«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-03T14:12:54+05:003 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Нуқтаи-назар

“ТИЛНИ ҚАТТИҚ ҚЎРИҚЛАЙДИЛАР”

Яқинда ўзбекман деганнинг кўксини ғурурга тўлдирадиган бир воқеанинг шоҳиди бўлдик: кўпминг йиллик тарихимиз давомида илк бор она тилимиз жаҳоннинг энг олий минбарида жаранглади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади.

Гап ғурур туйғуси ҳақида кетар экан, она тилимизнинг ўнлаб асрлар билан бўйлашадиган буюк тарихидан сўз очишга эҳтиёж йўқ. Инчунин, шоир Абдулла Ориповнинг: “Она тилим, сен борсан шаксиз”, дея бошланувчи шеърини ёддан билмаган киши бўлмаса керак. Бундан роппа-роса эллик беш йил олдин қоғозга тўкилган ушбу шеърнинг якуни ҳам бетакрор, донишона:

“Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан”…

Бу ўлмас сатрларни давраларда бот-бот такрорлагим келаверади. Миллат шоирининг тилга бўлган эҳтироми ҳар бир сўзида балқиб турибди. Тилни нондай азиз, оятдай муқаддас биладиганлар фақат калом аҳлимикан?

…Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди. Тошкентдаги давлат идораларининг ярми ўрисчалашга ўтиб кетган, тилимиз беқадр бўла бошлаган пайтлар. Чироқчилик талаба дўстим билан у яшайдиган Умакай қишлоғига борадиган бўлдик. Бийдай дашт узра одамлар пахсадан уй тикка қилишган. Ишонсангиз, узоқдан қараб ҳам бу қишлоқдан “ўзбеклик уфуриб турганини” англайсиз. Катта йўлдан анча жойгача яёв юришга тўғри келди. Кетаяпмиз, юришларимиз бодича, ҳаммамизда тор шим, кўйлаклар баданга ёпишган, оёқда пошнаси баланд туфли. Сал вақтда борар манзилимизга ҳам етдик. Қишлоқдаги иторқа уйлар томи қизғалдоқзор…

Меҳмон келганлигини кўриб, уй соҳиблари ошиғич пешвоз чиқишди. Ясамаликдан холи, самимий хурсандчилик билан кутиб олар экан, дарров битта қўйни олиб келиб бўғизлашди. Ярим тунгача гурунглашиб ётдик.

Эртаси куни Сайдулла чувоқда урчуқ йигириб ўтирган момо билан бизни таништира бошлади:

– Бу биздинг мамашка, энамнинг энаси! Нариги қишлоқдан мени кўргали кепти. У нево руку смотри, настояший текстил комбинат. Олдин қўй жунини йигиради, потом гилам, арқон изделит, – дея чала-чулпа рус тили аралаш тушунтирган бўлди у. Биз эса ёши бир жойга бориб қолган момонинг чаққонлик билан урчуқ айлантирганини кўриб завқимиз келарди.

Қишлоқ одамлари андишали бўлишади, аммо гап келганда аяб ўтиришмайди. Момонинг ҳам авзойи ўзгарди:

– Нималар деб чулдираяпсан? Шаҳарда журип, тилинг чиғип қопти сен боланинг! Екки-учта вўрисча гапди гапирип, менинг олдимда кў-ўп аллатовур бўлаберма. Энангминан экковимиз сенга мундай ургатганимиз жўқ-ку! Тилингди соқла бола, тилингди… – дея момо жаҳллангандек бўлди ва яна қўшиб қўйди, – улларим, силар хопа бўманглар тоғин. Бу менинг энг ёхши кўрган небарам, одам бўсин, вўзининг кимлигини билсин дийман-да!

Сайдулла ҳам, биз ҳам мулзам бўлиб қолгандик. Бу эса бизга ўхшаш “аллатовур тусга кирабергич” ёшлар учун саксон ёшли момонинг инкор этиб бўлмас аччиқ дашноми эди…

Бундан беш-олти йиллар аввал эди, чамамда. Мустақиллик байрами арафасида тарғибот тадбирларини ўтказиш учун Термизга пойтахтдан эллик нафарга яқин шоир-ёзувчилар, театр санъати ходимлари, хонандалар келишди. Уларнинг аксарияти шоу-бизнес вакилларидан иборат эди. Биз ҳам ижодкор сифатида тарғибот гуруҳи аъзолари билан туманларда юришимизга тўғри келди. Қўйилган мақсад эса битта: халқ билан мулоқот қилиб, аҳолининг кайфиятини кўтариш.

Афсуски, ўша кезда кўпгина учрашувларда уятдан қизарган пайтимиз кўп бўлган. Айтган қўшиғини ҳисобга олмаса, шоу-бизнес вакилларининг ўзини тутишларию халқ олдида русчалаб алмойи-жалмойи сўзлашлари юракни зирқиратар даражада эди.

Гапларимни миллатчиликка йўймангу, шундан буён ўз тилини унутган бундай “оқбилак ойимчалар”ни кўрсам “ажинам отланадиган” бўлиб қолган. Эй, барака топгур, сени ўзбек қўшиқлари элга танитди, шу қўшиқларнинг орқасидан машина олдинг, қўшқават иморатлар солдинг, энди шу халқни нописанд этиб русча сўзлашингга бало борми, дейдиган одам йўқ. Надоматки, ҳозир ҳам ўзбекча гапиришдан ўзича ор қиладиганлар истаганча топилади…

Қайсидир бир китобда ўқиганим бор: ўз она тилини унутиш динини унутиш билан баробар экан. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтадилар: “Она тилимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг бурчимиздир”. Бу гаплардан сўнг олдимизда бир савол кўндаланг бўлади: “Биз тилимизга давлат раҳбари истаган даражада эҳтиром кўрсата олаяпмизми?”.  Лоақал юқорида келтириб ўтганим – икки ҳолатни ёдда тутган ҳолда, “ҳа” дейишга бироз шошилмай туринг.

Бир олифта талаба билан уч-тўрт нафар отарчининг тилга писандсизларча муносабати билан кекса лисон қадрсизланиб қолармиди? Ахир, денгизга одамлар қанчадан-қанча чиқинди ташлашади, лекин у тиниқлигини йўқотмайди-ку, дерсиз? Кошки лисоний олифтагарчилик жамиятнинг бошқа қатламлари орасига суқилиб кирмаган бўлса! Мамлакатимизнинг минг-минглаб спортсевар одамларини экран рўпарасига михлаб қўядиган футбол репортажларини томоша қилганмисиз? Эҳтимол футбол шавқи билан бўлиб, шарҳловчининг лафзига эътибор бермагандирсиз? Ҳолбуки, биз (яъни ўзбек футбол мухлислари) даҳо даражасига кўтарадиган шарҳловчиларимизнинг сўзлари ҳам “ўзбекча айтилади-ю, русча эшитилади”. “Тепишга бермади”(не дал бить), “бурчак тўпини бажарди”(выполнил угловой), “ҳужумчи ҳимоячидан қочиб кетди”, “Гарчи Рамосга ўттиз ёш бўлса ҳам” каби изоҳларни эшитиб, ғашингиз келмаган бўлса, демак сиз тил жонкуяри эмассиз…

Рекламаларни одатда томоша қилмаймиз, уларни ночор тинглаб ўтирамиз, холос. Лекин “йўталдан самарали восита” (Эффективное средство от кашли) қабилидаги хитоблар қулоққа чалиниши билан бояги беэътиборликдан асар ҳам қолмайди.

Тасаввур қилинг: телевидениеда олис тоғ қишлоғилик нодир замондош ҳақида яхшигина лавҳа томоша қиляпсиз. Ҳаммаси силлиқ кетаётган бир пайтда телемухбир “Фалон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи қаҳрамонимиз…” дейиши билан оғзингизга олиб борган бир ошам ошингиздан суяк чиққандай бўлади. “Ў, оғайни, одам маҳалла фуқаролар йиғинида яшамайди, маҳаллада яшайди”, дея ҳайқириб юборгингиз келади. Ва шу топ “тилга беписандликни ўзимиз тарғиб қилмаяпмизмикан”, деган хавотир кўнгилга оралайди.

Мен туркман қардошларимизни жуда ҳурмат қиламан. Сурхон воҳаси билан туркман диёрини бир томондан Амударё, иккинчи томондан Кўҳитанг тоғлари ажратиб туради. Ҳозирги кунда 2 миллион 640 мингдан кўпроқ одам истиқомат қиладиган Сурхондарёда аҳолининг 1,3 фоизи туркманлар. Ота-боболари қайсидир замонларда бу ерга келиб қолишган. Ўзбеклар билан бир бовур бўлиб яшашади. Уларнинг туркман эканлигини гап оҳангидан ажратиш жуда мушкул. Кўчада, жамоат жойларида соф ўзбек тилида сўзлашишади, аммо ўз тилларини ҳам зиғирча бўлса-да, унутмаган. Бордию иккита туркман гаплашиб қолса, мулоқот ўз-ўзидан она тилига кўчади. Ўзбек тилининг ҳурматини сақлаган ҳолда, энди тетапоя бўлаётган боласига илк бор туркман тилини ўргатишади. Ана сизга ўз она тилига ҳам бўлган эътибор!

Термизда Президентимиз ташаббуси билан очилган “Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази” бор. Айни пайтда марказда 172 нафар афғон фуқаролари сабоқ олишмоқда. Амударёнинг нариги қирғоғидан илм истаб келган афғонистонлик ёшларнинг ўзбек тилида чиройли лутф билан гапиришларини эшитиб ҳайрон қоласиз. Улар даврасида кўп бўлганман. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон каби ўзбек шоирларининг шеърлари хусусида сиз билан баҳсга киришиб кетади, ҳаммасини ёдлаб олган.

Шу йилнинг февралида Навоий бобомизнинг таваллуд кунига бағишлаб ушбу марказда ўтказилган тадбирда иштирок этдим. Жавзжон вилоятидан таълим олиш учун келган талаба қиз Шекибо Самадий тўлқинланиб сўзлайди: “Навоий ётган заминдан эканим кўп ифтихор бағишлайди менга. Оилада ўзбекча гаплашамиз. Онамиз ўргатган тилни бизда қаттиқ қўриқлайдилар”.

Шекибо афғонистонлик ўзбеклар ҳаётидан яна кўп нарсаларни гапириб берди. Лекин унинг “тилни қаттиқ қўриқлайдилар” деган сўзи менинг хаёлларимни жунбушга келтирган, баданимни дуриллатиб юборган эди…

Шундай пайтлари ҳазрат Навоийнинг: “Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам” деган сўзларини бот-бот эслаш иймондан эканлигининг фарзлигини яна бир бор ҳис этасиз.

Биз ўзбек тилининг сўзга қанчалар бой, имкониятлари чексизлигини биламиз. “Девону луғати-т-турк”, “Муҳокаматул луғатайн”, “Мажолисун нафоис” биз учун маёқ. Ўзбек тилининг нафосати ва гўзаллиги  Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қодирий асарларида бўй кўрсатиб турибди.

Халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозир ер юзида мулоқот воситаси бўлган 6912 та тил мавжуд экан. Кейинги минг йилликда 500 та тил ўлик тилга айланганлиги, охирги юз йилликда 1000 та тил тарих қаърига сингиб кетганлиги бугун огоҳлик қўнғироғи бўлиб қулоғимиз тагида жаранглагандек бўлади.

Исроил ШОМИРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2020 йил, 16 октябрь ноябрь сонида чоп қилинган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.9 / 5. Baholaganlar soni: 39

OAV nomi va parolini kiriting!