«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T11:07:52+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Фойеда ўтилаётган дарслар, тўрт киши сиғадиган кутубхона, мослаштирилган ҳожатхона, мактабдаги антиқа «бизнес»… — Намангандаги  айрим умумтаълим муассасалари фаолиятига бир назар

Маърифатпарвар аждодларимиздан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий  билим даргоҳларига «Дунё иморатларининг ичида энг улуғи мактабдур» дея чиройли таъриф берган эди.

Дарҳақиқат, жамият ҳаётини, дунёқарашимизни, турмушимизни яхши томонга ўзгартирар бўлсак, ишни мактабдан бошлаган маъқул.

Мамлакатимизда кейинги йилларда бу борада жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.Фарзандларимизнинг келажаги, уларнинг таълим олишлари учун давлат томонидан  катта сармоя тикиляпти.

 Ўз навбатида тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар аста-секин ўз самарасини кўрсатмоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмас, деганларидек, камчиликлар, муаммолар ҳам оз эмас. Наманган вилоятидаги айрим умумтаълим мактаблари фаолияти билан танишиш жараёнида бунга яна бир карра амин бўлдик.

Машғулотлар нега фойеда ўтиляпти?

Наманган туманидаги 39-умумтаълим мактабидамиз. Билим даргоҳи биноси 1972 йилда қурилган. 797 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Дарслар икки сменада ташкил этилган.

Ажабланарлиси, мактаб атрофи ўраб олинмаган. Унинг орқа томони очиқ. Аҳоли кўнгли тусаган нарсани ташлаб қўйган. Ҳатто ғўзапоя ғарамини ҳам кўриш мумкин.

— Синфхоналари етишмайди, — дейди мактаб директори Дилшодбек Дадабоев. — 320 ўринли қўшимча бино қуриб берамиз, дейишаяпти. Ҳозир иложсизликдан биология, физика, кимё фан кабинетларидан ҳам синфхона сифатида фойдаланаяпмиз. Ваҳолонки, уларда амалий машғулотлар ўтиш кўзда тутилган. Яқинда ота-оналар розилигини олиб, битирувчилар учун махсус ўқув курси ташкил этдик. Машғулотларни фойеда олиб боришга мажбур бўляпмиз.

Сирасини айтганда, мактабда синфхоналарнинг етишмаслиги бугун юзага келган муаммо эмас. Неча йилдирки, шу масала кун тартибига қўйилади. Казо-казолар «Янги ўқув биноси қурилади», дея ваъдани қуюқ қилишади. Кейин эса ҳаммаси сувга тушган тошдек изсиз кетади.

«Алдагани бола яхши» дейишса керак-да.

— Қоидага мувофиқ, китоблар мавзу йўналишига қараб тартибли жойлаштирилиши керак, — дейди мактаб кутубхоначиси Фарида Абдувалиева. — Аммо кўриб турганингиздек, бизда бунақанги шароит йўқ. Бундан ташқари, алоҳида ўқув зали ҳам бўлиши лозим. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида китоб, газета-журналлар мутолаа қилишлари, билимларини оширишлари учун шундай зал жуда зарур.

Дарҳақиқат, кутубхона тор хонада жойлашган. Уч киши кирса, тўртинчиси ортиқчалик қилади.

Бунақанги шарт-шароитларда ўқувчилар тўлақонли билим олишлари, маънавий эҳтиёжларини қондиришлари мумкинми?

Дарвоқе, ўтган ўқув йилида мактабнинг 52 битирувчисидан атиги 2 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирганини эшитиб асло ажабланмадик.

«Китобим — офтобим» тадбири офтоб чиққанида ўтказилади

Тўрақўрғон туманидаги 52-умумтаълим мактабида ҳам шунга ўхшаш аҳвол ҳукмрон. Мактаб кутубхонаси тор хонада жойлашган.

— Аслида бу бино бир пайтлар колхоз боғчаси учун қурилган, — дейди мактаб директори вазифасини бажарувчи Абдуллажон Ҳамидов. — Кейин эса мактабга мослаштирилган. 1341 нафар ўқувчимиз бор. Тўғри, 2019 йилда қўшимча бино қурилди. Аммо барибир, синфхоналар етишмаяпти. Шу сабабли дарсларни икки сменада ташкил этганмиз.

Бугина эмас, мактаб биносининг эшик-деразалари эскирган. 10 комплект стол-стул, доскага эҳтиёж сезиляпти. Мактаб ошхонаси йўқ. Ҳатто ҳожатхонани ҳам мослаштиришга мажбур бўлишган. Спорт залининг иситиш тизими носоз. Фаоллар зали эса мактаб жамоасининг узоқ йиллик орзуси. Ҳамроҳларимиздан бирининг кесатиғида жон бор: мактабда «Китобим — офтобим» тадбири ҳам офтоб чиққанида ўтказилади.

Билим масканининг шундоқ рўпарасида каттагина ўйингоҳ бор. У бир пайтлар колхозга қарашли бўлган. Айтишларича, ҳозир халқ таълими бўлими балансида. Стадион жуда қаровсиз аҳволда. Ҳатто қоровулхона вазифасини ўтаган уй томининг шиферлари кўчиб кетган. Маълум бўлишича, ўтган йил Халқ таълими вазири бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар келиб, ўйингоҳ аҳволи билан танишишган. Аммо зиғирча ўзгариш бўлгани йўқ. Ваҳолонки, стадион таъмирланса, зарур шарт-шароитлар яратилса, у ўқувчи-ёшларнинг, туман аҳолисининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қиларди. Бу давлатимиз раҳбарининг беш муҳим ташаббуси доирасида амалга оширилган хайрли ишлардан бирига айланарди.

Айтмоқчи, мактаб спорт залининг шундоқ ёнбошидаги хандақ эътиборимизни тортди. Нималиги билан қизиқдик.

— Аввалги  директор иссиқхона қуриш важи билан мевали дарахтларни қўпориб ташлади. Кейин бу ернинг тупроғини одамларга пуллади, — дейди А. Ҳамидов. — Тегишли ташкилотлар хабар топиб, хандақ спорт залининг пойдеворига зиён етказиши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Энди унинг бир қисмини кўмиб ташлаш ҳаракатини қиляпмиз.

— Собиқ директор «Ёшингиз улуғ. Шу ишга фотиҳа беринг», деганида мен унамадим, — дея суҳбатга қўшилди  мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Абдуғани Абдуллаев. — Буни қарангки, қинғир ишнинг қийиғи чиқиб, жамоамиз хижолатда қолди.

Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа — мактабдаги антиқа «бизнес» ҳақида эшитиб, таажжубдан ёқа ушлайсан, киши.

Тавба, шунақаси ҳам бўлар экан-да?!

Касални яширсанг…

Мингбулоқ туманидаги 10-умумтаълим мактабида 767 нафар ўғил-қиз ўқийди.Синфхоналар етишмайди. Шу туфайли дарслар икки сменада. Мактаб директори Сидиқали Нишонов билан суҳбатлашган кишида эса  «Билим даргоҳида ҳаммаси рисоладагидек экан», деган таассурот уйғониши мумкин.

Ваҳолонки, мактаб биноси капитал таъмирга муҳтож. Томи шифер қилинмаган. Янги стул-стол, доскаларга эҳтиёж бор. 1992 йилда ишга туширилган спорт зали таъмирталаб аҳволда. Зал пол қисмида қалинлиги 5 сантиметр эмас, 2,5 сантиметр бўлган тахталар ўрнатилган. Оқибатда пол узоққа бормади. Яроқсиз аҳволга келди. Пол ораларида ёриқлар кўзга ташланиб турибди. Машғулот чоғида ўқувчиларнинг жароҳат олиши ҳеч гап эмас.

Мактаб ўқувчиларининг айтишларича, мусиқадан сабоқ олиш учун чолғу асбоблари етарли эмас.

— Амалий машғулотларни ўтишда  қийинчиликларга дуч келяпмиз, — дейди биология фани ўқитувчиси Мавлуда Нурматова. — Гап шундаки, лабораториямиз учун ажратилган  кимёвий моддалар аллақачон эскириб,  яроқсиз ҳолга келган. Ҳолбуки, ўқувчиларимиз олган назарий билимларини амалий машғулотлар орқали мустаҳкамлашлари  керак. Шунда янада чуқур билим ва кўникмага эга бўлишади. Буни бежиз айтмаяпман. Ҳозир олий ўқув юртларига кириш тестларида амалий машғулотлар оид саволлар ҳам бор.

Муаллима ҳақ. Дейлик, кимё фани бўйича лаборатория машғулотларини тўлақонли ўтказмаган ўқувчи эртага  тиббиёт институтига кириш тестларини рисоладагидек еча оладими?! Йўқ, албатта.

Битирувчи ўқишга киролмади. Айб кимда?

Биргина Мингбулоқ туманида 12 та мактаб битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсатгичи бўйича «қизил» рўйхатга тушган.

Маълум бўлишича, туман халқ таълими бўлимибилан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмасининг қўшма йиғилишида  мазкур масала атрофлича муҳокама этилган. Талаб даражасида фаолият юритмаганликлари, ўқувчиларга таълим беришни етарли ташкил этмаганликлари, ўқувчиларнинг билим доираларини кенгайтиришга ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга панжа орасидан қараганликлари учун бир қатор мактаб директорлари ўринбосарларига  чоралар кўрилган. Директорларга нисбатан қандай чора кўриш эса халқ депутатлари туман Кенгашига ҳавола этилган.

Бу мактаблар рейтинги битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириши билан белгилаётганидан далолат бермасмикан? Бунақада ҳар қандай директор жазоланишидан чўчиб «Шошма, битирувчиларимнинг кўпроқ ўқишга киришлари йўлини қилай», «Майли, улар репетиторга бора қолишсин» дейиши, рейтинг ортидан қувиш пайига тушиши тайин. Амалда шундай бўляпти ҳам. Масалан, биз Мингбулоқдаги 10-мактаб 11 «Б» синфида рўйхатдаги 30 нафар ўқувчининг атиги 14 нафари дарсда эканига гувоҳ бўлдик. Қолган ўқувчиларнинг қаердалиги ҳақидаги саволимизга эса жўяли жавоб ололмадик.

— Битирувчиларинг ўқишга кира олмади, деб мактаб директорини вазифасидан бўшатиш бу ноҳақлик, — дейди Наманган туманидаги 39- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Тожихон Шарипова. — Афсусуки, ҳозир айрим директорларга очиқдан очиқ тазйиқ ўтказиляпти. Ҳаммамиз кўриб туриб кўз юмяпмиз. Ҳолбуки, бир кадр тўрт-беш ойда раҳбар бўлиб шаклланмайди. Бу масалани кўриб чиқиш керак.

Битирувчиларнинг ўқишга кириш-кирмаслиги кўп жиҳатдан ўша ҳудудга, ота-оналарга  ҳам боғлиқ. Масалан, бизнинг ҳудудимизда бозор бор. Одамлар яхши яшашади. Ҳовлиларда йигирматалаб қорамол, қўй боқилаётганини кўриш мумкин. Фуқароларимиз тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланишади. Бундай ҳолатда ёшларни таълимга жалб қилишнинг ўзи бўлмайди. Нечоғли ташкилотчи бўлмасин директорнинг қурби етмайди. Истаймизми-йўқми, мактаб битирувчисининг олий ўқув юртига ўқиш-ўқимаслиги ота-оналарнинг хоҳиш-истагига бориб тақалади.

Бинобарин, бирёқлама ёндашувдан воз кечиб, жойларда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ота-оналарнинг дунёқарашини ўзгартиришга хизмат қиладиган мулоқотлар ўтказиш фойдадан холи эмас. Зеро, улуғ мутафаккирларимиз бежиз таъкидлашмаган: Нажот илмдадир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи») веб-сайт 11 Март 2021

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.5 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!