«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T10:19:37+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Долзарб мавзу

ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ — КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ҚАНДАЙ КУРАШИЛМОҚДА?

Коррупция — тараққиёт кушандаси. Унга қарши курашиш ҳар қачон долзарб бўлган ва бу борада ҳар бир давлатнинг ўз мақсад-муддаоси ҳамда позицияси мавжуд. Бинобарин, бу юрт равнақи, халқ фаровонлигини ўйлаган давлат бу иллат билан муроса қилолмайди. Қандай бўлмасин, унинг пайини қирқишга, илдизига болта уришга, сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил этишга ҳаракат қилади.

Булар хусусида кеча Ўзбекистон Республикаси   Бош прокуратурасида Бош прокурор Н. Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилишда айтиб ўтилди. Видеоселектор тарзида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Ҳукумат аъзолари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашди.

Жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, тегишли вазирлик
ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этишди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси ва қатъий сиёсий иродаси туфайли коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, унинг ҳуқуқий асосларини яратишга катта эътибор қаратилиши натижасида охирги тўрт йилда 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Давлат хизмати тизими тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, сўнгги йилларда иш ҳақлари сезиларли оширилди. Коррупция кенг тарқалган капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда “комплаенс назорат” тизими йўлга қўйилмоқда. Қисқа муддатда кўрилган ушбу чора-тадбирлар ўзининг дастлабки натижаларини ҳам кўрсата бошлади, албатта. Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага, Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида эса, 52 поғонага кўтарилгани, Жаҳон банкининг “Коррупцияни тийиб туриш”, “Трансперенс интернешнл” халқаро ноҳукумат ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш”, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” индексларида сезиларли юқорилагани шундан далолат беради.

Қарийб 2 минг нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди

Очиқ ва ошкора руҳда ўтган йиғилишда айрим соҳаларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўрсатилди. Таассуфки, республикамизда ўтган икки йилда 1.986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бунинг натижасида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн. сўмдан ошган. Иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар, асосан, бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилмоқда. Республикамиз бўйича ўтган икки йилда 371 млрд. сўм бюджет маблағларини талон – торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 киши жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг тасдиғидир.

Молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳам тўсқинлик қилмоқда. Яъни шу давр ичида молия органларининг 41 нафар ходимига коррупция ҳолатлари учун жиноий ишт очилган. Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн. сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А. дан 2.000 доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазоланган. Ёки, Ғазначиликнинг андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд. сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Шунингдек, вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Вафот этган одамлар учун пенсия

Коррупция деганда кўпчилик фақат пора олиш ёки бериш ҳолатларини тушунади. Лекин бугунги кунда унинг турли йўллари ўйлаб топилмоқдаки,  ўқиб, эшитиб ёки кўриб беихтиёр ёқангизни ушлайсиз. Одам шунчалик ҳам нафснинг қулига айланиши мумкинлигидан ҳайратда қоласиз.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. ана шундай “уддабуронлар”дан экан. Гап шундаки, у Халқ банки кассири Ҳ. билан бирга 142 нафар вафот этган фуқаро номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштириб юборган. Бундай ҳолатлардан тижорат банклари ҳам холи эмас. Хусусан, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Масалан, Халқ банки ва “Микрокредитбанк”да бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган.

Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни
қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет маблағини талон – торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб, хорижга олиб чиқиб кетилган. Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.

Бундан ташқари, Э. Халқ банки бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 млрд. сўмлик банк маблағини талон – торож қилган.

Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.

Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинмоқда. Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон – торож қилинган. Мисол учун, Миллий банкнинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредит маблағларидан 378 млн. сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.

Сохта фирмалар, ноқонуний ҳужжатлар

Ўтган икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 31 нафар солиқ ходимлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Хусусан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22 та сохта фирмани очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган. Ушбу фирмаларда 268 млрд. сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 млрд. сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек, жиноий йўл билан топилган 200 млн. сўм легаллаштирилган.

Ҳозир Турғунбоев ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда жавоб бермоқда.

Яна бир гап. Қурилиш соҳаси коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолаётганлиги оқибатида сўнгги икки йилда 1.233 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик – коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.

Бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш – билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилмоқда.

Бундан ташқари, транспорт соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт – шароитлари бартараф этилмаган. Сўнгги икки йилда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятларга қўл ургани шундан далолат беради.

Таҳлилларга кўра, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини талон – торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идораларда ҳам ҳанузгача турли қонун бузилишлар, суиистеъмолчиликларга барҳам берилмаётганлиги танқид остига олинди. Чунки ўтган икки йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходими турли кўринишдаги жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Мисол учун, Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. “В.И.Б.” фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38.400 долларга сотиб юборган. Қишлоқ хўжалигининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Лекин тизимдаги айрим раҳбарларнинг ерлардан хўжасизларча ва ноқонуний фойдаланмоқда. Ахир, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34.822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилгани кичик рақам эмас-да.

Яна мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, Хусусан, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб берган. Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. эса “О.Ҳ.П.” жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.

Бозорлардаги “ўйин”лар

Бозорлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил қилиш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бироқ, бозорларда таниш- билишчилик, турли суиистеъмолчилик ва талон – торожликлар кузатилмоқда.

Биргина пойтахтимиздаги “Янгиобод ихтисослашган бозори” директори И.нинг  қатор коррупциявий жиноятлари бунга мисол бўла олади. Гап шундаки, у муқаддам савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча маротаба судланган, сўнгги бор “Сергели деҳқон бозори” директори лавозимида ишлаганда содир этган суиистеъмолчиликлари ва талон – торожликлар учун 2016 йилда суд ҳукми билан жазоланган.  И. 2019 йил февраль ойида яна “Сергели деҳқон бозори” директори лавозимига тайинланиб, ўша йилнинг апрель ойидан эса “Янгиобод ихтисослашган бозори” директорлигига ўтган.

Бу бозорда ҳам “эски ҳунарини” давом эттирган И. бозорга шахсий мулки сифатида қараб, тушумларни ва бозор мулкини талон – торож қилиш билан шуғулланиб келган. Ғараз мақсадларини амалга ошириш учун атрофига ўзига ҳайриҳоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 млрд. сўмлик тушум пулларини ўмарганлиги, 919 млн. сўм солиқдан бўйин товлаганлиги, бозорда
124 та ноқонуний қурилмалар қурдирганлиги аниқланган.

Талон – торож қилган пуллардан қарийб 740 млн. сўмини легаллаштирган, жумладан, 340 млн. сўмга 5 хонали квартира, 200 млн. сўмга “Траилблезер” автомашинасини сотиб олган. Бундай талон – торожлик оқибатида бозор ўта аянчли ҳолатга келиб қолган.

Шу билан бирга, “Сергели деҳқон бозори”, “Фарҳод деҳқон бозори”,  “Авиасозлар деҳқон бозори”га ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказишга эришиб, ушбу бозорларга ҳам ўзи норасмий раҳбарлик қилган.

Таҳлиллар, бундай жиноий ҳолатлардан Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Олий таълим, Маданият, Соғлиқни сақлаш, Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, ҳуқуқини муҳофаза қилиш тизимлари ҳам холи эмаслигини кўрсатмоқда. Ушбу тузилмаларда ҳам бир қатор жиноий ҳаракатлар аниқланган. Аслида, уларнинг сон ёки миқдори муҳим эмас. Муҳими, бугун юртимизда ушбу салбий иллатга қарши курашиш жиддий тус олмоқда. Жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.

Йиғилиш якунида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган матбуот анжуманида Бош прокурор таъкидлаганидек, тадбирдан кўзланган мақсад, биринчидан, Ҳукумат, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг эътиборини коррупцияга дучор бўлган соҳаларга, коррупцияни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт – шароитларга қаратишдир. Бинобарин, йиғилишда қайси соҳа ёки йўналишда суиистеъмолчилик ва тамагирлик кўп учраётганлиги, бунинг сабаблари ва шарт – шароитларига алоҳида тўхталиб, бош қотириш ва ечим топиш зарур бўлган долзарб масалалар ўртага ташланди.

Коррупцияга қарши курашишдаги долзарб масалалар, хусусан, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, назорат – текширув идоралари фаолиятини жадаллаштириш, юридик хизмат ва ички назорат тизимини кучайтириш   бўйича   Ҳукумат   аъзоларига  таклифлар   берилди.

Иккинчидан, “қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги” тамойили асосида барча раҳбарлар яна бир бор сергакликка ва огоҳликка чақирилди. Энг муҳим соҳаларда, вазирлик ва идораларда юз бераётган коррупциявий ҳолатлар, уларни келтириб чиқараётган омиллар ва бартараф қилиш чора – тадбирлари ҳақида очиқ – ойдин гаплашиб олинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

“Халқ сўзи” газетаси 2020 йил 8 ноябрь

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 65

OAV nomi va parolini kiriting!