналар боласига тарбия бермаяпти, ўқувчини қаттиқроқ урушиб қўйсак, эртаси куни ота-онаси келиб, ёқамиздан олади, деб ёзғираётган ўқитувчиларни кўп бора кўрганман. Ўқитувчи боламга гапини ўтказа олмайди, қанақа мураббийларга кунимиз қолди, деб муаллимлардан гина қиладиган ота-оналар ҳам оз эмас.

Юқорида айтганимдек, мактаб ҳам бир оила, бола отасидан ҳайиққани сингари мактабларда ҳам эркак ўқитувчиларнинг салобати етишмаяпти. Дарсларда ўктам овози, қатъияти, салобати, ғурури, орияти билан ўрнак кўрсатадиган мардлар кўринмай қолгани – маънавий йўқотишларимизнинг бош сабабларидан бири.

Уйғонинг мактаб оталари, таълимга, мактабга қайтинг!

Дилдора ИБРОҲИМОВА,

“Бухоронома” мухбири

“Бухоронома” 2020 йил 22 октябрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.7 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!