«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T09:44:16+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|
  • Мулоҳаза

ҒАРБЧА ҲАЁТГА ИНТИЛМАНГ!

Яқинда бир хориж киносини кўрдим. Номи эсимда йўқ. Кино ҳақида батафсил гапириб ўтирмоқчимасман, фақат унда менга қаттиқ таъсир қилган бир эпизодга тўхталаман.

Жуда бадавлат оиланинг қизи кечқурун  ота-онасининг олдига бир йигитни бошлаб келди.

– Ойи, дада танишинглар бу Андрей. Биз  турмуш қурмоқчимиз.

Онанинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ўрнидан туриб қизини бағрига босди ва қулоғига аста шивирлади: “Йигитинг менга ёқди. Келишган, чиройли экан. Анчадан бери учрашиб юрасизларми?”. Қизи тасдиқ ишорасини қилганидан сўнг уни янаям қаттиқроқ  қучди. Ота ҳам мамнун жилмайиб қўйди. Ота-она, қиз ва йигит бир дастурхон атрофида кечки овқатни тановвул қилишди. Суҳбатлашиб ўтириб отанинг бирдан авзойи ўзгарди. У қизининг бегона йигитни бошлаб келганидан эмас, балки қизи севиб қолган йигитнинг олийнасаб эмаслигидан жаҳли чиқди. Йигит кетгандан кейин у бор заҳрини қизига сочди: “Бу йигит бизнинг тенгимиз эмас. У билан яшамайсан”. Қиз эса андиша ҳам қилмасдан (айтганча, ғарбда андиша, уят, шарм-ҳаё деган тушунчалар нима қилсин) отаси билан тенгма-тенг айтишди. Балоғатга етганини, энди ҳаётини ўзи ҳал қилишини писанда қилди. Гап орасида ўша йигитдан фарзанд кутаётганини ҳам қистириб ўтди. Кейин эса “ Мени боқиб катта қилганингиз, бу менга тўлиқ ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини бермайди” деди-ю, чиқди-кетди. “Отангга бундай муомала қилма, юзига тик қарама икки дунёинг куйиб кетади. Ахир у падари бузрукворинг”, деб қизига танбеҳ берадиган она қаёқда дейсиз. Стулга ястаниб ўтирганча ота-боланинг жанжалини томоша қилиб ўтирган она (ғарб оналари тимсоли) қизи чиқиб кетгандан сўнг секин ўрнидан туриб, эрига яқинлашди ва деди: “Сен қизимизни бекорга ранжитдинг. У тўғри айтаяпти. У энди ёш қиз эмас. Ким билан яшашини ўзи ҳал қилади”.  Эшитиб лол бўлиб қолдим. Ана сизга демократия! Ана сизга ғарбча ҳаёт!

Фуқаролик никоҳи – ахлоқсизликдир

Фуқаролик никоҳи деган тушунча ҳам айнан ғарбда вужудга келиб, оммалашган. “Биз демократик давлатмиз” деб  бутун дунёга жар солаётган айрим мамлакатларда инсонлар, никоҳи қонунан қайд қилинмасдан, тўйи бўлмасдан фақат фуқаролик никоҳига, ўзларининг таърифи билан айтганда “эркин муҳаббат”га асосланиб яшаши, фарзанд кўриши бор гап. Уларда умр савдоси, оила муносабатлари енгил-елпи ҳою ҳавас устига қурилишини ҳам инкор қилолмаймиз. Афсуски, ғарбликлар учун оддий ҳол бўлган бундай номақбул одат бизнинг мамлакатимизга ҳам етиб келганига  анча бўлган. (Бу никоҳни афзал билаётганларнинг кўпчилигини оилали эркаклар ташкил қилаяпти).Буни тараққиётнинг белгиси десак жиддий хатога йўл қўйган бўламиз. Чунки ҳар қандай аҳлоқсизлик тараққиёт учун эмас, аксинча таназзул учун хизмат қилади.

Аёл айбдорми?

Ҳўш, эркакларнинг иккинчи бора хотин олишига сабаб нима? Агар хотини вафот этган бўлса буни тушуниш мумкин. Лекин хотини тирик, соғлом бўла туриб, эркакнинг бундай  йўл тутишини қандай изоҳлайсиз? Биз мазкур савол юзасидан кичик сўровнома ўтказдик. Сўровномамизда  қатнашганларнинг  65 фоизи “бунга сабаб– эркакнинг кўп пул топиб босар-тусарини билмай қолишида”, деб жавоб берган бўлса,  10 фоиз иштирокчилар “шунчаки қизиқиш ва ўз майлига хаддан ортиқ эрк бериш оқибатида шундай номаъқулчилик қилишади” деган, 9 фоизи “Савоб учун. Ахир динимизда бева-бечораларга марҳамат қилиб уйланиш савоб эканлиги айтилган” деган, 16 фоиз иштирокчилар эса “сабаб ўша эркакнинг биринчи хотинидан етарлича меҳр кўрмаганида” деган жавобни беришган.

Аёл – оиланинг бахти, давлати. У туфайли рўзғорда барака бор, хонадонда тартиб-интизом, саранжом-саришталик бор. Кийимингиз тоза ва бадастирлиги, фарзандларингиздан кўнглингиз ҳотиржамлиги ҳам аёлингиз сабаб. Оила, фарзанд тарбияси, рўзғор юритиш ишини унга ишонасиз. Аёлнинг оила учун, турмуш ўртоғи учун қилаётган ҳар бир ҳатти-ҳаракати меҳр-муҳаббатга, вафога, садоқатга йўғрилган. Шундай эмасми? Демак, “эрига меҳр кўрсатмайди” деган сўз бу ерда ўз моҳиятини йўқотади. Ўз майлига эрк бериш – бу ахлоқсизлик эканлигини инкор қилолмаймиз.Савоб учун бундай йўл тутишнинг йўриғи бутунлай бошқа. Келинг, мана шу фикрга изоҳ берамиз.Муқаддас китобимиз “Қуръони Карим”нинг “Нисо” сураси, 129-оятида  шундай дейилади:

“Ҳар қанча истасангиз ҳам хотинларингиз ўртасида адолатда (ҳаммасига бир хил муносабатда) бўла олмайсиз. Бас, (бирига) бутунлай берилиб кетиб, (иккинчисини) муаллақа ҳолда ташлаб қўймангиз! Агар (улар билан муносабатингизни адолат асосида) тузатсангиз ва тақволи бўлсангиз, албатта, Оллоҳ кечиримли ва раҳмли”.

(Демак, шариатда кўп хотинлиликка ҳеч қандай шарт-шароитсиз, тўғридан-тўғри рухсат берилган эмас).

Муаллақа аёл деб, эрим бор деса – эри йўқ, беваман дейин деса – эри бор аёлга нисбатан айтилади.

Хом сут эмган бандамиз. Ҳарактеримиз, фикрлашимиз  ўзгарувчан. Аллоҳ олдидаги гуноҳимиз ҳам савобимиз ҳам шунга яраша. Ахир иккинчи хотинга уйланиб, биринчи оиласидан юз ўгираётганлар ёки иккинчи оиласи жонига тегиб, биринчи турмушига қайтаётганлар кам дейсизми орамизда? Қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандлар тақдири учун нега қайғурмаяпти оталар? Қани адолат? Турфа инсонлар, турфа  тақдирларни  кўриб инсон зоти бу масалада ҳеч қачон адолатли бўлолмайди, деган қатъий фикрга келамиз.

Ислом инсонларни покиза ҳаёт кечиришга даъват этувчи диндир. Яратганнинг қудрати ва ҳикмати туфайли дунёдаги жамики мавжудот жуфт-жуфт бўлиб яшайди. Бунинг натижаси ўлароқ янги авлод дунёга келади. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсидан яратган экан, уларни шаръий никоҳ асосида оила қуришга буюради. Зеро, никоҳ –  оилани мустаҳкамловчи ришта. Унинг яна бир яхши томони инсонларни масъулиятли бўлишга ўргатади. Чунки оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўзига белгиланган вазифалари бор, улардан ҳар бири ўз вазифасини тўла адо этишга масъулдир.Оилавий муносабатларда эр-хотин ўз ҳуқуқларидан баб-баробар фойдаланишади ва тенгма-тенг бурчларини адо этишади. Фуқаролик никоҳи бўйича тузилган никоҳ эса ҳеч қандай  ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Яна бир асосий жиҳат, фуқаролик никоҳидаги мулкий ҳуқуқлар расмий никоҳдаги каби юридик жиҳатдан ҳимоя қилинмайди. Аёл ҳам фарзанд ҳам эр ва отанинг мулкига даъвогарлик қилолмайди. Чунки улар қонунан бунга ҳақли эмаслар.

Бугун дунёда айнан фуқаролик никоҳи билан турмуш қуриб, ҳеч қанча вақт ўтмай ажрашиб кетиш ҳоллари кўп  кузатиляпти. Афсуски, ажримлардан энг кўп жабр кўраётганлар – бу норасида гўдаклардир. Бунга ким айбдор? Охирини ўйламай мана шундай келажаги йўқ никоҳга рози бўлган аёлми ёки “динимиз қўшхотинликка рухсат берган” деб уйланиб, аммо фарзанд олдидаги бурчини унутган эркак айбдорми? Тўғри, аёл фарзандининг яхши яшаши, етарлича билим олиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берар. Лекин у фарзандига ота меҳрини бера олармикан? Наҳотки оталар фарзанд олдидаги масъулиятни ҳис қилмайди?

Статистик маълумотларга кўра, отасиз ўсаётган болалар ўзларини худди камситилгандек ҳис қилиб, жамиятдан четлашиш ҳолатлари кўп кузатилар экан. Ўз жонига қасд қилиш, уйдан қочиб кетиш, мактабни тугатмай ташлаб кетиш, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка берилиш кўрсаткичлари ҳам  айнан мана шундай муҳитда вояга етган болалар  ўртасида юқори экан. Ҳар қандай разиллик бемеҳрликдан бошланади-да.

Оилани муқаддас деб билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Маънавиятсизлик, ахлоқсизлик, тубанлик  – бу  оилани пароканда қилувчи омиллардир. Шундай экан, ўзингизни ва фарзандларингизни ёмонликлардан асранг, оилангизни авайлашга интилинг, фарзандларингиздан меҳрингизни аяманг. Унутманг, меҳр бор жойда инсонийлик ҳам қарор топади. Ҳеч қачон ҳою ҳавасга берилманг. Кўнгил ҳотиржам, тотув ҳаёт кечиришга нима етсин.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

VATANPARVAR газетаси, № 38, 18 сентябрь,  2020 йил.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.4 / 5. Baholaganlar soni: 107

OAV nomi va parolini kiriting!