«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-04-03T12:46:44+05:003 Aprel, 2021|Олтин қалам|

Луқма

МЕН ҚАЛЛОБМАН!

Карантин сабаб уйда ўтириб зерикмадингизми? Сабр қилинг, ўтиб кетади бу кунлар ҳам. Муҳими, вақтдан унумли фойдаланинг. Китоб ўқинг, уй юмушлари билан машғул бўлинг, телевизор томоша қилинг ва … қаллоб ёки ундай эмаслигингизни билиб олинг. Вой-бў, на мунча жаҳлингиз бурнингизнинг учида турмаса, майли, майли, сиз эмас, мен қаллобман. Ана, сарлавҳада ҳам айтдимку.

Хуллас, бундай ўта жиддий хулосага келишимнинг ўзига яраша сабаблари бор мен сизга айтсам. Гапни чўзмай, индаллога ўтиб қўяқолай. Бир-биридан ажойиб рекламалар кетма-кетлигидан киприк қоқишга ҳам хижолат бўласан киши. Кўзларимни бақрайтириб ўзимни ўта маданиятли томошабинлардек тутиб, зангори экранга тикилганча ушбуни кўриб ўтирибман.

… Йигит ҳашаматли бир бегона уйга кириб келди. Атрофга аланг-жаланг боқиб турган эди, иккинчи қаватда кўриниш берган уй соҳиби меҳмондан ташриф муддаосини сўраб қолди. Шу ўринда айтиб кетиш жоиз, йигит бироз шошиб турибди ё характери шунақа: ўта кетган дангал. Мезбонга юзланди-да, шартда муддаосини айтиб юборди:

– Қизингизга уйланмоқчиман!

Ҳа, мана энди масала кундек равшанлашди. Демак, йигит етим (бундай қўпол тахминимиз учун маъзур тутасиз. Лекин ота-онаси, қариндош-уруғи бор одам бундай шошқалоқлик қилмайди-да. Аввал совчи юборсин, борди-ю, рад жавоби берилса, майли, ана ундан кейин келсинда, “бой ота, қизингизга совчи юборган мен эдим, нима учун рад жавоби бердингиз? Мана мен, истаганингизча синаб кўринг, ўтин ёрдирасизми, ер чоптирасизми ё Асқар тоғнинг чўққисини Алпомишнинг тўқсон ботмонли камонига ёй тортиб, қулат дейсизми, ихтиёрингиздаман”, десин) ё безбет. Ҳа, безбет. Шундай бўлмаса, биз ўзбекларда қачон кўргансиз йигитларнинг мана шундай бетгачопарлик ва андишасизлик қилганини? Ахир мен йигит кишиман, ўзим ғизиллаб бораманда, масалани узил-кесил ҳал қилиб келавераман, деб ўйлайдиганлар қизнинг отаси ҳам эркак киши эканлигини унутмаслиги керак. Буни дангалчиликка йўйишдан олдин маънавий-ахлоқий томонлари тарозига қўйилса, адолатли бўлгай.

Сониянинг нечидир улушларида хаёлдан ўтган бу фикр “йигит, энди ўлдинг!” деган хулосани бериб турибди. Лекин унинг ризқи ҳали-бери қийилмайдиган кўринади. Бой ота меҳмоннинг муддаосини эшитгач, деди:

– Сенга сўнгги имконият бераман. Шунчаки бир қаллоб эмаслигингни исботла!

Оҳ, энди нима деб жавоб бераркин бу бечора йигит? Оғир савол бўлди-ку. Ўзининг инсоний фазилатларини бир-бир санаб берса-ю, бу бўлғуси қайнотасига ёқмаса-чи? Кўнгил қўйган қизидан қуруқ қоладими? Йў-ўқ, бунақаси кетмайди, уни бошқаларга бериб бўпти! Йигит ҳам бу фикрларни сониянинг улушларида хаёлидан ўтказган бўлса керак. Ниҳоят, у чора топди:

– Мен “Special” таърифидаман!

“Эҳ, хумкалла! Шуям жавоб бўлдими? Ҳамма томонни расво қилдингку, қиздан умидингни узавер энди. Келишингнинг ўзи бир хато эди, мана буниси ундан ҳам ошиб тушди”, деб турсам, вазият бутунлай бошқа томонга қараб кетяпти. Бўлғуси қайнотанинг қувончи ичига сиғмай, ўрнидан туриб куёв боланинг ёнига бориб қўйди-эй!

– Мен ҳам “Special”дан бошлаганман, ўғлим! – деб ҳаяжонини яширолмаса бўладими? – Ҳозир “Special +”даман!

Йигит қаллоб эмаслигини шу тариқа “исботлади”. Ота эса ўз қизининг бир умрлик тақдирини кўчадан қизингизга уйланаман, деб келган йигитнинг мобил алоқа оператори таъриф режасига қараб, ишониб топшириб юборди. Шошиб қолдим, қўл телефонимни олиб, қайси таъриф режасида эканлигимни қидиряпман. Минг аттанг, телефон мониторчасидаги ёзувни кўриб, кўзларим катта-катта бўлиб кетди: мен қаллобман… Йўқ, юпатишга уринманг мени, яхшиси, ўзингиз ҳақингизда қайғуринг. Мана, менинг таъриф режам ким эканлигимни рўю рост айтиб турибди. Ўзга чора йўқ. Қолаверса, мобил компаниям ҳам бутунлай бошқа. Демак, мен икки карра қаллобман. Ўйлаган сарим даҳшатга тушиб кетяпман. Борди-ю, ўша йигит ўрнида мен бўлганимда борми, кетимдан тепки еб, қизнинг олдида шарманда бўлиб кўчага қувилардим.

Кейинги саҳнада қиз юзсизларча отасидан воқеага муносабат сўраяпти. Ота розилигини билдирди. Ва шу билан ўзбек халқига хос ғурур ва андиша, номус, ҳамиятнинг юзига яна бир бор икковлашиб туфлаб юборди.

Айтганча, таъриф режангизни текшириб кўринг-чи бир. Тағин сиз ҳам менга ўхшаб қаллоб бўлиб чиқманг. Билиб бўладими энди…

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

«Vatanparvar» газетаси 2020 йил, 15 май, №20

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.1 / 5. Baholaganlar soni: 34

OAV nomi va parolini kiriting!