ҲАМДАРДЛИК

2021-04-04T20:24:09+05:004 Aprel, 2021|Навоий вил.|

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлари ижодий уюшмалари аъзоси, Навоий вилояти журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган адиб ва журналист УМАРОВ ЁРҚУЛ ТОШҚУЛОВИЧ 71 ёшида оламдан ўтди.

Бу мудҳиш хабар барчамизни чуқур қайғуга солди.

Ё.Умаров 1950 йил Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган.

Ажойиб устоз Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни журналистика факультетини тамомлаб, дастлабки иш фаолиятини Ўзбекистон телевидение ва радиоэшиттиришлар давлат қўмитасининг қозоқ таҳририятида бошлаган.

Ёрқул Умаров узоқ йиллар республика, Бухоро ва Навоий вилояти радиоканалларида самарали фаолият олиб борган.

1982 йилда Навоий вилояти телерадио қўмитаси бош муҳаррири, 1992 йилда эса вилоят телерадиокомпанияси раиси этиб тайинланган.

Шунингдек, ўзоқ йиллар Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги (ЎзА)нинг Навоий вилояти бўйича махсус мухбири сифатидаги фаолияти ҳам алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Ёрқул Умаров 2004 йилдан 2019 йилга қадар Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси Навоий вилояти бўлимининг раиси сифатида ҳам салмоқли фаолият олиб борган.

Устоз журналистнинг “Ўзимизнинг жонон”, “Сир очилди” ва “Хотинидан қўрқмайдиган эркак”, “Олачопон кимда кетди?” каби ўнлаб ҳикоя ва ҳажвиялар тўпламлари чоп этилган. Қозоқ, рус ва қорақалпоқ тилларидан қилган таржималари алоҳида эътирофга сазовор.

Ёрқул Умаров вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига, барча яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Устознинг руҳлари шод, охиратингиз обод бўлсин.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

 уюшмаси Навоий вилояти бўлими.