«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-05T09:11:08+05:005 Aprel, 2021|Олтин қалам|

АДАБИЙ АНЖУМАН

“УМРЛАР БЎЛАДИКИ…”

Анжуманнинг очилишида Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Қаландаров: “Мақсуд Шайхзода миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган шоир, драматург, таржимон, олим ва педагогдир. Унинг жўшқин поэзияси, чуқур фикрлар ва умумлашмаларга бой илмий-танқидий асарлари, эҳтиросли публицистикаси, юксак дид ва нафосат билан суғорилган шеърий таржималари адабиёт хазинамизнинг олтин фондини безаб турибди. Университетимизда очилган Мақсуд Шайхзода номидаги ўқув зали ёшларимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилади”, – деб таъкидлаб ўтди.

Онлайн шаклида ўтган анжуман доирасида мазкур университетда янги ташкил этилган Мақсуд Шайхзода номидаги замонавий ўқув зали, бой ва илмий ёндашув асосида тартиб берилган экспозициянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кутубхонадан атоқли шоир, носир, драматург, таржимон Шайхзода қаламига мансуб турли йилларда чоп этилган нодир китоблар ўрин олган.

Мақсуд Шайхзода Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби атоқли шоир ва ёзувчилар билан бир сафда туриб, ўзбек адабиётини янги юксак босқичга кўтариш йўлида баракали ижод қилди. Унинг беназир асарлари бугунги кунда ҳам ёш авлоднинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришда беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Озарбайжонда туғилиб ўсган Мақсуд Шайхзода адиб сифатида Ўзбекистонда камолга етди. Буюк ижоди билан икки халқнинг бир фарзандига, икки халқнинг севимли шоирига айланди. Унинг дастлабки “Ўн шеър”, “Учинчи китоб”, “Жумҳурият” номли тўпламлари адабиёт оламига ўткир овозли шоир пайдо бўлганини англатган эди. Нозиктаъб шоир ўша пайтдан бошлаб ўз мухлисларига эга бўла бошлади.

Ижодининг кейинги даврларида шоирнинг йигирмадан ортиқ мажмуаларга жамланган шеърлари, баллада, достонлари, уч юздан ортиқ публицистик асарларини китобхонлар илиқ кутиб олишди. Ва бу асарлар ҳозирга қадар севиб мутолаа қилиб келинмоқда.

Хусусан, унинг “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” шеърий драмалари катта шуҳрат

топди. Айниқса, 1960 йилда яратилган “Мирзо Улуғбек” трагедияси уни таниқли драматург сифатида элга танитди. У Улуғбек образи орқали драматургиянинг ўзига хос намунасини яратди. Мазкур асар кўплаб қардош ва хорижий тилларга таржима қилинган ва рус, украин, немис театр саҳналарида муваффақиятли намойиш этилган.

М.Шайхзода моҳир таржимон ҳам эди. У таржима соҳасида ҳам самарали меҳнат қилди. Хусусан, Шекспирнинг “Ромео ва Жулетта”, Пушкиннинг “Мис чавандоз”, Лермонтовнинг “Кавказ асири” асарларини юксак бадиий савияда таржима қилган.

Мақсуд Шайхзода адабиётшунос олим, мумтоз адабиётимиз билимдони сифатида ҳам улкан ишларни амалга оширди. Жумладан, Алишер Навоий меросини ўрганишда зукко ва доно тадқиқотчи сифатида намоён бўлди. Айниқса, унинг “Ғазал мулкининг султони” мақоласи бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Донишманд шоирнинг барча туркий халқлар қадрлаб ўқийдиган “Алпомиш” достони таҳлилига бағишланган мақолалари, тадқиқотлари ҳозирги пайтда ҳам ғоят аҳамиятли ҳисобланади.

Онлайн конференцияда сўз олган филология фанлари доктори, академик Наим Каримов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос Ортиқбой Абдуллаев, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ходими Кифоят Пирмуҳаммедова, Жалолобод (Қирғизистон) давлат университети доценти, филология фанлари доктори, профессор Муяссар Мирзоҳидова, Қозоғистоннинг Сулаймон Демирэл номидаги университети доценти, филология фанлари номзоди Бота Ҳасен, адабиётшунос олима Олмос Ғафурова ва бошқалар улуғ шоир Мақсуд Шайхзода ижоди, ҳаёти ва ўлмас асарларининг муҳим ва алоҳида жиҳатлари тўғрисида атрофлича мулоҳаза юритдилар. Маърузачилар томонидан улкан шоирнинг бадиий юксак адабий меросини туркий халқлар тарихи, маданияти, қадриятлари рамзи сифатида чуқур тадқиқ ва кенг тарғиб қилиш муҳим экани қайд этилди.

Тошкент давлат транспорт университети мутахассис ва олимлари томонидан аллома шоирнинг “Мукаммал асарлар” тўплами қайта чоп этиладиган, шунингдек, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Мангуликка дахлдор ижод” илмий-омабоп рисоласи тайёрланиб, ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр қилинадиган бўлди. Ушбу асарларни озарбайжон, қозоқ, қирғиз тилларига таржима қилиш ҳамда Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизис тонда китоблар ҳолида кенг жамоатчиликка етказиш мақсадга мувофиқ

экани таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, келгусида “Шайхзода қомуси”, “Шайхзода ҳикматлари” китобларини яратиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди.

Адабиёт оламида Мақсуд Шайхзоданинг ҳаёти ва ижоди умрбоқийдир. Унинг асарлари яна неча асрлар ўтса ҳам ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди.

 

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.

Ҳуррият” газетаси 2020 йил 11 ноябрь №40 сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!